Мактабдаги ўртоқларимга бошимдан ўтган воқеалар ҳақидаги гапириб берсам, ишонқирамасдан қарашди
Download 0.59 Mb.
|
эртага ўлдиргани бораман
Давоми бор
Аҳрор Шариф таржимаси Эртага ўлдиргани бораман. 8-қисм Бир неча кун давомида эни ярим метрдан ошмайдиган тор йўлаклар бўйлаб олдинга томон юрдик. Ҳар икки томонни ҳам қалин буталар қоплаб олганди. Жуниор доимо мендан олдинда юрар, негадир мактабга кетаётганда қиладиган қилиғи – икки қўлини ўйнатиб юришни унутиб қўйгандек туюларди. Мен унинг нима ҳақида ўйлаётганини билишга қизиққан бўлсам ҳам, бу ҳақида сўрашга журъат эта олмадим — бир неча соатлик сукунатни бузиб қўйишдан қўрқдим. Оила аъзоларимни эслар эканман, уларни энди қайтиб кўрармиканман деган савол тинчлик бермасди.Қани энди улар омон қолишган бўлишса. Яна ҳаммамиз биргаликда тинч ва тотув яшай бошласак. Булар ҳақида ўйлаб, кўзларимдан ёш чиқиб кетди, бироқ ҳаддан ташқари оч қолганим боис йиғлашга куч топа олмадим. Ташландиқ қишлоқлардан биридаги заҳ ерда тунни ўтказдик. Ўша пайтларда фақат хом кассава билан кифояланар, ҳар куни тайинли овқат топамиз деган умидда уйғонар эдик. Бир марта апельсин, кокос ва банан дарахтлари ўсадиган қишлоқдан ўтаётганимизда тоққа чиқишни қойил қиладиган Ҳалилу зудлик билан юқорига кўтарилиб, ҳамма меваларини узиб, пастга ташлай бошлади. Банан бутунлай пишмагани туфайли шийпондаги ўчоқда пиширишга қарор қилдик. Бизнинг келаётганимизни кўрган одамлар янги ёқилган гулҳанни ташлаб, ура қочиб кетишди. Банан мутлақо бемаза бўлгани билан, биз уларни ошқозонга қамашга мажбур бўлдик – бошқа чорамиз йўқ эди. Банандан сўнг апельсин ва кокосни паққос туширдик. Қишлоқдан бошқа арзигулик нарса топилмади. Пала-партиш овқатланиш (ёки умуман овқатланмаслик) натижасида ичим оғриб, бошим айлана бошлади. Маттру Ёнгга қайтишдан ўзга иложимиз қолмади. Уйда қолган пулни топиб,овқат сотиб олишга келишиб олдик. Маттру Жонгга қайтиб, ташландиқ ва сокин қишлоқнинг ҳолатидан ҳайратга тушдик. Кўчалар таниб бўлмас даражада ўзгарган. Ейишга яроқли махсулотлардан асар ҳам йўқ, пиширилган овқатлар ошхоналарда тўкилиб ётибди ва айниб кетган. Одам жасадлари ачинарли аҳволда ерда ётибди. Цинган, ағдарилган мебеллар, жавонлар, идиш-товоқлар ва кийим-кечаклар... Бир уйнинг айвонида креслода ўтирган қарияга дуч келдик. У худди ухлагандек ўтирар, аммо пешонасини ўқ тешиб ўтганди. Бундан ҳам дахшатлиси, айвон ташқарисида ётган икки кишининг жасади. Бу ҳақида ёзгунча этим жимирлаб кетди... Уларнинг қўл-оёқлари ва жинсий аъзолари кесиб олиниб, қорни устига қўйиб қўйилган. Жасадларнинг таҳқирланишида катта ҳисса қўшилган ойболта ҳам офтобда ялтираб турибди. Бу ҳолатни кўриб кўнглим айниди, танамни титроқ тутди. Аммо бир зум тўхташга ҳаққимиз йўқ, фақат олға интилиш зарур эди. Жуда эҳтиёткорлик билан оёқ учида уйимиз томон югурдик; узоқ вақт давомида деворга суяниб, атрофда хавф бор-йўқлигини текшириб турдик. Мана шунақа қўрқиб-писиб ҳовлига кириб олганимиздан сўнг имкон қадар камроқ шовқин чиқаришга уриниб, айвон томон югурдик ва бетон блоклар ортига яшириндик. Қадам овозларини эшитиб, ташқарига қараганимизда ялтироқ шим, шиппак ва оқ футболка кийиб олган, бошлари қизил рўмол билан боғланган, орқаларида эса автомат осилган икки нафар жангарига кўзимиз тушди. Улар кострюлка, гуруч қоплари, оҳак ва зараркунандаларга қарши дори кўтариб кетаётган бир гуруҳ ёш аёлларга ҳамроҳ бўлиб кетаётган эдилаар. Биз беркинганча томоша қилишда давом этдик. Ниҳоят Халилунинг уйига етиб келдик. Эшиклар бузилиб, ичкаридаги ҳамма нарса тартибсиз ҳолда ётарди. Шаҳардаги бошқа турар жойлар сингари бу уй ҳам талон-тарож қилинганди. Эшикнинг рамкасидаги ўқ тешигига кўзим тушди. Даҳлизда жуда машхур бўлган «STAR» пивосининг синиқ шишалари, бўш сигарет қутилари тўпланган уюм бор эди. Уйда айтарли ҳеч нима қолмабди. Ошхонадан фақатгина бир қоп гуруч топа олдик. Қопни олиб юриш қийинлиги ҳамда бундай юк ҳаракатимизни анча секинлаштиришини инобатга олиб гуручни яна қолдириб кетишга қарор қилдик. Аммо, хайриятки, исёнчилар каравот тагидаги пол тахтаси остига яширилган пули тўла ҳамёнимни топа олишмабди. Пулни чўнтакка уриб, олдинга қараб давом этдик. Бу йўлда охирги сафар пайтида учрашган бир неча одамлар билан қайта учрашдик ва катта йўл атрофидаги очиқ жойдан қандай ўтиш устида бош қотирдик. Ўйлай-ўйлай, ниҳоят эмаклаб боришга қарор қилдик. Уч гуруҳга бўлиниб, олдинма-кетин юрадиган бўлдик. Биринчи гуруҳга йўлнинг нариги томонига ўтиб, бизга сигнал бериш вазифаси қўйилди. Мен Таллои ва яна бир одам билан иккинчи гуруҳда эдим. Бизга биринчи гуруҳдан келган сигнални учинчи гуруҳга етказиш вазифаси қўйилди. Сигнал битта – қўлни силкитиш. Бир қанча жасадлар атрофда ўралашиб ётар, мазза-мазза, пашшаларга мазза эди. Ниҳоят минг машаққатлар билан нариги тарафга ўтганимизда жангариларнинг қўриқлаш пункти жойлашган минорага кўзимиз тушди. Жуниор ва икки ўртоғи овоз чиқармасдан эмаклаб кетаётганида йигитлардан бири чўнтагидан нимадир тушириб юборди ва у ерда ётган металл парчасига урилиб, баланд овоз чиқарди. Овоз қўриқчиларнинг эътиборини тортадиган даражада қаттиқ эди ва шу сабаб ҳамма автоматлар биз томон қаратилди. Акамнинг қўрқувдан қотиб қолганини кўриб мен ҳам қўрқиб кетдим. Шаҳар томондан отишма эшитилди, бу эса жангариларни чалғитди ва улар бошқа томонга қайрилишди. Бир ўлимдан қолган Жуниор ва унинг дўстлари тезда ёнимизга етиб келишди. Акамнинг юзини чанг босган, тишлари орасига ҳам тупроқ кириб қолганди, уйдаги қимматбаҳо буюмлари солинган оғир қоп кўтариб олгани учун жуда секин ҳаракат қилаётганди. Натижада, минорадагилар уни кўриб қолиб, иккиланмай ўқ узишди.Бир нечта жангарилар постдан чиқиб, биз томонга югуришди ва ўқ ота бошлашди. Биз жонҳолатда унга қараб бақирдик: - Қопингни ташлаб юбор! Тезроқ югур! Улар ҳозир келиб қолишади! Аммо у бизни тинглай демасди. Аксига олиб, қоп нимагадир тиқилиб қолди ва бола тўхтаб, уни ўзига торта бошлади. Шу иш билан овора бўлиб, биздан анча ортда қолиб кетди. Бу воқеа нима билан тугаганини эса таҳмин қилиб кўринг... Download 0.59 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling