НАЗОРАТ САВОЛЛАРИ
Психологик тайёргарликни тавсифлаб беринг.
Психологик тайёргарликнинг мақсади ҳақида тушунча беринг?
Психологик тайёргарликнинг турлари ва уларнинг асосий вазифалари ҳақида тавсиф беринг.
Психологик тайёргарликни ташкил қилиш принциплари айтинг.
Психологик тайёргагарлик воситалари ҳақида тавсиф беринг.
Психологик тайёргарликда индивидуал ёндошув дэганда нимани тушунасиз?
Спортчиларни мусобақага психологик тайёрлашни режалаштириш асослари ҳақида айтинг.
IV-БОБ. СПОРТЧИНИ ИРОДАВИЙ ТАЙЁРЛАШ
Спортчини иродавий тайёрлаш ҳақида умумий тушунча
Мусобақаларга психологик тайёрлаш тизимида спортчининг иродасини ривожлантириш, яъни унинг иродавий тайёрланиши муҳим ўрин тутади.
Бунинг боиси шундаки, мусобақа жараёнидаги курашлар, ғалаба учун кураш, шунингдек рекорд ўрнатиш борасидаги хатти-ҳаракатлар спортчидан вақт ва фазо, спорт ускуналарининг вазни ва қарама-қаршилиги, ўз танасининг вазни ва инерцияси, рақибининг бевосита ёки билвосита қарама-қаршилигини енгиб ўта билишини талаб этади. Юқорида айтилганлардан ташқари спортчи аввало ўзини енгиши зарур. Бунга эса фақат спортчи ҳолати ва фаолиятини иродавий ўз-ўзини бошқариш орқали эришилади.
Ирода ақлнинг ва маънавий туйғуларнинг фаол қисми сифатида инсонга ўз хатти-ҳаракатини ўзи бошқаришида ёрдам беради. Ўз - ўзини идора қила билиш бу табиатан инъом этилган фазилати бўлмай, уни ҳам ўргатиш керак. Иродавий тайёргарлик дейилганда нималарни тушуниш керак?
Иродавий тайёргарлик – бу спортчига кучли зўриқиш шароитида кечадиган спорт беллашуви чоғида унга ўта зарур бўладиган, доимий фазилат сифатида иродавий сифатларини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида унинг ўй-хаёллари ҳамда туйғулари, хатти-ҳаракатларига мақсадли тарзда таъсир кўрсатиш жараёнидир.
Гарчи иродавий тайёргарлик ҳақида аксарият ҳолда алоҳида сўз юритилиб, у ҳақда кўп ёзилса-да, у спорт тайёргарлигининг алоҳида ёки мустақил бўлими эмас. Зеро, иродавий тайёргарлик ҳам техник, тактик, жисмоний, назарий тайёргарликлар ва мусобақалар шароитида амалга оширилади.
Юқорида баён этилганлардан кўриниб турибдики, иродавий тайёргарликнинг марказий масаласи бу спортчининг иродавий сифатларини ривожлантиришдан иборатдир. Қуйида биз бу ҳақда янада батафсилроқ тўхталиб ўтамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |