Microsoft Word muqaddas ziyouz com doc
Download 0.57 Mb. Pdf ko'rish
|
Одил Ёқубов- Муқаддас
www.ziyouz.com kutubxonasi
30 кутмасдан йўлакка чиқдим: Сулаймон ака кулимсираб: — Ҳа, нима гап, тинчликми ўзи, ўғлим? — дея орқамдан чиқди. Шу топда ўзим жуда тўлиб турган эканманми, ё Сулаймон аканинг илиқ муомаласи сабаб бўлдими, ишқилиб шу залнинг ўзидаёқ у «ўғлим» деб гап бошлаши биланоқ, оғзидан сўзини олиб, бўлган воқеани сўзлай кетдим. Ҳаяжонланиб, дудуқланиб гапира бошладим. Сулаймон ака палапартиш ҳикоямни типпа-тик турганича олдин кулимсираб (афтидан, менинг самимийлигимдан севиниб), сўнгра қошларини чимириб, ўйчан кўзларини бир нуқтага тикиб, индамасдан эшитди. Гапириб бўлганимда клубда битта ҳам одам қолмаган, бўш залда фақат иккимиз турардик. Ниҳоят Сулаймон ака кўзларини бир нуқтадан узиб, юзимга тикилди. — Агар сўнгги имтиҳондан ҳам яхши ўтганингда... бу ерга қайтиб келмас экансан-да, шунақами? — деб сўради. — Ҳа, — дея бош ирғатдим. Унинг юзига қарашга журъат этмасдим, гапни ўзим бошлаган бўлсам ҳам юрагимда бор гапни айтиб бўлганимдан кейин бирдан ўзимни йўқотиб қўйдим. Жуда узоқ туюлган жимликдан кейин Сулаймон ака: — Эрталаб ойинг уйда бўладими? — деб сўради. — Бўлсалар керак. — Айтиб қўй: эрталаб соат саккизларда бораман, йўлдан кириб ўтаман. Ялт этиб унинг юзига қарадим. Сулаймон ака ўсиқ қошларини чимириб, ўйчан кўзларини бир нуқтага тикиб, узун, дағал бармоғи билан учлари сарғайиб қолган мўйловини силаб турарди. Бошимни кўтаришим билан у ҳам қаради, томирлари бўртиб чиққан катта, ялпоқ кафтини чўзди: — Хўп, гап шу! — деди у, — эртага учрашамиз! «Нима демоқчи? Ойим билан нима тўғрисида гаплашмоқчи?» хаёлимда шу нотинч ўйлар билан уйга кетдим... * * * Уйга кун ботиб, қош қорайиб қолганда кириб бордим. Ойим гулзорнинг ўртасидаги супада икки қўлини тиззасига қўйиб, аллақандай ўйчан, ғамгин бир вазиятда ўтирар, оқ шойи кўйлагининг устидан попукли ипак камар тақиб олган Салим Каримович эса супа билан гулзор ўртасидаги бир парча ерда у ёқдан-бу ёққа бориб-келиб турари. У камарининг бир учини ўнг қўлига ушлаб олган ва унинг попуги билан чап қўлини ҳадеб савалар, бу эса унинг нимадандир безовта бўлаётганини кўрсатарди. Эшик «ғийқ» этиб очилиши билан Салим Каримович тўхтади. Кўзойнаклари устидан тикилиб қаради. Ойим чўчиб бошини кўтарди. — Хайрият! — деди Салим Каримович ва нимагадир бошини чайқаб уф тортиб қўйди. — Биз сени деб қаёқларга бориб, эрталабдан бери чоп-чоп қилиб юрибмиз-у, сен бўлсанг... ўз ҳолингга юрибсан. Одам — деган ҳам шунақа бепарво бўладими, ўғлим? Ойим индамасдан ўрнидан туриб олдимга келди ва аллақандай ҳолсиз, чарчоқ овозда: — Қаёқларда юрибсан, болам?— деди секин. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганини кўриб, шошиб қолдим. — Қани юр, уйга кирайлик, — деди Салим Каримович қатъий овозда, — бир соат вақт қолди! Ҳайрон бўлиб бир ойимга, бир Салим Каримовичга кўз ташладим. Салим Каримович менга қараб мамнун кулди: — Бир бало қилиб ишингни тўғриладик, ўғлим... Ўртоқлар илтимосимизни қайтармадилар. Қани бўла қол, иншоингни тўғрилаб келганман, тезроқ кўчириб бер!.. Шошганимдан: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling