Ёдда тутинг!
1992 йил 8 декабрда Олий Кенгашнинг XII чақириқ ХI сессияси бўлиб ўтди. Бу сессия тарихий сессия бўлиб, тарихий аҳамиятга эга масалани муҳокама қилди. Сессияда Конституция лойиҳасини тайёрловчи комиссия раиси И.Каримов маъруза қилди. Маърузада Конституция лойиҳаси батафсил баён қилиб берилди. Шундан сўнг Конституция лойиҳаси депутатлар муҳокамасидан ўтди. Сессияда лойиҳага 80 га яқин ўзгартириш, қўшимча, аниқликлар киритилди. Айрим таклифлар асосли тарзда рад этилди.
Лойиҳанинг ҳар бир моддаси, боби, бўлимлари алоҳида-алоҳида муҳокама қилиниб, тегишли асосли таклифлар инобатга олиниб, ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, қабул қилиниш учун овозга қўйилди. Депутатлар якдиллик билан Муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 128 модаддан иборат Конституцияни қабул қилдилар.
Асосий қонунимиз халқимиз иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Чунки уни ишлаб чиқишда ва муҳокама қилишда бутун халқ иштирок этди. “Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз халқимиз тафаккури ва иродасининг маҳсулидир”7, деган сўзлар билан, Конституциямизга ҳам, уни вужудга келтирган халқимиз онгига ҳам аниқ таъриф берилган.
Конституциямиз давлатчилигимиз тарихида қабул қилинган энг демократик Конституция бўлди. Унда биринчи марта шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларда биринчи марта шахс устиворлиги, шахс, унинг ҳуқуқи, қадр-қиммати, шаъни, олий қадрият сифатида белгиланди, шахснинг яшаш ҳуқуқи асосий ҳуқуқ сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.Давлат масъулиятлари аниқ кўрсатиб қўйилди. Иқтисодиёт бозор муносабатлари тамойиллари асосида мустаҳкамланиши белгиланди. Конституция асосида кўппартиявийлик, фикрлар хилма – хиллиги белгиланди. Ҳокимиятни ташкил этишда ҳокимиятлар бўлиниш принципи мустаҳкамланди. Фуқаролик жамияти асоси сифатида ўзини – ўзи бошқариш органлари мавқеи Конституциявий даражада белгиланди.
Дарҳақиқат, Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим.
Ҳар бир соҳа ва йўналиш, таълимнинг барча босқичлари учун ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосланган дастури тайёрланиши керак. Бунда, авваламбор, Конституцияни ўрганишга жиддий ёндашиш лозим. Умумтаълим мактаблари учун “Конституция алифбоси”, “Конституция сабоқлари”, “Конституция асослари” каби дарсликларни яратиш зарур, деб ҳисоблайман8.
Do'stlaringiz bilan baham: |