ЛОЙИҲА
Ўзбекистон Республикасининг
Қонуни
Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан __________
қабул қилинган
Сенат томонидан ___________ маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик ва идоралар, бошқа органлар ва ташкилотлар (бундан буён матнда вазирлик ва идоралар деб юритилади) ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги ва ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чекловларни, шунингдек ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик
Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ҳарбий хизматчилар мақоми – ҳарбий хизматчилар учун давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқлар, эркинликлар, қонун ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар ва чекловлар, мажбуриятлар ва жавобгарлик мажмуи;
ижтимоий ҳимоя – давлат функцияси ҳисобланиб, қуйидагиларни
ўз ичига олади:
ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ҳамда улар оила аъзоларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, имтиёзлар, кафолатлар ва компенсацияларни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилиши;
ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш институти ва механизмларини такомиллаштириш;
ҳарбий хизматчиларнинг, уларнинг оила аъзоларининг ҳаёти
ва соғлиғини сақлаш, шунингдек бошқа зарур шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар мажмуи;
Do'stlaringiz bilan baham: |