Мабодо, қозининг ҳукмидан кейин бедарак ғойиб бўлган қайтиб келиб қолса, қозининг собиқ ҳукми бекор қилиниб, меросхўрларга тақсимлаб берилган тарика қайтариб олинади.
Бедарак йўқолган шахс ё мерос қолдирувчи, ёки меросхўр бўлиши мумкин:
- Агар бедарак йўқолган шахс мерос қолдирувчи бўлса, унинг ўлганлиги очиқ-равшан далил билан аниқланмагунча ёки одатда ҳаёт бўлиши кутиладиган маълум бир муддат ўтганлигини ҳисобга олиб, қози унинг ўлимига ҳукм чиқармагунча барча мол-мулки сақлаб турилади. Мерос қолдирувчига қози ўлим ҳукми чиқарганидан сўнг ундан қолган мол-мулк шу пайтда тирик бўлган меросхўрларга ўз улушларига биноан тақсимланади.
-- Агар у меросхўр бўлса, қуйидагича ижро этилади:
А) агар ўзидан бошқа меросхўр бўлмаса, юқорида зикр қилинган муддатгача барча тарика унинг яқинларидан бирига амонат, ёки мусулмонарнинг “Байтул-мол”ига топширилади. Бу ишлар албатта, қози ўлим ҳукми чиқарганидан сўнг амалга оширилади. Аллоҳнинг иродаси билан бедарак шахс пайдо бўлиб қолса, фароиз қоидаларига биноан унинг ўз ҳиссаси топширилади.
Б) агар бедарак йўқолган шахсдан бошқа меросга даъвогар (яъни, бошқа ўғил, қиз, ота ёки она) ҳам бўлса, тарика мазкур ғойибга ҳам гўё мавжуд шахс каби ажратилиб, унинг ҳиссаси кутиш муддати адо бўлгунга қадар сақланади. Қози ғойибга ўлим ҳукми чиқаргач, унинг учун сақлаб қўйилган улуши ўзидан кейин қолган мавжуд меросхўрларига тақсим этилади. АЛЛОҲУ ТАОЛО билгувчироқдир!
Бизнинг ҳанафий мазабда машҳур бўлган ҳукм шулки, бедарак йўқолган кишини кутиш муддати муайян йиллар билан белгиланмайди. Балки, унинг мавжуд шарт-шароитларни ўрганиб чиққан қозининг ижтиҳоди ҳал қилади.
Имом Молик ва имом Шофеий мазҳабларида машҳур бўлган йўл ҳам ушбудир.
Уламолар ичида бу муддатни белгилаганлари ҳам бўлиб, баъзилар буни 70 йил, бошқалар эса 75 йил, деганлар. Имом Моликдан келган яна бир ривоятда бу муддат 80 йил дейилган. Имом Абу Ҳанифадан ҳам бу тўғрида тағин икки ривоят бор бўлиб, бирида 90 йил, яна бирида 120 йил, деб белгиланган.
Имом Аҳмад эса, бедарак йўқолганларни иккига ажратиб, бири тижорат ё саёҳат каби сафарга чиқиб, кўпинча соғ-саломат уйига қайтиш эҳтимоли бўлган тоифа, иккинчиси эса урушга кетиб дом-дараксиз кетган ёки денгиз ҳалокатига учраган кемада мавжуд бўлган ва шу каби соғ-саломат қайтиши эҳтимолдан узоқ бўлган тоифадир, деганлар ва биринчи тоифани 90 йил кутишга, иккинчисини эса йўқолганидан бошлаб 4 йилгача кутиб, келмагач, мол-мулкини меросхўрлари орасида тақсимлаб юборишга ҳукм қилганлар.
Эслатма: Юқорида айтилган муайян муддатлар бедарак кетган кишининг туғилган йилидан бошлаб ҳисобланади, йўқолганидан бошлаб эмас.
* * *
Do'stlaringiz bilan baham: |