Марказий Осиё -инсоният цивилизациясининг кадимги ўчокларидан бири
Индустрлаштириш сиёсати ва унинг Ўзбeкистoндaги оқибатлари
Download 1.34 Mb.
|
Ўзб тарих семинар
2. Индустрлаштириш сиёсати ва унинг Ўзбeкистoндaги оқибатлари.
Индустрлаштириш. XX аср 20-йиллари ўрталаридан эътиборан советларнинг бутун диққат-эътибори мамлакатни индустрлаштиришга қаратилди. Бунинг асосий сабаби шундаки, индустрлаштириш СССРда социализм қуриш дастурий режасининг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланарди. ВКП (б) XIV съездида (1925) мамалакатни индустрлаштириш социализмни барпо этишнинг бош стратегик вазифаси, деб белгиланди. Ҳукмрон Марказ бу асосий вазифани бажаришга халқни сафарбар этар экан, бунда бу ишни мамлакатнинг барча минтақаларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам тезкор суръатларда амалга оширишга қарата қатъиян йўл тутди. Ўзбекистонда индустрлаштириш ишини амалга ошириш орқали советлар кўп нарсага умид боғлагандилар. Энг асосийси, улар бу ўлкада кўплаб саноат корхоналари ва тармоқларини яратиш йўли билан унинг бой табиий ва минерал ресурсларини ишга солиш, арзон ишчи кучидан фойдаланиш ва охир-оқибатда Марказ учун кўпроқ фойда ундириб олишни кўзлаганлар. Индустрлаштириш жараёни Ўзбекистонни Марказ таъсирига олиш, унинг ҳукмига янада бўйсундириш учун қулай имкониятлар яратарди. Гап шундаки, замонавий саноат тармоқларини вужудга келтириш, ишга тушириш республиканинг иқтисодий тараққиёти учун ғоятда катта аҳамият касб этарди. Бироқ бу жараён жуда кўп миқдордаги молиявий ресурслар, пул маблағлари, хилма-хил техника жиҳозлари, илмий-техника салоҳияти, кўп сонли юқори маълумотли муҳандис-техник ходимлар, малакали ишчи кадрлар ва ҳоказо омиллар билан боғлиқ эди. Бундай салоҳиятга Ўзбекистон мутлақо эга эмас эди. Негаки, республика бу даврга келиб, халқ хўжалиги тармоқларини қайтадан тиклашга аранг эришиб бораётган эди. Шу боис бу минтақада индустрлаштириш жараёнининг ташаббускори ва ташкилотчиси бевосита Марказ ва Коммунистик партия бўлди. Бу ўринда айтиш жоизки, иттифоқ ҳукуматининг режасида Ўзбекистонда замонавий йирик индустриал тармоқларни эмас, балки кўпроқ хомашёни қайта ишлайдиган саноат корхоналари, тоғ-кон саноатини ривожлантиришга асосий урғу берилганди. Негаки, бу ҳудуд Марказ учун кўпроқ хомашё маҳсулотлари етказиб беришга ихтисослаштирилиши керак эди. Шу боис ҳам муҳим эътибор пахтачилик ва у билан бевосита боғлиқ тармоқларни ривожлантиришга қаратилганди. Ўзбекистонда 1925 йилда атиги 21 саноат тармоғига тааллуқли 149 та корхона мавжуд эди, холос. Улар ҳам асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга мослашган эди. Индустрлаштириш даврида республикада 17 та пахта тозалаш заводлари барпо этилди. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Марғилон ва Шаҳрисабзда пиллакашлик фабрикалари, Фарғона ва Тошкент тўқимачилик, Чирчиқ электрокимё комбинатлари, Тошкент машинасозлик заводи ва шу сингари корхоналар қурилди. Ўша давр расмий маълумотларига кўра Ўзбекистонда биринчи беш йиллик (1928-1932 йй)да 289 та ва иккинчи беш йиллик (1933-1937 йй) даврида 189 та саноат корхоналари барпо этилган. Уларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам йил сайин ортиб борди. Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод, Ангрен, Янгийўл, Қувасой каби саноат шаҳарлари вужудга келди. 1925-1940 йиллар давомида республикада қурилган ГЭСлар сони 49 тага етди. Тошкент-Ангрен темир йўли, Тошкент-Термиз катта автомобиль йўли қурилди. Иккинчи жаҳон урушига қадар Ўзбекистоннинг саноат салоҳияти 1445 та йирик ва ўртача саноат корхоналари ва 19 мингга яқин майда корхоналарни ўз ичига оларди. Гарчанд саноат қурилиши анча кўзга кўринарли тарзда ривожланиб, муайян ютуқларга эришган бўлса-да, бироқ бу соҳада кўплаб жиддий муаммолар, нуқсонлар мавжуд эди. Аввало, юқоридан тазйиқ қилиш амалиёти, раҳбарликнинг маъмурий-буйруқбозлик усуллари Ўзбекистон саноати тармоқларида чуқур илдиз отган эди. Жумладан, республика метрополиянинг рангли ва нодир металлар, олтингугурт, вольфрам, молибден, пахта толаси, хом ипак билан таъминловчи минтақасига айлантирилди. Марказ амри билан республиканинг хомашё, табиий ресурслари аёвсиз эксплуатация қилинган ҳолда унинг ўзига хос иқтисодий манфаатдорлиги ҳеч қандай назар-писанд қилинмасди. Ўзбекистонда қурилган саноат корхоналарининг талай қисми тўлиғича иттифоқ ихтиёрига бўйсунарди. Бинобарин, уларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари ва ундан келадиган тушумлар ҳам Марказ хазинасини бойитишга хизмат қиларди. Республикада индустрлаштиришнинг муҳим бир характерли томони шундаки, бу жараён давомида малакали ишчи кучи етишмаганлигидан, хусусан РСФСР ҳудудидан бу ерга жуда кўплаб одамлар оқими кириб келди. Улар ҳисобига республиканинг ишчилар синфи сафлари тўлдирилиб борилди. Жумладан, 1926 йилдан то 1940 йилга қадар Ўзбекистон аҳолиси янги келганлар ҳисобига 750 минг кишига ёки 10%дан ортиқроққа кўпайди. СССРнинг марказий туманларидан аҳолини сунъий тарзда оммавий кўчириб келиниши кўп жиҳатдан халқ хўжалик мулоҳазалари билан эмас, балки кўпроқ сиёсий мулоҳазалар тақозоси билан, республика ишчи ва хизматчиларига ғоявий, маъмурий босим ўтказиш мақсадида амалга оширилган эди. Агар жойларда ўзининг малакали ишчи кадрларини кенг миқёсда тайёрлаш ташкил этилганда эди, кўплаб маҳаллий ёшларни фойдали ишга жалб этиш ҳамда уларни малакали ишчи кадрлар қилиб тарбиялашга сезиларли таъсир кўрсатиши шубҳасиз эди. Шундай қилиб, индустрлаштириш йилларида партия ва совет ҳукуматининг сўзи билан амалий иши ўртасида якдиллик ва уйғунлик бўлмади. Социализмнинг капитализмдан афзаллиги, меҳнаткашлар турмуш фаровонлигини тубдан яхшилаш, уларнинг ҳаёти мазмунини чуқур ўзгартириш тўғрисидаги ғоялар амалиётда пуч бўлиб чиқди. Халқ оммасининг ўн йиллар давомида тўккан пешона тери, амалга оширган тинимсиз меҳнати, чеккан заҳмати, фидокорлиги унга фаровонлик келтирмади. Download 1.34 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling