www.ziyouz.com кутубхонаси
56
– Мисол учун десак, от ўғирлашга қандай қарайдилар? – деб сўради Чумаквой.
Ҳожихонажина қовоғини уйиб, бир муддат жимиб қолди. Кейин: «Отни пишириб ейманми?
Мабодо хоҳласам-ку, «хушт» дегунингча эрондаги дулдулни Учқўрғонга опкеламан», деб бир
сўз айтди:
Гапинг менга келди малол,
Бердинг пича қўпол савол,
Ажиналар гарчи ҳалол,
От ўғирлаш иш бўптими?
Гаров ўйнаб чироқмойга,
Ошнам билан қўйиб пойга,
Олдин етиб бордим ойга,
От ўғирлаш иш бўптими?
Бу тоғдан у тоққа сакраб,
Шўх укамга юрдим қараб,
Менга бир тош Шом-у Араб,
От ўғирлаш иш бўптими?
Тунда доим ишларим соз,
Ёмонлар дуч келса бехос,
Қувалайман бўлиб новвос,
От ўғирлаш иш бўптими?
Бойни зарга кўмизганман,
Оддий чақа егизганман,
«Жон акажон», дегизганман,
От ўғирлаш иш бўптими?
Кўршапалак бўлиб атай,
Ётоғида чалсам сурнай,
Пошшо қочган дебон: «Бай-бай»,
От ўғирлаш иш бўптими?
Гапир менга Рум, Турондан,
Денгиз, дала, дашт, ўрмондан,
Булут қувмоқни осмондан,
От ўғирлаш иш бўптими?
Чумаквой унга ҳанг-манг боқиб, ёқа ушлади:
– Ҳай-ҳааай! Мана шу жойда билдимки, ажинанинг олдида лўли ҳам ип эшолмайди.
Ошиқбола улфатини ўз кулфатига тортиб, «яхши кўрган қизинг борми», деб савол ташлаган
эди, Ҳожихонажина безрайиб туриб: «Ҳали бунақа топшириқ олмаганман», деди.
Райҳон қизиқ ёши бошқалардан анча салобатлироқ, фикриям даромадлироқ эканини
намойиш этмоқчидек «хў-ў-ш...» деб қўйиб, пича сукут сақлаб турди, киприги пастга терилиб,
қоши кўршапалакнинг қанотидек керилиб, ўзича пичирлашга берилиб, ҳаммани маҳтал қилди.
Катта бир масала чиққанга ўхшайди деб, шериклари зийрак тортишди.
Анвар Обиджон. Мешполвоннинг жанглари (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |