Мавзу: Исломдаги йўналиш ва мазҳаблар (1-маъруза)
Режа
- Исломда йўналишларнинг вужудга келиши
2. Фиқҳий мазҳабларнинг пайдо бўлиши
Исломдаги йўналиш ва мазҳаблар
Яхлит тизимдан иборат исломда ҳокимият, унинг тепасида қандай куч ва қандай кишилар туриши лозим, бунда кимлар ҳуқуқга эга, сиёсийми ёки диний жамоами, халифаликда асосий куч Қуръон ва шариатга, ақида ва фиқхга муносабатлар турлича бўлгани каби масалаларда келиша олмаслик натижасида VII асрнинг иккинчи ярмидаёқ турли йўналиш ва мазҳаблар, секталар вужудга келиб улар ўртасида курашлар бошланди.
Муҳаммад пайғамбар вафотидан кейин 4 та халифадан Абу Бакр, Умар, Усмон хошимийлар уруғидан эмас эдилар. Али эса шу уруғдан эди. Мусулмонлар орасида халифалик ҳокимиятига фақат пайғамбар авлодлари эгалик қилиши лозим деб ҳисоблайдиганлар ва аксинча ҳокимият тепасига пайғамбар авлоди бўлмаган кишилар, агар улар диний жамоа томонидан сайланса ҳам чиқиши мумкин деган мусулмонларга ажралдилар. Булар ислом тарихида Суннийлар ва Шиалар йўналишини вужудга келтирдилар.
- Муҳаммад (а.с.) вафотларидан сўнг мусулмонлар жамоаси орасида илк бўлинишлар юзага кела бошлади. Чунки мусулмон жамоасига энди ким бошчилик қилади, деган масалада барчанинг фикри бир хил эмасди. Бунга сабаб Расулуллоҳ томонларидан жамоага кейинги раҳбар ким бўлиши очиқ–ойдин айтилмаганида эди. Аммо Пайғамбарга «халифа» (ўринбосар) бўлишга саҳобий Абу Бакр Сиддиқ учун алоҳида «ишора» берилгани манбаларда қайд этилган. Жумладан, Пайғамбар алайҳис–салом вафотлари арафасида фақат Абу Бакр Сиддиқнинг орқасида туриб намоз ўқиганлари, ўзлари бетоб бўлганларида айнан Абу Бакрни мусулмонларга имом қилиб тайинлаганлари мазкур «ишора» сифатида қабул қилинган эди.
- Халифа Абу Бакр (632–634) ва Умар ибн Хаттоб (634– 644) раҳбарлиги даврида ихтилофларга бирмунча барҳам берилди. 644 йилда халифа Умар (р.а.) суиқасд натижасида ҳалок бўладилар. Шундан сўнг, Усмон ибн Аффон (р.а.) учинчи халифа этиб сайланадилар. Усмон (р.а.) даврларида халифаликнинг турли ерларида янги мусулмонлар орасида фитналар қўзғала бошлайди. Фитначилар ҳазрати Усмонни юқори лавозимларга ўз қариндошларини қўйганда айблаб бош кўтаришади.
- 656 йили Басра, Куфа ва Мисрлик бир неча минг фитначилар Мадина атрофини ўраб олиб бир қатор талабларни қўядилар. Халифа Усмон (р.а.) уларнинг барча талабларини қондирадилар. Шунга қарамай, қўзғолончилар “Усмон бизни ўлдирмоқчи бўлди”, деб ёлғон хабар тарқатадилар ва ҳалифанинг уйига бостириб кириб, уни қатл этадилар. Айнан Усмон ибн Аффоннинг (р.а.) ўлдирилиши кейинги бўлинишлар, ихтилофлар ва фитналарнинг бошланиши бўлди.
- Мусулмон давлатининг тўртинчи раҳбари этиб Расулуллоҳ (а.с.)нинг жияни ва куёви бўлган Али ибн Абу Толиб (р.а.) сайланди. Ўша даврдаги қоидага биноан халифа Мадинада сайланар, кейин эса бошқа ҳудудларнинг барчаси ўша халифага байъат бериши лозим эди. Халифа Алига Миср ва Шом (Сурия) волийлари (ҳокимлари)дан ташқари барча ҳудуд аҳли байъат қилади. Миср волийси Амр ибн Осс (р.а.) ва Шом амири Муовия ибн Абу Суфён (р.а.)лар қариндоши Усмон ибн Аффоннинг ўлдирилишидан қаттиқ қайғуга тушди ва унинг қотилларидан қасос олинмагунча янги халифага байъат қилмасликка қарор қилади
- Халифа Али (р.а.) эса давлат ичидаги нозик ижтимоий– сиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда фитначиларга нисбатан чора кўришни кечиктиради. Шу пайт, Маккада Оиша (р.а.), Зубайр ибн Аввом (р.а.), Талха ибн Убайдуллоҳ (р.а.)лар бошчилигида бир қатор саҳобалар қўшин тўплаб
- Усмон (р.а.)нинг қотилларидан ўзлари қасос олишга қарор қилиб, халифа рухсатисиз Басра ва Куфага йўл оладилар. Бундан хабар топган Халифа Али уларни бу ишдан қайтариш учун йўлга чиқади ва Куфа шаҳри яқинида уларга етиб олиб музокаралар ўтказади
- Натижада, икки томон келишувга эришиб маккаликлар ортга қайтишга ва бундан буён халифанинг измидан чиқмасликка келишадилар. Бироқ, ўша туни бир гуруҳ одамлар икки томонга ҳам ҳужум қилиб ҳазрат Али ва маккаликлар қўшинини уриштириб қўяди. Мазкур воқеа тарих китобларида “Жамал воқеаси”, ёки “Жамал жанги” деб аталади. 657 йилда Халифа Али ва байъат қилишни истамаган Шом (Сурия) ҳокими Муовия ўртасида «Сиффин» деб аталувчи жойда жанг бўлиб ўтади. Бу воқеа, исломдаги илк бўлинишларнинг бошланишига сабаб бўлди. Мусулмонларнинг қони тўкилишини истамаган иккала тараф сулҳ тузишга ва халифалик сайловини қайтадан ўтказишга келишиб олдилар
Do'stlaringiz bilan baham: |