Мавзу: Иммунитет хақида тушунча. Иммунитет турлари. Организмнинг махсус бўлмаган химоя омиллари


Download 222 Kb.
bet3/15
Sana22.02.2023
Hajmi222 Kb.
#1222267
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15
Bog'liq
14 7c64157d6913af32642993f8e9a29741

Номахсус резистентлик омиллари


Организмнинг инфекцияларга қарши туғма номахсус ҳимоя омиллари­га тери ва шиллиқ қаватлар, лимфа тугунлари, орга­низмдаги суюқликлар (сўлак, кўз ёши, меъда-ичак, нафас ва сийдик-таносил йўлларининг шиллиқ моддалари, лимфа, қон зардоби)нинг бак­терицид таъсири, нормал микрофлора, фагоцитоз қилувчи ҳужайралар, табиий киллерлар, организмнинг физиологик реакциялари ва бошқалар киради.
Тери ва шиллиқ қаватлар. Микроблар асосан организмга тери ва шиллиқ қаватлар орқали кира­ди. Юқори қават эпителий ҳужайраларининг доимо янгиланиши, тери ва ёғ безлари ажратмалари, шиллиқ қават суюқликлари микробларнинг ичкарига кириши­га тўсқинлик қилиб, тери ва шиллиқ қаватларни тозалаб туради. Тери фақат механик тўсиқ вазифасини ўтаб қолмай, бактерицид (микроб­ларни ўлдирувчи) таъсирга ҳам эга. Бу тери муҳитининг кислотали эканлиги (рН–5,5) (сут, сирка ва ёғ кислоталари ҳисобига) ва тери безлари ишлаб чиқара­диган ҳар хил омилларга боғлиқ. Шунинг учун терида доимий яшайдиган, шу муҳитга чидамли сапрофит микроблардан фарқли ўлароқ, гемолитик стрептококк, ичак таёқчаси, сальмонеллалар каби патоген бактериялар узоқ яшамайди.
Кўз, нафас, оғиз, меъда-ичак ва сийдик-таносил йўлларининг суюқликлари таркибида бактерицид таъсирга эга бўлган лизоцим каби ферментлар мавжуд.
Лизоцим муколитик ферментлар гуруҳига кирувчи, ҳароратга чидам­ли оқсил бўлиб, ацетилмураменидаза деб ҳам аталади. Бу фермент ҳай­вон ва ўсимлик тўқималари суюқликларида, одамнинг кўз ёши, балғами, сўлаги, қони, она сути, перитонеал (қорин бўшлиғи) суюқлигида учрайди. У асосан, бактерияларни эритиб юборади, лекин вирусларга таъсир қилмайди. Бу модданинг бактериологик таъсир механизми, бактерия ҳужайраси деворидаги пептидогликан қавати полисахаридидаги N-ацетилмурамил кислотаси ва N-ацетилглюкозамин моддаси орасидаги боғни гидролизга учратиши билан боғлиқ. Бунинг на­тижасида ҳужайранинг ўтказувчанлиги ўзгариб, бактерия нобуд бўлади. Масалан, ҳайвонлар терисидаги шикастланган жойни доимо ялаб туради, бунда сўлакдаги лизоцим ҳисобига микроблар жароҳатга тушмайди.
Агар микроблар овқат орқали меъдага тушадиган бўлса, унга меъда шираси таркибидаги хлорид кислота бактерицид таъсир этади, агар патоген бактериялар у ерда ҳам тирик қолиб, ичакка ўтса, ўт ва ичак суюқликлари таъсирига учрайди. Орга­низм суюқликларида лизоцимдан ташқари, секретор иммуноглобулин А ва интерферонлар ҳам бўлиб, маҳаллий иммунитетни таъминлашда бу моддаларнинг аҳамияти катта. Секретор IgA бактерия ва вирусларга ёпишиб, уларни эпителиал ҳужайраларнинг юза қисмига ёпишишини (адгезия) камайтиради. Организмда механик тўсиқ вазифасини sIgA дан ташқари гиалурон ва нейрамин кислоталари ҳам бажаради. Микробларнинг бириктирувчи тўқима ичига кирмаслигини гиалурон кислотаси, маълум бир бактерия ва вирусларнинг ҳужайра ичига кирмасли­гини эса нейрамин кислотаси таъминлайди. Организмдаги нафас, меъда-ичак, сийдик-таносил йўллари, кўз ва қулоқларнинг анатомик тузилиши ҳам патоген микробларни ичкарига киритмаслик учун механик тўсиқ вазифасини ўтайди.
Лимфа тугунлари. Тери ва шиллиқ қават “тўсиқларини” енгиб ўтган микроорганизмлар лимфага тушади, лимфа тугунлари патоген бактерияларни тутиб қолади ва ҳалок қилади.
Патоген микроорганизмлар лимфа тугунларига тушгач, у ерда яллиғланиш жараёни юзага келади. Бунда тўқималардан лейкотоксин, лейкопеник омил, гистамин, серотонин ва бошқа моддалар ажралади, булар лейкоцитларга таъсир этиб, уларнинг фаоллигини оширади. Лейкоцитлар яллиғланган жойда тўпланиб микробнинг тўқима, қон ва аъзоларга тарқалишига йўл қўймайди.
Яллиғланиш натижасида гавда ҳарорати кўтарилади, ацидоз, ги­поксия ривожланади, булар ҳам ўз навбатида патоген микроорганизмларга бактерицид таъсир кўрсатади. Эндоцитоз организмни патоген микроорганизм ва бошқа бегона омиллардан тозаловчи кучли жараёндир. У фагоцитоз, рецепторлар орқали амалга ошадиган эндоцитоз ва пиноцитоз кўринишида кечади.

Download 222 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling