Microsoft Word isajon sulton ozod ziyouz com doc
Download 0.83 Mb. Pdf ko'rish
|
Ozod [@kitoblar pdf]
“Келақол, – дер эдим хаёлан. – Сенга қанчалар зор эканимизни
биласан-ку? Ахир, ҳаммамиз меҳнату машаққат ичидан ўтиб боряпмиз-ку? Топган-тутганимизда баракат йўқ-ку? Ёзу қиш тинмасдан меҳнат ичида хор бўляпмиз-ку? Мен вояга етяпман, ортимдан сингилларим улғайиб келишмоқда... Отам шуларни ўйлаб, пешанаси тиришганича узоқ-узоқ ўтириб қолмоқда-ку? Онам ўчоқ бошидан бери келмай, енгини кўзига босиб унсиз-унсиз йиғламоқда-ку? Учиб келсангу элу юрт устида бир қанот қоқсанг кифоя, шунда шояд турмушимиз ўнгланиб кетса... Ахир, бир қанот қоқиб ўтсанг бас- ку?..” Йўқ... келмади бахт қуши! Юртда бир бизнинггина эмас, ҳеч кимнинг бошига қўнмади у кароматли қуш. Ҳаёти дунёда саккизта фарзандим борийди. Қариндошларим йўқ эмасу аммо жигарларимнинг бари ўзлари билан овора, бошимга қийин кун тушса қарашадиган кимса йўқ эди. Ҳа майли, болаларим кўп бўлсаю уларга ўзим бош бўлсам, ўтирғизволиб насиҳатлар қилсам, одоб ўргатиб, тарбия берсам, барини бошини бирлаштириб, кейин кетсам, хотиржаму жим, дер эдим. Ўғилларим кўп бўлишини истасам-да, лекин худойим етти қизу биттагина ўғил берган эди, холос. Ҳа-аҳ! Бутун сулоламиз билан мана шундай уриниб-бериниб меҳнат қилиб келганмиз. Кўникиб кетган бўлсам-да, бу аҳволимнинг бир куни ўзгаришидан, рўзғоримга мўл-кўлчилик, серобчилик келишидан умидланар, у серобчилик ўзимнинг сулоламдан эмас, Мингларнинг сулоласидан келсайди деб орзу қилардим... Исажон Султон. Озод (роман) www.ziyouz.com kutubxonasi 23 Чунки, ёруғ дунёда эканимда икки кўча наридаги Мингларнинг қизини келинликка мўлжаллаб қўйган эдим. Исми Дилором эди, гулнинг новдасидай, икки бети лола эди. Шу қизни келин қилолсам, уруғи менинг уруғим билан чатишсаю ундан яна бир халқ бино бўлса, дердим. Бу қиз бизга чатишса, тақдирлару қисматлар ўзгариб кетади деган илинжим борийди. Болалигимда орзу қилганим бахт қуши энди шу қизнинг тимсолида ўғлимнинг бошига қўнсайди, деб хаёл қилардим. Чунки, ростми-ёлғонми... Дилоромни Минглар Ойдинкўл соҳилидан топиб олган, дер эдилар. Ҳақиқатни бир худо билади, бироқ, ўша маҳаллар Мингларнинг аёли иккиқат бўлиб, айнан туғиши яқинлашганида сувга чўкиб ўлган эди, Ойдинкўл тубсиз, аёл бояқишни у тубсизликлардан топиб бўлмади, боласини туғиб улгурганмиди-йўқми, буниям ҳеч ким билолмади... бироқ Минглар хотинини излаб чиққанида, сув бўйида ойдай бир чақалоқни топиб олгани овоза бўлди. Адашмасам, ўшанда ҳаммаёқни пайҳон қилиб, бир кечаю бир кундуз шамол эсган эди... оғироёқ хотин шамолли кечада Ойдинкўлга нимага борган экан, деган савол ҳам очиқлигича қолиб кетди. Ўша кеча Ойдинкўл денгиз каби долғаланган, тўлқинлари кўкка сапчиган, балиқлари сувларнинг туб-тубига кириб кетган эди. Дилором деб ном бердилар чақалоққа. Теварак тўла синган ўтлару шохлар, у эса гулларнинг ичида ётган эди. Минглар айтдики, овозини эшитиб тепасига бормаганимда, уни ҳам гул деб тахмин қилган бўлардим, шунақа гўзал, шунақа чиройли гўдак эди. Бу чақалоқнинг дунёга келишини яна бир воқеага боғлашганини ҳам эслайман. Минглар у маҳал бақувват, чайир, ўктам йигит эди, мана шу аёлига фотиҳа қилинганида қоялару ўнгирлар оша бориб, тақдир лоласини узиб келган, дейдилар. Одамлар ўшанда лолани кўришдан умидвор бўлиб Мингларнинг уйи олдига йиғилишди. Бироқ, ҳориб-чарчаб, нечундир ўзгариб-ёши улғайгандай бўлиб қайтиб келган Минглар ҳеч кимга кўрсатмади. У мўъжизани балки эрта-индин тўйига тайёргарлик кўриб ўтирган келинчаккина кўрган бўлса не ажаб? Мингларнинг никоҳидан кейин ҳам лолани биров кўрмади, аммо бу оила ғоят саришта, ували-жували, қутли-баракатли бўлиб чиқди. Исажон Султон. Озод (роман) www.ziyouz.com kutubxonasi 24 Қайдам, лола туфайлими ёхуд Дилором боисми... Мингларнинг рўзғорига шунақанги ризқу баракот ёғилдики, асти қўяверасиз. Озғин сигирлари семириб, олам-жаҳон серқаймоқ сут бера бошлади, оғочлари шу қадар кўп мева тугардики, шохлари эгилиб-синиб кетай, дерди. Мингларнинг рўзғорига барака ҳар томондан ёғилаверди – буғдой экса, сув излашининг кераги йўқ – суғориш маҳали шамоллар қўзғалиб, ёмғирлар ёғар, экинлари кўкариб-яшнаб ўсаверарди. Минглар айтардики, ҳой мусулмонлар, мана шу қизалоқда бир гап бор. Ростини айтсам, Худо шу қизалоқни берганидан кейинги ҳаётим фақат саодату фаровонлик ичида ўтмоқда. Яна айтардики, воллоҳи, менга бир нима бўлса керак. Чунки ҳаётимдан, умримдан мингдан-минг розиман, юрагим тобора яхшиликка тўлиб бормоқда. * * * Хуллас, шу қизни келинликка орзулаб юрар, орзуимга етишишимга бир баҳя қолган эди. Минглар билан қуда-анда бўлиб, фотиҳа ўқилиб, нон ҳам синдирилган, энди тўйни ўтказиш қолган эди, холос... Тўсатдан Искандар деворининг ортидан ёв чиққани ҳақида хабар келди. Кимдир ўша куни тоғда экан, қояларнинг дарз кетганини, у ердан ёвнинг ёйилиб-оқиб чиққанини кўрибди. Танаси хол-хол, кўзи кўк, юзи қора бу махлуқлар кўп замонлардан бери тоғнинг ортидаги ўнгиру пучмоқларда урчиб-кўпайиб ётади дер эдилар. Эшитишимча, одам боласининг гуноҳларидан бино бўлган эмиш. Яна бир хусусияти – ўтириб олган кишига тегмас, шу хусусияти билан кучук қавмига ҳам ўхшаб кетармиш. Питир-питир қилиб чопиб келаётган кучук келбатли бу махлуқлар ғўдайиб турган кишини ўша заҳоти ўраб опкетар, опкетилган кишини биров қайтиб кўрмас, чангал урган жойи битмас, яра ўрни тузалмас, хуллас, чиқиб келиши қўрқинч уйғотувчи ярамас бир қавм эмиш улар. Аслида-ку, элга ёпириладиган бошқа тур ёвлар ҳам анчагина. Масалан, ёз ойлари қайдандир булутдай босиб чигиртка келиб қолар, ерда, ариқларда, уйларда, далаларда, йўлларда бижғиб ҳамма ёқни Исажон Султон. Озод (роман) www.ziyouz.com kutubxonasi 25 шитирлаган овоз тутар, яшил неки бор – барини бирдай еб битириб, кейин учиб кетарди. Ёки шира деган ёв ҳам бор эди, ризқ чиқарадиган ҳамма нарсага ёпишиб, қуритиб ташларди. Лекин буниси бошқача – ақллироқ, тузоққа тушмас, қаттолроқ эди. Аслини айтсам, ёш болалигимдан бери катталар фарзандларини ана шу ёв билан қўрқитишар, одобсиз болаларни опкетиб қолади деб тарбия беришар эди. У жонзотларнинг қайдан бино бўлганига бировнинг ақли етса экан? Кучукдан сал каттароқ бу махлуқчаларни эсимни таниганидан бери кексаларимиз яъжуж-маъжуж дер эдилар. Ёв хабари келганидан сўнг, лаънатга йўлиққур Муртад тирноқларини ғажий-ғажий менинг еримнинг ёқасидан ўтди, ўтар экан, “Ҳорманг” деб қўйди... пешанамдан теримни сидирганча ортидан индамай қараб қолдим. Аммо ростини айтмоқдаман: ўшанда Муртадга ўлим тилаганим, “дунё юмалоқ, Худо билгувчидир... қилмишларинг албатта ўзингга урсин”, деганим ҳам рост. Ёв дарахтларнингу буталарнинг орасидан питир-питир ўтиб келди, барининг кўзи кўк, юзи қорамтир экан, ҳаш-паш дегунча устимга ташланишди... Нима бўлганини англаёлмадим, бир маҳал кўзимни очсам, яна шу даламдаман... Кимдир айтдики, энди қиёматгача мана шу ердасан, ўт ўрасан, ер чопасан, сув очасан... ҳаёти дунёда нимаики қилган бўлсанг ўша билан андармон бўласан. Баҳорий жалалардаю кузги ўтлоқларда... совуқларда... мана шундоқ... ҳалиям меҳнатдан бошим чиқмай юрибман энди. Ўша қуш ҳар куни келиб бошим узра айланади... ўзимга ўхшаган хароб, озғин, бечора қуш у. Кўзида мунчоқ-мунчоқ ёш, рўзғоринг узра ҳам айландим, дейди менга. Ғуссали-ғуссали чирқиллайди, “эндиям айтмайсанми, қандай қушсан ўзи” десам, жавоб бермайди. Ҳикматига менинг ҳам ақлим етмайди... Толе қушим сенмасмидинг, деб сўрайман. Кўзидан мунчоқлари дув-дув тўкилади, зорланиб- зорланиб чирқиллайди, агар бахт қуши сен бўлсанг, нега мунча афтодасан, деб сўрайман... Йўқ, деб жавоб қилади устимдан елиб ўтгувчи хабарчи шабадалар, у бахт қуши эмас, қисмат қуши, жон қушидир... * * * Исажон Султон. Озод (роман) www.ziyouz.com kutubxonasi 26 – Отамга ўхшаб кетар экан бу киши, – деди Озод, ўйланиб. – Қуш эса... бекорга толе қуши дейишмагандир, бу кишининг толе қуши шудир? Ҳеч хаёлимга келмабди: у қушдан отам ҳам хабардормиди? Ёнида ўсиб-улғайибману орзу-армонлари бормиди, бўлса қанақа эди деб ўйлаб кўрмабман... – Бу кишилар сенинг ким эканингни, қаёққа бораётганингни биладилар, - деб шивирлади шамол. – Лекин бўйинларини бўйинтуруқ каби ўраб олган қисматларини ўзгартира олмайдилар. Агар мақсадингга эриша олсанг, ҳамма қисматлар ўзгариб кетишини ёдингда тут. Мабодо эришсанг, биргина сўз билан шу тақдирларни ўзгартира оласан. – Айтилган сўзлар аллақачон моддийлашиб бўлди, шакл ясади, теваракни ўзгартирди ва айтувчининг ҳаётининг моҳиятини белгилаб берди, – деб давом этди шамол. – Билиб қўй, одам боласи умри давомида беҳудаю беҳисоб сўзлар айтади, бироқ айтган сўзларининг бошқа нарсаларга айланишини билмайди. Ҳар бир айтилган сўз албатта бир шакл олади. Шу тарз айтилган лафзлардан Учёнғоқ бино бўлди, кўряпсанми? Дарҳақиқат, теграда шу тоб от йўртиб ўтган, ёмғирдан кейин ўтлари томчиларнинг залворидан эгилиб-эгилиб қолган сўқмоқ ва экинлари пайҳон қилинган, сарғайган улкан япроқни эслатадиган экинзор аниқ қиёфа касб этган, ҳув нарида элас-элас бўлиб Учёнғоқ кўринар, бўлак жойлар эса ҳануз сийрак туман остида бўлиб, у ерда остида яна бошқа нарсалар борлиги аниқ эди. – Лекин сен ҳам сўз айтмоқдасан-ку? – деб сўради Озод. – Мана, истаган нарсаларингни кўрдинг, энди қолганларига ҳам назар ташла, – деди шамол. – Ҳув наридаги ўша кишининг зурёди, исми Эран. Разм сол-чи, у ҳам сенга ўхшармикин?.. Download 0.83 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling