Microsoft Word kr oxirzamon ziyouz com doc
Download 1.32 Mb. Pdf ko'rish
|
chingiz aytmatov. oxirzamon nishonala
www.ziyouz.com кутубхонаси
40 шахслари эди. Мана шу барча ҳомилаларга озодлик эшиклари, туғилиш эшиклари очиб қўйилган эди. Ва ўша кечада ҳосил бўлган эмбрионлар вақти келиб бири мўъмин-мусулмон, бири сўққабош руҳоний ва ҳоказо ва ҳоказо бўлиб туғилиши мумкин эди. Лекин абадийлик қонунига зид ўлароқ, ўша кечадаги ҳомилалар орасида ҳаёт даъватидан бош тортган генетик жиҳатдан нигилистлар — кассандра-эмбрионлар ҳам пайдо бўлган эди. Улар иккиқат аёлларнинг қорнида туриб Кассандра белгиси нури орқали ўзи ҳақида хабар бериш учун пайдо бўлган, ўгай тақдири азалга қарши ўлароқ, ўзининг сассиз илтимосини — Ҳаётдан видолашишга рухсат беришларини сўраб қилган илтимосини Филофейнинг зондаж-нурлари ёрдамида ташқи дунёга маълум этиш учун пайдо бўлган эди. Ва ўша кечаси океанда зулмат қўйнида милт-милт ёнган машъал ёнида соҳил яқинида китлар сузиб бормоқда эди. Ўйноқи ойдин кечада китлар галаси қоронғида садафдай танасини ялтиратиб, сабот билан тўхтовсиз сузар эди. Улар қаёққа сузиб кетмоқда эди? Уларни нима ўзига жалб қилар эди? Уларни нима қувмоқда эди? Соҳилда туриб океан сувида ва китларнинг кўзларида акс этган машъал уларга нималар демоқчи эди? Ва ўша кечаси компьютер олдида футуролог Роберт Борк ўтирган кўйи, бир ташвиш тортса, бир умидвор бўлар, бир умидвор бўлса, бир ташвиш тортар эди. Ва у океанда китлар орасида сузиб борар, китлар унинг ўзлари билан бирга сузишини билишар эди. Шундай қилиб, улар бирга сузишар эди, негаки унинг тақдири билан китларнинг тақдири борган сари бир-бирига пайваста бўлиб борар эди... Жўш урган тўлқинлар орасида китлар қандай сузса, у ҳам океанда худди шундай сузар эди, узоқдаги машъалнинг нури китларнинг кўзларида қандай акс этса, унинг кўзларида ҳам шундай акс этар эди... * * * Москва вақти билан кечаси роппа-роса соат учда машҳур Кремль курантларининг ҳар сафар давлатнинг буюклиги ҳақида бутун дунёни огоҳ қилиб занг уриши билан жайдари бойқуш Спас минорасидаги уясидан учиб тушди-да Кремль девори бўйлаб соя янглиғ парвоз қилар экан, кенг қанотларини сассиз қоқар, тик боқадиган сеҳрли кўзларини ялтиратиб, улкан япалоқ бошини илғаб бўлмас даражада қимирлатиб борар эди. Бойқуш ҳар кечаси айни бир вақтда, атрофда тирик жон йўқ пайтда навбатдаги соқчилар роппа-роса икки юз ўн тантанали- маросимий шахдам қадам ташлаш учун Спас дарвозасидан чиқиб Ленин мақбарасига қараб юрган кезда учиб тушади. Мақбара бу ерда унинг, бойқушнинг кўз ўнгида қад кўтарди, ва у лаҳза сайин, кечаю кундуз йил бўйи, ҳар доим қўриқланадиган мақбаранинг эшиги оғзида маълум вақтгача ҳайкал сифат қаққайиб турган кўплаб ёш солдатларни кўрган. Бутун майдонни у ёғидан бу ёғига кесиб ўтар экан, бойқуш ойдинда гранит либоси жилоланиб турган мақбара устида, сўнгра мақбаранинг орқа томонида, қарағайлар тагида, Кремль деворининг шундайгина ёнида давлат маросими билан дафн этилган дўкай раҳбарларнинг қабрлари устида бир неча бор айланиб учди ва одатда ярим кечадан ўтган сокин пайтда пайдо бўладиган ва қуйиб қўйгандай бир-бирига ўхшаш, ҳар иккаласи ҳам пакана, ҳар иккаласи ҳам хумкалла шу ерлик арвоҳларнинг, афтидан бу гал ҳам қадам ранжида қилмоқчи эмасликларига ишонч ҳосил қилгач, (қаерга йўқолиштийкин, яна айтишиб қолишмадимикин?!) постда тошдай қотиб турган соқчилар ёнидан шовқинсиз отилиб учиб нарироққа кетди. Бойқушнинг ҳафсаласи пир бўлди — Ҳар иккаласи ҳам пакана, ҳар иккаласи ҳам хумкалла арвоҳлар, ғийбатчи суҳбатдошлар, ажралмас икки дўст Қизил майдонда сайр қилиш учун, ҳаёт икир-чикирлари тўғрисида гап сотиш учун анча вақтдан буён келишмаяпти. Нариги дунёлик бу икки шахс бундан бошқа нима иш ҳам қилишсин? Чиндан ҳам, улар гаплашишни, ўтмиш ҳақида, албатта сиёсат бобида суҳбатлашишни ўта хуш кўришарди. Шундай бўлардики, арвоҳлар қизишиб, жанжаллашиб қолишар, тортишишар, сўкишиб ҳам кетишар эди. Улардан бири жон-жаҳди ила иккинчиси билан энди ҳеч қачон учрашмаслигини, уни ёмон кўришини, кўрарга кўзи йўқлигини, унинг ёнига яқин келмаслигини |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling