Диссертация тадқиқотининг диссертация бажарилган олий таълим ёки илмий тадқиқот муассасасининг илмий тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертациянинг илмий-тадқиқот ишлари Россия Фанлар Академияси А.Ф. Иоффе номидаги Физика-техника институти, Фар-она политехника институти ва Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий тадқиқот институтида “Яримўтказгичли фотографик ионизацион камера ва инфрақизил соҳа учун фотоқабулқилгичлар яратиш” мавзусидаги режага асосан олиб борилди.
Тадқиқотнинг мақсади. Ўта юпқа газ разрядли ячейка учун юқори сезгирликка эга бўлган яримўтказгич фотоэлектродлар олиш ва унинг физик-фотографик хоссаларини ўрганиш орқали инфрақизил фотоқабулқилгич сифатида мукаммал яримўтказгичли фотографик ионизацион камерани яратиш ҳамда унинг янги имкониятларини тадқиқ этиш.
Тадқиқотнинг вазифалари:
- газ разрядли ячейка учун спектрнинг инфрақизил соҳасида самарали фотосезгир яримўтказгичли электроднинг ишланмасини яратиш;
- газ разрядли ячейкада мувозанатсиз ўтиш жараёнларининг физик механизмларини тадқиқ этиш;
- газ разрядли ячейкада мустақил разряднинг барқарорлик шартларини назарий тадқиқ этиш;
- яримўтказгичли электродга эга бўлган юпқа газ разрядли ячейкада электр ўтказувчанлик механизмининг ҳусусиятларини назарий тадқиқ этиш.
- платина ёки олтингугурт билан легирланган кремний ва арсенид галлий асосидаги инфрақизил тасвир ўзгартиргич ишчи параметрларини асослаш;
- термоэлектрик совутгич ва суюқ гелий ҳароратлари интервалида ишлайдиган яримўтказгичли фотографик ионизацион камерани яратиш ва унинг янги имкониятларини тадқиқ этиш.
Тадқиқотнинг объекти. Платина ва олтингугурт билан легирланган Si ҳамда GaAs яримўтказгичли фотоэлектродларга эга бўлган ионизацион газ разрядли ячейка.
Тадқиқотнинг предмети бўлиб, арсенид галлий, платина ёки олтингугур диффузия қилинган кремний яримўтказгичли ионизацион камеранинг ёруғликнинг ҳар хил интенсивликлари учун олинган вольт-ампер, фотографик ва фотоэлектрик характеристикалари, газ разрядли ячейкадаги қоронғулик ва ёруғликдаги токлар нотурғунлигининг турли ишчи параметрларга боғланиши, газ разряди плазмасининг арсенид галлий ва кремний фотоқабулқилгичлар сиртига таъсирини тадқиқ этиш ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |