Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланиши-нинг устувор йўналишларига мослиги. Диссертация республика фан ва технологиялар ривожланишининг I. «Ахборотлашган жамият ва демократик давлатни ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий инновацион ғоялар тизимини шакллантириш ва уларни амалга ошириш йўллари» номли устувор йўналиши доирасида бажарилган.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Марказий Осиё халқларининг иқтисодий-хўжалик ҳаёти асосида тил ва этномаданий бирликлар вужудга келди. Жумладан, ўзбеклар узоқ давом этган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва этномаданий жараёнларда Марказий Осиё ҳудудида тил ва ўзликни англаш бирлиги асосида шаклланди. Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни ва тарихи масалалари кўплаб тадқиқотларга асос бўлган. Бу йўналишда олиб борилган тадқиқотлар диссертацияда кўрсатилган. Тадқиқотда тарихшунослик масаласи алоҳида бобда қараб чиқилади.
Тадқиқот мавзусининг диссертация бажарилаётган олий таълим муассасаси илмий тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация Бухоро давлат университетининг илмий тадқиқот ишлари режасига мувофиқ «Ўзбекистонда миграцион жараёнлар ва муҳожирлик тарихи (2017–2021 йй.)» мавзуси доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади Марказий Осиё давлатларидаги ўзбекларнинг тарихи масалалари ва уларда кечган трансформацион жараёнларни очиб беришдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
муаммонинг манбашунослиги ва тарихшунослигини тадқиқ қилиш;
Марказий Осиё давлатлари бўйлаб ўзбеклар жойлашувининг тарихий илдизлари ҳамда асосий босқичларини таҳлил қилиш;
минтақа давлатларида ўзбеклар нисбатан зич яшайдиган ҳудудларни аниқлаш ва улар сони, демографик ўсишдаги сабаб ва омиллар юзасидан маълумот бериш;
ўзбекларнинг ижтимоий мавқеи, машғулоти ҳамда уларда кечган транформацион жараёнларни очиб бериш;
ўзбекларнинг миллий-маданий, маърифий уюшмалари, миллий матбуоти ва ижтимоий ҳолатини таҳлил қилиш;
Ўзбекистон ўзбеклари билан Марказий Осиё давлатлари ўзбеклари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тажрибасини кўрсатиш;
Марказий Осиё давлатларидаги ўзбеклар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |