9-модда. Жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш
Ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга.
10-модда. Меҳнат қилиш ҳуқуқи
Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳарбий хизматни иҳтиёрий ўташ орқали амалга оширадилар.
Фуқароларнинг ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган даври қонунчиликка мувофиқ белгиланган намунадаги ҳужжат асосида уларнинг умумий иш стажи ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади. Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат даври учун меҳнат дафтарчаси юритилмайди.
Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳақ тўланадиган педагогик, илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Илмий даража олиш учун мустақил изланувчи бўлган контракт бўйича ҳарбий хизматчига командирнинг (бошлиқнинг) буйруғига асосан дам олиш ва байрам кунларидан ташқари ҳафтада битта бўш кун тақдим этилади.
11-модда. Хизмат вақти ва дам олиш ҳуқуқи
Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг бир ҳафталик ҳарбий хизмат вақтининг умумий давомийлиги қонунчиликда белгиланган бир ҳафталик иш вақтининг нормал давомийлиги – 40 соатдан ошиб кетмаслиги керак, бундан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий низомларида (бундан буён матнда ҳарбий низомлар деб юритилади) белгиланган ҳолатлар мустасно.
Муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари ва курсантлар хизмат вақтининг давомийлиги ҳарбий низомлар талабларига мувофиқ равишда ҳарбий қисм (муассаса) кун тартиби билан белгиланади.
Дам олиш ва байрам кунлари ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш учун жалб этилган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳафтанинг бошқа кунлари дам олиш вақти берилади.
12-модда. Пул таъминоти ҳуқуқи
Ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминоти ҳарбий унвон ва лавозим бўйича маошлар ҳамда қонунчиликда белгиланган устама, қўшимча тўловлар, компенсациялар, бир йўла тўланадиган пул таъминоти турлари
ва бошқа тўловлардан иборат бўлади. Пул таъминотининг миқдори, уни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
Республика ва хорижий давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган олий таълим муассасалари, шунингдек олий таълимдан кейинги институтга қабул қилинган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларда ўқиш муддати мобайнида улар охирги эгаллаган лавозимига кўра белгиланган таъминотнинг барча турлари
ва нормалари сақланиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |