85. ҲУҚУҚ НОРМАСИНИ ҚЎЛЛАШ - ҲУҚУҚНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ МУҲИМ ШАКЛИ СИФАТИДА
Ҳуқуқни қўллаш – ҳуқуқ нормалари талабини амалга оширишнинг асосий шаклларидан биридир. Ҳуқуқни қўллаш ваколатли давлат органи томонидан индивидуал-аниқ кўрсатма (қарор, буйруқ, фармойиш) чиқариш орқали ҳуқуқ нормаларини амалга оширишга йўналтирилган фаолиятдир. Ҳуқуқни қўллаш фаолияти ҳуқуқий нормани (қоидани) тўла - тўкис татбиқ этиш учун ваколатли идоранинг аралашуви талаб этилган ҳолларда заруриятга айланади. Ҳуқуқни қўллаш фаолияти давлат–ҳокимияти характерига эга. Унда қарор (яъни, ҳуқуқни қўллаш ҳужжати) тегишли органнинг азм-ихтиёри, иродаси маҳсули сифатида майдонга чиқади. Зеро, бу идора ўз қарорини давлат ҳокимияти номидан чиқаради ва ҳаётга жорий этади.
Ҳуқуқни қўллашнинг белгилари:
давлат ҳокимияти функциясини қўллаш ваколатига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади;
индивидуал характерга эга;
муайян ҳуқуқий оқибатларни – субъектив ҳуқуқ, мажбуриятлар, жавобгарликни ўрнатишга йўналтирилган бўлади;
махсус белгиланган процессуал шаклларда амалга оширилади;
индивидуал характерга эга бўлган юридик қарор чиқариш билан якунланади.
86. ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ ЖАРАЁНИ БОСҚИЧЛАРИ
Ҳуқуқни қўллаш жараёни ўз ичига қуйидаги босқичларни қамраб олади:
ҳуқуқ нормалари билан тартибга солиниши лозим бўлган юридик ишнинг фактик томонини ўрганиш ва ўрнатиш;
кўрилаётган юридик ишга мос келадиган ҳуқуқ нормасини танлаб олиш;
кўрилаётган юридик ишга мос келадиган ҳуқуқ нормасининг мазмунини аниқлаш ва уни шарҳлаш;
кўрилаётган масалага оид танлаб олинган ҳуқуқ нормаларининг қўлланиш актини чиқариш;
ҳуқуқни қўллаш акти чиқарилгандан сўнг, унинг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;
ҳуқуқни қўллаш актининг амалда бажарилишини текшириш ва унинг устидан назорат ўрнатиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |