Давлатга хоинлик қилиш моҳиятига кўра сотқинлик ҳаракатидир, яъни у Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг давлатимизнинг ташқи душманлари (хорижий давлат, чет эл ташкилоти ёки унинг вакиллари) билан биргаликдаги Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий дахлсизлиги, мудофаа қобилияти, иқтисодиётига зарар етказишга қаратилган душманлик фаолиятидир.
Мазкур фаолият жосуслик, хорижий давлат, чет эл ташкилоти ёки унинг вакилларига Ўзбекистон Республикасига қарши душманлик фаолиятини амалга оширишда давлат сирларини етказиш ёки бошқача ёрдам бериш шаклида амалга оширилиши мумкин.
Давлатга хоинлик қилиш Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва хорижий давлат ёки ташкилоти вакилларининг Ўзбекистонга қарши қаратилган жиноятларда биргаликдаги иштирокчилигининг махсус шаклини ифода этади. Мазкур ҳолатда асосий хавф ташқаридан, яъни, хорижий давлат ёки чет эл ташкилоти томонидан келиб чиқади, Ўзбекистон Республикаси фуқароси эса республиканинг ташқи душманларига ёрдам бериб, бу билан ўз давлатига сотқинлик қилади, унинг манфаатларига хиёнат қилади.
Бунда расмий шахслар (ҳукумат делегацияларининг аъзолари, Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарнинг ходимлари, чет эл махсус хизматларининг ходимлари, чет эл ёки халқаро ноҳукумат делегацияларнинг аъзолари ва бошқалар), шунингдек, уларнинг топшириғини бажарувчи бошқа шахслар хорижий давлат ёки чет эл ташкилоти вакили бўлиши мумкин. (Чет эл давлати ёхуд чет эл ташкилоти тушунчалари тўғрисида ЖК 160-моддаси шарҳига қаранг).
2. ЖК 157-моддаси диспозицияси мазмунидан келиб чиққанидек, шарҳланаётган жиноят кўп объектлидир.
Тажовуз қилиниши давлатга хоинлик деб эътироф этилувчи объектлар қонунда аниқ санаб ўтилади, жумладан, буларга: Ўзбекистон Республикаси суверенитети, ҳудудий дахлсизлиги, мудофаа қобилияти, хавфсизлиги ва иқтисодиёти киради.
Суверенитет деганда, давлатнинг ўз ҳудудидаги устуворлиги ва унинг ташқи сиёсий фаолият олиб боришдаги тўлиқ мустақиллиги тушунилади. Суверенитет давлат ҳокимияти ва умуман, давлат мустақиллигининг муҳим белгисидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |