Йиғишнинг турли усуллари бўлиши мумкин: кузатув, техник воситаларни қўллаган ҳолда; сирни сақловчилар билан мулоқот ва суҳбат давомида маълумотларни аниқлаш; мутахассислар суҳбатини яширинча эшитиб олиш; техник алоқа воситаларга санкцияланмаган уланиш ва ҳоказо бўлиши мумкин.
Йиғишнинг усули қилмиш квалификациясига таъсир кўрсатмайди. Жосусликнинг давлат сирини йиғиш шакли оқибатидан қатъи назар, сир тутилган маълумотларни йиғиш мақсадида у ёки бу ҳаракат амалга оширилган пайтдан тугалланган деб ҳисобланади.
7. Сақлаш – сир тутилувчи ва бошқа маълумотларни кейинчалик бошқа шахсга, жумладан, чет эл давлати, ташкилоти ёки уларнинг агентурасига етказиш мақсадида вақтинча эгалик қилиб туриш. Маълумотларни сақлаш уларни ахборотни мустаҳкамловчи ташқи аккумулятив манбалар (қоғоз, магнит ленталари ва бошқа ташувчилар) ёрдамида ёки эслаб қолган ҳолда сақлаш мумкин. Сақловчи томонидан маълумотларнинг қўлга киритилиши билан сақлаш тугалланган деб ҳисобланиши лозим.
Жосусликнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар маълумотларни чет эл давлати, чет эл ташкилоти, уларнинг агентурасига етказиш мақсадида ёки чет эл разведкаси топшириғи бўйича тўпланган тақдирдагина жиноят ҳисобланади.
8. Чет эл давлати сифатида Ўзбекистон Республикасидан ташқари халқаро ҳуқуқнинг барча субъектлари: давлатлар, халқаро ташкилотлар, мустақиллик учун курашувчи миллатлар, давлатга ўхшаш тузилмалар эътироф этилиши керак.
Давлат деганда, суверен давлат белгилари (суверенитет, ҳудуд, аҳоли ва ҳокимият)га эга мамлакат тушунилиши лозим.
Халқаро ташкилот – халқаро келишувлар асосида тузилган доимий фаолият кўрсатувчи ҳукуматлараро ёки ноҳукумат бирлашма.
Ўз мустақиллиги учун кураш олиб бораётган миллатлар ва халқлар мустақил давлат тузилгунча улар номидан иш олиб борувчи мувофиқлаштирувчи органга (масалан, Фаластин озодлик ташкилоти) эга бўлсагина, халқаро ҳуқуқ субъекти ҳисобланади.
Давлатга ўхшаш тузилмалар (квазидавлатлар) – халқаро ҳуқуқнинг ўзига хос субъекти бўлиб, улар давлатнинг айрим белгилари (ҳудуд, суверенитет, фуқаролик, ҳукумат ва ҳоказо)га эга бўлишади. Ватикан шундай тузилма ҳисобланади[67].
9. Чет эл ташкилоти чет элда ташкил қилинган ва турли ташкилий-ҳуқуқий юридик шахс ташкил этмасдан тижорат ёки нотижорат шаклга, биргаликда муайян режани амалга оширувчи ёки умумий мақсадга эга, белгиланган қоидалар асосида Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиш мақсадига чет эл давлати ёки ўзи учун давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни йиғиш фаолияти билан шуғулланувчи одамлар бирлашмасидир. Бунда ташкилотнинг расмий равишда қайси давлат ҳудудида рўйхатдан ўтганлиги аҳамиятга эга эмас. Террористик ташкилотлар, уюшган жиноий гуруҳлар учун маълумотларни йиғиш, ўғирлаш, етказиш ва сақлаш чет эл ташкилоти манфаатларида содир қилинган жосуслик деб ҳисобланиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |