Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Тадқиқот натижалари апробацияси
Download 328.73 Kb.
|
Йўлдошев А.Б. Диссертация ОАК
- Bu sahifa navigatsiya:
- Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги.
- Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми.
- I БОБ. МАВЗУНИНГ МАНБАШУНОСЛИГИ ВА ТАРИХШУНОСЛИГИ МАСАЛАЛАРИ ТАҲЛИЛИ Муаммонинг манбавий асосларига шарҳ
Тадқиқот натижалари апробацияси. Тадқиқот натижалари 5 та илмий конференция, жумладан, 2 та халқаро, 3 та республика илмий-назарий, илмий-амалий конференцияларда апробациядан ўтган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 14 та илмий иш Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг асосий илмий натижаларни чоп этиш тавсия этилган нашрларда; 9 та мақола, жумладан 5 таси республика ва 3 таси хорижий журналларда эълон қилинган. Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхати ҳамда иловалар қисмидан иборат. Диссертациянинг тадқиқот қисми 154 саҳифани ташкил этади. I БОБ. МАВЗУНИНГ МАНБАШУНОСЛИГИ ВА ТАРИХШУНОСЛИГИ МАСАЛАЛАРИ ТАҲЛИЛИ Муаммонинг манбавий асосларига шарҳ Хорижий мамлакатлардаги ўзбеклар, жумладан, Марказий Осиё ўзбеклари тарихини ўрганишнинг манбавий асослари бир қатор гуруҳларни ташкил этади. Маълумки XX асрда Марказий Осиё республикалари собиқ Иттифоқ таркибида бўлиб, уларни хориждаги ўзбеклар қаторига қўшиш даъвосидан йироқда эдик. Мавзуга оид манбаларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин. 1. Архив ҳужжатлари. 2. Нашр қилинган қонунлар ва расмий ҳужжатлар. 3. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларида чоп этилган ўзбек тилидаги даврий матбуот материаллари. Совет ҳокимияти йилларида Марказий Осиёдаги ўзбеклар Ўзбекистон билан бир мамлакат таркибида бўлганликлари туфайли ушбу алоқаларнинг маълум маънодаги иштирокчисига айландилар. Диссертациянинг муҳим манбавий асосини Ўзбекистон Миллий Архивида сақланаётган бир қатор фондлардаги архив ҳужжатлари ва материаллари ташкил этади. Р-2661-фонд-Ўзбекистон ССР чет эллар билан дўстлик ва маданий алоқалар жамияти (УзОДКС). Ушбу фондда сақланаётган юзлаб тарихий ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатадики, хориждаги ўзбеклар билан дастлабки алоқалар, мактубий ёзишмалар, оммавий-ахборот воситалари ҳисобланган газета ва журналлар алмашинуви, дарслик ва ўқув қўлланмаларни ватандошлар манзилига юбориш, ўзбек снъатидан маълумот берувчи грампластинка, магнитофон, граммафон ленталари юбориш кабилардан иборат бўлган. Бундай алоқалар тизими қўшни республикалардаги ўзбеклар билан ҳам олиб борилган бўлиб, “Совет Ўзбекистони” журнали сахифаларида Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон республикаларида истиқомат қилувчи ўзбеклар маънавий-маърифий соҳаҳалардаги алоқаларда иштирок этганлигини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд2. Р-2822-фонд. Хориждаги ватандошлар билан маданий алоқа боғлаш “Ватан” жамияти фондига тегишли бўлган ҳужжат ва материалларида Ўзбекистонга қўшни бўлган республикалардаги ўзбеклар зич яшаётган Чимкент, Туркистон, Сайрам, Чоржўй, Тошовуз, Қўрғонтепа ва Хўжанд, Ўш, Жалолобод, Боткент ўзбеклари тарихига оид маълумотлар мавжуд. “Ватан” жамиятининг хориждаги ўзбеклар билан ўзаро алоқаларида қўллаган иш услублари, уларни такомиллаштириш масалаларига қаратилган ахборот, ҳисобот, маълумотномалар муҳим манба сифатида амалий ёрдам беради3. Р-1618-Ўзбекистон ССР телеведение ва радиоэшиттиришлар қўмитасининг архив фондида Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиёнинг бошқа республикаларидаги ўзбеклар ҳам Ўзбекистон ССР радиоэшиттиришлари ҳамда телекўрсатувларида қатнашишганлиги ва улар берган интервью ҳамда хабарлар материаллари мазкур фонддан ўрин олганлиги аҳамиятлидир4. Р-1619-фонд – ЎзбекистонССР Марказий Статистика бошқармаси. Ушбу фондда сақланаётган статистик маълумотлар Россия империяси даврида яъни 1897 йилда Туркистонда ўтказилган аҳоли рўйхати ҳамда 1926 йилдан 1989 йилга қадар СССРда аҳолини рўйхатга олиш якунларига қаратилган маълумотлар, юзлаб жадвал ва стенограммаларни ўзида жамлаган. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари изчилликда таҳлил қилиниши орқали амин бўлиндики, ҳозирги Марказий Осиё мамлакатлари туман ва шаҳарлари, қишлоқ ва овуллари бўйлаб тарқалган ўзбеклар сони, уларнинг географик жойлашуви, ўзбеклар сонининг ўсиб бориш динамикаси, минтақадаги бошқа миллатларга нисбатан эгаллаган фоизи, нуфузи, ўзбек халқи орасидаги урбанизацион жараёнлар ҳақида етарлича маълумотлар олиш мумкин. Фонддаги ҳужжат ва материаллар ўзбекларнинг Марказий Осиё республикаларида ёши, жинси, машғулоти, ижтимоий таркиби, хўжалиги ҳақида ҳам маълумотлар беради. Шунингдек, айрим ҳужжатлар орқали ўзбеклар минтақа бўйлаб тарқалишидаги йўналишлар, жойлар ҳақида муҳим манбавий маълумотлар олиш мумкин. Ушбу фонд маълумотлари Марказий Осиёдаги ўзбеклар ҳаёти ва турмуши ҳақида тарихий тасаввурга эга бўлиш учун айниқса аҳамиятлидир5. Р-1-фонди РСФСР давлат режалаштириш қўмитасининг районлаштириш бўлими Туркистон бюроси фондида Туркистонда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишга оид, шунингдек, 1926 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари пайтида минтақада аҳолини миллий таркиби, хўжалик турмушига қараб районлаштиришга оид хужжат ва материаллар жамланган бўлиб, ўзбек миллати вакилларининг Маркази Осиё ҳудудлари бўйлаб жойлашуви, хўжалик тармоқлари, уларнинг салмоғи масалалари ҳақида маълумотлар олиш билан бирга, ўзбеклар тарқалиши тарихий асослари англаб олинади6. М-2-фонд – Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши. Ўзбекистон мустақиллика эришганидан сўнг ЎзОДКС ва “Ватан” жамиятлари негизида 1992 йилда ушбу ташкилот вужудга келиб, мазкур уюшманинг бир қисм ҳужжат ва материаллари (1992-2005 йиллар) Ўзбекистон Миллий Архиви фондлари жамланмасидан юқорида кўрсатилган рақам билан жой олган. Ушбу фондда “Дўстлик жамиятлари Кенгашининг хориждаги ватандошлар билан алоқалар боғлаш бўлими” (“Ватан” департаменти) фаолиятига оид ҳужжат ва материаллар ҳам тўпланган. “Ватан” департаментининг йиллик, ярим йиллик, ҳар бир квартал билан боғлиқ берилган ҳисоботлари, маълумотнома ва ахборотлари жамланган йиғма жилдларда “узоқ хориж”, “яқин хориж” (СССР парчаланиши оқибатида МДҲ давлатларидаги ўзбеклар) муҳожир ўзбеклар билан боғлиқ ўнлаб ҳужжатлар тўпланган. Ушбу ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларда МДҲга кирувчи собиқ СССРнинг Европа Республикалари билан Марказий Осиё давлатларидаги ўзбеклар сони, машғулоти, миллий уюшмалари, миллий урф-одатлари, улар билан маданий-маърифий алоқалар, ўзаро делегация алмашинувлари ҳақида етарлича маълумотлар тўпланган. Бироқ Марказий Осиё ўзбекларига тегишли материалларни танқидий-таҳлилий асосда ўрганиш зарурлиги тақазо қилинади. Марказий Осиё республикаларидаги ўзбекларга маданий ёрдам кўрсатишга қаратилган ҳужжатлар ҳам ушбу фонддан ўрин олган7. М-57-фонд – Ўзбекистонмиллий телерадиокомпанияси. Мазкур архив фондида мавзуга оид тўпланган ҳужжат ва материалларда хориждаги ўзбеклар ҳаёти ва фаолиятига оид телекўрсатув ва эшиттиришларга оид маълумотлар жамлаган. Энг аҳамиятлиси ушбу фондда “Туркистон – умумий уйимиз” рукнида берилган кўрсатув ва эшиттиришларнинг ҳужжатлари киритилган. Ўзбекистоннинг турли телеканаллари ва радиостанцияларида Марказий Осиё минтақасида яшаётган ўзбеклар билан боғлиқ суҳбат ва мулоқотлар ҳамда “Туркистон – умумий уйимиз” рукни остида олиб борилган тадбирларига оид ҳужжатлар қимматли маълумот сифатида ўз ўрнига эга. Ҳужжатларда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон илм-фан, адабиёт ва санъат намоёндалари, таниқли сиёсатчи ва тадбиркор-ишбилармонлар билан қилинган мулоқот маълумотлари қамраб олинган8. Диссертациянинг манбавий асосини мустаҳкамлашда Россия Федерация Архивининг айрим фондларидаги ҳужжатлар ҳам илмий муомалага олиб кирилди. Диссертациянинг манбавий асосини мустаҳкамлашда Россия Федерация Архивининг айрим фондларидаги ҳужжатлар ҳам илмий муомалага олиб кирилди. Буларга, СССР Министирлар Совети ҳузуридаги Марказий Статистика Бошқармасининг архив фонди(Р-1562)да Умумиттифоқ аҳолини рўйхатга олиш натижаларига қаратилган СССР Марказий Статистика Бошқармаси ҳисоботлари, махсус маърузалар, маълумотномалар тўпланган. 1562-фондининг 41-рўйхатига тегишли ўнлаб йиғма жилдлардаги 1926 йилдан 1989 йилга қадар бўлган маълумотлар тўпланди ва ягона тизимга келтирилиб, Марказий Осиё минтақасидаги ўзбеклар жойлашуви ва тарихига тегишли бўлган рақам ҳамда далиллар таҳлил этилди9. СССР Госплан Марказий Статистика бошқармасининг фонди(Р-7971)нинг 16-рўйхати билан боғлиқ 1926, 1939, 1959, 1970, 1979, 1989 йилларда СССР аҳолисининг сони, аҳолининг миллий ва ижтимоий таркиби, ўзбек миллати вакилларининг сони, ўсиб бориш ва Иттифоқ ҳудудлари бўйлаб тарқалиш динамикаси билан боғлиқ маълумотлар диссертацияга манбавий асос бўлди10. Тадқиқотнинг манбавий асоси сифатида бир қатор ташкилот ва муассасаларнинг жорий архивларидаги ҳужжатлар ҳамда статистик маълумотлар ҳам хизмат қилди. “Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши” жорий архиви. Ушбу ташкилотнинг 2005-2017 йиллар фаолиятига оид хужжатлар “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси” хузурида сақланиб келинмоқда11. Дўстлик жамиятлари кенгашининг “Ўзбекистон-Қозоғистон”, “Ўзбекистон-Қирғизисон”, “Ўзбекистон-Туркманистон”, “Ўзбекистон-Тожикистон”, дўстлик жамиятлари, шунингдек, Хориждаги ватандошлар билан алоқа боғлаш бўлими (“Ватан” департаменти)да тўпланган маълумотлар, ҳисобот, ахборот, хат, билдиришномалар шаклидаги маълумотлар талайгина. Ушбу материаллар илмий муомалага олиб кирилиши орқали тегишли хулосаларга келинди12. “Миллатларао муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси” жорий архиви.Маълумки, 2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5046-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Республика байналминал маданият маркази ва “Ўзбекистон Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши” негизида “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси” ташкил этилди. 2017-2020 йилларда ушбу қўмита фаолиятида миллий марказлар, дўстлик жамиятлари ва ватандошлар билан алоқа боғлаш бўлими йўналишлари орқали Марказий Осиё ўзбеклари билан ҳамкорлик алоқаларида анча тажриба тўпланди. Ушбу қўмитанинг юқорида кўрсатилган йиллардаги ҳисоботлари манбавий асослардан бири бўлди13. Марказий Осиё республикаларида фаолият юритиб келаётган айрим ўзбек миллий уюшма ва ташкилотларининг жорий архивларида тўпланган материаллар манбавий асос сифатида тадқиқотга хизмат қилди. Жумладан, Қозоғистонўзбек этномаданият бирлашмалари "Дўстлик" ҳамжамиятива унинг ҳудудий бўлимлари, Қирғизистондаги “Ўзбеклар жамияти”, “Ўзбеклар миллий-маданий маркази” ва унинг ҳудудий тармоқлари, Тожикистондаги “Ўзбеклар жамияти” ва Сўғд вилояти “Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази” кабилар фаолияти билан боғлиқ материаллар манбавий асослардан бири бўлди14. Нашр қилинган қонунлар ва расмий ҳужжатлар. Ушбу гуруҳдаги манбаларни тахминан қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин. Биринчидан, Халқаро миқёсда қабул қилинган инсон эркинликлари ва ҳуқуқларини химоя қилишга қаратилган декларация, пакт, резолюция, меморандумлар. Иккинчидан, Марказий Осиё республикаларида эълон қилинган статистик ҳисоботлар, инсон ҳуқуқлари ва миллатлараро муносабатларни тартибга солишга қаратилган расмий ҳужжатлар. Таъкидлаш жоизки, Иккинчи жаҳон урушига қадар ҳам, урушдан сўнгги дастлабки йилларда ҳам миллий озчилик манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бирор бир халқаро ҳужжат қабул қилинган эмасди. Туб-жой бўлмаган ва кам сонли миллатларга ёхуд миллий озчиликка нисбатан ҳар бир давлат ўз ички қонунчилиги асосида муносабатда бўлган. 1948 йил 10 декабрда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг қабул қилиниши ва унда “Ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида эркин юриш ва яшаш жойи танлаш ҳуқуқига эга (13-модда)”, “ҳар бир инсон таъқиб туфайли бошқа мамлакатлардан бошпана излаш ва ўша бошпанадан фойдаланиш ҳуқуқига эга (14-модда)” каби моддалар, ирқий, миллий камситишга йўл қўймаслик таъқиқланиши масаласи расман ҳужжат мақоми билан тасдиқланди15. 1951 йилда БМТ Бош Ассамблеяси “Муҳожирлар ҳолати тўғрисидаги конвенция”ни тасдиқлади. Ушбу конвенцияда муҳожирларни дини, ирқи, миллатига қараб камситмаслик, уларга нисбатан дискриминацияни қўлламаслик, уларга ёлланма меҳнат қилиш, бошланғич таълим олиш, хусусий мулкка эга бўлиш, суддан ҳимоя излаш, ҳаётлари хавф остида қолган тақдирда муҳожирларни ўз юртига қайтариб юбормаслик, бирор-бир давлат ҳудудига ноқонуний кириб келган муҳожирга моддий ундирув жорий қилмаслик мажбуриятлари ер юзи давлатлари зиммасига юклатилди16. Диссертация манбавий асосини мустаҳкамлашда юқоридаги халқаро декларация ва конвенция қаторида БМТ 1992 йил 18 декабрдаги “Миллий ёки этник, диний ва тил озчиликларга мансуб шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги декларация, ЕХҲТ миллий озчиликлар бўйича Олий комиссарлиги низоми, “Минтақавий ёки озчилик тиллари бўйича Европа хартияси”, 1994 йил 21 октябрдаги МДҲ давлатлари “Миллий озчиликларга мансуб шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида”ги конвенцияси, ЕХҲТнинг 1995 йил 1 февралдаги “Миллий озчиликларни ҳимоя қилиш бўйича доиравий конвенция”си кабилар муҳим назарий-методологик аҳамиятга эга бўлди 17. Европа Иттифоқи, МДҲ, ШҲТ каби минтақавий мамлакатлар томонидан қабул қилинган бир қатор расмий ҳужжатларда ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, миллатлараро муносабатларда гуманитар йўл тутиш билан боғлиқ масалалар акс эттирилган. Манбалар таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирга қадар миллатлараро муносабатлар тизимида миллий озчилик масалалари ва ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган бирор-бир халқаро ҳужжат қабул қлинган эмас. Иккинчи гуруҳ расмий ҳужжат ва қонунлар ҳақида фикр юритилар экан, Марказий Осиё республикаларида мустақиллик арафасида ҳамда истиқлол шароитида ривожланишнинг дастлабки йилларида “Тил тўғрисида қонун”, “Фуқаролик ҳақида қонун”, “Мустақиллик декларацияси”, “Мустақиллик тўғрисида қонун”, “Чегаралар тўғрисидаги келишув” каби расмий ҳужжатлар қабул қилинди. Ушбу тарихий ҳужжатлар орқали Марказий Осиё ўзбеклари ҳам чет эл ўзбеклари мақомига ўтиб борганликлари намоён бўлди18. Марказий Осиё республикаларида аҳолининг умумий сони, миллий таркиби, ҳудудлар бўйлаб жойлашуви, хўжалик ҳаёти каби жиҳатларни қамраб олган йиллик статистик ҳисоботлар деярли ҳар йил бериб борилган бўлиб, тадқиқотда статистик маълумотлар тўпланган кўплаб манбалардаги рақам ва далиллар тўпланди19. Марказий Осиё республикаларида ўзбеклар сони ва жойлашувининг тарихий илдизларини очиб беришда Собиқ Иттифоқида чоп этилган статистик ҳисоботлар ва махсус маълумотномалар манбавий асос бўлди20. Манбаларнинг навбатдаги гуруҳига чоп этилган даврий матбуот материалларини киритиш мумкин. Жумладан, Қозоғистон Руспубликасидаги “Жанубий Қозоғистон”, “Жануб жарчилари”, Қирғизистон Рсепубликасида мамлакат мустақиллик йилларида босилган “Ўш садоси”, “Жалолобод тонги”, “Ахборот” газеталари материалларидан манба сифатида кенг фойдаланилди. Шунингдек, Тожикистон Республикасида чоп этиб “Халқ сўзи”, “Маънавият” газеталари манбавий асос сифатида илмий муомалага олиб кирилди. Юқорида кўрсатилган матбуот органларида ўзбекларнинг ўзлари яшаб турган мамлакат иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётидаги иштироки масалаларига оид манбавий аҳамиятга молик бир қатор мақолалар диссертацияда илмий таҳлил мақсадида фойдаланилди. Диссертациянинг манбавий асосини матбуот метериаллари маълумоти билан бойитиш мақсадида Ўзбекистонда мустақиллик йилларида босилиб келинаётган “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Ватан”, “Ҳуқуқ оламида”, “Хабарнома”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Маҳалла”, “Ҳуррият”, “Марказий Осиё маданияти”, “XXI аср”, “Миллий тикланиш”, “Ўзбек адабиёти ва санъати”, “Ишонч”, “Тошкент оқшоми”, “Тошкент ҳақиқати” каби газеталар21 ва “Жамият ва бошқарув”, “Фан ва турмуш”, “Мулоқот”, “Фалсафа ва ҳуқуқ”, “Гулистон”, “Тафаккур”, “Ижтимоий тадқиқотлар журнали” каби журналлар22даги ўнлаб мақолалар ўрганилди. Ушбу матбуот органларидаги қатор мақолаларда ва хабарларда Марказий Осиё ўзбеклари ҳаётига оид маълумотлар, Ўзбекистон билан маданий алоқаларга тегишли бўлган, шунингдек, “Туркистон умумий уйимиз” рукнидаги мулоқот материаллари жамланган. Диссертация манбашунослигини мустаҳкамлашда интернет сайтларидан тўпланган маълумотлар ҳам аҳамиятли эканлиги эътиборга лойиқ. Марказий Осиёнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон Республикалари интернет маълумотларида ушбу давлатларнинг тарихи, аҳолиси, аҳолининг миллий таркиби, сони ва ўсиб бориш динамикаси, шунингдек, ўзбеклар ҳақида маълумотлар тўпланган23. Интернет маълумотларини қиёсий таҳлил асосида танқидий ўрганиш етарлича маълумот беради. Бироқ интернет сайтларидаги маълумотларнинг айрим рақам ва далилларда турлича талқин этилиши бу борада муаммони кўп жиҳатдан етарлича очиб беришга тўсқинлик қилишини ҳам назардан четда қолдирмаслик керак. Download 328.73 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling