Алоҳида ижтимоий гуруҳларнинг ҳуқуқий онги кўп жиҳатдан моддий ва маънавий неъматларни ишлаб чиқишда иштирок этишига, ушбу неъматларни тақсимлаш ва истеъмол қилиш усулларига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Ижтимоий қатлам ва синфларнинг ижтимоий ҳуқуқий онги фаол ҳаётда жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар томонидан қабул қилинадиган мурожаатнома, декларация, дастурларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, ижтимоий қатлам, синф мафкурачиларининг илмий ва илмий-оммабоп нашрларида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш орқали ва бошқа шаклларда намоён бўлади.
Ижтимоий ҳуқуқий онг – бу жамият ёки унинг алоҳида ижтимоий табақалари, синфлари томонидан илгари суриладиган ҳуқуқий тасаввурлар, тамойиллар, тушунчалар, назариялар, ҳиссиётлар йиғиндисидир. Ҳозирги жамиятнинг асосий ҳуқуқий тамойиллари сирасига мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, илмий, ижодий ва бошқа фаолият турларининг тенг ҳуқуқлилиги, инсонпарварлик, эркинлик, қонун устуворлигини тан олиш кабиларни киритиш мумкин.
Ҳуқуқий онг савиясига, яъни даражасига кўра, одатий ҳуқуқий онг, илмий ҳуқуқий онг, профессионал (касбий) ҳуқуқий онгларга таснифланади.
Одатий ҳуқуқий онг бевосита кишиларнинг ҳаётий шарт-шароитлари, уларнинг ҳаётий тажрибалари асосида шаклланади. Унда руҳий элементлар, яъни ҳиссиётлар, эҳтирослар муҳим рол ўйнайди.
Профессионал (касбий) ҳуқуқий онг – ҳуқуқшунослар, яъни махсус юридик маълумот ва тайёргарликнинг амалий тажрибаси талаб қилинадиган касб эгалари ҳуқуқий онгидир. Ҳуқуқшунослар учун ҳуқуқий билимларга эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу билимлар фуқаролар даражасидан анча юқори бўлиши, ҳуқуқ тамойиллари ва нормалари юзасидан маълумотларнинг кўлами, теранлиги, расмийлаштирилган моҳияти билан ажралиб туриши, энг муҳими – улар ҳақиқатан ҳам шу билим ва кўникмаларини амалиётда қўллай олиш қобилиятига эга бўлишлари лозим.
Профессионал ҳуқуқшунослар онги сиёсий, ҳуқуқий қарашлар, билимлар, ҳис-туйғулар, қадриятлар ва ҳуқуқий онгнинг бошқа таркибий қисмларини ташкил қилувчи тизимлари сифатида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |