3. Ҳуқуқ ва давлатнинг ўзаро боғлиқлиги. Ҳуқуқ нормалари давлат томонидан ўрнатилади, маъқулланади, ўзгартирилади ёки бекор қилинади. Ўз навбатида, давлатнинг жамият ҳаётининг турли йўналишларидаги фаолияти ҳуқуқ томонидан чегараланади ва тартибга солинади. Ҳуқуқ нормаларининг бажарилиши давлат томонидан таъминланади.
4. Умуммажбурийлиги. Бу шуни англатадики, ҳуқуқ нормалари барча ҳуқуқ субъектларига қаратилган бўлади ва ушбу нормалар улар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
5. Расмий ва шаклан аниқликка эгалиги. Ҳуқуқ умумижтимоий ирода сифатида давлат томонидан ўрнатилган расмий юридик ҳужжатлар шаклида (норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норматив шартнома ва б.) амалга оширилади.
6. Тизимлилиги. Тизим сўзи юнонча “systeme” терминидан олинган бўлиб, ўзбек тилида “яхлит”, “қисмлардан иборат” деган маъноларни билдиради. Мазкур белги ҳуқуқнинг ўзаро мутаносиб ва бирликдаги нормалар тизими эканлигини англатади.
Ҳуқуқ тамойиллари - бу ҳуқуқнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи восита сифатидаги моҳиятини ифодаловчи бошланғич норматив асослар, энг асосий қарашлар, ғоялар ва қоидалардир. Ҳуқуқ тамойиллари, авваламбор, ҳуқуқ қонуниятларини ифодалайди, қолаверса, бутун ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида амал қиладиган ва барча субъектларга нисбатан қўлланадиган энг умумий нормалардан иборат бўлади. Ҳуқуқ тамойиллари ҳуқуқ ижодкори учун дастурий ғоялар сифатида майдонга чиқаркан, ҳуқуқ нормаларини такомиллаштириш йўлларини белгилаб беради. Ҳуқуқ тамойиллари (тамойил нормалар) Конституцияда, қонунлар ва кодексларнинг муқаддима ёки умумий қоидалар қисмида махсус тартибда белгилаб қўйилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмунидан қуйидаги ҳуқуқий тамойилларни – демократизм, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурматлаш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари ва нормаларининг амал қилиши, Конституция ва қонунлар устуворлиги, тенг ҳуқуқлилик, мулк барча шаклларининг тенглиги, одил судлов тамойилларини англаш мумкин.
Ҳуқуқ тамойиллари таъсир этиш доирасига кўра умумҳуқуқий, соҳалараро ва соҳавий тамойилларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |