Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 401-гуруҳ талабаси Рўзиев Ғайратнинг
Download 1.16 Mb.
|
Imom al Moturidiy va imom al Ash\'ariy aqidalari orasidagi farqlar
- Bu sahifa navigatsiya:
- Мавзу : ” Имом ал-Мотуридий ва Имом ал-Ашъарий ақидалари орасидаги фарқлар ” Бажарувчи
- Бухоро-2023 РЕЖА: 1.Биринчи қисм
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 401-гуруҳ талабаси Рўзиев Ғайратнинг Мавзу: ”Имом ал-Мотуридий ва Имом ал-Ашъарий ақидалари орасидаги фарқлар” Бажарувчи: Рўзиев Ғайрат Илмий рахбар: Ниёзов Камол Бухоро-2023 РЕЖА: 1.Биринчи қисм а) Кириш б) Имом ал-Мотуридийнинг ҳаёти ва ижоди с) Имом ал-Ашъарийнинг ҳаёти ва ижоди 2. Иккинчи қисм д) Имом ал-Мотуридий ва Имом ал-Ашъарий ақидалари орасидаги фарқлар е) Хулоса ب سم الله الڔحمن الڔحیم Бутун мавжудотни йўқдан бор қилган ўхшаши йўқ, азалий ва абадий мукаммал сифатлар соҳиби бўлган Парвардигоримизга ҳамду санолар бўлсин. Парвардигоримизнинг халили ва ҳабиби, пайғамбарларнинг сўнггиси, умматларига нажотбахш мусаффо ақийдани мукаммал етказган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин ва у зотнинг аҳли оилалари-ю, саҳобаи киромларига Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин. Биз ўтганлардан рози бўлмай иложимиз йўқ. Чунки улар динни шариатимизни мукаммал қилиб етказдилар. Шу асносида биз эътиқодимиз ва ақидамизда адашмай келяпмиз. Мавзумизнинг ўзаги ўзи эътиқод масаласини ташкил этгани учун мавзуга киришишда ақида сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига назар ташлаш билан бошлайман. "Ақийда" луғатда "ақд" сўзидан олинган бўлиб, боғламок", "алоқа қилмоқ" каби маъноларни англатади. "Ақийда" сўзининг кўплиги "ақоид" бўлади. Шy маънода ҳар бир мукаллаф банданинг қатьий ишониши, қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб олиши ҳамда у билан доимий алоқада бўлиши лозим бўлган шаръий эътиқодий ҳукмлар "ақийда" дейилади. Уламоларимиз ақийда илмининг мавзулари ниҳоятда кенглиги эътиборидан унга турли хил таърифлар беришган. Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Анвар ал-Бадахшоний "Талхийсу шарҳил ақийдатит-Таховия" номли асарларида уламоларимизнинг ақийда илмига берган кўплаб таърифларидан саккизтасини келтирганлар ҳамда мазкур таърифларнинг энг мукаммали Мулла Али ал-Қорининг таърифи эканлигини эътироф этганлар. Мулла Али ал-Қори ақийдага шундай таъриф берганлар: "(Ақийда) унда эътиқод қилиниши шарт бўлган нарсалар тўғрисида тадқиқ этиладиган илмдир ". "Ақоид" илмининг асосий ғояси ва кўзлаган мақсади бандаларнинг динга бўлган ишончини, диний эътиқодларини мустаҳкамлаш ҳамда улар тўғрисидаги барча шак-шубҳалардан муҳофаза қилиш, энг муҳими, бошқа барча шаръий илмлар каби бандаларни икки дунё саодатига мушарраф қилишдир. Шy сабабли соф исломий ақийда, банданинг бу дунёда соғлом инсон табиатига хос ҳаёт кечириб, охиратда ҳам саодатманд бўлишига сабаб бўладиган асосий омил саналади. Бу хусусда улуғ мутасаввиф олим Сўфи Оллоҳёр: Диёнат беҳидур (илдизидур) илми ақоид Томурсиз шоха сув бермак на фоид дея ақоид илми динимизнинг асосий илдизи эканлиги, бу илдиз асосида бажарилмаган амаллар бандага ҳеч қандай наф келтирмаслигини баён қилганлар. Ақийда илмининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, унинг нафақат охирги замон пайғамбари олиб келган шариатда, балки ўтган барча пайғамбарларнинг шариатларида ҳам муҳим ва асосий ўрин эгаллаганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло соф исломий ақийда бандаларга ниҳоятда зарур бўлганлиги сабабли ушбу зарур омилни уларга етказиш ҳамда унинг тақозосига кўра яшашни кўрсатиб беришлари учун кўплаб пайғамбарларни юборган. Шунинг учун ҳам юборилган барча пайғамбарларнинг дастлабки ва асосий даъватлари ақийда мусаффолигига қаратилган. Маълумки, юборилган пайғамбарлар бир-бирларининг ўринларини тўлдириб келганлар. Кейинги пайғамбар олиб келган шариат ўзидан олдингиларини мукаммаллаштирган. Яъни пайғамбарларнинг ибодат кўрсатмалари турлича бўлиб, янги пайғамбар келиши билан ибодат қилиш тарзи ҳам такомиллашиб бораверган. Аммо ақийда борасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган, аввал юборилган пайғамбардан тортиб то охирги пайғамбаргача бир хил, ягона соф исломий ақийда бўлган. Барчалари ягона Аллоҳга ибодат қилиш ва унга ҳеч кимни шерик қилмасликка даъват этганлар. Шунингдек, ўлгандан сўнг яна қайта тирилишлари, яхши амалларни қилган солиҳ кишиларнинг жаннатга киришлари ва ёмон амалларни қилган фожир кишиларнинг дўзахда азобланишлари каби ақийдавий аҳкомларга иймон келтиришга ва шу иймонлари тақозосига кўра ҳаёт кечиришга даъват қилганлар. Тарихдан маълумки, мазкур пайғамбарларнинг аксар умматлари пайғамбарлари вафот этиб, вақт ўтиши натижасида ўзларига келтирилган илоҳий таълимотлардан чекиниб ақийда масалаларида адашиб кетганлар. Натижада Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишиб, турли бало-офатларга учраб ҳалок бўлганлар ёки соғлом инсон табиатига ҳар жиҳатдан мос тушмайдиган даражада бидъат хурофотларга ботиб қолганлар. Аллоҳ таоло охирги замон пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар этиб юборганида ҳам жуда озчилик кишиларни инобатга олмаганда аксар инсонлар илоҳий таълимотдан узоқлашиб, залолат ботқоқига тамомила ботган эдилар. Кўплаб асарлар муаллифи таниқли олим Сунъатуллоҳ Бекпўлат (1885-1954) «Ҳазрати Муҳаммад» номли асарида ана шу ҳолатни тасвирлаб қуйидагиларни ёзганлар: "Араблар жоҳилият асрида турли эътиқод ва хилма-хил динда эдилар. Аксар қисм араблар санамларга ибодат қилсалар ҳам, уларнинг ораларида Муваххидлар (ёлғиз Аллоҳга эътиқод қилиб ибодат қилувчилар), дахрийлар (ўлимдан сўнг ҳамма нарса тугайди, шунинг учун бугунги кун билан яшаб қолиш керак, дейдиган тоифа), санавиялар (яратувчи иккита: бири яхшилик яратувчиси, иккинчиси ёмонлик яратувчиси дейдиган тоифа), сабаъийлар (етти юлдуз ва ўн икки буржга ибодат қиладиган тоифа), яҳудий ва насронийлар ҳам бор эди. Муваххидлар нихоят даражада оз бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг борлигини ва ёлғизлигини эътироф этишар ва қайта тирилишга ишонардилар. Булар арабларнинг омматан залолат ботқоқига ботиб қолганларини билар ва ўз ақллари тақозосига кўра Аллоҳ таолога ибодат қилишга уринар эдилар. Улар арабларнинг тутган йўллари хато эканлигини айтишар, вақти-вақти билан Аллоҳ таолонинг ёлғизлиги ҳамда қайта тирилиш ҳақида ваъз—насиҳат қилардилар. Улар ҳазрати Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлардан мерос бўлиб қолган яхши одатларга эргашишар ва бир пайғамбарнинг келишини интизорлик билан кутар эдилар. Ана шундай бир ҳолатда Аллоҳ таоло ўз фазлу марҳамати билан башариятни залолат зулматидан ҳидоят нурига олиб чиқиши ва нажотбахш мусаффо ақийдани уларга етказиши учун охирги пайғамбарини юборган. Охирги замон пайғамбари ҳам дастлаб инсонларга ақийданинг асосий моҳияти-"Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ"ни етказиш ва шунга кўра ҳаёт кечиришга чақиришни мақсад қилган. Ана шу калиманинг моҳиятини англаб етиш ва шу асосда яшаш ниҳоятда муҳим бўлганлигидан ҳам пайғамбаримиз-пайғамбар бўлганларидан кейинги ҳаётларининг ярмидан кўпроғида, деярли 13 йил давомида инсонларни тавҳид калимасига чақирганлар. Шy йиллар мобайнида у зотга ваҳий орқали нозил бўлаётган илоҳий дастурда ҳам асосан ақийдавий масалалар муолажа қилинган. Натижада ўша пайтдаги инсонларнинг бузуқ эътиқодлари сўнгги илоҳий таълимот асосида ислоҳ қилиниб, такомиллаша борган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида мусулмонларга соф ақийдани ўзлари баён қилиб берар ёки мусулмонлар у зотга савол билан мурожаат этишар ҳамда олган жавобларини ўз ҳаётларига оғишмай татбиқ қилар эдилар. Бунинг натижасида эса ўша пайтдаги мусулмонлар тафриқа ва фитналардан сақланиб, ягона ва мусаффо эътиқод атрофида бирлашганлар ҳамда улкан муваффақиятларга эришганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Абу Бакр Сиддиқ Умар ал-Хаттоб ҳамда Усмон ибн Аффон разиллоху анҳумларнинг даврларигача мусулмонлар орасида тафриқа юз бермаган. Аммо бу пайтларда ислом диёрлари ниҳоятда кенгайиб, турли халқлар, хилма-хил тоифадаги одамлар исломга кира бошлаган эдилар. Ана шу даврларга келиб мусулмонлар орасида тушунмовчилик сабаб бўлиб баъзи фитналар натижасида соф исломий ақийдадан четга чиқиш ва ундан оғиш ҳолати пайдо бўла бошлаган. Дастлабки тафриқа Али разияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида пайдо бўлган. Бу зотнинг халифалик даврларида мусулмонлар ўртасида бўлиб ўтган "Жамал" ва "Сиффин" фитналаридан кейин "Таҳким" воқеаси вужудга келган. Ушбу 'Таҳким" воқеасидан сўнг бир гуруҳ кимсалар: "Ҳукм - ҳоқимлик фақат Аллоҳникидир" (Юсуф сураси, 40-оят) ояти каримасини далил қилишиб, унга амал қилиш даъвоси билан мусулмонлар оммасидан ажралиб чиққанлар. Мусулмонлар оммасидан ажралиб чиққан бу тоифа "хавориж", яъни "ихтилоф солувчилар" дея ном олганлар. Али разияллоҳу анҳу уларнинг даъволарини эшитиб: "Сўзлари ҳақ лекин ҳақ сўз билан ботил нарса ирода қилиняпти" деганлар. Кейинчалик Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳазрати Алининг хаворижларга нақадар аниқ таъриф берганларини эътироф этиб: "Агар Али разияллоҳу анҳу бўлмаганида хаворижлар кимлигини танимаган бўлар эдик" деганлар. Али разияллоҳу анҳунинг ана шу сўзлари кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган. Чунки хаворижлардан кейин чиққан фирқаларнинг аксар қисмида ана шу каби ҳақ сўз билан ботилни ирода қилишлик бўлган. Хаворижлар ҳаракати омма мусулмонларнинг қилган саъй-ҳаракатлари туфайли тезда барҳам топган. Шундан сўнг мусулмонлар ўртасидаги ихтилофларни бартараф этиш ва тафриқаларнинг олдини олишга катта эътибор берилган. Тобеъинлар даврида ҳам исломий қоидалар китобат қилинмаган, асосан масжидлар ва давраларда атоқли олимлар томонидан ровийларининг нақлларини аниқ, қилиб ёддан нақл қилинар эди. Ана шундай атоқли олимлардан бири, тобеъинларнинг даврларидан саналган Ҳасан Басрий (642-728 мил.й.) раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Бу зотнинг шогирдларидан Восил ибн Ато (699-748 мил.й.): "Гуноҳи кабира қилган мўъмин иймондан чиқади, лекин куфрга кирмайди, балки куфр ва иймон ўртасида бўлади", деган даъвода ўзининг тарафдорлари билан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи дарс ҳалқаларидан ажралиб кетган. Омма мусулмонлардан ажралган бу тоифа "муътазилий" (ажралиб чиққанлар), дея атала бошланган. Бу тоифа ботил қарашларини тарқатишга уринган вақтда омма мусулмонларнинг қаттиқ қаршилигига қарамаган. Ҳатто баъзи даврларда "шаккоклик" деб эълон қилишди. Ҳақ йўлдан озган бу тоифа ҳам бора-бора йўқолиб кетган. VII аср охирларида яна бир тоифа: "Инсон бирон нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг можбурлаши билан амалга оширади", деган даъвони кўриб чиққанлар ва бузуқ даъволарига кўра жабарий" (мажбурийлар), деб ном олганлар. Булардан кейин ҳам турли ерларда хилма-хил бузуқ даъволари билан кўплаб фирқалар ажралиб чиққан. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мусулмонлар оммасидан ажралиб чиққан тоифаларнинг барчасини ё ўзларининг сифатлари билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё нотўғри фирқаларнинг дастлабки ташкилотчиси исмига нисбатан ном олганларини ва омма мусулмонлардан ажралиб, тўғри йўлдан адашганликлари туфайли бирма-бир йўқолиб кетганларини кўрамиз. Ҳар қайси даврда бўлмасин, ҳақ йўлдан озган тоифаларнинг маълум вақт ичида бардам топишлари, омма мусулмонларнинг эса ҳақ йўлда бардавом бўлиб келишларига тарих гувоҳлик беради. Ана шу омма мусулмонлар мўътадиллик билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари йўлини маҳкам тутиб, «Аҳли сунна вал жамоа" номи билан ҳақ йўлда доимо собитқадам бўлиб келмокдалар. Зеро, бу жамоа Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган ягона нажот топувчи уммат ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз, саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар: "Бани Исроил 72 тоифага бўлинди. Менинг умматим 73 тоифага бўлинади. Уларнинг барчаси дўзахда бўлади, фақат бир тоифа бундан мустаснодир, дедилар. Шунда (Саҳобаи киромлар):"Улар кимлар эй, Аллоҳнинг Расули", дейишди. "Менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир", дедилар. (Термизий ривояти.) Бу йўл- аҳли сунна – вал жамоат йўлидир . Мазҳаббошимиз Нуъмон ибн Собит Имоми Аъзам (80-150 х) раҳматуллоҳи алайҳнинг "ал-Фиқҳул акбар" асарлари, Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Жаъфар ат-Таховийнинг (238-321 ҳ.) "ал-Ақийдатут-Таховий" асарлари, Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг ( 5 17- ҳ. да вафот этган) "Ақоид ун-Насафия" асарлари, (Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг (569- ҳ.да вафот этган) "Бадъул амолий" каби асарлари Аҳли сунна вал жамоъа эътиқодига доир энг мўътабар манбалар сифатида минг йиллардан буён қўлма-қўл бўлиб келмоқда. Асосан фиқҳ соҳасида машҳур бўлиб, дунёга беназир сифатида донг таратган мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шаръий илмларни ҳам биринчи бўлиб алоҳида-алоҳида синфларга ажратиб чиққан зотдирлар. "Шаръий илмларнинг илк таснифчиси мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг "Китаб ас-солат", "Китаб ал-манасик", "Китаб ал фароиз", "Китаб аш-шурут" каби асарлари ушбу мавзуларда битилган дастлабки китоблар ҳисобланади" Имомимизнинг ушбу "Ал-фиқҳул акбар" асари иккинчи ҳижрий аср бошларида битилган бўлиб, Аҳли сунна вал жамоъа ақийдаси тўғрисида ёзилган дастлабки машҳур китоб саналади. Мазҳаббошимиз бу китобларида эътиқодий масалаларни қисқа ва лўнда қилиб ёритиб берганлар. Ақийда борасида ёзган ушбу китобларига ''Ал-фиқҳул акбар", яъни "Энг катта фиқҳ", деб ном қўйганлар. Чунки Имоми Аъзам наздларида фиқҳ бу: "Фиқҳ - одамнинг ўзи учун нима манфаатли-ю нима зарарли эканлигини билишидир". Ақийда илми эса инсонга манфаат берадиган нарсаларнинг энг каттаси ва асосийси ҳисобланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бу китобларига кейинчалик бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Муҳаққиқ уламоларимиздан Али ибн Султон Муҳаммад ал- Қорийнинг шарҳлари, аллома Абул Мунтахонинг шарҳлари ва замондош уламоларимиздан Абдулкарим Таттон ҳазратларининг шарҳлари шулар жумласидандир. Амал бобида, яъни ибодат турларини бажаришликка оид диний ҳукмларда эса аҳли суннат мусулмонлари тўрт имомга эргашганлар: 1) ҳазрати Имоми Аъзам Абу Ҳанифа; 2) ҳазрати Имом Шофиъий; 3) ҳазрати Имом Молик; 4) ҳазрати Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Бу тўрт имом, шак-шубҳасиз, мужтаҳид бўлиб, Аллоҳнинг китоби Қуръони каримдан ва Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг суннатларидан ҳукм чиқаришга иқтидорлари, ваколат ва ҳақлари бор. Бу тўрт улуғ ва муҳтарам зотдан ташқари, уларнинг даврларида яна бошқа мужтаҳид зотлар чиққан бўлсалар ҳам, замонлар ўтиб, уларнинг тарафдорлари қолмади ва аҳли суннатга мансуб бўлганлар шу тўрт мазҳабда иттифоқ қилганлар. Айрим қайсар ва саркаш инсонлар кўзларини очиб, ҳушёрроқ англашлари зарурки, муборак ҳадиси шарифга кўра, ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг умматлари залолатга иттифоқ қилмайдилар. Бу жиҳатдан ҳам ҳазрати Имоми Аъзам мазҳаблари дунё ва саодатнинг йўлидир. Энди истилоҳ сифатида эса «калом» сўзини айтадиган бўлсак, у нақлий далиллар билан бирга ақлий далилларни ҳам қўшиб, мусаффо исломий эътиқодни исбот қилиш, ўртадан шубҳаларни дафъ этиш деган маънода қўлланади. Шунга кўра, «илми калом» «эътиқод илми» деганидир. Эътиқод истилоҳ сифатида Ислом динидаги ишонилиши шарт бўлган зарурий диндир. Барча илоҳий динларнинг тамалини, асосини эътиқод ташкил этган. Аммо Аллоҳга бўладиган эътиқоднинг тўғри, соғлом бўлишлиги шарт. Мирзо Бедил ёзадилар: Гар қийшиқ қўйилса бошдан пойдевор, Осмонга етса ҳам, қийшиқдир девор... Яна Сўфи Аллоҳёр Ҳазратлари илми каломнинг - эътиқод илмининг зарурлигини бундай ифодалаганлар: Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдур! Яъни, инсон тўғри ишонч-эътиқодда бўлмаса, минг йил ибодат қилса ҳам, фойдаси йўқ- елга кетади! Чунки ибодатларда хато қилса, тузатиш, қайта адо этиш имкониятлари бор, аммо эътиқод бузуқ. бўлса, кечирилмайди. Диндаги айрим ҳукмлар ўзгарииши мумкин. Лекин соф исломий эътиқод ўзгармайди ва мансух бўлмайди. Одам алайҳассаломдан буён келган динларда Аллоҳнинг бирлиги, пайғамбарлар юборилиши, фаришталар, жаннат ва дўзах сингари эътиқодга тааллуқли қарашлар ўзгармай келган. Мотуридия эътиқоди ҳақидаги мўътабар манбаъ бўлмиш «Жомиъ ул-мутун» китобида Имом Насафийнинг «Бахр ул-калом» асаридан маърифат, иймон, Ислом ва дин истилоҳларига доир ушбу и=тибос келтирилади: «1. Маърифат, Аллоҳ таолонинг зотида ва сифатларида бир эканлигини билмоқ, мислсиз ва шериксиз эканлигига ишонмоқдир. 2. Иймон, Аллоҳнинг бирлигини ва Ҳазрати Муҳаммад(с.а.в.)нинг пайғамбарлигини тил билан иқpop қилиб, қалб билан тасдиқ этмоқликдир. 3. Ислом эса Аллоҳнинг ваҳдониятига (яккаю ягоналигига) имон келтириш билан бирга, ибодат вазифаларини ҳам адо этмокдир. 4. Дин эса шу хислатлар устида то ўлгунча сабот кўрсатмоқдир». («Жомиъ ул-мутун», 40-саҳифа).. «Маълумки, ҳар бир халқнинг кўп асрлик тарихий тараққиёти давомида тўпланган маданий мероси, маънавий қадриятлари миллий маданиятнинг миллий мафкуравий шаклланиши ва ривожланишига бевосита ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Шу сабабдан, мустақил мамлакатимизнинг ҳозирги шароитида «аждодларимиз томонидан яратилган ғоят улкан бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклашни давлат сиёсати даражасига кўтариш» муҳим вазифалардан бири бўлиб қолди. Келажаги буюк Ўзбекистонни бунёд этишда маънавий баркамол инсонни шакллантириш миллий маънавий тикланиш асосидир. Чунки маънавий тикланиш фикрлаш тарзини мустақиллик руҳи белгилайдиган янги авлодга мансуб ижодий зиёлиларнинг пайдо бўлиши демакдир»1. Президент Ислом Каримовнинг таъкидлашича «онгли, билимли одамни олди-қочди гаплар билан алдаб бўлмайди. У ҳар бир нарсани ақл мантиқ тарозосига солиб кўради. Ўз фикр-ўйи хулосасини мантиқ асосида қурган киши етук одам бўлади». Юқоридаги фикрлар миллий тарбиянинг энг муҳим йўналишларидан бири тафаккур маданиятини шакллантириш эканлигини яққол ифодалайди.2 _________________ 1 И.А.Каримов «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка тахдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари». Т.Ўзбекистон, 1997 й, 137-6. 2. И.А.Каримов «тарихий хотирасиз келажак йўқ» мулоқот журнали 1998 йил № 5, З-б Download 1.16 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling