Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


Download 2.74 Mb.
bet23/44
Sana20.06.2023
Hajmi2.74 Mb.
#1637048
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   44
Bog'liq
TO\'PLAM1

Давлат бошқарувида ахборот психологик хавфсизлигини таъминлаш масалалари


Ҳилола Файзуллаева,
Аудиовизуал журналистика ва оммавий
коммуникация кафедраси катта ўқитувчиси

“Совуқ уруш”нинг барҳам топиши дунёнинг деярли барча давлатлари стратегик режаларининг бутунлай қайта кўриб чиқилишига эҳтиёж туғдирди. Яқин йилларгача АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия сингари етакчи давлатлар ўзларини ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамлашга асосий эътиборни қаратар эди. Ҳозирда эса барча мамлакатлар иқтисодий томондан юксалишга интилмоқда. Иқтисодий жиҳатдан кучли ривожланган давлатлар бошқаларга нисбатан хилма-хил таҳдидлардан ҳимояланиш ва ўз таъсирини бошқаларга ўтказиш борасида кўпроқ имкониятларга эга. Айниқса, ахборот технологияларининг ниҳоятда тезлик билан ривожланиши ҳукуматлар олдига жамиятни замонавий технологияларга мослаштириш масалаларини кўндаланг қўймоқда. Бошқача айтганда, олдинги “қурол-яроғ пойгаси”нинг иштирокчи давлатлари эндиликда ахборий жамиятни барпо этмоқдалар ва ахборот мусобақасига киришмоқдалар.


Ахборий жамият – жамиятни ривожлантириш босқичининг янгича модели бўлиб, бунда ахборот айланиши иқтисодий сектордан олдинги ўринга чиқарилади, ахборот технологиялари иқтисодий тармоқни юритувчи асосий воситага айланади. Ушбу тушунчанинг асосчилари бўлмиш З.Бжезинский, Д.Белл, О.Тоффлер ва бошқалар ахборий жамиятда индустриал жамиятдаги капитал ва меҳнат ўз ўрнини ахборот ва билимга бўшатиб беришини таъкидлайдилар. Бу сиёсатчи ва файласуфлар 80-йилларда баъзи соҳалардаги компьютерлаштириш жараёнининг бошланишидаёқ уларнинг бутун жамият турмушига шунчалик даражада таъсир қилишини тахмин қилган эдилар. Ягона ахборот тизимини яратиш ҳаракатлари АҚШда 80-йилларда, Ғарбий Европада эса 90-йилларда бошланган.1
Бу бир томондан жамият бошқарувида баъзи енгилликларни келтириб чиқаради. Яъни давлат бошқаруви, биринчи навбатда, моддий воситалар орқали эмас (масалан, моддий бойликлар, иқтисодий, ҳарбий салоҳият ва ҳ.к.), балки номоддий – ахборотларга суяниб амалга оширилади. Замонавий тушунчада жамият учун муҳим бўлган учта ресурс: меҳнат, ер ва капиталга ахборот ресурсини қўшмасдан иложимиз йўқ. Бугунги кунда ахборот ўз аҳамиятлилиги жиҳатдан ҳаттоки биринчи ўринга ҳам чиқиши мумкин. Шу ерда, “кимки ахборотга эгалик қилса, ўша дунёни бошқаради” деган гапни эслаш ўринлидир. Чунки инсон томонидан қабул қилинган ахборот унинг билимини оширишга, шунга яраша ҳаёт тарзини ўзгартиришга таъсир кўрсатади. Омма орасидаги тарқатилган ахборот ва бошқа турдаги маълумотлар орқали жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигига таъсир қилиш мумкин.
Иккинчи томондан, ахборотнинг абстрактлилигини ва шунингдек ҳозирги ахборот технологияларининг катта имкониятларини ҳисобга оладиган бўлсак, ахборий жамиятни шакллантиришга глобал жараён сифатида қараш мумкин. Чунки сунъий йўлдош ва интернет орқали узатилаётган маълумотлар оқими, таъкидлаб ўтганимиздек, “давлатлар ўртасидаги чегара” тушунчасини инкор қилади.
Бу эса, ўз навбатида, баъзи иқтисодий салоҳиятга эга ва технологик жиҳатдан ривожланган давлатлар учун ўз манфаатларини кўзлайдиган ғояларни глобал миқёсда тарқатилишига кенг имконият яратади. Шунинг учун, ҳозирда кучли иқтисодий салоҳиятга ва замонавий ахборот узатиш технологияларига эга бўлмаган мамлакатлар бошқа йирик давлатлар мафкураларидан ҳимояланишга ҳаракат қилмоқдалар. Натижада, “ахборот хавфсизлиги” ва “ахборот уруши” тушунчаларига эътибор кучайди.
Замонавий ахборот индустрияси “кишиларни бирор фаолиятга ёки фикрлашга нафақат жалб қилади, балки улардан узоқлаштиради ҳам. Унинг жамият ва шахс ҳаётига кириб бориши, жисмоний ва психологик ҳукмронлик қилиши шубҳасиздир”1. Шунинг учун ахборотнинг жуда таъсирли куч эканлигини англай олган ҳолда ахборот хавфсизлиги бўйича кўпгина давлатларда тегишли ҳужжатлар қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасида 2002 йил 12 декабрда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унда зикр этилишича, “ахборот хавфсизлиги” – шахс, жамият ва давлатнинг ахборий жиҳатдан ҳимояланганлик аҳволидир. Бу тушунча жуда кенг қамровлидир. Бунга китоб, рисолалар, газета, журналлар, киностудиялар, телекомпаниялар, радиостудиялар, ахборот агентликлари, интернетда жойлаштирилган материаллар киради. Шунинг учун, айтиб ўтганимиздек, ахборот жамиятдаги барча соҳанинг фаолиятига таъсирини ўтказади.
Хорижий давлатларда “ахборот хавфсизлиги” тушунчаси кўпроқ техник маънода ишлатилади, яъни бу – ахборот сақланадиган воситалар – компьютер ва бошқа турдаги манбалардаги маълумотларнинг хавфсизлигидир. Соҳа мутахассиси К.Баҳриевнинг фикрича, “Ахборот хавфсизлиги” тушунчаси илк бор собиқ совет тузуми маконида пайдо бўлган. Мафкуравий нуқтаи назардан ёндашилган бу атама эса собиқ иттифоқнинг парчаланишидан сўнг юзага келганлиги маълум”2.
Экстремал журналистика марказининг директори Олег Панфиловнинг айтишича, бу атама постсовет маконда ҳозир эмас, балки эртароқда пайдо бўлган. 1992 йил 15 майда Арманистон, Озарбайжон, Белоруссия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Украина ва Россия давлат раҳбарлари томонидан Тошкент шаҳрида криптографияловчи (шифрловчи) воситаларнинг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги Битим имзоланган.1 Россия Федерациясининг бу бўйича доктринаси 2000 йил 9 сентябрда қабул қилинган. Белоруссия ва Украина эса ҳалигача “Ахборот хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилишда бирор ечимга кела олганларича йўқ. Мисол учун Белоруссияда 1997 йилдан бошлаб интернет тез ривожлана бошлагандан кейин бу мавзу бўйича баҳслар кучайган. Россиялик олим Я.Засурский “Менимча, ахборот хавфсизлиги концепциясида қўйилган фикрлар ахборот олиш эркинлиги чекловларини янада кенгайтириш мақсадини олға суради”2 – деган фикрни билдирган.
О.Панфиловнинг таъкидлашича, Тожикистонда, Ўзбекистонда ва Туркманистонда ахборот хавфсизлиги унчалик ҳам долзарб эмас. Буни оддийгина изоҳлаш мумкин: бу мамлакатларда мустақил матбуот, телекомпания ва радиостанциялар йўқ, бу – матбуот ҳукуматни ташвишлантирадиган нарсаларни чоп қилмаслигини англатади.3
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш жараёнига эркин фикрлашни ёки холис ахборот айланишини бўғиш сифатида эмас, балки аҳолини ташқи, ғаразли мафкуралардан ҳимоялаш амали сифатида қарамоғимиз лозим. Шундай экан, баъзи “ғарбпараст” шахсларнинг “ахборот хавфсизлиги” тушунчасини ахборотга тўсиқ сифатида таърифлаши халқнинг мазкур атамага муносабатини салбий томонга буриш эҳтимоли йўқ эмас. Шунинг учун, ҳозирги вақтдаги ахборот ва оммавий коммуникация технологияларининг шиддат билан ривожланаётган даврида ОАВ устидан назорат қилиш ёки интернет сайтларини тўсиш усуллари етарли даражада ахборот хавфсизлигини таъминлай олмаслигини ва бу амаллар омманинг тушунчага муносабатини янада совутишини таъкидлаш жоиздир.
Аудитория бирор маълумотга чанқоқ бўлса-ю ва ўша маълумотларни миллий ОАВдан ташқари бошқа манбалардан оладиган бўлса, бу ахборот майдони учун жуда хавфли ҳолдир. Сабаби, ташқи манбалар ҳар хил манфаатларни кўзлаган ҳолда маълумотларни ўзларига мос мафкурага йўналтириши мумкин. Оддий мисол, Лотин Америкаси фильмларини Ўзбекистонда кўриш – бу Ўзбекистонга хос бўлмаган ахборот бизга кириб келиши деганидир. Чунки улар тарғиб қиладиган оилавий муносабатлар, яшаш тарзи, юриш-туришлари ва ҳ.к. бизнинг менталитетимизга унчалик мос келмайди. Бу эса жамиятда номутаносибликларнинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бирор манфаатга йўналтирилган ғоялар эса янада хавфлироқдир. Тушунчага чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, ахборот хавфсизлиги – бу шахснинг, жамиятнинг, ижтимоий гуруҳларнинг ва давлатнинг ҳимоя учун етарлича интеллект ва маълумотлар базасига эга бўлиш, салбий ахборий таъсирларга қарши тура олиш салоҳиятидир. Ғоявий тўқнашувлар кучайиши оқибатида сиёсатчилар томонидан “мафкуравий иммунитет” тушунчаси ҳам ишлатила бошланди. Бу эса интеллектуал жараён бўлиб бирор фикр ёки ғояга нисбатан кишининг ақлий реакциясидир. Яъни ташқи фикрнинг “қабул қилиниш ёки қилинмаслиги” ҳақида тўғри қарорга келиниши ақлнинг даражасига боғлиқдир. Жамият ақлий даражасининг юқорилиги эса уларнинг ахборот билан таъминланганлик аҳволи билан ўлчанади. Демак хилма-хил ахборотга бой жамиятнинг мафкуравий иммунитети кучли бўлишини тахмин қилса бўлади. Одамларнинг интеллектуал даражасининг пастлиги эса уларнинг ғоявий ҳимояланганлик аҳволининг заифлигидан далолат беради. Шундай экан, одамларнинг бемалол ахборот олиш эркинликларини таъминлаш – аҳолининг ташқи ғоялар таъсиридан психологик ҳимояланишини шакллантиради.


Download 2.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling