Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
ИККИНЧИ БЎЛИМ
ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШ - давр талаби Дилрабо Жуматова, ЎзДЖТУ стажёр-тадқиқотчи-изланувчиси XX асрнинг сўнги ўн йиллигида рўй берган оламшумул тарихий воқеалардан бири, шубҳасиз она юртимизнинг мустақилликка эришганлигидир. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ, Президент Ислом Каримов бошчилигида мамлакатимизда иқтисодиёт, сиёсат, давлат қурилиши, ҳуқуқий тизимни ва жамиятни маънавий ўзгартиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, инсон манфаатларини таъминлаш учун” деган теран маъноли фикрлари ҳуқуқий демократик давлат — фуқаролик жамият барпо этиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида мазмун ва моҳият бахш этаётганлиги шубҳасиздир. Ватанимизнинг ривожланиши ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ. Шахснинг сиёсий фаоллиги, унинг чинакам фуқаровий муносабати, демократик ислоҳотларга интилувчанлиги кўзланган мақсадларга тезроқ эришишнинг муҳим омилидир. Жамият ва давлат тараққиётининг ҳозирги босқичи ҳуқуқий муносабатларда иштирокчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонли-гини ҳар томонлама юксалтиришни талаб этмоқда. Маълумки, ҳуқуқий маданият – бу инсон цивилизациясининг ажралмас қисми бўлган умумий маданиятнинг муҳим бўғинидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” деб номланган дастурий маърузасида таъкидлаганидек, “Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, кўп жиҳатдан, одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқдир. Юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир. Шу муносабат билан, бугунги сиёсий-ҳуқуқий воқеаликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, фуқароларда қонунга итоаткоролик туйғусининг янада ортишини таъминлайди”. Шу билан бирга, давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамиятда инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятни шакллантириш ва шу каби бошқа соҳаларга оид қонунларга риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини олиб боришга қаратилган чора-тадбирларни ўзида мужассам этадиган инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий ҳаракат дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Давлат раҳбарининг мазкур ташаббуси нафақат мамлакат жамоатчилиги орасида, балки хорижий мамлакатларнинг эксперт-мутахассислари, халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон Республикасида “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”, инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича БМТ шартномавий органлари тавсияларини бажариш бўйича миллий ҳаракат режалари асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида миллий ўқитиш ва таълим тизимини шакллантирилди. Мазкур миллий тизим мактабдан олдинги ва мактаб ёшидаги, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўқувчилари ва талабалари, малака ошириш курси тингловчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва бошқаларни қамраб олади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши Ўзбекистон Конституциясининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, маъно-мазмуни ва моҳиятини ўрганиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини тарбиялаш ҳамда юксалтириш, шунингдек, Конституцияни билиш, унинг мазмун-моҳиятини тарғиб ва ташвиқ қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳаётни демократлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий давлат асосларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги Қарори билан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури” қабул қилинди. Ҳуқуқий маданият юксак бўлган жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, унинг амалдаги ижросини жамоатчилик томонидан назорат қилиш ҳамда фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалиётга тадбиқ этишнинг самарали бўлишини тараққий этган давлатлар тажрибаси кўрсатиб турибди. Хўш, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури”нинг қабул қилинишига қандай омиллар сабаб бўлди. Маълумки, мамлакатимизда турли жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг қамрови кенг. Ислоҳотлардан кўзланган мақсад, инсон манфаатларини таъминлаш экан, демак, уларни амалиётга тадбиқ этишда ҳар биримизнинг ўз ўрнимиз ва иштирокимиз бўлиши лозим. Давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган вазифаларни муваффақиятли ҳал этишда ҳуқуқий маданияти юксак инсонларнинг бевосита иштироки ютуқларимиз гаровидир. Зеро, ҳуқуқий маданиятни инсонлар онгига сингдириш “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури”нинг бош вазифасидир. Унинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ҳам мана шунда. Аёнки, юксак ҳуқуқий маданият соҳиби бўлган инсон атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлолмайди. У ҳар қандай шароитда ҳам жамиятнинг мустақил фикрловчи аъзоси бўлишга интилади. Ҳар бир ишга ўзининг шахсий нуқтаи назарини билдиришга қодир бўлади. Жамиятнинг бундай аъзоси мамлакат тараққиётига ғов бўладиган турли иллатларга қарши курашиш билан бирга, Конституция ва қонунларимизда белгилаб берилган фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини амалга оширишда шахсан иштирок этиш масъулиятини ҳис этади. Энг муҳими, мустақил давлатимиз юритаётган сиёсатни кўролмайдиган ғанимларнинг турли фисқи-фасодлари аслида уйдирмадан бошқа нарса эмаслигини, нима ҳақиқату нима бўҳтонлигини, бир сўз билан айтганда оқни қорадан, яхшини ёмондан, дўстни душмандан ажрата олади. Демак, жамиятда ҳуқуқий маданиятли инсонларни камол топтириш, ёш авлодни шу руҳда тарбиялаш ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, мамлакат фуқароларининг ҳуқуқий маданияти қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки мавжуд қонунларнинг аҳоли кенг қатлами томонидан ижро этилиши билан баҳоланади. Ҳар қандай жамият фуқаролар онгида қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг муҳим бўғини сифатида қаралади. Чунки, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига синган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади. Яна бир оддий ҳақиқат. Фуқаролар қонунлардан қўрқиб эмас, балки қонунни ҳурмат қилиб, уларга риоя этгандагина амалдаги қонунлар том маънода юридик кучга эга бўлади. Қонундан қўрққан инсон уни бузмайди, лекин доимий равишда қонунни четлаб ўтади. Қонунни ҳурмат қилган инсон эса уни четлаб ҳам ўтмайди. Қолаверса, қонунлар шундай яратилмоғи керакки, одамлар уни четлаб ўтишдан эмас, балки қонунлар доирасида иш юритишдан манфаатдор бўлсинлар. Бу оддий ҳаёт фалсафасини ҳар биримиз чуқур англаб етмоғимиз шарт. Демак, ҳар қандай қонуннинг амалдаги самарали ижросини таъминлаш оддий фуқароларга бориб тақалар экан қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилишда фуқароларнинг иштирокини таъминлашга зарурият пайдо бўлади. Кенг жамоатчиликнинг бевосита иштирокида қабул қилинган қонунлар амалда мавжуд муаммоларни тез ва самарали бартараф этишга қодир бўлади. Жамият эҳтиёжларидан келиб чиқмаган ҳолда қабул қилинган қонунлар эса, мавжуд муаммони ҳал этиш ўрнига иккинчи бир муаммони келтириб чиқариши, эҳтимолдан ҳоли эмас. Одамлар қабул қилинган қонунларнинг чиройли ёки жозибадорлигидан эмас, балки уларнинг кундалик ҳаётдаги муаммоларни ҳал этишидан кўпроқ манфаатдордир. Шу ўринда айтиш лозимки, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг, айниқса телевидение, радио ва интернетнинг ўрни беқиёс. Негаки, ОАВнинг бевосита иштирокисиз демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қуриш амримаҳол. Шуни назарда тутиб, парламент қуйи палатаси томонидан ОАВ вакиллари учун мунтазам равишда семинар-тренинглар, турли анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Ўйлайманки, бу чора-тадбирлар парламент ва ОАВ муносабаталарини яхшилашда ижобий самара беради. Фикримизча, бу ҳамкорликдан кўзланган мақсад қуйидагиларда намоён бўлади: биринчидан, оммавий ахборот воситалари ҳар бир юртдошимизга бевосита етиб бориш имкониятига эга, иккинчидан, парламент томонидан қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятидан жамоатчиликни хабардор этиш бутун жамият манфаатига хизмат қилади. Учинчидан, телевидение, радио, газета ва журналлар орқали кенг жамоатчилик халқ вакиллари фаолиятига муносабат билдириш имкониятига эга. Хулоса қилиб айтганда, парламент ва ОАВнинг ўзаро ҳамкорлиги аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилибгина қолмай, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling