Р. Расулов умумий тилшунослик ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Download 0.79 Mb.
|
умумий тилшунослик
Виктор Владимирович Виноградов
Академик В.В.Виноградов (1895-1969) акад. Л.В.Шчерба ва проф. А.А.Шахматовларнинг шогирди. У даставвал Петербург давлат университетининг сўнгра Москва давлат университети-нинг профессори бўлди. В.В.Виноградов 1946 йилдан, акад. Л.В.Шчербадан сўнг, шўро даврининг энг буюк тилшуносидир. У ўзи асос солган рус адабий тилининг тарихчиси, тадқиқотчисидир. Олим тилшунослик ва адабиётшуносликка оид 250 дан ортиқ асар яратди. В.В.Виноградовнинг муҳим тадқиқотлари қуйидагилар: 1. «Услубшунослик вазифалари ҳақида» (1923). 2. «XVII – XIX аср рус адабий тили тарихидан очерклар» (1934). 3. «Пушкин тили» (1935). 4. «Пушкин услуби» (1941). 5. «Рус тили. Сўз ҳақида грамматик таълимот» (1947). 6. «Рус тилидаги фразеологик бирликларнинг асосий типлари ҳақида» (1947). 7. «Рус тилидаги модаллик категорияси ва модал сўзлар ҳақида» (1950). 8. «Сўз бирикмаларини ўрганиш масалалари» (1954). 9. «Рус синтак-сисини ўрганиш тарихидан» (1958). 10. «Бадиий асар тили ҳақида» (1960). 11. «Стилистика. Поэтик нутқ назарияси. Поэтика» (1963). 12. «Рус лингвистик таълимотлари тарихи» (1978) ва бошқалар. В.В.Виноградовнинг энг машҳур тадқиқоти «Рус тили» китобидир. Бу асар рус тили морфологияси бўйича барча назариялар таҳлилининг хулосасидир. У морфологияда ҳам, сўз ясалиши ва синтаксис масалаларида ҳам ўз қарашларига, ғояларига, таълимотига эга бўлган кенг қамровли олимдир. Унинг, айниқса, қайд этилган «Рус тили» асари кўпгина тилларнинг (шу жумладан, туркий тиллар - ўзбек тилининг ҳам) грамматик қурилишини ўрганишда, яъни грамматиканинг объекти, унинг систем характери, сўзнинг грамматик бирлик сифатида олиниши, сўз туркумларининг таснифи, сўз тузилиши, морфологиянинг синтаксис билан ўзаро муносабати, сўз ясалиши, лексика масалаларини тадқиқ қилишда жиддий таъсир кўрсатди. Умуман олганда, В.В.Виноградовнинг лисоний таълимотидаги асосий ғоя сўз ва тил услуби масалаларидир. У сўзни шакл ва маънонинг (лексик ва грамматик маъноларнинг) системаси сифатида кўп аспектли эканлигини қайд этади. Олим сўз ясалишининг грамматика ва лексикология билан зич боғланганини асослаб, сўз ясалишини алоҳида соҳа сифатида ажратиб, сўз ясалишининг: морфологик, морфологик – синтактик, лексик – синтактик ва лексик – семантик каби тўртта усули ҳақидаги таълимотни яратди. В.В.Виноградов сўзнинг воқеликни акс эттиришини ва муайян тил лексик – семантик системасининг таркибий қисми, элементи сифатида ўз маъносини ифода этишини таъкидлаб, сўз лексик маъносининг турли типлари, хиллари (масалан, номинатив – тўғри, бош маъно ва б.) ҳақидаги назарияни ривожлантирди. Унинг фикрича, синтактик назария ўз ичига сўз бирикмаси ва унинг типлари, гап ва унинг типлари, мураккаб синтактик бирликлар ва синтагмалар ҳақидаги таълимотларни олиши керак. Сўз бирикмаси тил номинатив даражасининг, «босқичининг» бирлиги сифатида коммуникатив даражасининг асосий бирлиги бўлган гапга зид туради. Предикатив ва модаллик гапнинг асосий белгилари ва синтаксиснинг марказий категориялари сифатида қаралади. Тил услуби тил функционал – стилистик системасининг ўзига хос компоненти, таркибий қисмидир. Тилнинг ижтимоий вазифаси тилнинг ўзаро фикр алмашиш, ахборот бериш ва таъсир қилиш каби функцияларидан келиб чиқади, ушбу вазифалар билан белгиланади. Шунга кўра кундалик (одатдаги) – маиший услуб (тилнинг ўзаро алоқа вазифаси), кундалик – ишчан услуб, расмий - ҳужжатли услуб, илмий услуб (ахборот бериш вазифаси), оммабоп услуб ва бадиий услуб (таъсир қилиш вазифаси) каби стиллар ажратилади. Тил стилистикаси – услубшунослиги тил услублари билан шуғулланади. Бадиий асар стилистикаси алоҳида ажратилади. Ушбу йўналишда тилнинг коммуникатив ва эстетик вазифаларининг бирлиги намоён бўлади. Яъни маиший, кундалик нутқ элементларининг санъат фактига, «асарига» ўтиши, айланиши юз беради, индивидуал услублар ҳосил бўлади. Бадиий асарлар тили ҳақидаги таълимот билимнинг, илмнинг алоҳида соҳаси сифатида стилистика, поэтик нутқ назарияси ва поэтиканинг туташиш, «тўқнашиш», бирлашиш нуқтасидир, натижасидир. Download 0.79 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling