Малакавий иш тайёрлади: Тўланов Aбдулхамит, 10- гуруҳ тингловчиси Малакавий иш раҳбари
Download 49.1 Kb.
|
Asnam
б) Христиан дини
Яҳудий дини каби христиан дини ҳам Арабистонга ташқаридан кириб келди. Яҳудийлар ўзларини "худо ёрлақаган халқ" деб ҳисоблаб, кўпроқ маҳаллий аҳолидан холи яшаган бўлсалар, христианлар, аксинча, бошқа ерлардаги сингари қадимги Арабистонда ҳам кенг мубашширлик (миссионерлик) ишларини олиб бордилар. Қуръон ва ислом арафасидаги жоҳилия шеъриятида христианлар "носоро" (насронийлар) деб аталган. Бу сўз "назарет" номидан олинган бўлиб, Исо Масиҳнинг келиб чиққан шаҳарига ишора қилади. Одатда, мубашширлар тибб ва мантиқ илмидан хабардор, кишилар қалбига қўл солишга уста бўлганлиги учун кўпгина қабила бошлиқларига таъсир қилганлар, уларнинг христиан динини қабул қилишига ёки бу ишда уларнинг мададига эришганлар. Черков тарихларида мубашширларнинг мўжизакор ишлари ҳақида ривоятлар кўп. Улар табиат қийинчиликларига қарамай, бадавийлар билан бирга яшаб, бирга кўчиб юраверардилар. Бундайларни "чодир роҳиблари" дейишган. Баъзи роҳиблар у ёки бу воҳада хонақоҳлар (монастир) қуриб, ўзига хос манзилгоҳлар ташкил қилганлар. Бундай манзилгоҳлар араб савдогарлари ва бадавийлари учун очиқ эди. Улар бемалол узоқ саҳро йўлларидан сўнг салқин гулзор чаманда дам олишлари, ҳар хил эрмак ўйинлари билан ва ҳатто вино ичиш билан димоғларини чоғ қилишлари мумкин эди. Айни вақтда "меҳмонлар" роҳиблардан христиан дини таълимотларини ўрганардилар. Қоронғу тунлари хонақоҳ дарвозаси олдида чироқ ушлаб, карвон йўлини ёритиб турган монах образи жоҳилия шеъриятидан кенг ўрин олган. Кичик Осиё, Шом ва ҳатто Ироқда монастирларнинг кўп бўлганлиги табиий ҳол: бу ўлкаларга Рим империясининг таъсири кучли эди. Аммо исломдан олдин Арабистоннинг деярли ҳамма қисмларида, қолаверса, одам қадами етиши маҳол бўлган жойларда христиан роҳибларининг ўрнашиб қолиши таажжублидир. Қул савдоси туфайли ҳам Арабистонга четдан христиан дини кириб келарди. Византия вилоятлари ва Ўрта денгиз оролларидан келтириладиган оқ танли эркагу-аёл қуллар одатда манзил ишларида ва хунармандчиликда машғул эдилар. Шаҳар бойлари чиройли христиан қизларини ўзларига жорияликка олар, она бўлганларини озодликка чиқарардилар. Масалан, Маккадаги бану Махзум уруғининг бойларида Юнонистонли жориялар кўп бўлган. Пайғамбарнинг амакиси Аббоснинг ҳам бир неча юнон ва форс жориялари бўлган. Ҳижоз шаҳарларига христианлар асосан Византиянинг вилоятларига айланиб қолган Фаластин ва Шомдан кўчиб келганлар. Ислом вужудга келиш арафасида Думат ал-Жандал, Эйлат, Тайма шаҳарлари ва ҳатто Ясриб, Макка ва Тоифда ҳам талайгина фаластинли ва сурияли христианлар бор эди. Шуниси характерлики, Думат ал-Жандал, Эйлат шаҳарларининг жанубида яҳудлар йиғноқ (компакт) ҳолда утмларда яшаган бўлсалар, христианлар кўп худоликдаги араб аҳоли билан аралаш яшадилар. Ал-Балазури ва ат-Табарийларнинг таъкидлашича, мазкур икки шаҳарнинг хокимлари христианлардан бўлган. Маккада бир қанча христианлар мубашширлик ва табиблик билан шуғулланганлиги маълум. Улар араб тилини билмас, билганлари ҳам кучли акцент билан сўзлашардилар. Маълумки, бутпараст қурайшлар Муҳаммад (сав)га бир христиан ўргатиб келади, деб даъво қилишган. Шунга жавобан Қуръондаги қуйидаги сўзлар келади: "Биламиз, айтадиларки, унга (яъни Муҳаммадга) гўё бир киши ўргатармиш, (аммо) улар айтаётган кишининг тили (араб тили эмас) аъжамийдир, бу эса (яъни Қуръон тили) - соф араб тилидир (Наҳл сураси, 105-оят). "Сира" китобларида дастлаб христиан динида, сўнг исломни қабул қилган қулларнинг исмлари учрайди. Масалан: Сафвон б. Умайянинг қули Настас (Анастас), Суҳайбнинг қули Юҳанна ва бошқалар. Айтишларича, Суҳайбнинг ўзи ҳам асли византиялик бўлган. У Маккада бойиб кетган, исломни биринчилар қаторида қабул қилганди. Суҳайб Маккани тарк этиб, Мадинага, мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилишга азму-қарор қилганида, Макка мушриклари: "Бу ерга хеч вақоси йўқ бир девона тарзида келгандинг. Энди орттирган молу-дунёингни олиб кетяпсан", - деб таъна қилган эканлар. Шунда Суҳайб бор бойлигини ташлаб, Мадинага, пайғамбар қошига "қуп-қуруқ" кетган экан. Макка ва Тоиф шаҳарларига христиан дини Лахмийлар подшолигининг пойтахти Ҳира орқали ҳам келган. Макка савдогарлари у ерга Хитой, Ҳиндистон ва Эрон молларини истаб борардилар. Ҳира маҳаллий аҳолисининг кўпчилиги V-VI асрларда христиан динида эди16. Шуни айтиш керакки, Маккадан то Яманнинг шимолидаги Нажрон шаҳригача чўзилган масофада аксарият аҳоли "васанияда", яъни кўп худоликда эди. Айни вақтда Нажрон ва Яманнинг бошқа ерларида христиан дини шундай тез тарқалдики, бунинг натижасида Ҳимйар подшолигида икки монотеистик дин ўзаро рақобат қила бошлади. Бу ишда Рим (Византия) ва унинг вассали Ҳабашистоннинг роли катта бўлди. Британия музейида сақланаётган ҳабаш ёзувларида айтилишича, Яманга христиан динини ҳабашистонли миссионер Азкир олиб келган. Рим императори Константин II (337-361) Яманга юборган миссионер Теофилий туббаънинг розилиги билан Зафор ва Аданда черков қурилишига эришган. Айтишларича, 325 й. Никеяда чақирилган христианларнинг соборида Ямандан усқуф (епископ) қатнашган. Аввал айтилганидек, Ямандаги яҳудий-христиан рақобати заминида икки буюк давлат - Византия ва Эроннинг халқаро савдо йўлларида ўз нуфузини ўрнатиш учун олиб борган кураши ётади. Яманни ҳабашлар босиб олгунга қадар христианларнинг энг гавжум жойи Нажрон шаҳри эди. У ердаги черковни ҳатто "Нажрон каъбаси" деб ҳам аташарди. Маҳаллий арабларга у "Нажрон биъаси" номи билан маълум эди. Ҳабаш истилосидан сўнг Яманда черковлар сони кўпайиб кетди. Уларнинг ичида энг ҳашаматлиси Санадаги "Қуллайс" (юнонча "Колизей" сўзидан) номи билан машҳур черков эди. Бу черков бузиб ташланган Ал-Мақаҳ ибодатхонаси ўрнига қурилганди. Зафор шаҳридаги христиан черковининг қурилишини Ҳабашистон негуси махсус юборган миссионер Гиргенсийнинг фаолияти билан боғлашади. 543 йили Мариб тўғонининг таъмир қилиниши муносабати билан тузилган Абраха ёзувида айтилишича, ишлар битгандан сўнг, шу ердаги черковда катта тантана билан ибодат уюштирилган17. Мазкур ёзув (СIН541) мазмунан диний бўлмасада, биз кўраётган мавзу учун аҳамияти катта. Матн бошида: "Раҳмон қудрати, мадади ва раҳмати, унинг масиҳи (яъни Исо Масиҳ кўзда тутилаяпти; Масиҳ сўзининг чўқинган маъноси бор, шундан "масиҳий" - христиан, чўқинган) ҳамда муқаддас руҳ номи билан" ибораси бор. Эътибор беринг: бу ибора ортодоксал христиан динига хос бўлган учлик "Ота" ўрнида Раҳмон, ўғил ўрнида эса, "Масиҳ" ишлатилган. Шу матннинг 93-қаторида Мариб тўғонини ислоҳ қилишга Нажоши (Ҳабашистон подшоси), Рум императори (Византия), Форс шоҳи, Мунзир (Ҳира подшоси), ал-Ҳорис б. Жабала (Ғассон подшоси) вакиллар юборгани ва уларнинг ҳаммаси унинг (яъни Абраханинг) розилиги ва Раҳмонга шукр ила" келгани айтилган. Баъзи шарқшунослар охирги иборани далил қилиб, Яман якка худолиги ҳабашлар олиб келган христиан динининг таъсирида вужудга келди, деган фикрни илгари сурадилар. Бизнингча, бундай фикрлаш тўғри эмас: якка худоликнинг тимсоли сифатида Раҳмон яманлиларга ҳабашлар келмасдан олдин маълум эди. Чамаси, маҳаллий аҳолини қондириш учун Абраҳа ортодоксал христиан динидан чекинишни лозим топди. Демак, ҳабашлар қандай бўлмасин Яманда христиан динининг ҳукмронлигига эришиш ва араб кўп худолиги ва якка худолигига барҳам беришга уриндилар18. Арабистон ярим оролининг бошқа ўлкаларига келсак, черков тарихларида уқтирилишича, шарқий Арабистонда 224 милодий йилиёқ усқуфлар бўлган. IV аср охирларига тегишли манбада христиан монастирини қурган Абд Ясуъ деган усқуфнинг номи зикр қилинган. Шарқий Арабистон усқуфиясига қарашли ерлар жумласида Бет Катрайа (ҳозирги Қатар), "Дорайн" (Торут ороли), Самоҳаж (Муҳарриқ ороли), Хатта (Баҳрайн қаршисидаги қирғоқ), Ҳажар, Маъзун (ҳозирги Оман) эслатилган. Биринчи навбатда Византия ва Эрон империялари чегараларига яқин ерларда истиқомат қилган араб қабилаларига христиан динининг таъсири кучли бўлди. Ахборийлар бундай қабилаларни "ал-араб ал-мутанассара" (христианлашган араблар) деб атаганлар; ғассон, лахм. тағлиб, аййод, таннух, бакр, тайй, тамим шулар жумласидандир. Аммо худди шу қабилалар ўзларининг муайян санамларига эга бўлганини юқорида кўрдик. Демак, мазкур қабилалар аъзоларининг ҳаммаси эмас, бир қисми христиан динини қабул қилган ёки христиан бўлиш билан бир қаторда ўз санамларига сиғинишда давом этганлар. Араблар христиан динида вужудга келган кўплаб мазҳаблардан бехабар эдилар ва қаерда қайсиниси тарғиб қилинса, шуни қабул қилаверганлар. Масалан, Ҳирага несториан мазҳаби кириб келди. Нестор (в. 450 й.) Маръашлик (Антиохия) патриарх бўлиб, у Исо Масиҳ ҳақида мақолалар ёзган. Унинг фикрича, Исо – инсон, чунки биби Марям инсон бўлган ва Исо ундан бунёдга келган, аммо Исонинг отаси – худо. Исонинг инсоний ва илоҳий хислатлари нисбий бирикувдадир ва ҳеч қачон мутлақ бирикувда намоён бўлмайди. Несторнинг таълимоти Сосонийлар Эронига тобе бўлган ерларда тарқалди. Раҳо (Эдесса) ва Нисибин шаҳарлари несториан мазҳабининг марказлари сифатида катта шуҳрат қозонди. Христиан динининг несториан мазҳаби кейинчалик Марказий Осиё ва Узоқ Шарққача тарқалди. Ҳирадан несториан мазҳаби Яманга ҳам етиб борган. Айниқса, Яман форслар қўлига ўтгач, у ерда несториан мазҳабининг мавқеи кучайди. Христиан динининг Яъқубия (яковитлар) мазҳаби Шом ва шимолий Арабистон бадавий араблари орасида кенг тарқалди. Яъқубийлар марказий ортодоксал черков уюштирган Халкедон соборининг қарорларига қарши чиқдилар; айни вақтда улар несториан мазҳабини ҳам инкор қилдилар. Яъқубийлар Исо Масиҳ якка-ю, ягона табиатга, у ҳам бўлса инсоний табиатга эга бўлган, деб тарғиб қилдилар. Тарихий адабиётда бу мазҳаб ”монофизит” (”моно”, “физиа"” яъни ягона табиат) номи билан маълум. Ғассонийлар давлатининг аксарият аҳолиси “Яъқубия” мазҳабига кирган. Уларнинг подшоларидан Ҳорис б. Жабала ва Мунзир б. Ҳорислар яъқубийларга қарши адоватни тўхтатиш талаби билан Византия императорига мурожаат қилганлар. Арабистоннинг баъзи жойларида биби Марямни илоҳийлаштириш, унинг шарафига патир-нон ёпиш билан боғлиқ эътиқод /”фатоирия”/ ва аксинча, Марямнинг бокиралигини рад этувчи (антидикомариан) эътиқодлар ҳам мавжуд эди19. Яриморолга бундан ташқари христиан ва яҳудий динлари аралашиб кетган бир қанча секталар – гуруҳлар (”носирия”, “эбиёния”, “кесания”) ҳам кириб келдики, буларнинг ҳаммасини Епифаний еретик (ҳартуқий), яъни асосий диндан узоқлашиб кетган оқимлар жумласига киритади. Арабистон христианларининг бир неча диний байрамлари бўлган. Ёум са’онийн (ёки ша’онийн) фисҳдан (пасха) бир ҳафта олдин нишонланган. Са’онийндан 3 кун кейин – Хамис ал-фисҳ, пасханинг эртаси куни эса – Боус, дейилган. Пасха насронийларнинг энг катта диний байрами ҳисобланиб, у тантаналар билан, машъалалар ёқиб ўтказилган. Қизиғи шундаки, араб христианлари жамоат бўлиб ўтказиладиган тантаналарини форсчадан сирёний тилига ўтган “анжуман” сўзи билан атаганлар. Байрам кунлари улар черковларга ва мозорларга зиёрат қилганлар. “Байрам” маъносида Арабистон христианлари асли оромийча “ийд” сўзини (ўзбекчадаги ҳайит сўзи ҳам шундан) ишлатганлар. Бошқа христианлар сингари Арабистон насронийлари ҳам болаларини черковда чўқинтирганлар. Бу маросим “Инжил” ўқилиб, болани муқаддаслаштирилган сувга солиш билан ўтказилган. “Тамис” ёки “Тасбиғ” деб аталган бундай маросимдан сўнг (ислом динида хатна қилиш сингари) боланинг қўли “тозаланган”, “ҳалолланган” ҳисобланарди. в) мажусийлик дини Арабистонга кириб келган “ташқи” динлардан яна бири – мажусийликдир. Ўзбек тилида мажусийлик 2 хил: 1) зардуштийлик (зороастризм) ва 2) умуман бутпарастлик маъноларида ишлатилади. Зардуштийлик коҳинлари муғ дейилган, буни юнонлар ва руслар маг – маги, араблар эса мажус шаклида қабул қилганлар20. Алмажус сўзи Қуръонда мустақил дин сифатида зикр қилинишига қараганда (Ҳаж сураси, 17-оят) жоҳилия арабларида бу ҳақда аниқ тушунча бўлган. Ҳира ва у орқали Эронга савдо ишлари билан борган араб савдогарлари албатта, “мажусийлар” билан мулоқотда бўлардилар. Арабистон мажусийлари асосан бу ерга кўчиб келиб, ўрнашиб қолган форслардан бўлган. Баъзи даврларда Сосонийлар империяси таркибига кирганлиги ва Эронга географик жиҳатдан яқин бўлганлиги туфайли Баҳрайнда (Шарқий Арабистон) мажусийлар нисбатан кўп бўлган. Археологлар уларга тегишли қабрларни топганлар. Мусулмон аскари Баҳрайнга келганда Сибхат Марзбон деган киши бошлиқ мажусийларнинг бир қисми исломга кирган, бошқалари эса жизья тўлаш эвазига ўз эътиқодида қолганлар. Ўмонда ҳам қадим замонлардан форс жамоалари яшаб келарди. Бу ерга ислом кириб келиши ва кейинчалик шайхликлар вужудга келишига қарамасдан, баъзи мажусийлар жизья тўлаб, ўз эътиқодларини йўқотмадилар21. Маълумки, Ҳира подшолиги баъзи вақтларда Эронга вассал бўлган. Аммо унинг туб аҳолиси қисман христиан динига киргани ҳолда мажусийликни қабул қилган биронта подшо ёки фуқаро ҳақида хабар йўқ. Айни вақтда тамим қабиласига мансуб баъзи шахсларнинг мажусий динида бўлгани хабар қилинади. Худди шу манбада қурайшийлар орасида “ёруғлик ва қоронғуликка эътиқод қилувчилар эслатилиб, улар “занодиқа” (бирлиги зиндиқ) тоифасига киритилган. Булар асли маккалилар эмас, Эрондан ёки юқорида эслатилган тамим қабиласидан келган савдогарлар бўлиши мумкин. Ямандаги мажусийларга келсак, улар асосан ҳабашларни ҳайдашда қатнашган форс аскарлари ва уларнинг авлодларидан иборат бўлган. Бу тоифа араблар орасида “ал-абно” номи билан маълум эди. Ислом ғалабасидан сўнг улар ихтиёран бу динни қабул қилдилар ва ҳатто Асвад ал-Ансий “ридда” пайтида пайғамбарликни даъво қилганида “ал-абно” унга қарши курашдилар. Арабларга мажусий руҳонийлари “мўбаз”, уларнинг бошлиғи “мўбазон мўбаз” сифатида маълум бўлган. Мўбазлар араблар орасида табшир /динини тарқатиш/ ишларини олиб бормадилар, аксинча, ўз жамоалари билан араблардан бўлак яшашга ҳаракат қилдилар. Бу жамоалар баъзи одатлари билан атрофдаги араблардан кескин фарқ қилардилар. Лисон ал-араб қомусида “замзама” деган сўзга “шивирламоқ” маъноси берилиб, у мажусийларнинг овқат тановул қилиш олдидан муайян диний ибораларни шивирлаб ўқимоғи сифатида изоҳланган. Халифа Умар (634-644) бу одат исломга хилоф бўлгани учун уни манъ қилган. Шунинг учун бўлса керак, ҳозирги кунда ҳам араб мамлакатларида овқатдан олдин ва ундан кейин юзга фотиҳа тортилмайди. Download 49.1 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling