1. МОЛИЯВИЙ БОШҚАРУВНИНГ МАЗМУН МОҲИЯТИ
Бошқарув – бу маълум бир ижобий натижага эришиш учун, услублар ва тамойиллар йиғиндиси орқали бирор объектга мақсадга мувофиқ таъсир этишдир. Инсон фаолиятининг барча соҳаларига, шу жумладан молиявий соҳасига ҳам бошқарув жараёни тааллуқлидир.
Молиявий бошқарувни маълум бир услуб ва тамойилларга ҳамда рағбатлантириш ва санкцияларга таяниб махсус аппарат амалга оширади. Маълумки, у ёки бу кўринишдаги вазифаларни бажаришда турли хил йўналишдаги ечимлар мавжуд бўлади, аммо уларни самарали ечишнинг ўзига хос бўлган муаммоларни бор имкониятлардан тез ва самарали фойдаланиш ёҳуд, янги давр талабига мос бўлган услубларни жорий этиб кўзланган мақсадга эришишдир.
Ҳар қандай бошқарув тизимига хос бўлгани каби, молияни бошқаришда ҳам объектлар ва субъектлар мавжуд бўлади.
Молияни бошқаришнинг объекти бўлиб турли молиявий муносабатлар ҳисобланади. Масалан: давлат бюджети, пенсия фонди, корхоналар ихтиёридаги марказлашмаган фондлар ва суғурта муносабатлари. Молиявий муносабатларнинг туркумланишидан келиб чиқиб, ушбу объектларга қуйидаги молияни бошқарув субъектлари мос келади: молия органлари ва солиқ инспекциялари, молия хизматлар (бўлим) ва суғурта органлари.
Молияни бошқаришни шакллантирувчи ташкилий - тузилмавий аппаратга молиявий аппарат дейилади. Молия тизимининг барча соҳа ва бўғинларида, мақсад қилинган натижага эришиш учун молиявий бошқарув субъектларидан ўз йўналишлари бўйича самарали фойдаланилади. Бироқ, улар учун молиявий бошқарувнинг умумий услуб ва қоидалари мавжуддир. Жумладан, молияни бошқаришда бир нечта умумий хусусиятга эга бўлган функционал элементлар мавжуд.
1. Режалаштириш;
2. Оператив бошқариш;
3. Назорат.
Молияни бошқариш функционал элементлари ичида асосий ўринни режалаштириш ташкил қилади. Чунки айнан режалаштиришда субъект ҳар томонлама ўзининг молиявий ҳолатини баҳолай олади, яъни молиявий ресурсларнинг қандай ҳолатдалиги, қандай кўрсаткичлар молиявий ресурслардан устивор аҳамиятга молик бўлган йўналишларда фойдаланилиши ва ҳ.к.
Субъект молияни бошқариш қарорини жуда тўғри ва тўлиқлигича ишончли бўлган молиявий маълумотларга таянган ҳолда тасдиклайди. Акс ҳолда салбий натижаларга дуч келиш табиийдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |