Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тошкент архитектура-қурилиш университети “Қурилишда менежмент” кафедраси
Солиқларнинг функциялари, вазифалари ва тамойиллари
Download 1 Mb.
|
Тадбиркорлик-2023
3. Солиқларнинг функциялари, вазифалари ва тамойиллари
Солиқларнинг иқтисодий моҳияти давлат билан ҳуқуқий ва жисмоний шахслар ўртасида вужудга келувчи объектив мажбурий тўловларга асосланган молиявий муносабатлар орқали характерланади. Бу молиявий муносабатлар махсус ижтимоий характерга эга бўлиб, миллий даромаднинг бир қисми бўлган пул маблағларини давлат ихтиёрига сафарбар қилишга хизмат қилади. Солиқларнинг моҳияти уларнинг бажарадиган функцияларидан келиб чиқади. Ҳар бир иқтисодий категориянинг ўз функцияси мавжуд. Солиқ ҳам мустақил категория сифатида ўзи бажарадиган функцияларга эга бўлиб, бу функциялар солиқ категориясининг амалдаги ҳаракатини ифодалайди. Функция деганда, одатда категориянинг ҳаётда кўп қайтариладиган, такрорланадиган доимий харакатларини тушуниш лозим. Солиқларнинг функциялари тўғрисида турли хил қарашлар мавжуд. Собиқ социалистик мамлакатлар иқтисодчилари ўртасида солиқлар икки функцияни бажаради, деган қараш кенг тарқалган эди. Бу икки функция сифатида фискал ва назорат функциялари тан олинарди. Уларнинг фикрига кўра энг асосий функция бу солиқларнинг фискал функциясидир, чунки бусиз назорат функциясининг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Ғарб иқтисодчилари кўпчилигининг назариялари англиялик иқтисодчи Ж.М. Кейнснинг концепциясига асосланади. Бy концепцияга кўра, солиқлар фискал функциясидан ташқари иқтисодиётни тартибга солиш, рағбатлантириш ва даромадларни бошқариш воситаси функцияларига эга, солиқнинг бу функциялари уни иқтисодиётни тартибга солиш ва иқтисодий барқарор ўсишни таъминлаш воситаси сифатида фойдаланиш зарурлигидан келиб чиқади. Неокейнсчилик йўналиши вакиллари бўлган Л. Харрот, Н. Кальдор, А. Хансен ва П. Самуэльсонларнинг фикрига кўра, солиқлар иқтисодиётни тартибга солиш функциясига эга. Улар солиқ ставкаларини ўзгартириш ва турли имтиёзлар бериш йўли билан бу функцияни бажариш мумкин деб ҳисоблайдилар. Солиқларнинг даромадларни бошқариш функцияси юзага келишига француз иқтисодчиси Э. Де Жирарденнинг назарияси асос бўлган. Бу назарияга кўра, солиқлар ёрдамида солиққа тортишнинг прогрессив шкаласини қўллаш йўли билан жамият аъзолари ўртасидаги мулкий тенгсизликка барҳам бериш мумкин. Ҳозирги кунда бу назариянинг давомчилари бўлиб, америкалик иқтисодчилар А. Илерсик, Г. Коул, француз иқтисодчилари М. Клюдо, Ж. Фурастье ҳисобланишади. Уларнинг фикрига кўра, давлат солиқлардан ва трансферт тўловларидан фойдаланиш йўли билан жамият миллий даромадини камбағаллар фойдасига қайта тақсимлайди. Бу назариялар солиқларнинг даромадларни тартибга солиш функцияси мавжуд деган хулоса келиб чиқишига сабаб бўлди. И. Мальмигиннинг фикрига кўра, солиқлар уч функцияни бажаради, яъни фискал, тақсимлаш ва рағбатлантириш. Унинг фикрига кўра биринчи функция давлат даромадлари манбаларининг ташкил топиши билан боғлиқ, иккинчиси ҳуқуқий ва жисмоний шахсларнинг даромадларини тақсимлашни назарда тутади. Рағбатлантириш функцияси турли имтиёзлар ва енгилликлар бериш йўли билан амалга оширилади.11[17] Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ғарб иқтисодий адабиётларидаги даромадларни бошқариш функцияси И. Мальмигинда тақсимлаш функцияси сифатида намоён бўлмоқда. Солиқларнинг функциялари уларнинг моҳиятини амалиётда ҳаракат қилаётганлигини кўрсатади. Шундай экан, функция доимо яшаб, солиқ моҳиятини кўрсатиб туриши зарур. Бугун пайдо бўлиб эртага йўқ бўлиб кетадиган ҳолатлар солиқ функцияси бўла олмайди. Демак, функция категорияси доимий, қатъий такрорланиб турадиган воқеликни ифодалайди. Шундай услубий ёндашишдан келиб чиқиб солиқлар функциясини аниқлаш керак. Download 1 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling