Нефть ва газ кон геологияси
Download 0.7 Mb.
|
Нефть ва газ кон геологияси дарслик
Керн олинадиган интервалларни танлаш асосан ўрганилаётган геологик муаммонинг мазмунига боғлиқ. Бурғиланадиган қудуқлар вазифасига кўра таянч, параметрик, излаш, разведка, баҳолаш ва ишлатиш қудуқларига бўлинади. Таянч қудуқлари чуқур қудуқлар билан изланишлар олиб борилмаган майдонларда қазилади. Ушбу қудуқлардан олинган маълумотлар асосида йирик структура элементларининг геологик тузилиши ва гидрогеологик шароити, нефть ва газ тўпланишига қулай бўлган тоғ жинслари ётқизиқлари мажмуасининг тарқалиш қонуниятлари, нефть ва газ конларини топиш учун бажариладиган геологик-қидирув ишларининг истиқболли йўналишларини танлаш мумкин бўлади. Таянч қудуқлари деворидан керн узлуксиз олинади. Параметрик қудуқлар катта чуқурликдаги жинсларнинг геологик тузилишини ўрганиш, нефть-газ тўпланиши мумкин бўлган районлар ва истиқболли участкаларни аниқлаш учун бурғиланади. Бундай қудуқлардан керн кесимнинг белгиланган қисмидан бир меъёрда олинади, шунингдек, геологик тузилиши ва литологик таркиби кескин фарқланадиган интерваллардан ҳам олинади. Геологияси кам ўрганилган, нефть-газлилиги саноат миқёсида аниқланмаган янги майдонларда қазиладиган биринчи излаш қудуқларидан керн қатламни қалинлигидан 3,5%и олинади, иккинчи ва учинчи излаш қудуқларида ҳам шундай бўлади. Керн асосан аниқ бир стратиграфик ва литологик чегараланган ёки истиқболли ва саноат миқёсида нефть-газли интерваллардан олинади. Кейинчалик бурғиланадиган излаш ва разведка қудуқларидан керн фақат нефть-газли горизонтлардангина олинади. Нефть-газли районлардаги янги майдонларда қазиладиган иккинчи ва учинчи излаш қудуқларидан керн белгили ва маҳсулдор горизонтлардан, кейинчалик қазиладиган излаш ва разведка қудуқларида эса фақат маҳсулдор горизонтлардан олиш тавсия этилади. Ишлатиш бошланаётган янги уюмларда ва узоқ муддат бери ишланаётган нефть конларида жинсларнинг қай даражада нефтга тўйинганлигини аниқлаш ва қолдиқ захираларни баҳолаш мақсадида баҳолаш қудуқлари қазилади. Бундай қудуқларда маҳсулдор қатламнинг қалинлиги бўйича 12,5% узлуксиз керн олинади. Ишлатиш қудуқларидан одатда керн олинмайди. Фақат ҳамма бурғиланаётган қудуқларнинг 10%дан нефть ва газли қатламлар очилганда маҳсулдор жинсларнинг коллекторлик хусусиятларини ўрганиш мақсадида колонкали долото ёрдамида керн олинади. Шунингдек, ҳайдаш қудуқлари бурғиланганда маҳсулдор горизонтларнинг қалинлиги бўйича керн олинади. Қатламнинг коллекторлик хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар ҳайдаш қудуқларини ўзлаштириш, параметрларини аниқлаш ва сув бостириш жараёнини бошқаришда ёрдам беради. Қудуқлардан олинган керннинг бир қисми лабораторияларга ўрганиш ва таҳлил қилиш учун юборилади, қолган қисми керн омборига сақлаб қуйиш учун топширилади. Керн омбори ҳамма бурғилаш корхоналарида ташкил қилиниб, у ерда керн қидирув ишлари тугагунча сақланади, сўнгра марказий керн омборига ўтказилади. Керн омборида керн солинган яшиклар билан махсус ясалган сўри (токча)лар устига тахланади, яшикка ёпиштирилган ёрлиқда коннинг номи, қудуқ ва участка номери, намуна олинган интервал ва стратиграфик горизонт чуқурлиги, намуна олинган муддат, чиқариб олинган керн узунлиги ва уни олиш усули кўрсатилади. Таянч ва параметрик қудуқлардан олинган керн омборда доимо сақланади. Умумлаштирилган ёки эталон(намуна) кесимни тузишда фойдаланилган керн ва шлам намуналари ҳам доимо сақланади. Излаш ва разведка қудуқларидан олинган керн кон заҳираси Давлат Заҳира комиссияси тасдиғидан ўтгунга қадар сақланади. Жуда кўп (10 ва ундан кўп) бурғиланган қудуқлардан олинган кернни сақлаш мақсадга мувофиқ эмас. Шу сабабли очилган жинс ётқизиқларини тўла ифодалай оладиган бирон-бир қудуқ керни эталон (намуна) сифатида олиниб, доимо сақлашга топширилади, қолганлари эса ташлаб юборилади. Агар бир қудуқдан олинган керн эталон сифатида қолдиришга ярамаса, у ҳолда бир неча қудуқлардан керн олиб, турли яшикларга тахлаб сақлаб қўйилади. Кесимнинг эталон намуналаридан ташқари қуйидаги намуналар олинади ва сақлаб қўйилади: 1) таянч (белгили) горизонтлардан олинган намуналар; 2) айрим стратиграфик мажмуалар туташ юзаларини тавсифловчи намуналар; 3) тектоник бузилишлар ва трансгрессив номувофиқлик зоналаридан олинган намуналар; 4) фауна (жонзотлар қолдиғи) бор жинсларнинг намуналари; 5) нефтлилик белгилари бўлган жинс намуналари; 6) юқори ва ўта юқори радиоактивликка эга бўлган жинс намуналари; 7) эталон кесимда қайд қилинмаган фацияли бирон-бир горизонтни очган қудуқдан олинган керн ва ш.к. Сақланадиган намуналарнинг узунлиги 0,15-0,20 м дан кам бўлмаслиги керак. Янги керн материали ҳамда шлам кўпайса, улар кесимни янада тўлиқроқ ифодалай олса, у ҳолда дастлаб олинган намуналар янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Олинган кернларни йўқ қилиш масаласи бурғилаш ишларини бажарувчи ташкилотнинг илмий-техник кенгаши қарорига асосан ҳал қилинади ва юқори ташкилотнинг геология бўлими ёки бош геологи томонидан тасдиқланади. Ҳар бир қудуқ бўйича керннинг йўқ қилиниши махсус далолатнома билан расмийлаштирилади ва қудуқнинг геологик ҳужжати журналига тикиб қўйилади. Download 0.7 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling