Ҳозирги ўзбек тили


Download 299.43 Kb.
bet52/84
Sana05.10.2023
Hajmi299.43 Kb.
#1692623
1   ...   48   49   50   51   52   53   54   55   ...   84
Bog'liq
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8

Гипонимия. Лексемалараро семантик муносабатнинг яна бир тури гипонимия (аниқроғи, гипо-гиперонимия), яъни тур-жинс муносабати.
Гипонимик муносабатда гипероним (жинс) ва гипоним фарқланади.
Гипероним жинс белгисини билдирган предметнинг номини ифодаловчи кўпгина маънони семантик жиҳатдан умумлаштирувчи микротизимнинг марказий лексемаси, доминантаси сифатида намоён бўлувчи луғавий бирлик. Гипоним эса маълум жинс турининг номини ҳамда ўзининг семантик таркибида имплицит тарзда жинс маъносини ҳам ифодаловчи, семантик жиҳатдан гиперонимга нисбатан бой бўлган луғавий бирлик.
Гипоним ва гипероним орасидаги алоқа мантиқий асосга эга. Бу эса объектив борлиқдаги умумийлик тушунчаси билан боғлиқ. Масалан, [дарахт] гипероними жинс маъносини ифодаловчи лексема сифатида дарахтнинг барча турини ифодаловчи лексемаларни лексик-семантик муносабат асосида бирлаштириб, лексик-семантик гуруҳ ҳосил қилади. Шу боисдан [дарахт] лексемаси гипероним сифатида гипоними билан лексик-семантик алоқага кириша олади. Масалан, [дарахт]-[қайин], [дарахт]-[терак], [дарахт]-[дуб], [дарахт]-[ арча].
Гипонимлар тенг ҳуқуқли бўлиб, гиперонимга муносабати бир хил. Ўз навбатида, бу муносабат полисемия ва омонимия ҳодисаси билан ҳам боғланади. Масалан, ўзбек тилидаги [дарахт] номи дастлаб икки гуруҳга бўлинади: мевали дарахт ва манзарали дарахт. Мевали дарахт ўз мевасининг номи билан аталади. Шунинг учун бу лексема кўп маъноли бўлганлиги боис бир томондан [мева], иккинчи томондан [дарахт] гипероними билан семантик муносабатга киришади:
[Мева]: [олма]-[ўрик]-[шафтоли]-[беҳи].
[Дарахт]: [олма]-[ўрик]-[шафтоли]-[беҳи].
[Дарахт] гипероними жинс тушунчасини ифодаловчи лексема сифатида, биринчи навбатда, шу жинснинг турини билдирувчи сўз билан боғланади. [Дарахт] лексемаси унинг тури номи ўрнида қўлланиши ҳам мумкин. Лекин гипероним гипоним ўрнида қўлланганда унинг моҳиятини ёрқин ифодалай олмайди. Шу боисдан ўз олдидан гипонимни аниқловчи сифатида қабул қилади: ўрик дарахти, шафтоли дарахти каби.
Гипоним лексеманинг семемаси гипоним лексемалар учун бирлаштирувчи сема бўлиб хизмат қилади. Масалан, [дарахт] гипероним лексемасининг семемаси «танасидан шохланувчи ўсимлик» бўлиб, «қизил, яшил, ёки сариқ рангли ёнғоқдан пиёлагача бўлган ҳажмдаги серсув мева берувчи дарахт» семемасига эга [олма] лексемасининг «дарахт» семаси [дарахт] гипероним лексемаси семасининг семемалашган кўриниши.
Гиперонимнинг маъноси гипоним лексеманикига нисбатан кенгроқ ва «хирароқ» (ноаниқроқ), гипоним лексеманинг маъноси эса гиперонимникига нисбатан торроқ ва «ёрқинроқ». Шу боисдан, айтиш мумкинки, гиперонимнинг маъновий моҳияти барча гипонимининг маъновий моҳияти йиғиндисига тенг.
Айтилганидек, дарахт мевали ва мевасиз дарахтга бўлинади. Демак, борлиқдаги бу бўлиниш гипонимия ҳодисаси сифатида тилда ҳам акс этади. Лекин дарахтнинг мевали ва мевасиз турини атайдиган алоҳида лексема ўзбек тилида йўқ. Демак, гипонимнинг ўрни бўш бўлиб, улар лексик лакуна (бўш хона) ҳосил қилади. Лексик лакунани турли нутқий номинатив бирлик тўлдиравериши мумкин (Масалан: мевали дарахт ва мевасиз дарахт сўз бирикмалари).
Ҳар бир гипо-гиперонимик қатор чекланмаган миқдорда луғавий лакунага эга бўлади. Бу бўш хона айни бир жинснинг турли белгиси билан чегараланмаган миқдорда тўлиб бориш имкониятига эга. Масалан, 10 та узум номини билувчи одам учун ўзбек тилидаги 600 та узум нави номининг 590 таси луғавий лакуна ҳисобланади. Демак, лакуналар ижтимоий ҳам («мевали дарахт» ва «мевасиз дарахт» тушунчасини ифодаловчи лексемалар), индивидуал ҳам (мавжуд лексемани маълум бир кишининг билмаслиги) бўлиши мумкин.

Download 299.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   48   49   50   51   52   53   54   55   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling