Жамоат бирлашмаларининг (корпоратив) нормалари – жамоат бирлашмаларининг ўз фаолиятини тартибга солиш ва ташкилот аъзолари ўртасидаги муносабатларни аниқлаш учун ўрнатилган хулқ-атвор қоидалари. Жамоат ташкилотлари ички вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш ҳамда ўз фаолиятларини самарали ташкил этиш мақсадида корпоратив нормаларни ишлаб чиқадилар. Корпоратив нормалар муайян бир жамоат ташкилотининг раҳбар органларини шакллантириш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби, ваколатлари, низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби, ташкилот аъзолари ҳамда қатнашчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқалар тўғрисидаги нормалар бўлиб, улар фақат ўша ташкилот аъзолари ҳамда қатнашчиларига нисбатан жорий этилади ва фақат улар учун мажбурий ҳисобланади.
Урф-одат нормалари – кишилар ўртасида кўп марта такрорланганлиги сабабли одатга айланган ва шу тариқа авлоддан-авлодга ўтиб келаётган хулқ-атвор қоидалари. Урф-одатлар муайян ижтимоий муҳитда таркиб топиб, авлоддан-авлодга ўтиб юрадиган хулқ-атвор қоидалари сифатида кишиларнинг табиий-ҳаётий эҳтиёжи кўринишида майдонга чиқади ва қайта-қайта такрорланиш натижасида улар учун одатий ҳол бўлиб қолади.
Анъанавий нормалар – илғор анъаналарни асраш муносабати билан юзага келадиган умумлашган ва барқарор хулқ-атвор қоидалари. Анъаналар кишилар авлодлари ўртасидаги ворисликнинг хилма-хил боғланиш йўналишлари сифатида, катталар тажрибаси ёшлар томонидан ўзлаштириладиган узатиш механизми сифатида майдонга чиқади.
41. ИЖТИМОИЙ НОРМАЛАРНИНГ УМУМИЙ ВА ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Ижтимоий нормалар умумий белгилар билан биргаликда ўзига хос хусусиятларга ҳам эга. Буни ҳуқуқ ва ахлоқ нормаларининг ўзаро нисбатида кўриб чиқиш мумкин.
Ҳуқуқ ва ахлоқнинг умумийлиги қуйидагиларда намоён бўлади:
улар биргаликда норматив тартибга солиш тизимини ташкил этувчи ижтимоий нормалардан иборатдир;
фалсафий нуқтаи назардан ҳуқуқ ва ахлоқ – ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа омиллар билан бир хил даражада боғлиқ бўлган устқурма категориялардир;
ҳуқуқ ва ахлоқ мавжуд ижтимоий муносабатлардан иборат бирдан-бир бошқариш объектига эга ҳамда уларнинг ҳар иккаласи ҳам шахслар ва жамоаларга йўналтирилган;
ҳуқуқ ва ахлоқ норматив ҳодисалар сифатида шахсларнинг зарур ва мумкин бўлган хатти-ҳаракатлари чегараларини белгилайди ҳамда шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларни уйғунлаштириш воситаси бўлиб хизмат қилади;
инсон фаолиятини тартибга солувчи омил сифатида улар киши иродасининг эркинлиги, хатти-ҳаракатларини танлаш имкониятларига асосланади;
ҳуқуқ ва ахлоқ охир-оқибатда бир хил вазифа – ижтимоий ҳаётни тартибга солиш ва такомиллаштириш, унга ташкилий асосларни киритиш, адолат ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш вазифаларини кўзда тутади ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |