Ижтимоий нормалар тизими - бу жамиятда кишилар хулқ-атворини, муайян гуруҳ ва жамоалар доирасидаги муносабатларни тартибга солувчи ижтимоий нормалар ҳамда уларнинг табиат билан ўзаро алоқаларини қатъий белгиловчи ижтимоий-техник нормалар мажмуидир.
Жамиятда амал қиладиган барча нормалар икки катта гуруҳ – ижтимоий ва техник гуруҳларга бўлинади. Мазкур бўлиниш тартибга солиш предметига асосланади. Агар ижтимоий нормалар кишилар хулқ-атвори ва улар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган бўлса, техник нормалар эса одамлар билан ташқи дунё, табиат, техника ўртасидаги муносабатларда шу вазифани бажаради. Шу жиҳатдан олганда, техник нормалар “инсон ва машина”, “инсон ва меҳнат қуроли”, “инсон ва ишлаб чиқариш” типидаги, яъни инсон билан уни ўраб турувчи жонсиз предметлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади дейиш мумкин.
Ижтимоий нормалар – бу кишилар ҳамда уларнинг жамоалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи умумий хулқ-атвор қоидаларидир.
Ижтимоий нормаларнинг қуйидаги турлари мавжуд:
ахлоқ нормалари;
сиёсий нормалар;
диний нормалар;
корпоратив нормалар;
урф-одат нормалари;
анъана нормалари;
ҳуқуқ нормалари ва бошқалар.
Ахлоқ нормалари – адолат ва адолатсизлик, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, мақтов ва иснод, жамият томонидан рағбатлантириладиган ёки қораланадиган хатти-ҳаракатлар, ор-номус, виждон, бурч, қадр-қиммат ва ҳоказо категориялар кўринишида ижтимоий ҳаёт шароитларининг бевосита таъсири сифатида кишилар онгида шаклланадиган қарашлар, тасаввурлар ва қоидалардир.
Сиёсий нормалар – алоҳида шахслар ва улар бирлашмаларининг ҳокимиятга муносабати масалаларини тартибга солувчи хулқ-атвор қоидалари.
Диний нормалар – диндорларнинг худога, бир-бирига муносабатини, диний ташкилотларни ташкил қилиш ва уларнинг амал қилишини тартибга солишга қаратилган қоидалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |