103. Давлатнинг бюджетдан ташқари жамғармаларининг молиявий муносабатларини айтинг
Давлатнинг бюджетдан ташқари жамғармаларининг молиявий муносабатлари. Алоҳида мамлакатларда Давлат бюджетидан ташқари Давлат жамғармаларининг мавжудлиги фонд ичида, фондлараро ва молия тизимининг бошқа бўғинлари ўртасида кўп қиррали молиявий муносабатларни амалга оширишни тақозо этади. Амалиётдаги бундай молиявий муносабатлар бир томонлама, икки томонлама ва кўп томонлама бўлиши мумкин.
Бир томонлама молиявий муносабатлар. Бундай муносабатлар, одатда, жамғарманинг даромадларини шакллантиришда ёки унинг харажатларини амалга оширишда намоён бўлади. Масалан, кўпчилик мамлакатларда валюта фондининг ташкил этиш манбаи марказлаштирилган бюджет маблағларидан қайтариб берилмайдиган субсидия шаклидаги ресурслар ҳисобланади. Бир томонлама молиявий алоқалар фонд даромадининг бир қисмини молия тизимининг бошқа бўғинига дотатсия ёки субсидия сифатида ўтказганда ҳам вужудга келади. Масалан, АҚШда ташкил этилган Йўл жамғармаси махсус солиқлар ҳисобига ташкил этилади, аммо даромадлар харажатлардан ортиқ бўлган даврларда Федерал бюджетга заём шаклида тақдим этилади.
Икки томонлама молиявий муносабатлар. Бундай муносабатлар амалиётда молиявий ресурсларнинг оқими фондлараро ва молия тизимининг бошқа бўғинлари ўртасида содир бўлади. Масалан, Пенсия жамғармаси нафақат махсус ажратмалар ҳисобига ташкил этилади, балки ҳозирги даврда республика бюджетидан олинаётган субсидия (трансфертлар) ҳисобидан ҳам қисман шаклланади. Бир вақтнинг ўзида, агар фонд даромадида актив салдо вужудга келса, у ортиқча молиявий ресурслар ҳисобига қисқа муддатли давлат ғазначилик қимматли қоғозларини харид қилиб, бюджет дефитситини камайтириши ёхуд Давлат бюджетга кредитор сифатида ҳам намоён бўлиши мумкин.
Кўп томонлама молиявий муносабатлар. Бунда битта давлатнинг бюджетдан ташқари жамғармаси бир вақтнинг ўзида бир нечта фондлар ҳамда молия тизимининг бошқа бўғинлари билан ўзаро алоқада бўлади. Яъни, пул маблағлари турли хил ва ранг-баранг йўналишларда ҳаракат ва оқимда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |