Минералларнинг қаттиқлиги. Қаттиқлик - бу минералнинг бошқа жисм таъсирига кўрсатадиган қаршилиги; у тирнаш орқали аниқланади. Қаттиқлик кўрсаткичи қаттиқлиги ошиб бориши тартибида жойлаштирилган ўнта минералдан: тальк, гипс, кальцит, флюорит, апатит, дала шпати, кварц, топаз, корунд ва олмосдан иборат бўлган Моос шкаласи бўйича баҳоланади.
Қаттиқликни аниқлаш тирнаб кўриш орқали амалга оширилади ва текширилаётган намунада тирнаш изи қолдирувчи минерал - шкалада мос келадиган эталоннинг тартиб рақами билан ифодаланади. Нисбий қаттиқлик Моос шакласи бўйича кўрсатилади. Бутун дунёда қабул қилинган қаттиқлик шкаласи Фридрих Моос (1773-1839) томонидан тузилган.
зМинералларнинг нисбий қаттиқлигини баҳолаш учун оддий қаламнинг грифелидан (қаттиқлиги 1), тирноқдан (2 - 2,5), мис сим ёки тангадан (3 - 3,5), пўлат игна, игнатугма, мих ёки пичоқдан (5 - 5,5), шишадан (5,5 - 6), эговдан (7) фойдаланиш мумкин. Пўлат игнадан фойдаланиш жуда қулай, чунки унинг қаттиқлиги Мосс шкаласининг тахминан ўртасида жойлашган. Шундан сўнг қаттиқлик бўйича пастга ёки юқорига қараб бориш қулай бўлади. Бундан ташқари, пўлат игна анча ингичка ва узун бўлганлиги сабабли унинг ёрдамида жуда кичик ва намунанинг чуқурлигида жойлашган минерални ҳам текшириб кўриш мумкин.
Минералларнинг зичлиги. Минералларнинг зичлиги кимёвий таркиби ва структураси, элементларнинг атом массаси, уларнинг ион радиуси ва валентлигига боғлиқ бўлади. Минералларнинг зичлиги уларнинг диагностик характеристикасидан ташқари минерал хом ашёнинг сифатини баҳолашда ҳам амалий аҳамиятга эга ва ундан маъданни бойитишда фойдаланилади. Паст зичликка эга минераллар (2 дан 4 гача) табиатда энг кўп тарқалган.
Минералларнинг мўртлиги ва болғаланиши. Минералларнинг диагностик белгилари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган механик хоссаларидан мўртлиги ва болғаланишини кўрсатиб ўтиш мумкин. Мўртлик деб босим остида ёки зарбадан модданинг бурдаланиш хоссасига айтилади. Болғаланиши деганда моддаларнинг босим остида юпқа пластинкаларга ялпоқланиши ва пластик бўлиши тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |