Мактабдаги ўртоқларимга бошимдан ўтган воқеалар ҳақидаги гапириб берсам, ишонқирамасдан қарашди
Download 0.59 Mb.
|
эртага ўлдиргани бораман
Давоми бор
Аҳрор Шариф таржимаси Эртага ўлдиргани бораман. 3-қисм Шундай қилиб, Жуниор, Таллои ва мен қайиққа сакраб, Маттру Ёнгда қолган дўстларимизга афсус билан қўл силкиб, дарёнинг нариги томонига ўтдик. Кейинчалик маълум бўлдики, бу ерда бир қанча оломон йиғилиб, ҳозиргина биз ташлаб кетган қишлоқ томон интилишган. Биз эса қарама-қарши томонга қараб кетаётган эдик. Устига устак биз билан бир қайиққа минган ўрта ёшли аёл йўл бўйи миямизни эговлаб кетди: - Сиз кетаётган томонларда жуда кўп қон тўкилди. Барча фаришталар у ерни тарк этишди! Яқин атрофдан аёлларнинг чинқириғи эшитилар, «Эй, Аллоҳ. Ўзинг ҳар нарсага қодирсан» дея нола қилаётган аёллар «Юсуф», «Жабу», «Фодай» дея болаларини топиш умидида бор овозича бақиришарди. Таассуфки, баъзи томонларда ёш болалар “Она, дада, қаердасизлар?“ деб изғиб юришарди. Хавф жуда олисда бўлса ҳам кўпчилик одамлар қочишга уринишди. Оломон орасида гандираклаб юрган итлар ҳам вақти-вақти билан тўхтаб, дуч келган одамни ҳидлаб кўрар, гўё улар саросимага тушиб, эгаларини излаётгандек эди. Бу ҳодисаларни кўриб ич этим эзилиб кетди. Ўн километр йўл босганимиздан сўнг бувим яшайдиган Кабатига етиб келдик. Не кўз билан кўрайликки бир пайтлар гавжум бўлган қишлоқ ҳувиллаб қолибди . Қумда кўплаб излар қолиб кетган бўлиб, қалин ўрмон томон элтарди. Кечга яқин ташландиқ қишлоққа миналар жойлашган ҳудуддан тобора кўпроқ қочқинлар кела бошлади. Кўчалар одамларнинг овозига, ота-онасидан айрилган ва узоқ йўлдан чарчаган болаларнинг ҳарҳашаларига тўлиб кетди. Оч гўдакларнинг чинқириғи қушларнинг сайраши ва чигирткаларнинг шитирлашини эшиттирмай қўйди. Биз бувимнинг айвонига жойлашиб олиб, нима бўлишини сабр билан кутдик. — Йигитлар, нима деб ўйлайсиз, Могбвемога қайтишимиз керакми? – таклиф ўртага ташлади Жуниор. Аммо авоб бериш учун оғзимизни очишга улгурмасдан, моторнинг шовқини эшитилди. Йўл бўйлаб юрганларнинг ҳаммаси ўрмон томон югуришди. Биз ҳам уларга эргашдик, аммо узоққа қочишга улгурмадик. Юрагим тўхтаб қолай деди, нафасим тезлашиб кетди. Wolfskagen микроавтобуси бобомнинг уйи олдида тўхтади. Бахтимизга, машина ичидагилар қуролланмаган экан. Дўстларим, бошқа қочқинлар сингари буталар орасидан чиқа бошлашди. Ҳайдовчи машинадан тушиб, йўл бўйига ётиб қолди ва тўсатдан қон тупурди. Яхшилаб қараган одам унинг қўлидаги қонли жароҳатни пайқай оларди. Тупуриб бўлгач, йиғлай бошлади. Унинг кўз ёшлари юрагимни юмшатиб юборди: умримда биринчи маротаба катта одамнинг болалардай йиғлаётганини кўришим эди. Микроавтобусдан тушган аёл уни қучоқлаб, ўрнидан туришини илтимос қилди. Эркак ўрнидан туриб, йўловчилар томондаги эшикни очди ва қулоқларидан қон отилиб чиққан яна бир аёл микроавтобусдан тушди. Атрофдаги одамлар даҳшатли манзарага гувоҳ бўлмасликлари учун болаларнинг кўзларини қўллари билан ёпиб қўйишди. Микроавтобусда яна учта жасад бор эди — иккита аёл ва бир болакайники. Барча ўриндиқлар ва шифт қонга бурканганди. Мен ҳам кўзимни ёпишга уриндим, аммо бунга журъатим етмади. Оёқларим қалтирай бошлади, бутун вужудим увишгандай туюлди. Кейинчалик бу одам можароли ҳудуддан чиқиб кетмоқчи бўлганини, аммо исёнчилар унинг машинасини ўққа тутиб, деярли барча оила аъзоларини ўлдирганини билиб олдик. Бахтсиз оила бошлиғини учун ягона тасалли шу — ҳеч бўлмаганда уларни ўз қўллари билан кўмиши мумкин. Эркакни юпатишга уринган аёл жасадларни қаерга кўмиш кераклигини айтди. Эркак унинг гапларини сассиз тинглади. Афтидан, бу аёл даҳшатли уруш ҳақида бошқаларга қараганда бир оз кўпроқ нарса биларди. Шамол тинди, ён-атрофга қоронғулик тушди. Қуёш ботаётган маҳалда яна бир гуруҳ одам қишлоқ томон шошаётганини кўрдик. Улар орасида ўлик болани қўлида кўтариб юрган одам ҳам бор эди. У жигарбанди ўлганига заррача ишонмас эди. Ота қонга беланган ўғлининг жасадига қараб, «Энди, касалхонага борамиз, ўғлим. Ҳаммаси яхши бўлади.» деганча, тинмай югурарди. Ушбу ҳаёлий умид отанинг олдинга силжиши учун куч берди. Йўлда дайди ўқлардан яраланган бир неча эркак ва аёл бир амаллаб уларнинг ортидан келар эди. Баъзиларидан тинмай қон оқса ҳам, бор кучини бир ерга жамлаб, тинмай олға юришди. Аммо ҳолдан тойган одамлар барибир ҳушидан кетди ёки қайт қилди. Менинг ҳам бошим айланиб, кўзим тиниб кетди. Ўзимни ерда муаллақ тургандек ҳис қилдим, узоқдан ғалати овозлар эшитилгандай бўлди. Қанақадир силкинишдан танам титраб кетди. Ўша куннинг сўнгги даҳшатли эпизоди ҳалигача кўз олдимдан кетмайди.Елкасида кичкина қизалоғини кўтариб кетаётган она бор кучи билан югурарди. Аёлнинг кийими қип-қизил қонга беланган, бир неча ўқ қизининг орқасига тегиб, аёлнинг танасига ёпиштириб қўйганди. Қизалоқ ўқларни ўзига қабул қилиб, онанинг ҳаётини сақлаб қолди. У ҳолдан тойиб тўхтади, бизнинг олдимизга келиб ўтирди ва ўлик болани қучоқлади. Қизалоқнинг кўзлари очиқ, лабларида беғубор ва содда табассум қотиб қолганди. Бир неча ўқ илма-тешик қилиб ташлаган жажжигина қизалоқнинг жонсиз танасини кўз олдингизга келтиринг... Аёл гўдакни қучоқлаб, тебрата бошлади. Оғриқ зўриданми, карахт бўлиб қолганиданми, кўзига заррача ёш олмади. Ҳаммамиз бу аёлга ачиниш кўзи билан қарадик. Зудлик билан Маттра Ёнгга қайтишимиз керак бўлиб қолди. Чунки Могбвемодаги уйимиз энди йўқ. Ота-онам тирик қолишган бўлишсада, қишлоқда қолишмагани аниқ. Баъзи ярадорлар жангариларнинг навбатдаги нишони Кабати бўлганини айтди. Албатта, биз бу ерда қола олмасдик. Зўрға юрадиганлар ҳам судралиб бўлсада имкон қадар тезроқ бу ердан кетишга ҳаракат қилишди. Шу сабаб биз ҳам ортга қайтишга мажбур бўлдик. Лекин қизининг жасадини қучаётган аёлнинг ҳолатини кўз олдимдан кетказа олмасдан, карахт бўлиб юрдим. Сув ичгим келди, лекин сув ичсам ҳам, ўзимни енгил ҳис қилмадим. Ўша қизалоқнинг очиқ кетган кўзларидан даҳшатли ҳақиқатни ўқидим: ҳаммаси тугади. Download 0.59 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling