46. ҲУҚУҚИЙ ОНГ: ТУШУНЧАСИ, ТАРКИБИЙ
ҚИСМЛАРИ
Ҳуқуқий онг - бу ижтимоий онгнинг шаклларидан бири бўлиб, кишиларда ҳуқуққа, қонунчиликка, ҳуқуқ-тартиботга ва бошқа ҳуқуқий ҳодисаларга нисбатан бўлган ғоялар, ҳис туйғулар, тасаввурлар йиғиндисидир.
Ҳуқуқий онг: биринчидан, ҳуқуқнинг жамият эҳтиёжларини ифодаловчи манбаидир; иккинчидан, ҳуқуқни ижтимоий воқеликка тадбиқ этишнинг зарур омилларидан биридир; учинчидан, шахсларнинг хулқ-атвори ҳуқуқ нормаларига қай даражада мос келишини тушуниб олишга кўмаклашади, баҳолаш воситаси сифатида хизмат қилади.
Ҳуқуқий онгнинг асосий таркибий элементлари: ҳуқуқий руҳият (психология) ва ҳуқуқий мафкура (идеология).
Ҳуқуқий руҳият (психология) - бу алоҳида ижтимоий гуруҳ, шахс ёки бутун жамиятда стихияли равишда вужудга келадиган ҳуқуқий туйғулар, ҳиссиётлар, кайфиятлар, фикрлар йиғиндисидан иборат бўлган ҳуқуқий онгнинг таркибий элементи. Ҳуқуқий руҳият жамиятдаги мавжуд ҳуқуқий муҳитнинг бевосита таъсири остида вужудга келади ва ҳуқуқий онгнинг бошланғич поғонаси ҳисобланади. Ҳуқуқий онгнинг айнан шу даражасидан ҳуқуқий реалликни англаш, у билан дастлабки танишуви бошланади.
Ҳуқуқий мафкура (идеология) - бу муайян ижтимоий гуруҳларнинг, жамиятнинг ҳуқуқий қарашлари, ғоялари, тасаввурлари ва талабларининг илмий тизимлаштирилган ифодасидир. Ҳуқуқий мафкура ғоялар, концепциялар, ҳуқуқий тамойиллар, ҳуқуқни ривожлантириш истиқболларини баҳолаш, ҳуқуқий актларни қабул қилишнинг мақсадлари, вазифалари кўринишида намоён бўлади.
47. ҲУҚУҚИЙ ОНГНИНГ ТУРЛАРИ ВА ДАРАЖАЛАРИ
Ҳуқуқий онгни субъектларига кўра (индивидуал ҳуқуқий онг, гуруҳий ҳуқуқий онг, ижтимоий ҳуқуқий онг) таснифлаш мумкин.
Индивидуал ҳуқуқий онг – бу ҳар бир шахс, алоҳида инсонга хос ҳуқуқий билимлар, баҳолар, ҳиссиётлар ва туйғулар мажмуи ҳисобланади. Ҳар бир инсон турли билиш қобилиятлари, шахсиятининг турли психологик кўринишлари оқибатида амалдаги ҳуқуқни ўзича қабул қилади, уни баҳолайди, қонуний ёки қонунга зид равишда хатти-ҳаракат қилиш истагини билдиради. Индивидуал ҳуқуқий онг фуқаролар томонидан юридик аҳамиятга молик хатти-ҳаракатлар содир этилганда, ҳуқуқ ва эркинликлар амалга оширилганда, қонуний манфаатлар ҳимоя қилинганда, турли кўринишдаги ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлашда намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |