Мундарижа кириш I боб. Буюк Ипак йўлининг Ўрта Осиё халқлари моддий маданияти тараққиётига таъсири


Этномаданий жараёнларда этносларнинг ўзаро савдо-сотиқ муносабатлари


Download 372.5 Kb.
bet8/11
Sana12.11.2023
Hajmi372.5 Kb.
#1767637
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11
Bog'liq
BUYUK IPAK YO‘LINING O‘RTA OSIYO XALQLARI MODDIY MADANIYATI TARAQQIYOTIGA TA’SIRI (tarixiy – etnografik materiallar asosida) BMI

2.2. Этномаданий жараёнларда этносларнинг ўзаро савдо-сотиқ муносабатлари.
Этнослараро муносабатларни этнологик йўналишда ўрганишда маълум бир тарихий-этнографик минтақаларда яшовчи турли этнослар ва этник гуруҳлар ўртасидаги савдо-сотиқ алоқалари муҳим аҳамият касб этишига қарамай, ҳозирги кунга қадар Ўрта Осиё халқлари этнологияси тарихшунослигида, хусусан, Ўзбекистоннинг жанубий ва шимоли-шарқий ҳудудлари аҳолисининг хўжалик, савдо ва этномаданий алоқаларини этнографик материаллар асосида хар томонлама чуқур тадқиқ қилинмаган.
Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида қадим даврлардан савдо-сотиқ алоқалари доимий йўлга қўйилган бўлиб, минтақа халқлари нафақат ўзаро ички савдо алоқаларини, балки Шарқ ва Ғарбдаги давлатлар билан ҳам савдо- сотиқ мунособатлари олиб борганлар.
Тарихий адабиётларда Ложувард йўли, Олтин йўли, Ипак йўли, Кумуш йўли, Дашт йўли, Шоҳ йўли ва бошқа номлар билан аталувчи қадимги йўллар Ўрта Осиё ва Қадимги Шарқ мамлакатларининг иқтисодий-маданий алоқаларида ва умуман цивилизиациялараро муносабатлар тизи­мида муҳим ўрин тутган79. Шубҳасиз, савдо муносабатларини олиб боришда Буюк ипак йўлининг ўзига хос ўрни бўлган80. ХIX асрда Бухорога ташриф буюрган Е. К. Мейендорфнинг ёзишича, Александр Македонский давридан бошлаб ҳозирги карвонлар юрадиган Бухородан Самарқанд орқали Қашқарга борадиган Буюк йўл аниқланган эди81. Буюк ипак йўлининг шимоли-ғарбий тармоғини айнан Фарғона водийсидан (Қашғар-Тошқўрғон орқали Ўзген-Ўш-Қува-Ахсикент-Поп-Ашт-Хўжанд йўналиши бўйлаб) ўтиши бу ҳудуд аҳолисининг нафақат ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожида, балки этнослараро алоқаларни тараққий этишида ҳам муҳим аҳамият касб этди. Қўқондан Ҳўжанд ва Ўратепа орқали Жиззахга, Самарқанд ва Бухорога ўтувчи йўлнинг ҳам минтақавий алоқалардаги аҳамияти катта эди. XVI-XIX асрларда Ўрта Осиё хонликларининг асосий сиёсий ва иқтисодий ҳамкори сифатида Россия давлатининг мавқеи ошиб борди. Бу, ўз навбатида Ўрта Осиёни Волгабўйи ва Сибирь шаҳарлари билан боғловчи карвон йўллари фаолиятини кучайтирди82. Умуман олганда, сўнгги ўрта асрларда минтақа Шарқий Туркистон ва Хитой, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистон билан анъа­навий алоқаларини ҳам сақлаб қолди. Халқаро алоқалар минтақа шаҳарлари ри­вожига, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик тараққиётига ижобий таъсир кўр­сат­ди.
Дарҳақиқат, минтақадаги давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланишида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги ўзаро алоқаларда ички, ташқи ва транзит савдонинг йирик марказларидан бири бўлган Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Қўқон, Наманган, Андижон каби шаҳарларнинг тутган ўрни катта ва беқиёс бўлган.
Фарғона водийсига қўни-қўшни бўлган минтақа ва мамлакатларда ишлаб чиқарилган кўплаб молларнинг бир қисми Қўқон, Марғилон, Андижон, Наманган, Чуст ва ушбу шахарларнинг атрофидаги бозорларда сотилган ва ўз ўрнида ушбу шахарлар аҳли томонидан ҳам ишлаб чиқарилган бир неча турдаги моллар хорижий мамлакатларга сотиш учун олиб чиқилган.
Шунингдек, ўзаро савдо алоқалари ривожланишида элчиларнинг ҳам малум роли бўлган. Улар хатлар билан бирга совға тариқасида турли хил буюмларни ҳам олиб борганлар. Борган ерларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ҳамда мазкур мамлакатнинг савдо имкониятлари ҳақида ҳам маълумот олганлар.
Ёзма манбаларнинг шоҳидлик беришича, XVIII аср ўрталарида Қўқон хони Эрдонобий ҳузурига келган хитойлик савдогар совға тариқасида атлас матолар ва чой олиб келган83. Шунингдек, ўз навбатида Қўқон хонлиги сав­до­гарлари ва ҳунармандлари ҳам Шарқий Туркистонга ўз маҳсулотларини олиб бориб савдо қилганлар. Чунончи водийлик савдогорлар бу даврда Шар­қий Туркистонда доимий фаолият юритган. Қўқон савдогарлари Қаш­қарга ҳинд ва рус молларини олиб келганлар. Бундан ташқари, бу ерга хонликдан ҳар йили кўплаб от, туя, қорамол ва 200000 бошга яқин қўй-эчкилар ҳайдаб келинган84
Умуман олганда икки ҳудуд ўртасидаги савдо алоқаларида водийликлар – “андижонлик” деган умумий ном билан аталган савдогарлар муҳим роль ўйнаган. Улар икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқа­ла­ри­дагина етакчилик қилиб қолмай, Хитой, Шарқий Туркистоннинг бошқа мамлакатлар билан боғловчи транслятор вазифасини бажарган85.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасининг ичидаги турли хўжалик- ма­да­ний типларга мансуб турли этнослар ўртасидаги савдо алоқаларига тўх­та­ладиган бўлсак, тадқиқотчилар ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида мин­та­қада уч хил кўринишдаги савдо-сотиқ мавжуд бўлганлигини таъкид­лай­ди­лар. Яъни сайёр ҳолда мол айирбошлашга асосланган савдо, вақти-вақти би­лан ташкил қилинадиган ярмарка савдоси ва ниҳоят стационар тарздаги савдо86.
Юқорида кўрсатиб ўтилган савдонинг ҳар бир кўриниши ушбу даврда мавжуд бўлган маълум бир хўжалик типига мувофиқ келган. Масалан, молларни сайёр ҳолда айирбошлаш савдоси кўпроқ яримкўчманчи хўжалик­ларга, ярмаркаларда савдо қилиш эса яримўтроқ хўжаликлар учун ва ниҳоят шаҳар ва катта-катта аҳоли манзилгоҳларидаги доимий ишлаб турувчи стационар савдо билан машғул бўлиш, асосан, ўтроқ хўжаликларга мос эди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳар бир хўжалик типида юқорида келтириб ўтилган савдо формаларининг бирортаси етакчи мавқега эга бўлган ҳолда, қолган савдо формалари ҳам мавжуд бўлиши табиий. Бошқача қилиб айтганда, турғун, яримкўчманчи ва кўчманчи аҳоли ўз турмуш тарзи ва ҳаётий эҳтиёжларидан келиб чиқиб савдонинг ҳар учала формасидан ҳам фойдаланган. Фарғона водийсида бир гуруҳ ўзбек, тожик, уйғур сав­до­гар­лари қирғизлар жойлашган олис овулларга, жанубий минтақаларда эса ўзбек чиғатойлар, тожиклар айрим ярим кўчманчи ўзбек уруғлари ва араблар жой­лашган ҳудудларга бориб савдо муносабатларини амалга оширганлар. Кўчманчи аҳоли яшайдиган ҳудудларда ҳали товар-пул муносабатлари яхши ривожланмагани боис, мазкур ҳудудларда олиб борилаётган совдо-сотиқ, асосан, маҳсулот айирбошлашга асосланган эди.
Ўтроқ минтақада истиқомат қилган савдогарлар, асосан, ип-газлама (мато), уй-рўзғор анжомлари, қуруқ мева каби кундалик эҳтиёж молларини кўчманчи чорводорлар ерларига олиб борганлар. Шойи ва нимшойи ҳамда қимматбаҳо тақинчоқлар у ерларга фақат бой чорвадорларнинг буюртмасига кўра олиб келинган. Файзуллоҳ ибн Рўзбекхоннинг ёзишича, дашт аҳлига «кўйлак ва кийим зарур бўлиб, уларнинг асосий қисмини карбос ташқил қилган»87. Муаррихнинг кўрсатишича, бу газламалар тури, асосан, Ўрта Осиё шаҳарларида тўқилиб, «кийим ва кафан» учун ишлатилган. Бўз ёки кар­бос­дан ташқари, Самарқанд, Бухоро, Хива шахарларида зандоначи, митқол, қумоч, дока каби матолар ҳам тўқилиб, қўшни давлатларга олиб бориб сотил­ган. Бу газламалар нафақат сотилган, балки айрим ҳолларда тўлов вази­фа­сини ҳам ўтаган. ХVI аср муаррихининг келтиришича, Муҳаммад Шайбо­нийхон «Бухоро ва Самарқандга тобе ерлар» аҳолисига Дашти Қипчоқдаги ўз асирларини алмаштириб олиш учун кўп туяларда карбос берган88.
ХIХ аср охирига келиб Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида яшовчи ўзбек уруғлари ва Фарғона водийсидаги қирғизлар орасида пул-товар муносабатлари тараққий этиб бориши шунга олиб келдики, анъанавий хўжа­лиги кўчманчилик ва ярим кўчманчилик билан боғлиқ бўлган ушбу этнослар савдо-сотиқ қилиш мақсадида минтақадаги бозорларга тез-тез ва мунтазам равишда келадиган бўлдилар. Бозорга олиб келинаётган моллар­нинг ҳам тури кўпайиб борди. Улар, энди нафақат чорва ва унинг териси ёки жунини, балки улардан тайёрланган қатор маҳсулотларни ҳам, чунончи арқон, қоп, кийгиз, гилам ҳамда бир неча хилдаги кийим-бошларни минта­қа­даги бозор­ларга кўп миқдорда олиб чиқа бошлаганлар. Ушбу халқлар томонидан бу даврга келиб бозорларга, ҳатто, баъзи турдаги сут маҳсулот­лари ҳам олиб чиқила бошланди. Масалан, Қўқон, Марғилон, Хўжанд, Ўш, Наманган, Чуст бозорларида қирғизлар ва қипчоқлар, Қарши, Шаҳризабз, Термиз, Денов, Бойсун бозорларида қўнғирот, сарой, тоқчи-қатағонлар, жузлар каби ўзбек уруғлари билан бирга маҳаллий араблар қурт, қимиз ва сариёғ билан ҳам савдо қила бошладилар. Ҳолбуки, ушбу сут маҳсулотларини сотиш ёки исроф қилиш қозоқларда ва, умуман, барча чорвадор халқларда хосиятсиз ҳисобланган. Гўёки, бундан чорвага қаттиқ зарар етган ёки соғиб олинаётган сут миқдори кескин камайиб кетган.
ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан, айниқса ХХ аср бошларида Фарғона водийси ҳудудидаги мавжуд яйлов ва ўтлоқларни деҳқончилик учун, хусусан, пахтачилик учун ўзлаштирилиб бориши натижасида чорва­чилик билан шуғулланиш имкониятлари олдинги даврларга қараганда тобора камайиб борган. Натижада чорва молларини, биринчи новбатда қўйларнинг сони кескин камайиб кетган. Бу, ўз ўрнида маҳаллий аҳолининг чорва маҳсулотларига, айниқса гўштга бўлган талаби ошиб кетишига олиб келган.
Бундай шароитда Фарғона водийси ҳудудига қўшни ва олис ҳудудлардан, чунончи Қоратегин, Матчо, Ҳисор, Зомин, Самарқанд, Ўратепа, Чимкент, Туркистон, Авлиёота, Еттисув ҳамда Қашқар ва Афғонистондан кўплаб чорва моллари олиб келина бошлаган. Жумладан, 1885 йилда Фарғона водийси ҳудудига 276983 бош қўй сотиш учун келтирилган89. 1893-1899 йиллар орасида минтақага четдан келтирилган чорва молларининг умумий сони 7 387 000 бошни ташкил қилган бўлса, ХХ аср бошларига келиб Фарғона водийси ҳудудига ҳар йили четдан 3 500 000 бошга яқин чорва моллари келтирила бошлаган.
Жанубий Ўзбекистоннинг Термиз, Бойсун, Денов, Шаҳрисабз, Қарши каби йирик бозорларида туркман ва маҳаллий араблар томонидан тўқилган гиламлар кўплаб сотилган. Туркман ва араб гиламларининг асосий харидорлари ўзбек ва тожиклар бўлган. Айни вақтда бу гиламлар рус савдогарлари томонидан ҳам катта миқдорда сотиб олинган. Гилам олди-соттиси билан шуғулланадиган ёки уни бир неча аёллар меҳнати билан уюшган ҳолда тайёрлаб сотувчи уддабуронлар ҳам пайдо бўлган. Гилам олди-сотти билан нафақат ўзбек, тожик, араб савдогарлари, балки рус, татар, яҳудий ва арманлар ҳам шуғулланганлар. Анъанавий безак санъати наъмуналарини юксак даражада ўзларида акс эттирган бундай гиламлар бозорларда юқори нархларда сотилганлиги маълум. Туркманлар ва араблар гиламлари ўрнига, асосан, турли-туман маҳаллий Бухоро, Шаҳрисабз, Қарши, Бойсун тўқувчилари томонидан тўқилган матоларни: оқ ва бўялган хомсурп, олачаларни олиб, кийим тиктириб кийганлар.
ХIХ аср охирига келиб Фарғона водийсининг Андижон, Марғилон, Қўқон, Скобелов каби шаҳарларида қирғиз гиламлари кўплаб сотилган90. Этнограф К. И. Антипинанинг таъкидлашича, қирғиз гиламларининг асосий харидорлари ўзбеклар ва тожиклар бўлган. Гилам олди-соттиси билан шуғул­ланадиган ёки уни бир неча аёллар уюштирган ҳолда тайёрлаб сотувчи тадбиркорлар ҳам пайдо бўлган. Гилам олди-соттиси билан нафақат қирғиз, ўзбек, тожик этносига мансуб савдогарлар, балки рус, татар ва арманлар ҳам шуғулланганлар91.
Фарғона водийси қипчоқлари томонидан ҳам уй шароитида тайёрлан­ган бир неча хилдаги жун ва ип-газлама маҳсулотлари, хусусан бўғжома, хуржин, қоп-арқон ва бошқа уй-рўзғор буюмлари, чекмон ва шалвар каби кийимлар ҳамда озроқ миқдорда гилам ва кийгизлар бозорга олиб чиқиб сотилган. Айниқса, қипчоқларнинг гул солинган кийгизлари маҳаллий бозорда харидоргир бўлган.
Ўрганилаётган даврда Ўрта Осиё шаҳарлари қатори Ўзбекистоннинг жанбий ва шимоли-шаркий минтақалари шаҳарларида ҳам ҳунарманд­чилик­нинг темирчилик тури ривожланган. Шаҳарларда турли металл буюм­лар ишлаб чиқариш бўйича ўз касбининг моҳир усталари мавжуд бўлиб, улар темир, бронза, чўян, кумуш, олтин каби металлардан турли-туман уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, бинолар қурилишида ишлатиладиган буюмлар ва зеб-зийнатлар ишлаб чиқарганлар92. Темирчилар устахоналари бозор­лар­да жойлашган. Бу даврда Чуст ва Шаҳрихон пичоқлари, Кўқон дегрезлари, Риштон ва Бойсун кулоллари, Шаҳрисабз заргарлари машҳур бўлган.
ХХ аср бошларида минтақада четдан келтирилаётган моллар ҳам маҳаллий аҳоли орасида оммалаша борди. Россиядан бу ерга, асосан темир, мис, чўян, металл буюмлар, олтин тангалар, ип газламалар ошланган тери, чой ва қанд каби моллар келтирилган. Ўзбекистон ҳудудларидан эса Россия шаҳарларига, асосан ип-газлама, калава ип, ипак ва жун газламалари, гилам, қуруқ мева сингари моллар жўнатилган.
Ўрта Осиё хонликларининг ҳудуди Россия империяси томонидан босиб олингач, Россия билан савдо-сотиқ янада кенгайган. Россия империя­сининг Москва, Ирбит, Нижний-Новгород, Оренбург, Ярославл каби, Туркистон ўлкасининг Тошкент, Бухоро, Қўқон, Авлиёота, Олмаота сингари шаҳарларидан кўпроқ миқдорда моллар келтирилиб, Самарқанд бозорларида сотиларди. Бу даврда Россиядан келтирилаётган моллар ичида трикотаж (асосан чит), темир, чўян ва улардан тайёрланган буюмлар ҳамда ҳар хил бўёқлар ва қанд, чой каби озиқ-овқат маҳсулотлари Зарафшон воҳасида харидоргир бўлган. Четга эса Зарафшон воҳасидан, асосан, Россия саноати учун муҳим хом ашё ҳисобланган пахта, пилла, чорвачилик маҳсулотлари ва маҳаллий ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган турли хилдаги буюмлар олиб чиқилган93.
Минтақада яшаб турган Ўрта Осиёлик яҳудийларнинг савдо-со­тиқ­даги фаолиятлари чор Россияси ҳукмронлик даврида айниқса фаоллашган. Чор ҳукумати Ўрта Осиё яҳудийларининг бундай фаолиятини ҳатто рағбатлантириб ҳам турди.
ХIX аср охирига келиб шаҳарларнинг ташқи ва транзит савдосининг маркази тарзидаги аҳамияти ортиб бориши билан бирга марказий шаҳарлар бозорларига турли мамлакатлар савдогарларининг келиши кучайиб борди. Минтақанинг катта шаҳарларига Эрон, Хитой, Балх, Россия, Афғонистон, Ҳиндистон мамлакатларидан савдогарларнинг доимий равишда келишган. Ўз навбатида минтақадаги ўзбек, тожик, қирғиз, уйғур савдогарлари улар билан бирга узоқ-узоқ мамлакатларга савдо қилгани боришган.
Ўтмишда қадим аждодла­ри­миз шиша тайёрлаш жараёнларини билганлар ва шишасозликни Шарққа ёйган­лар, деган хулосага келиш мумкин. Тупроққалъадан жун, ипак ва пахтадан тайёрланган газламалар, рангли гилам топилган. Археологларнинг фикрича, жун ва пахтадан ишланган матолар шу жойнинг ўзида тўқилган бўлиб, ипак матолар “Буюк Ипак йўли” орқали Хитой томонлардан олиб келинган. Бу эса ўтмишда ота-боболаримиз тўкимачилик ҳуна-рини пухта билганликларини кўрсатади ва “Буюк Ипак йўли” Тупроққалъа орқали ўтган­ли­гини, бу қалъада жаҳоннинг турли мамлакатларидан келиб савдо-сотиқ қилинганлигини тасдиқлайди. Маросимлар зали деворига ишланган расмлар орасида қора, сариқ танли кишиларнинг борлиги ҳам бу фикрнинг тўғрилигини кўрсатади. Е. Е. Неразикнинг таъкидлашича, топилган газлама­лар жуда нафис нақш ва турли ранглар билан безатилган94. Демак, шу давр кишиларининг кийиниши ҳам анча маданий-лашган. Шунингдек, кўплаб безаклар, такинчоклар, аёллар учун марварид қўйилган олтин сирга, кўкракка осиладиган олтин такинчоқ, марварид ва суякдан ишланган мунчоқлар, бош кийим ва кўкрак безак­ла­ри­нинг топилганлиги бу хулосамизни тўла тасдиқ­лайди ҳамда ҳунар­манд­чиликнинг энг нафис тури - заргарликнинг янада ривожланганини кўрсатади.


Download 372.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling