Microsoft Word isajon sulton boqiy darbadar ziyouz com doc
Download 0.53 Mb. Pdf ko'rish
|
Isajon-Sulton.Boqiydarbadarroman
ХАЛҚАРО АНЖУМАН
Шимолий Америкадаги улкан аэрокосмик марказлардан бирида, сўлим дарё ёқасидаги уч қаватли муҳташам саройда келажак инсонини яратиш борасидаги тадқиқотларнинг навбатдаги якуни ўқиб эшиттирилмоқда эди. Анжуманда инсон генетикаси ва руҳияти борасида донғи кетган энг машҳур олимлар иштирок этаётган бўлса-да, нутқлар ҳамда ҳисоботлар жуда суст бормоқда, салқин залда кенг-қулай оромкурсиларда ўтирган илм аҳли нурланишларнинг ҳамда янги технологияларнинг одам генига ва эмбрионига таъсири ҳақидаги узундан-узоқ нутқларни анчайин зерикиш билан тингламоқда эдилар. Исажон Султон. Боқий дарбадар (роман) www.ziyouz.com кутубхонаси 16 Анжуманнинг шов-шувли қисми Гобидаги Инсон такомили марказининг ҳисоботи эканини ҳамма биларди. Шу боис, бир неча йиллардан бери боши берк кўчага кириб келаётган масофавий бошқариш ва руҳиятга оммавий таъсир усуллари ҳақидаги ҳисоботлар, айтарли янги гап йўқлиги учун ҳам қизиқиш уйғотмаётган эди. Осиёдаги Инсон такомили маркази юқори технологияларни қўллаш орқали инсон вужудини такомиллаштириш муаммолари билан шуғулланишидан кўпчилик хабардор эди. Марказ жойлашган чўлнинг Олтойга туташ жойи фазо нурланишларини кузатиш учун энг мақбул, шунингдек, ғайриоддий ҳодисалар энг кўп содир бўладиган жойлардан бири эканлиги ўтган асрдан бери фанга маълум. Бир неча мамлакат ҳудудига кириб борган ва мўғуллар Шамо, хитойлар Алашан, уйғурлар Жунғор деб атайдиган бу улкан чўл қишда қирқ даража совуғию ёзда эллик даражали жазирамаси билан ҳам машҳур эди. Ер юзида турли-туман иқлимларни яратиб қўйган Парвардигори олам, мана шундай саҳроларни ҳам яратиши билан, кишиларга «Бас, ер юзини кезинг ва тафаккур қилинг» деб огоҳлантираётган эди гўё. Ўзидан жуда кучли электр қуввати чиқариб, ён-веридаги ҳар қандай жонзотни кўмирга айлантирадиган улкан тўмтоқ саҳро қурти – олғой-хорхой ҳақидаги хабарлар келди Профессорнинг хаёлига. Олғой-хорхой фақат Гобида яшайди. Тана тузилишини шаффоф ҳолга келтира олади, гоҳ кўриниб-гоҳ кўринмаслигининг сабаби шунда... Марказ вакилининг ҳисоботи соат иккига белгиланган эди. Белгиланган вақтда саҳнага қотмадан келган мисрлик занжи олим чиқиб келди, унинг чиқиши қарсаклар билан қаршиланди. Бу одам сунъий урчитиш ва клонлаштиришнинг генетик муаммолари борасида тенги йўқ даҳо экани ҳаммага аён эди. – Муҳтарам анжуман аҳли, – деб сўз бошлади даҳо, сокин ва осойишта овозда. – Мен, генетика мутахассиси Георг Мендел, умримнинг қирқ йилини шу фаннинг турли чигал масалаларини ечишга сарфладим. Жонли борлиқларнинг ген ўрамлари қаршисида соатлаб термилиб ўтирган онларимда доимо шууримда «Яратган Парвардигоримнинг низомини бузишга уриниб, хато қилмаяпманми?» деган савол кўндаланг турди. Миллионлаб вариантларни таҳлил қилар экан, исталган ҳар бир комбинациядан ўхшаши йўқ бир махлуқ бино бўлишидан ҳар дaм чўчиб яшаганимни сизларга билдирмоқчиман... Салонга жимлик чўкди. Ҳамманинг диққат-эътибори генетиканинг шу даҳосига қаратилди. – Умрим ўтгани ва ген тилсимларига қадам-бақадам яқинлашиб борганим сайин, у «гуноҳ қилмаяпманми?» деган саволга айлана борди, – деб давом этди олим. – Зотан, бу ерга тўпланган муҳтарам жамоанинг ҳар бирига мазкур савол кўпдан таниш эканига шубҳам йўқ. Умрининг уфқларини кўриб турган бир олим учун эса бундай саволларнинг аҳамияти ғоят улкан ва ҳатто мудҳиш тус олишини ҳаммангиз яхши биласиз. Генларни ўзгартириш борасидаги тадқиқотларимизда муттасил олға силжиётганимизни эътироф этиш билан бирга, кутилмаган натижаларга рўпара келаётганимизни сизга маълум қилмоқчиман. Бу натижаларни шарҳлашни ўзингизга ҳавола қилган ҳолда, диққатингизни экранларга қаратишингизни сўрайман!... Шу орада қолган чироқлар ҳам ўчиб, саҳнадаги улкан монитор ёришди. Мониторда шиша хона ичида кўзлари катта-катта бир одам кўринди. У теваракка олазарак аланглар, нимадандир жуда безовта эди. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling