Ҳозирги ўзбек тили
Download 299.43 Kb.
|
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8
- Bu sahifa navigatsiya:
- 3-режа баёни. Ҳозирги ўзбек тили ва унинг шеваларга муносабати
Назорат саволлари.
I. XI-XIII асрлар (Қадимги туркий тилшунослик)ни изоҳланг. II. XV-XIX асрлар (Эски туркий тилшунослик)да яратилган асарлар ҳақида айтинг . III. XX асрнинг бошидан ХХ аср 90-йилларгача (формал ўзбек тилшунослиги) бўлган тилшуносликни тушунтиринг. IV. XX асрнинг 90-йилларидан бугунги кунгача (замонавий ўзбек тилшунослиги) бўлган тилшуносликни изоҳланг. 3-режа баёни. Ҳозирги ўзбек тили ва унинг шеваларга муносабати Ўзбек тили - кўп диалектли тил. Бу унинг мураккаб тарихий тараққиёт йўлини босиб ўтганлиги, бугунги ўзбек миллати ўтмишда хилма-хил этник таркибга эга бўлганлиги билан белгиланади. Ўзбек миллий тилини ташкил этувчи турли-туман шеваларни уч лаҳжага бирлаштириш мумкин. Булар: 1) қарлуқ-чигил-уйғур лаҳжаси; 2) қипчоқ лаҳжаси; 3) ўғуз лаҳжаси. Лаҳжалар ўзаро фарқли хусусиятга эга. Бу фарқлар, айтилганидек, лаҳжаларнинг ҳар бири дастлаб ҳар хил қабила ёки қабила бирлашмаларининг тили бўлганлиги билан боғлиқ. Бу тарихий жараённи ҳар томонлама тўғри англаган Е.Поливанов ўзбек тилининг кўп диалектли тил эканлигини назарда тутиб: "Ўзбек миллий тили (ўзбек лаҳжаларининг бир бутунлиги, яхлитлиги сифатида) ягона тизимнинг, аслида ҳеч қачон амалда бўлмаган ўзбек бобо тилининг диалектологик парчаланиш йўли билан эмас, балки фарқланувчи тил тизимларининг бирлашуви йўли билан пайдо бўлган", - деган эди. Ўзбек халқининг шаклланиш тарихи билан юзаки танишишдан ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Ўзбек миллий тилининг лаҳжалари орасида, одатда, қарлуқ-чигил-уйғур лаҳжаси ҳозирги ўзбек миллий адабий тилининг меъёрларини белгилашда муҳим аҳамият касб этган деб, одатда, алоҳида ажратилади. Бунинг боиси шундаки, ўзбек халқининг шаклланишида қарлуқ этник таркиби Қорахонийлар давридан бошлаб алоҳида мавқега эга эди. Ўзбек тили бу лаҳжасининг номланишида (қарлуқ-чигил-уйғур лаҳжаси) бир мунча англашилмовчилик мавжуд. Биринчидан, бу атамадаги [чигил] сўзи ортиқча, чунки чигиллар қарлуқларнинг бир бўғини, холос. Бу бўғин қанчалик катта ва, Кошғарий сўзига кўра, аҳамиятли бўлмасин, қарлуқ тоифасига мансуб. Иккинчидан, атама таркибидаги [уйғур] сўзининг ҳам қадимги уйғурларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу атама ўзбек тили билан биргаликда туркий тиллар ғарбий ҳун тармоғининг қарлуқ гуруҳига мансуб бўлган ҳозирги уйғур тилига ишора қилади, холос. Шунинг учун ҳозирги ўзбек миллий адабий тили меъёрларининг бу лаҳжа хусусияти билан яқинлиги бежиз эмас. Лаҳжанинг қайта номланишида тарихчи ва шевашуносларнинг хулосаси зарур. А.К.Боровков қайд қилиб ўтганидек, ўзбек тилининг бирорта шевасини ҳам адабий тилга ҳамма жиҳатдан асос бўлган деб айтиб бўлмайди. Бунинг бош сабаби шундаки, ҳозирги ўзбек миллий адабий тили узоқ адабий ишлов анъанасининг (жумладан, эски туркий, эски ўзбек, янги ўзбек адабий тилларининг) бевосита давоми ва ХХ асрда у (ёзув ва адабий ишлов анъанасига эга бўлмаган халқларда бўлганидек) тамоман янги бир ҳодиса сифатида юзага келмаган: миллий адабий тил камида минг йиллик адабий ишлов маҳсули. Иккинчидан, ўзбек тилининг барча лаҳжалари ўзбек тилининг тараққиётига маълум бир даражада ҳисса қўшган. Бирининг адабий тилга таъсири бир соҳада кучлироқ бўлса, бошқа соҳада ўзга бир шевалар гуруҳининг таъсири кўпроқ сезилади. Масалан, Андижон, Фарғона шеваларида ўзбек тилига хос энг кўп тарқалган грамматик шакллардан бирини – ҳозирги замон феълининг [-яп] аффикси воситасида ясалувчи шаклини берган дейилади. Лекин бу шакл қипчоқ лаҳжаларида ҳам айнан шундай қўлланади. Шуниси характерлики, бир қарашда адабий тилдан бирмунча узоқроқ деб тасаввур қилинадиган қипчоқ лаҳжаси морфологияси сингармонизмдан, яъни фонетик ўзига хосликдан холи олинса, адабий тил морфологияси билан қарийб бир хил. Ёки адабий тилга фонетик жиҳатдан асос дейилган Тошкент шевасида [х] ва [ҳ] товушлари, қаратқич ва тушум келишиклари шакллари фарқланмайди. Қипчоқ шеваларида эса улар қатъий ажратилади. Қипчоқ шеваларининг адабий тил луғатини, хусусан, унинг чорвачилик атамалари тизимини ривожлантиришда, адабий тилнинг услубий имкониятларини бойитишда катта ҳиссаси бор. Масалан, [қирқим], [ўтов], [тўл], [саримой], [чакки], [чалоп], [улоқ], [совлиқ] каби умумий ва чорвачилик атамалари, [қуйруқ], [бовур], [патир], [товоқ], [кулчатой], [лочира] сингари пазандачилик атамалари адабий тилга қипчоқ шеваларидан кириб келган. Адабий тилнинг ривожланишига ўзбек тилининг ўғуз лаҳжаси ҳам маълум даражада ҳисса қўшган. Бунинг учун адабий тилдаги [ёшулли], [ўғлон], [буён], [қайдин], [қорагўз] каби қатор сўзларни мисол сифатида келтириш кифоя. Демак, ўзбек миллий адабий тилининг шаклланиши ва тараққиётида таянч манба бўлган тарихий анъана билан бир қаторда барча лаҳжа ва шеваларнинг ўзига хос ўрни бор. Download 299.43 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling