Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги


II БОБ. МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИДАГИ ЎЗБЕКЛАР СОНИ, МАШҒУЛОТИ, ИЖТИМОИЙ МАВҚЕИ, ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ


Download 328.73 Kb.
bet9/24
Sana02.02.2023
Hajmi328.73 Kb.
#1147054
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   24
Bog'liq
Йўлдошев А.Б. Диссертация ОАК

II БОБ. МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИДАГИ ЎЗБЕКЛАР СОНИ, МАШҒУЛОТИ, ИЖТИМОИЙ МАВҚЕИ, ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ.

    1. Марказий Осиё ўзбеклари, уларда кечган демографик ўзгаришларнинг тарихий илдизлари ва асосий босқичлари.

Марказий Осиё халқлари ўзига хос маданият, онг ва менталилет, урф-одат ва анъана, қадрият ва қарашлар, дин ва маънавият замирида шаклланиб, кишиларнинг тарихий ва ҳудудий бирлиги, умумиқтисодий турмуш тарзи, тили, руҳий уйғунлиги ва муштараклиги асосида мавжудлик касб этади. Совет ҳокимиятининг ўлкамизда юритган миллий сиёсати туфайли қон-қариндош, миллий ягона ҳудудда яшаган миллатлар қисқа фурсат ичида бир-бирларига нисбатан чегаравий муносабатларга киришишди. 1924 йилда шакллантирилган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўзларининг алоҳида тарихий тақдирларига эга бўлишди.
Собиқ Иттифоқда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида мамлакат аҳолисининг сони, уларнинг ҳудудлар бўйича жойлашиши, жинси, ёши, миллати, саводхонлик даражаси, фаолият турлари, касблар ва соҳалар бўйича тақсимоти, ички ва ташқи миграцион ўзгаришлар, демографик ўсиш динамикаси каби ўнлаб йўналишлар тўғрисидаги маълумотлар қайд этилганлиги муҳим ва аҳамиятлидир. Ушбу маълумотларнинг таҳлил қилиниши асосида Собиқ Итттифоқи ҳудудида истиқомат қилган ўзбеклар сони хусусида, демографик ўзгаришлар, тарқалиш географияси ва фаолиятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Юқорида тарихан Марказий Осиёда сони жиҳат катта улушга эга бўлган ўзбеклар Ўзбекистондан ташқари Тожикистоннинг Хўжанд, Қўрғонтепа, Туркманистоннинг Чоржўй, Тошовуз вилоятларида, Қирғизистонинг Ўш, Жалолобод, Боткент каби шаҳар ва вилоятларида, Қозоғистоннинг Туркистон, Сайрам, Ясси, Чимкент каби ҳудудларида кенг тарқалган ва зич бўлиб истиқомат қилишади. Бу ҳудудларда узоқ асрлардан буён яшаб келаётган ўзбеклар асосан суъний суғоришга асосланган деҳқончилик ва боғдорчилик, шунингдек, чорвачилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб, ўтроқ турмуш тарзи асосида яшашган ўзига хос турмуш тарзига, ижтимоий муносабатларга, маданий ва илмий қарашларга эгадир. Ўзбекистон Миллий Архиви фондларида сақланаётган совет даврида аҳолини рўйхатган олиш билан боғлиқ ҳужжатларда бутун Иттифоқда ва Марказий Осиё республикаларидаги ўзбеклар сони аниқ рақамларда берилганлиги юқоридаги бўлимларда таҳлил этилди 46.
Марказий Осиё давлатлари ҳисобланган Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари 1924-1991 йиллар оралиғида ягона давлат доирасида иттифоқдош республикалар сифатида тарихий даврни ўз бошидан ўтказди. Бу даврда минтақадаги ўзбек миллати вакиллари ягона давлат доирасида, ягона ҳудуд, ягона қонунчилик, ягона ижтимоий тузум вакили сифатида умригузаронлик қилди. Давлатлараро чегараларнинг мавжуд эмаслиги, бир давлатдан иккинчи давлат ҳудудига кириб-чиқиш ва борди-келдиларнинг осонлиги бу миллат вакилларининг ўзаро алоқаларида кенг имкониятларни яратиб берди. Бошқача айтганимизда ягона ватан доирасида яшаб қавм-қариндошлик, қуда-андачилик, оға-инилик муносабатларини инсонийлик тамойиллари асосида амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар.
Собиқ Иттифоқ даврида Тожикистон ўзбеклар кўп ва зич бўлиб истиқомат қиладиган республикалардан бири эди. Қолаверса, миллий урф-одат ва анъаналари, маънавий ва дунёвий қарашлари муштарак бўлган ўзбек ва тожик миллати вакиллари Тожикистоннинг янги тарихини бирга ёзишдек маъсулиятни 70 йиллик давр мобайнида бирга амалага оширишди. Тожикистон аҳолиси демографик ўсиш ва аҳолини кўчириш сиёсати самараси натижасида бир неча баробарга кўпайди. Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар Тожикистонда янги касб, соҳа ва тармоқларларининг кириб келишига туртки бўлди. Ижтиомий турмуш шароитининг кўтарилиши ва иқтисодий ҳаётнинг изга тушиши натижасида Тожикистонда аҳоли сони мунтазам юқорилаб борди ва булар Тожикистон ўзбекларининг ҳаётидаги ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлди.
Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегаралишдан сўнг, Тожикистон АССР 1924 йил 27 октябрда Ўзбекистон ССР таркибидаги мухтор республика сифатида киритилиб, Тожикистон АССР асосан Бухоро амирлигининг жанубий-шарқий ҳудудларини ўз ичига олган. Амирлик аҳолисининг асосий қисмини ўзбеклар ташкил қилсада, давлат ҳужжатлари форс-тожик тилида юритилган, бу эса бу ҳудудда истиқомат қиладиган халқнинг икки тилни яхши ўзлаштиришига муҳим туртки бўлиб хизмат қилган. Бу муҳим жиҳатни ўз вақтида англаган “Марказ” аҳолини тилига қараб ажратишга оид сиёсатни амалга оширишнинг муҳим асоси сифатида кўрган47.
Ўзбекистон Миллий архивининг фонди “Районлаштиришга оид турли материаллар” номли архив ҳужжатларида айниқса, Тожикистон АССРнинг маъмурий бўлиниши масаласини жиддий равишда кўриб чиқиш лозимлиги белгилангани аён бўлади48. Тожикистон АССР аҳолиси 1925-1926 йилларда 779407 кишини ташкил этиб, мамлакат аҳолиси йиллар мобайнида ўртача 1 фоиздан кўпайиб борган. Жумладан, 1926-1927 йилларда 7794 тага кўпайиб, 787201 кишини, 1927-1928 йилларда 7872 тага кўпайиб, 795073 кишини, 1928-1929 йилларда 7950 тага кўпайиб, 803023 кишини, 1929-1930 йилларда 8030 тага кўпайиб, 811053 кишини, 1930-1931 йилларда 8111тага кўпайиб, 819164 кишини ташкил этганлиги архив ҳужжатларида қайд этилган49.
Аҳолининг этник қатлами ўнга яқин миллатлардан ташкил топган бўлиб, уларнинг ичида ўзбеклар сон жиҳатдан салмоғи қўплиги билан ажралиб турган. Улар Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон ва Ғарм ҳудудидан ташқари барча вилоятларида кўп сонли бўлиб истиқомат қилган ва кенг ҳудудлар бўйлаб тарқалган. 1925-1926-йилларда ўзбеклар Ҳисор вилоятида 52600 кишини, Қўлоб вилоятида 39229 кишини, Устуршона вилоятида 20340 кишини, Қўрғонтепа вилоятида 19100 кишини, Панжикентда 6548 кишини, жами эса 139.817 киши бўлиб умумий аҳолига нисбатан 17,7 фоизини ташкил этган50. (1-иловага қаранг)
Барча ҳудудларда уларнинг сони тожиклардан кейинги иккинчи ўринда туриб аҳоли сонига сезиларли таъсир ўтказган. Тожикистонда истиқомат қиладиган қора-қирғизлар, қирғиз-қозоқлар, турклар, афғонлар, туркманлар ва арабларнинг жами сони 24659 кишини ташкил этган бўлса, биргина Ҳисор вилоятидаги ўзбеклар сони улардан икки ярим баробардан ортиқ бўлган. Бундан ташқари Қўлоб вилоятидаги ўзбекларнинг сони ҳам улардан 14570 тага кўп бўлган51.
Ҳисор, Қўлоб, Қўрғонтепа, Устуршона, Панжикент вилоятларида истиқомат қилган ўзбекларнинг асл ватанлари шу ҳудудлар бўлиб, улар азал-азалдан шу ўлкаларда тубжой миллат тожиклар билан ёнма-ён истиқомат қилиб, деҳқончилик, боғдорчилик ва ҳунармандчиликнинг кўплаб соҳаларида фаолият юртиб келишган. Ўзбеклар Дағона-Кўшк, Қўрғонтепа, Босмали, Чорбоғ кентлари аҳолисининг 100 фоизини, Регар, Шулум, Сарой Қамиш, Бекбўли, Шахристон кентларининг 90 фоиздан ортиғини, Кобадиён кенти аҳолисининг 73.7 фоизини, Чимқўрғон кенти аҳолисининг 60.7 фоизини, Бакари ва Оқ-Сув кенти аҳолисининг 40 фоиздан ортиғини, Авторубск волостининг 32.4 фоиз аҳолисини, Тода, Дала, Ўратепа кенти аҳолисининг 20 фоиздан ортиғини, Фароб, Сари-Чашм, Кўли Сўфиён кенти аҳолисининг 16 фоиздан ортиғини, Роати кентида эса 8.2 фоиз аҳолини ташкил этишган52.
Тожикистон АССР ревкомининг 1925 йил 7 октябрдаги 183- рақамли баённомасига асосан тахминан 200.800 кишидан иборат 44.000 хўжаликнинг Афғонистондан ўз ватанларига қайтарилиши режалаштирилган. 1924-1925 йиллар давомида 18810 киши, 1925-1926 йилларда 30000, 1926-1927 йилларда 35.000 киши, 1927-1928 йилларда 25.000 киши, 1928-1929 йилларда 10000 киши, 1929-1930 йилларда 6000 киши, жами 124.080 кишининг ўз ерларига қайтарилганлиги қайд этиб ўтилган. Улар Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон билан биргаликда Афғонистонга кўчиб ўтишган эди. Кўчириб ўтказилганларнинг 37810 таси ўзбек уруғларига мансублиги аниқланган. 82.720 киши Афғонистон ҳудудида ўрнашиб қолганлиги манбаларда қайд этилган53. Шундай қилиб 1925-1926 йилларда Тожикистонда истиқомат қиладиган ўзбекларнинг сони 175.627 кишини ташкил этиб, умумий аҳолига нисбтан 21,23 фоиз улушга эга бўлган54.
1959 йилга келганда Тожикистонда истиқомат қиладиган ўзбекларнинг сони 1926 йилдагига нисбатан 2.6 баробарга кўпайган. Ўзбеклар сонининг ошишига демографик кўпайиш яққол таъсир кўрсатган бўлсада, бу йиллар оралиғида совет ҳокимияти томонидан амалга оширилган қатағон, қулоқлаштириш, янги ерларни ўзлаштириш сиёсатлари доирасида Ўзбекистондан кўчирилган ўзбекларнинг улуши ҳам бу рақамларнинг ўсишига салмоғли таъсир ўтказган. Масалан 1925-1929 йиллар оралиғида Ўзбекистондан 8.030 хўжалик Вахш водийсига, 4.761 хўжалик Кўлоб вилоятига, 1.965 хўжалик Ҳисор вилоятига, жами 15.826 хўжалик, 1930 йилда яна 2.000 хўжалик Тожикистонга кўчирилган55.
Умуман олганда 1925-1941 йилларда Тожикистоннинг биргина Вахш водийсига Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти ва Фарғона водийсидан 83.000 хўжалик кўчирилган. Улар Вахш, Қўрғонтепа, Саройкамар, Ҳисор, Кўлоб, Орол, Жимкўл, Қобадиён, Сталинобод районларига кўчирилди. Хоразм районларидан Тожикистон ССР нинг Молотовобод районига 1.827 хўжалик (5.987 киши) кўчирилди56.
Хуллас ўзбеклар Тожикистонда 1925-1926 йилларда Ғарм ва Тоғли-Бадахшон вилоятларидан ташқари барча ҳудудлар бўйлаб кенг тарқалганди. Улар Тожикистон АССРда тожиклардан кейин сони жиҳатдан иккинчи ўринда туриб, тубжой халқларидан бири ҳисобланишган. Бу ўсиш асосан демографик жараён ва аҳолининг кўчирилиши, шунингдек, 1920-йилларнинг ўрталарида Афғонистондан аҳолининг реэмиграция қилиниши натижаси сифатида намоён бўлади. Бундан ташқари, 1926-1930 йилларда Вахш водийсини ўзлаштириш жараёнида ҳозирги Фарғона водийсининг Ўзбекистон Республикаси вилоятларидан кўп минг сонли ўзбек хўжаликларини Тожикистонга кўчирилиши ушбу республикада қишлоқлар бўйлаб ўзбеклар сони кенг тарқалишида муҳим омил бўлди. Ўзбек хўжаликлари янги ўзлаштирилган ҳудудларда деҳқончиликнинг пахтачилик соҳасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнадилар. Ўзбекларнинг кўчирилиш жараёни кейинги даврларда ҳам давом этиб, айрим хўжаликлар Ўзбекистонга қайтиб келган бўлсада, кўпчиликлари Тожикистон Республикаси ҳудудлари бўйлаб тарқалиб кетдилар57. Уларнинг қишлоқларида аҳоли ўзбек ва тожик тилларида бирдек мулоқотда бўла олиши, икки тилли бир халқ сифатида яқин қавм-қариндошчилик ҳамда қуда-андачилик муносабатлари вужудга келди.
Статистик ҳисоботлар таҳлил қилинганда Тожикистондаги ўзбеклар сонининг ўсиш суръатлари 1926-1939 йилларда жуда юқори бўлиб, 13 йиллик давр мобайнида 213.661 нафарга кўпайгани, 1926 йилги ўзбек миллати вакилларига нисбатан олганда эса 2,5 баробарга ошгани маълум бўлди. 1939 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш ишларининг якунига кўра Тожикистон аҳолиси 1.484.440 нафарга етиб, бу рўйхатда ўзбеклар 353.478 кишини ташкил этган ва сон жиҳатдан тожиклардан сўнг иккинчи ҳалқ сифатида қайд этилган58. Ўзбек миллати вакилларининг Тожикистон ССРда қисқа тарихий даврда 2,5 баробарга кўпайиши фақатгина демографик омилга боғлиқ бўлмаган. Совет ҳокимиятининг янги ерларни ўзлаштириш сиёсати доирасида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан Тожикистон ССРга аҳолининг кўчирилиши ҳам бу мамлакатда ўзбеклар сонинг салмоғи ортишига хизмат қилган. Шунингдек, Тожикистондаги ўзбеклар туб-жой, яъни азалдан яшаб келганлар ва Ўзбекистондан кўчиб келганлар каби икки гуруҳдан иборат эканлиги аён бўлди.
1959 йилда собиқ Иттифоқда учинчи маротаба аҳолини рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилди. Ушбу маълумотларда қайд этилишича тожикистонлик ўзбекларининг сони 454.433 тани ташкил этган59. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, улар 1926 йилга нисбатан 314.616 кишига (3,3 баробарга), 1939 йилга нисбатан 100.955 кишига (1,3 баробарга) кўпайган. 1926-1959 йиллар оралиғида ўрта ҳисобда ўзбеклар йилига ўртача 15-16 фоиздан кўпайиб боришган. Бу даврда Тожикистонда ўзбеклар сонининг ўсишида Ҳисор, Қўлоб, Қўрғонтепа, Устуршона, Панжикент вилоятлари етакчилик қилган. Бу ҳудудларда яшаган ўзбеклар асосан пахтачилик, боғдорчилик билан шуғулланганлар. Саноат ишчилари, ўқитувчилар, ҳайдовчилар, савдо-сотиқ ходимлари, маиший соҳа вакиллари ва ҳукумат раҳбарлари орасида ҳам ўзбек миллати ваклларининг салмоғи юқори бўлган.
Кейинги 30 йиллик (1959-1989 йй.) тарихий даврда Тожикистондаги ўзбеклар сонининг динамикаси жадаллик билан ўсиб бориб, 1970 йилга келганда 665.662 нафаргага60, 1979 йилда 873.199 нафарга61, 1989 йилда эса 1.197.841 нафарга етди. Тожикистонда ўзбеклар 1926 – 1970 йиллар оралиғида 4,8 баробарга, 1926 – 1979 йилларда 6,2 баробарга, 1926 – 1989 йилларда 8,6 баробарга кўпайди. Тожикистонда ўзбеклар сонинг ўртача йиллик ўсиш суръати мазкур 63 йиллик давр оралиғида (1926-1989 йй.) 16-17 фоиз атрофида бўлиб, Марказий Осиё минтақаси давлатлари орасида бу кўрсаткич бўйича етакчилик қилди.
Иккинчи жаҳон уришидан кейинги даврда ўтказилган демографик ислоҳотлар, шунингдек, тиббий соҳа фаолиятининг такомиллашуви, ижтимоий ва иқтисодий турмуш шароитларининг кўтарилиши натижасида собиқ Иттифоқнинг барча республикалари каби Тожикистонда ҳам аҳоли сонининг кескин ўсишида демографик омилни етакчи ўринга чиқарди. Ислоҳотлар натижасида 50-60 йилларга келганда оилаларнинг аксариятида ўрта ҳисобда 8-9 нафардан фарзандлар дунёга келган ва кўп болали оилалар сони мамлакатда 72,2 фоизни ташкил этган. Айниқса бу кўрсаткич қишлоқ ҳудудларда юқорироқ бўлган. Тожикистонда 70-80 йилларда ҳам демографик ўсиш суръатлари юқорилигича қолган. Аҳоли ўртача ҳар 6-7 йилда бир баробарга кўпайиб борганлиги ва бу жараёнларнинг ўзбек оилаларида ҳам кузатилганлигини маълумотлар тасдиқлаб турибди62. Натижада ўзбекларнинг сони 1989 йилга келганда 1,2 миллионга етиб, Тожикистон Республикасининг кейинги тарихий даврлардаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий жараёнларига таъсир ўтказа оладиган етакчи кучларидан бирига айланишди. Ўзбеклар асосан Тожикистоннинг шимолий ҳудудларида кенг тарқалиб, асосан Хўжанд ва унга туташган ҳудудлар, Панжикент воҳаси, Устуршона, Хатлон, Ҳисор худудлари аҳолисининг асосий қисмини ташкил этишди63.
1926 йилда Тожикистон АССР аҳолисининг 9,2 фоизи шаҳарларда, 90,8 фоизи қишлоқларда истиқомат қилган64. Аҳолининг асосий машғулоти анъанавий тартибда қишлоқларда деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва йилқичилик ҳисобланган. Қишлоқ деҳқонлари қўшимча тартибда уй чорвачилиги ва ҳунарманчилиги билан ҳам шуғулланишганлиги маълумотларда қайд этилган. Шаҳарларда аҳоли асосан ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган.
Советларнинг урушдан олдиги беш йиллик режаларида маҳаллий миллат вакилларининг ишчилар синфини шакллантириш кўзда тутилган ва иккинчи беш йилликда (1933-1937 йй.) уларнинг сони 2.700 нафарга етган. 1937 йилга келганда уларнинг сони 5.185 нафарга етиб, аҳолининг умумий сонига нисбатан 0.004 фоиз улушга эга бўлган. Ишчилар турли ишлаб чиқариш, транспорт ва қурилиш соҳаларида фаолият юритишган. 1950 йилга келганда Тожикистон саноатида маҳаллий кадрларнинг улуши 14 фоизга, совхозларда эса 43 фоизга етган. 1954 йилда саноат ва қурилишда соҳаларида 58,6 минг нафар ишчи ва хизматчилар фаолият юритиб, ишчиларнинг 12,9 мингини тожиклар (22.2 фоиз), 3,4 мингини ўзбеклар (5,8 фоиз), 42,2 мингини руслар (72 фоиз) ташкил этган65.
XX асрнинг иккинчи ярмида Тожикистон ССРда саноат, қурилиш, транспорт ва миллий иқтисодиётнинг бошқа соҳалари, аниқроғи, енгил ва озиқ овқат саноати, машинасозлик, металлургия, тоғ-кон, нефт ва газ, энергетика соҳалари вужудга келиб, бу соҳаларда ҳам ўзбек миллати вакилларининг фаолияти кўзга ташланиб борди. Тожикистон иқтисодиётида 1970-1990 йиллар оралиғида саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 251,4 фоизни ташкил этиб, электр-энергетика комплексида ўсиш 461 фоизга, машинасозлик саноатида 366 фоизга, енгил саноатда - 191 фоизга, озиқ-овқат саноатида - 193,2 фоизга юқорилади. Aгар ХХ аср ўрталарида Тожикистон иқтисодиётида оғир саноатнинг улуши 5 фоиздан ошмаган бўлса, унда 1970 йилга келиб бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган бўлса, 1990 йилга келганда бу кўрсаткич 20 фоизга бориб етди. ХХ асрнинг 80-йиллари давомида металлургия соҳасида саноат ишлаб чиқаришнинг ўсиши 270 фоизни, нефтгаз-кимё саноатида эса 220 фоизни ташкил этиб, Тожикистон ССР иқтисодиётидаги кескин таркибий ўзгаришлар даврига айланди ва янги касб соҳаларининг вужудга келиши учун асос бўлиб хизмат қилди66. Натижада маҳаллий аҳоли вакиллари қаторида ўзбеклар ҳам бу соҳаларни ўзлаштира борди. Бу омиллар Тожикистон ўзбекларининг янги касбий фаолият турларини ўзлаштиришига асос бўлиб хизмат қилди.
1990 йилга келганда Тожикистон ўзбеклари енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналарида, оғир саноатнинг асосий тармоқлари ҳисобланган элект-энергетика, тоғ-кон саноати, рангли металлургия, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юрита болашди. Жумладан, Сўғд (Ленинобод-дисс.) вилоятидаги, Ҳисор, Вахш ва Кўлобдаги пахтани қайта ишлаш заводларида, Хўжанд ипак комбинатида, Ўратепа, Хўжанд, Панжикент вино заводларида, Конибодом, Исфара, Хўжанд консерва заводларида, Хўжанд ва Қўрғонтепа гўшт-сут бирлашмаларида, Нурек, Головная, Байпазинская (Вахшда), Қайроққум (Сирдарёда) гидро-электростанцияларида, Шўроб кўмир конида, республиканинг шимолида ва жанубида жойлашган нефть конларида, Вахш, Ҳисор водийларидаги газни қазиб олиш корхоналарида, Турсунзодадаги алюминий заводида, Исфарадаги Гидрометаллургия заводида, Қўрғонтепада Азот заводида, Яванда Электрокимё Комбинати ишчи-хизматчилари орасида ўзбек миллати вакиллари кўпчиликни ташкил этганлиги маълумотларда ўз исботини топди67.
XX асрнинг 80 йилларида Тожикистон ялпи маҳсулотининг асосини ҳали ҳам унинг асосий соҳаси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати белгилаб берди. 1986 йилда республикада 299 совхоз ва 157 колхоз мавжуд бўлиб, қишлоқ хўжалиги ерлари 4,2 миллион гектарни ташкил этган. Қўриқ ва бўз ерларнинг ўзлаштирилиши натижасида суғориладиган ерларнинг майдони 662 минг гектарга етиб, бу ерларнинг асосий қисми мамлакатнинг шимолий ва марказий ҳудудларида жойлашган эди68. Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг тахминан 65 фоизини таъминлади. Қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи - пахтачилик бўлиб, 1980 йилда 850 минг тонна пахта хом ашёси тайёрланиб69, 1986 йилдан бошлаб йилига 920 минг тоннадан пахта хом ашёси йиғила бошланди. Ўзбеклар зич бўлиб яшайдиган Сўғд вилояти, Вахш ва Ҳисор водийлари Тожикистон пахтасини тайёрлаш учун асосий базага айлантирилди. Шунингдек, улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобланган тамаки, гераниум, зиғир, кунжут ғалла, дуккакли ўсимликларни етиштириш ишларида маҳсулдорлик кўрсатишди. Улар сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда, мева маҳсулотларини тайёрлашда ва узумчилик соҳаларида юқори натижаларга эришишида омилкорлик кўрсатишиб Тожикистон иқтисодиётининг ўсишида ўзларининг ақл-заковати ва меҳнатини аямадилар.
Марказий Осиё минтақасининг Жанубий-Ғарбий қисмида жойлашган Туркманистон Республикаси ўзбеклар кўпчилик бўлиб истиқомат қилаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ўзбекларнинг Туркманистон билан боғлиқ тарихлари узоқ ўтмишга бориб тақалиб, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигининг узоқ асрлик тарихи билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Ўзбеклар сони жиҳатдан ушбу мамлакатда Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон ва Қирғизистондан кейинги ўринда туриб, мамлакат аҳолисининг 9,4 фоизни, баъзи манбаларда эса 9,8 фоизни ташкил этиши тўғрисидаги маълумотлар учрайди70. Шу сабабли мазкур тадқиқотимизда Туркманистонда истиқомат қилган ўзбек миллати вакилларининг бир асрлик тарихини, уларнинг ушбу мамлакат ҳудудлари бўйлаб жойлашуви, тарқалиш жараёни, йиллар давомида улар сони билан боғлиқ ўсиш ва ўзгаришлар динамикасини, шуғулланган машғулотлари каби мавжуд тарихий манбалар асосида таҳлил қилиш мақсади кўзланган.
Туркманистон Республикаси полиэтник мамлакат бўлиб, унда 53 га яқин миллат, элат ва этник гуруҳ вакиллари (айрим манбаларда 49 та, баъзиларида 58 миллат вакиллари-дисс.) истиқомат қилиб келганлар. Ўзбеклар асосан ҳозирги Туркманистоннинг Шарқий ва Шимолий-Шарқий ҳудудларида, ҳамда Амударё оқими бўйлаб жойлашган ерларда истиқомат қилишади71. Аниқроғи, Шарқий Туркманистоннинг Лебоп вилояти, Чоржўй ва Керки ҳудудлари, шунингдек, Шимолий-Шарқий Туркманистонинг Тошовуз вилояти ҳудудига кирувчи Тошовуз ва Кўҳна Урганч шаҳри ҳамда унга туташ бўлган деҳқончилик воҳаларида зич бўлиб яшашган. Бу ҳудудларда ўзбеклар салмоғи юқорилигининг асосий омили, азалдан ўзбекларга алоқадор этник гуруҳларнинг ушбу ерларда яшаши ва ўзбеклар касб-корининг асосини деҳқончилик ташкил этиши билан изоҳланади. Қолаверса, бу ҳудудлар Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ерларига кириши ҳам тарихий ҳақиқатдир.
1897 йилдаги аҳолини рўйхатга олишга оид ҳужжатларда ҳозирги Туркманистоннинг ҳудудида Ашхобод, Краснаводск, Марв, Тажан уездлари Туркистон генерал-губернаторлигининг Каспийорти вилояти таркибига кирган. Ушбу рўйхатда Каспийорти вилоятидаги аҳоли рўйхати маълумотномаларида туркманларнинг ва бошқа миллатларнинг сони кўрсатилган ҳолда ўзбеклар сони ҳақида негадир маълумотлар учрамайди72. (2-иловага қаранг) Бу Туркманистон ҳудудига кирувчи Каспийорти вилояти уездларида ўзбеклар яшамаган, деган хулосани келтириб чиқармайди. Чунки ўзбеклар асосан зич бўлиб истиқомат қиладиган ҳудудлар Чоржўй ва Карки Бухоро амирлиги таркибида, Тошовуз ва Кўҳна Урганч эса Хива хонлиги таркибига кирган. 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари эса бу ҳудудларда амалга оширилмаган.
Турманистон ўзбеклари сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик соҳасида жуда катта тажрибага эга бўлиб, улар хўжаликнинг пахтачилик ва донли (бошоқли, айниқса шоли-дисс.) экинлар етиштиришда устаси фаранг бўлишган. Таъкидлаш жоизки уларнинг хўжаликларида деҳқончиликнинг шоличилик билан бирга полизчилик, сабзавотчилик соҳасидаги ютуқлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Туркманистон ўзбеклари орасида савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва чорвачилик хўжалиги билан қўшимча машғулот сифатида шуғулланувчилар ҳам бор эди. Шунингдек, ўзбеклар маиший хизмат кўрсатиш соҳасида, саноат корхоналарида ишчи ва хизматчи сифатида ҳам фаолият юритишган. Совет ҳокимияти йилларида Туркманистон ўзбеклари орасида маъмурий бошқарув тизимида, маҳаллий ҳукуматлар таркибида ҳам бир қатор шахслар фолият юритишгани маълум.
1924 йилнинг май ойида Туркистон компартиясининг саккизинчи қурултойи, сўнгра Бухоро ва Хоразм компартияларининг Марказий Комитети ва РКП (б) Марказий Комитетининг Ўрта Осиё бюроси миллий бўлинишни ўз вақтида ва мақсадга мувофиқ деб, тан олиш фонида бошлади. Ўрта Осиё партия ташкилотларининг бу қарори 1924 йилнинг июлида РКП(Б) Марказий Комитети томонидан маъқулланиб, миллий демаркацияга тайёргарлик ишлари 1924 йилнинг сентябрь ойига келиб тугалланиши режалаштирилди. 1924 йил 16 сентябрда Туркистон АССР МҚнинг навбатдан ташқари сессияси миллий чегараланиш тўғрисида қарор қабул қилди. 1924 йил 27 октябрда Туркманистон ССР ташкил топди ва СССР таркибига киритилди73.
1926 йилги аҳолини рўйхатга олишга оид маълумотларда Турманистоннинг аҳолиси 991,9 минг киши эканлиги, шундан шаҳарларда 136,8 минг киши, қишлоқларда 855,1 минг киши истиқомат қилиши қайд этиб ўтилган74. Худди шу даврда Туркманистондаги ўзбекларнинг сони 104.791 нафарни ташкил этиб, умумий аҳолига нисбатан 10,5 фоиз эканлиги, шунингдек, туркманлардан кейинги кўп сонли иккинчи халқ сифатида қайд этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар берилган. Хуллас, маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики Туркманистон Республикасида истиқомат қилаётган ўзбеклар узоқ тарихий давр мобайнида ўзлари яшаб турган ҳудудларда шакланишган ва шу ҳудудларнинг тубжой аҳолиси ҳисобланади.
1939 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида Туркманистон ССР аҳолисининг сони 1.251.883 нафар бўлиб, Ашхобод вилоятида 367.550 нафар, Красноводск вилоятида 85.846 нафар, Марв вилоятида 290.341 нафар, Тошовуз вилоятида 255.199 нафар, Чоржўй вилоятида 252.947 нафар киши рўйхатдан ўтказилган75. Ушбу йилда Туркманистонда ўзбеклар сони 107.451 киши бўлиб, туркманлар (741.488 нафар) ва руслар(232.924 нафар)дан кейинги учинчи ўринни эгаллаган ва жаъми аҳолининг 8,6 фоиз улушини ташкил этган76. Аммо рақамларга эътибор қартадиган бўлсак, ўзбеклар сонининг 13 йиллик оралиқдаги (1926-1939 йй.) ўсиш суръати паст бўлиб, атиги 2660 нафарлик кўпайиш кўрсаткичига эга бўлган. Бунинг асосий омили сифатида 1926-1939-йиллар оралиғида оғир ижтимоий турмуш тарзи, коллективлаштириш ва қатағон сиёсатининг оқибати натижасида кўришимиз мумкин. Бу давр оралиғида Туркманистонда ўзбеклар сон жиҳатдан руслардан ортда қолган ва учинчи пағонада турган.
Бу ўринда рус миллати вакиллари сонининг ошишига ХХ асрнинг 30-йилларида Туркманистонда ўтказилган саноатлаштириш тадбирлари туфайли Россиянинг марказий ҳудудларидан юз мингдан ортиқроқ саноатчи-ишчилар оқимининг кириб келиши деморгафик жараёнларга ўзининг сезиларли таъсирини ўтказган.
Собиқ Иттифоқда ўтказилган 1959 йилги рўйхатга олиш тадбирлари шуни қўрсатдики, 20 йиллик даврда (1939-1959 йиллар дис...) Туркманистон аҳолисининг ўсишида бироз турғунлик юз бериб, аҳоли 270 минг кишига кўпайди ва 1.520 минг нафарга етди77. Ушбу йиллар оралиғида Туркманистон аҳолиси йилига бир фоиздан ўсиб борди ва жаъми: 20 йиллик оралиқда 20 фоиз ўсишга эришилди. Бу Иккинчи жаҳон урушига аҳолини сафарбар этилиши билан изоҳланади. 1939-1959 йиллар оралиғида ушбу республикада ўзбекларнинг сони 17.779 кишига кўпайиб, 125.203 кишига етди ҳамда ушбу давр орлиғида 13 фоиз, ўрта ҳисобда йилига 0,6-0,7 фоиздан кўпайиб борганлигини кўриш мумкин.
1959-1970 йилларда демографик ўсиш Туркманистонда истиқомат қиладиган ўзбеклар сонининг 1926 йилга нисбатан 1,7 баробарга кўпайишига олиб келди ва ўзбекларнинг ушбу мамлакатдаги сони 179.517 кишига етди78. 1959 йилдагига нисбатан ўзбеклар сони 54.314 нафарга кўпайиб, 11 йиллик даврда 43,3 фоиз ўсишга эришди. Демографик ўсиш асосан ўзбеклар кўп сонли бўлиб истиқомат қиладиган Шимолий ва Шимолий-Шарқий Туркманистоннинг Чоржўй, Карки, Тошовуз, Кўҳна Урганч ҳудудлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ўзгаришлар тарихнинг кейинги даврларида Туркманистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ўзбек миллати вакиллари тарақалиши учун асос бўлиб ҳизмат қилди.
Туркманистонда 1970-1979 йиллар оралиғида ҳам аҳолининг ўсиш суръатлари юқорилаб борди. Аҳоли йилига 5-6 фоиздан кўпайиб бориб, бунда ўзбекларнинг улуши эса 8-9 фоиз ўсиб бориш атрофида кечди. Натижада 1979 йилга келганда Туркманистонда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг сони 233730 нафарга етиб79, 1926 йилга нисбатан 2,2 баробарга кўпайди. Ўзбек миллати вакиллари Ашхобод шаҳрида 2567 нафарни, Ашхобод вилоятида 1057 нафарни, Краснаводск вилоятида 1957 нафарни, Марв вилоятида 4221 нафарни, Тошовуз вилоятида 161798 нафарни, Чоржўйда 64440 нафарни ташкил этди. Ушбу давр оралиғида Туркманистондаги ўзбеклар сони 54213 нафарга кўпайиб, Туркманистон ҳудудлари бўйлаб тарқалиб бориш географияси кенгайди.
ХХ асрнинг 80-йилларига келганда Туркманистонда ўзбекларнинг демографик ўсиши ўзининг энг юқори кўрсаткичига эришди ва 1979-1989-йиллар оралиғида 83.603 кишига кўпайди. Демографик ўсиш ХХ асрнинг 90-йилларга келганда Туркманистонда истиқомат қиладиган ўзбеклар сонининг 317.332 нафарга етишига олиб келиб80, 1939 йил билан солиштирганда 2,95 баробарга ўсишга эришди ва бу кўрсаткич билан Туркманистон ўзбеклари Марказий Осиё давлатлари орасида 80-йиллар етакчисига айланди.
Хуллас, Туркманистон ўзбеклари сони 1926-1939 йиллар оралиғида демографик ўсиш паст бўлган бўлсада 2660 нафарга кўпайди, 1939-1959 йиллар оралиғида 17.779 нафарга, 1959-1970 йиллар оралиғида 54.314 нафарга, 1970-1979 йиллар оралиғида 54.213 нафарга, 1979-1989 йиллар давомида 83.603 нафарга, умуман олганда 1926-1989 йиллар оралиғида 212.541 нафарга ошиб, 63 йиллик даврда (1926-1989 йй) уч баробарга кўпайган ва бу омиллар эса ўзбекларнинг республикадаги миллий озчилик орасида руслардан кейин иккинчи ўринни эгаллашига асосий туртки бўлган. Таъкидлаш жоизки, Туркманистон Республикаси мустақиллиги арафасида ўзбек миллати вакиллари ушбу мамлакатнинг барча шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб тарқалган эдилар ва ижтимоий ҳаётнинг кўпгина соҳаларида фаолият юритаётганди. Шимолий ва Шимолий-Шарқий Тукманистонда жойлашган Тошовуз ва Лебоп вилоятлари ўзбек миллий озчилиги зич яшаётган ҳудуд бўлиб қолди, ҳозирда ҳам ушбу ҳудудларда ўзбекларнинг асосий қисми истиқомат қилмоқда.
Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида истиқомат қилган ўзбеклар ижтимоий ҳаёти ҳам ўзига хос ҳисобланади. Қозоғистон Республикаси ўзбеклари асосан ушбу мамлакатнинг азалдан Жанубий-Ғарбий вилоятларида, Сирдарёнинг ўрта оқими бўйлаб жойлашган ҳудудларда истиқомат қилишади. Аниқроғи, Жанубий Қозоғистон яъни эски Туркистон вилоятининг Чимкент, Сайрам, Туркистон шаҳарларида, шунингдек, Жамбил вилоятининг Тароз шаҳрига туташ бўлган деҳқончилик воҳаларида зич бўлиб яшашарди. Бу ҳудудларда ўзбеклар салмоғи юқорилигининг асосий омили, азалдан бу жойларда ўзбекларга алоқадор этник гуруҳларнинг яшаши ва ўзбеклар касб-корининг асосини деҳқончилик ташкил этиши билан изоҳланади. Қолаверса 1897 йилдаги аҳолини рўйхатга олишга оид ҳужжатларда Қозоғистонда 4 млн 333 минг аҳоли яшаб, шундан 3.882.350 кишининг қишлоқларда яшаши тўғрисида маълумотлар қайд этилган81.
Қозоғистон ўзбеклари сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик соҳасида жуда катта тажрибага эга бўлиб, улар хўжаликнинг пахтачилик ва донли (бошоқли) экинлар етиштиришда устаси фаранг бўлишган. Айниқса, уларнинг хўжаликларида деҳқончиликнинг боғдорчилик, полизчилик, сабзавотчилик соҳасидаги ютуқлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Қозоғистон ўзбеклари орасида ҳунармандчилик ва чорвачилик хўжалиги билан қўшимча машғулот сифатида шуғулланувчилар ҳам бор эди. Шунингдек, ўзбеклар маиший хизмат кўрсатиш соҳасида, саноат корхоналарида ишчи ва хизматчи сифатида ҳам фаолият юритишган. Совет ҳокимияти йилларида Қозоғистон ўзбеклари орасида маъмурий бошқарув тизимида, маҳаллий ҳукуматлар таркибида ҳам бир қатор шахслар фолият юритишгани маълум.
Аммо айрим манбаларда Қозоғистонда 1897 йилда ўзбекларнинг сони 29,6 минг нафарни ташкил этганлиги82, умумий аҳолига нисбатан ўзбеклар 0,7 фоиз улушга эга эканлиги, баъзи манбаларда эса ўзбекларнинг сони 29,5 минг нафарни, умумий аҳолига нисбатан 0,75 фоиз улушга эга эканлиги83 қайд этилган. 1926 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларича, Қозоғистондаги ўзбеклар сони 129.407 нафарлиги маълум қилинган. Шу ўринда бу маълумотлар 1897-1926 йиллар оралиғида (салкам ўттиз йил ичида) Қозоғистондаги ўзбеклар сони тўрт баробарга кўпайганлигидан далолат беради. Бизнингча, 1897 йилги рўйхатга олиш жарёнида миллий гуруҳларнинг сонини аниқлашда айрим чалкашликларга йўл қўйилган. Чунки бир миллатнинг чорак аср давомида тўрт баробарга кўпайишига фақат демографик омил билан эришиб бўлмайди. Зероки, бу даврдаги статистик маълумотларда ва ҳисоботларда ҳар минг киши туғилишидан 381 таси вафот этганлиги тўғрисида хабардор бўлиш мумкин. Қолаверса 1-6 ёшгача болаларнинг ўлими ҳам юқори кўрсатгичда эди. Бундан ташқари Қозоғистон ҳудудига 1897-1926 йиллар оралиғида ўзбекларнинг кўчириш тадбирлари амалга оширилмаганлиги ҳам тарихий ҳақиқат эканлигини назардан қочирмаслик керак. Бизнингча, 1897 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида ҳозирги Қозоғистон ҳудудий чегарасини ҳисобга олиш керак эмас. Ушбу асослар ўзбеклар сони 1897 йил аҳоли рўйхатида кўрсатилганидан кўп бўлганлиги ҳақидаги фикрни келиб чиқишига асос бўлади. Жумладан, 1897 йилги аҳолини рўйхатга олишнинг якуний статистик маълумотларида Верний уездида 5.896 нафар, Авлиёота уездида 8.474 нафар, Перовский уездида 1450 нафар, Чимкент уездида 52.752 нафар ўзбек миллати вакилларининг истиқомат қилганлиги тўғрисида ҳисобот келтирилган84. Бу жиҳат ҳозирги Қозоғистон ҳудудида ўзбеклар Қозоғистон ССР ташкил топишидан олдинроқ яшаганлигини кўрсатади.
1897 йил аҳолини рўйхатга олиш маълумотларида Қозоғистонда 60 та миллат вакиллари истиқомат қилиб, ўзбеклар 64.261 кишини ёхуд умумий аҳолининг 1,4 фоизини ташкил этган. Жанубий Қозоғистондаги ўзбеклар 33,3 фоизни, бошқа ҳудудларда 0,6 фоизни ташкил этиши билан боғлиқ маълумотлар ҳам мавжуд. Қозоғистон ўзбекларининг 1897-1920 йиллар оралиғида саводхонлик даражаси 5,2 фоизни ташкил этганлиги маълумотларда қайд этиб ўтилган85.
1917 йил ноябр воқеаларидан сўнг, қозоқлар ўзларининг Алаш Ўрда мухториятларини ташкил этишди. РСФСР Халқ Комиссарлари Кенгашининг 1919 йил 10 июндаги фармони билан Қозоғистон ҳудудида Қирғизистон АССР ташкил этилди ва 1920 йилнинг 26 августида РСФСР таркибига Қирғизистон Мухтор ССР сифатида киритилди. 1925 йил июн ойида Қирғизистон АССР Қозоғистон АССР деб қайта номланди ва 1936 йилнинг 5 декабрида Қозоғистон ССР сифатида собиқ Иттифоқнинг тўлақонли аъзоси бўлди86. Бу жараёнлар ўзбеклар ҳаётидаги янги тарихий воқеликлар ва босқичлар вужудга келишига сабаб бўлди.
Сирдарё бўйларида яшаган ўзбеклар анъанавий ҳаёт тарзига эга бўлиб, улар асосан деҳқончилик билан шуғулланишган, аммо чорвачилик соҳаси ҳам улар хўжалик ҳаётининг бир қисми ҳисобланган. Ўзбекларнинг фаолияти шаҳарларда истиқомат қилувчи вакиллари таълим, илм-фан, савдо-сотиқ, шунингдек, ҳунармандчиликнинг турли тармоқлари билан шуғулланишган.
1926, 1939, 1959, 1970, 1979, 1989 йилларда СССРда ўтказилган аҳоли рўйхатлари асосида Қозоғистон ССРда асосан қозоқлар, руслар, немислар, украинлар ва ўзбеклар кўп сонли бўлиб яшаган деган хулосага келинди. (3-иловага қаранг) Қозоғистон АССР аҳолиси 106 та миллат, элат, этник гуруҳ вакилларидан иборат эканлиги қайд этилган бўлиб, статистик ҳисоботларда ўзбеклар сони 129407 нафарни ташкил этганлиги ва умумий аҳолига нисбатан 2,1 фоиз улушга эга бўлганлиги маълум бўлади. Ўзбекларнинг асосий қисми Сирдарёнинг ўрта оқимлари бўйлаб жойлашган ҳудудларда эканлиги кўрсатиб ўтилган ва Еттисув вилоятининг айрим ҳудудларида ўзбекларнинг истиқомат қилиши тўғрисида ҳам аниқ маълумотлар қайд этилган. Аммо, бу ҳудудлардаги ўзбекларнинг улуши ушбу минтақада бир фоизни ҳам ташкил этмаган.
1939 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида Қозоғистон ССРнинг аҳолиси 6.151.102 нафар бўлиб, ўзбеклар 120.655 киши билан қозоқлар, руслар ва украинлардан кейинги тўртинчи ўринни эгаллаган ва жаъми аҳолининг 2 фоиз улушига эга бўлган87. Аммо рақамларга эътибор қартадиган бўлсак, ўзбеклар сони 13 йиллик оралиқда (1926-1939 йилларда-дисс.) ўсиш ўрнига 8752 нафарга камайган. Бунинг асосий омили сифатида 1930-1932 йилларда Қозоғистонда юз берган даҳшатли очарчиликни келтириш ўринлидир88. Зероки, бу йиллардаги очарчилик туфайли Қозоғистонда бир ярим миллион аҳоли қирилиб, бу ҳолат умумий аҳоли сонининг тўртдан бир қисми камайишига олиб келган. Натижада мамлакат ҳудудида истиқомат қиладиган барча миллат вакиллари (руслардан ташқари) сонининг кескин камайиши кузатилган. Бу ўринда руслар ва Европа миллати вакиллари сонининг ошишига ХХ асрнинг 30-йилларида Қозоғистонда ўтказилган саноатлаштириш тадбирлари туфайли Россия ва Украинанинг марказий ҳудудларидан саноатчилар оқимининг кириб келиши ўзининг сезиларли таъсирини ўтказган.
Собиқ Иттифоқда ўтказилган 1959 йилги рўйхатга олиш тадбирлари шуни қўрсатдики, 20 йиллик (1939-1959-йиллар-дисс.) даврда аҳолининг ўсишида бироз турғунлик юз бериб, бу Иккинчи жаҳон урушига аҳолини сафарбар этилиши билан изоҳланади. 1939-1959 йиллар оралиғида ўзбекларнинг сони 15915 кишига кўпайиб, юқоридаги йиллар орлиғида 13 фоиз, ўрта ҳисобда йилига 0,6-0,7 фоиздан кўпайиб борганлигини кўриш мумкин.
1959-1970 йилларда демографик ўсиш Қазоғистонда истиқомат қиладиган ўзбеклар сонининг 1926 йилга нисбатан 1,6 баробарга кўпайишига олиб келди89. Демографик ўсиш асосан ўзбеклар кўп сонли бўлиб истиқомат қиладиган Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент, Сайрам, Туркистон, Тароз шаҳарлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ўзгаришлар тарихнинг кейинги даврларида Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ўзбек миллати вакиллари тарақалиши учун асос бўлиб ҳизмат қилди.
Қозоғистонда 1970-1979 йиллар оралиғида ҳам аҳолининг ўсиш суръатлари пасаймади, аҳоли йилига 5-6 фоиздан кўпайиб борди ва бунда ўзбекларнинг улуши эса 8-9 фоиз атрофида кечди. 1979-1989 йиллар оралиғида ўзбеклар 68.722 кишига кўпайди. Бу омиллар эса ХХ асрнинг 90 йилларга келганда Қозоғистонда истиқомат қиладиган ўзбеклар сонининг 332.017 нафарга етишига олиб келди90.
Хуллас, Қозоғистон ўзбеклари 1926-1939 йиллар оралиғида 8752 нафарга камайган бўлсада, 1939-1959 йиллар оралиғида 15.915 нафарга, 1959-1970 йиллар оралиғида 70.944 нафарга, 1970-1979 йиллар оралиғида 55.781, 1979-1989 йиллар давомида 68.722 нафарга, умуман олганда 1939-1989 йиллар оралиғида 211.362 нафарга ошиб, 63 йиллик даврда (1926-1989 йй) 2,8 баробарга кўпайган ва бу республикадаги миллий озчилик орасида бешинчи ўринни эгаллаган. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон Республикаси мустақиллиги арафасида ўзбек миллати вакиллари ушбу мамлакатнинг барча шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб тарқалган эдилар. Жанубий-Ғарбий Қозоғистон вилояти ўзбек миллий озчилиги зич яшаётган ҳудуд бўлиб қолди, ҳозирда ҳам ушбу ҳудудларда ўзбекларнинг асосий қисми истиқомат қилмоқда.
Қирғизистон Республикасининг вужудга келиши ва шаклланиши тарихи қўйидаги босқичларда кечди. 1924 йил январ ойида советларнинг Бутунтуркистон XII қурултойи “Туркистон республикаларини районлаштириш учун барча тайёргарлик ишларини, иқтисодий ва табиий-тарихий хусусиятлар асосида тугатиш ва шунга мувофиқ маъмурий-хўжалик бошқарувини қайта ташкил этишга киришиш ҳақида қарор қабул қилди”. 1924 йилнинг май ойида Туркистон компартиясининг саккизинчи қурултойи, сўнгра Бухоро ва Хоразм компартияларининг Марказий Комитети ва РКП (б) Марказий Комитетининг Ўрта Осиё бюроси миллий бўлинишини ўз вақтида ва мақсадга мувофиқ деб, тан олиш фонида бошлади. Ўрта Осиё партия ташкилотларининг бу қарори 1924 йил июлида РКП(Б) Марказий Комитети томонидан маъқулланиб, миллий демаркацияга тайёргарлик ишлари 1924 йил сентябрь ойига келиб тугалланиши режалаштирилди91. 1924 йил 16 сентабрда Туркистон АССР МҚнинг навбатдан ташқари сессияси миллий чегараланиш тўғрисида қарор қабул қилди. ХI-чақириқ Бутунроссия Марказий Ижроия Комитетининг иккинчи сессияси 1924 йил 14 октабрда ушбу резолюцияни тасдиқлади ва шундай қилиб, РСФСР таркибида Қора-Қирғиз Мухтор вилояти ташкил этилди. 1925 йил май ойида Қирғиз мухтор вилояти деб қайта номланди92.
Ўзбекистон Миллий Архивининг фондларидаги “Районлаштиришга оид турли материаллар” номли расмий ҳужжатлар йиғма жилдида Қирғизистон мухтор вилояти аҳолисининг сони ва миллий-этник таркиби билан боғлиқ маълумотлар қайд этилган. Жумладан, ҳужжатларда аҳолининг умумий сони ва иқтисодий ривожлантиришни лойиҳалаштиришдаги ўрни ҳақида, шунингдек, “районлаштириш комиссияси”нинг лойиҳалари, вужудга келтирилаётган округларнинг умумий маълумотлари, аҳолининг ҳудудлар кесимидаги жойлашуви, Қирғизистон мухтор вилояти аҳолисининг умумий маълумотлари, шунингдек миллий таркиби тўғрисидаги маълумотлар ҳамда “районлаштириш комиссияси”нинг ҳисоботлари келтириб ўтилган. Ушбу маълумотларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда Қирғизистон мухтор вилоятида истиқомат қиладиган ўзбеклар миллати вакиллари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб ўтилган.
Аҳолининг умумий сони ва иқтисодий ҳолатининг вилоятларни лойиҳалаштиришдаги ўрни ҳақидаги маълумотлар жадвалида қуйидагича ҳисоботлар келтирилган. Қирғизистон мухтор вилоятининг жаъми аҳолиси 706.630 кишини ташкил этиб, шундан қирғизлар 465.695 киши ва умумий аҳолининг 65.9 фоизини, европаликлар 135.460 киши ва умумий аҳолининг 19.2 фоизини, ўзбеклар 96.635 киши ва умумий аҳолининг 13,7 фоизини ташкил этиши тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. Қолган миллат вакиллари сони 8840 кишини ташкил этиб, вилоят аҳолисига нисбатан 1,2 фоиз кўрсаткичга эга бўлган93.
1926 йилга тегишли маълумотлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда Фрунзе, Қоракўл, Норин вилоятларида ўзбек миллати вакилларининг мавжуд эмаслиги аён бўлади. Аммо, Ўш вилоятида жаъми 195.900 киши истиқомат қилиши шундан 66 фоизи яъни 129.275 кишининг қирғиз миллатига мансублиги, 30.4 фоизи 59.645 кишининг ўзбек миллатига мансублиги, 6.980 кишининг эса Европа миллатларига мансублиги қайд этиб ўтилган. Биргина Ўш вилоятининг ўзида яшайдиган ўзбеклар Қирғизистон мухтор вилоятидаги ўзбекларнинг 61,7 фоизини ташкил қилишган.
Жалолобод вилоятида ўзбекларнинг сони 34.940 киши атрофида бўлиб мазкур вилоят аҳолисининг 27,7 фоизини ташкил этган ва аҳолининг ҳар тўрттасидан биттаси ўзбек эканлиги маълум бўлади. 1925-1926 йилларда Жалолободдаги ўзбеклар эса жаъми Қирғизистон ўзбекларининг 36,1 фоизини ташкил этган.
Талас вилоятида кўрстилган йилларда жаъми 11.940 хўжалик мавжуд бўлиб, умумий аҳоли сони 60.550 кишидан иборат бўлган. Жумладан қирғизлар 40.420 кишини, европалик миллатлар 8.080 кишини, ўзбеклар сони 2.050 кишини ташкил этгани кўрсатиб ўтилган ва миллатдошларимиз жаъми Талас аҳолисининг 3,4 фоизини ташкил этган94.
Архив манбасида Фрунзе вилоятининг биргина Александровский волостида 2050 нафар ўзбекларнинг яшаши тўғрисидаги маълумот қайд этилган.95 Аммо айрим ҳужжатларда Фрунзе вилоятида ўзбек миллати вакилларининг умуман яшамаслиги билан боғлиқ маълумотлар ҳам келтирилган. Бизнингча, мазкур вилоятнинг биргина Александровский волостида кам сонли ўзбеклар яшаши туфайли бу ҳақда маълумот бериш зарур эмас, деб ҳисобланган.
“Районлаштириш комиссияси”нинг Қирғизистон мухтор вилоятининг миллий таркиби (рақамлар асосида) берилган махсус жадвалида юқоридаги маълумотлардан бир қадар фарқ қиладиган жиҳатлар намоён бўлди. Жумладан, 1926 йилда Қирғиз мухтор вилоятида истиқомат қилган аҳолининг сони ва миллий таркиби ҳақида маълумот фикримизни тасдиқлайди96. (4-иловага қаранг)
Архив ҳужжатларининг маълумотлари таҳлил қилинар экан, 1926 йилда Қирғизистон мухтор вилоятининг ҳудудларида қирғизлардан сўнг иккинчи ўринда руслар (158.102 киши) учинчи ўринда ўзбеклар (117.906 киши) кам сонли миллатлар сифатида яшаганлар. Ўзбекларнинг энг кўп сонли бўлиб яшайдиган ҳудудлари Ўш (73.359 киши), Жалолобод (29.344 киши) вилоятлар бўлган. Ушбу вилоятлар тарихнинг кейинги босқичларида ҳам ўзбек жамоалари зич бўлиб яшаган ҳудудлар бўлиб қолгандилар.
Айрим манбаларда эса 1926 йилда Қирғизистон мухтор вилоятида ўзбеклар сонининг 109.776 нафар эканлиги ва вилоятлар кесимида Таласда 1186 нафар, Фрунзеда 4945 нафар, Чуйда 214 нафар, Қоракўл 1777 нафар, Норин 657 нафар, Жалолобод 44296 нафар, Ўш 56700 нафар, Пишпек 5159 нафар, Приживалск 2434 нафар ўзбек миллати вакиллари истиқомат қилиши тўғрисидаги маълумотлар аниқланди97.
Хуллас, Қирғизистоннинг 1926 йилдаги аҳолиси тўғрисидаги маълумотларда уч хил рақам, яъни лойиҳалаштириш даврида 96.635 нафарни, мухтор вилоят ташкил топган даврда 109.776 нафарни, аҳолини рўйхатга олиш даврида эса 117.906 нафарни ташкил этган деган хулосага келдик. Асосийси Қирғизистонда истиқомат қилаётган ўзбеклар Ўш, Жалолобод, Боткен ва бошқа вилоятларининг тубжой аҳолиси бўлиб, тарихнинг турли даврларида ҳам бу ҳудудлар уларнинг асл ватанлари бўлиб келган.
Қирғизистондаги ўзбекларнинг ўсиш сурати 1926-1939 йилларда бироз сокин кечди. Ўзбеклар 13 йил давомида 33.645 тага кўпайди. Таҳлилларда 1926 йилдаги аҳолига нисбатан олганда ҳар уч кишидан бир киши кўпайгани маълум бўлади. 1939 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш ишларининг якунига кўра Қирғизистон аҳолиси 1.458.213 кишини ташкил этган. Аҳолининг миллий таркиби юзасидан тузилган рўйхатда ўзбеклар сони 151.551 кишини ташкил этиб, аҳолига нисбатан улуши нуқтаи назаридан қирғизлар ва руслардан сўнг учинчи ҳалқ сифатида қайд этилган98.
Собиқ Иттифоқда 1959 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатдан ўтказиш ишлари натижаларига кўра Қирғизистонда ўзбекларининг сони 218.640 тани ташкил этган99. Маълумотларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, улар 1926 йилга нисбатан 100.734 кишига, яъни 85 фоизга, 1939 йилга нисбатан 67.089 кишига, яъни 57 фоизга кўпайган. 1926-1959 йиллар оралиғида ўзбеклар йилига ўртача 2,6 фоиздан кўпайиб боришган. Бу ўсиш асосан демографик жараённинг натижаси сифатида намоён бўлган. Бу даврда Қирғизистон ўзбеклари сонининг ўсишида Ўш ва Жалолобод вилоятлари етакчилик қилган.
Ўзбеклар сонининг динамикаси жадаллик билан ўсиб бориб, 1970 йилда 332.638 кишига, 1979 йилда 426.194 кишига, 1989 йилда 550.096 кишига етди100. 1970 йилда ўзбеклар Қирғизистонда 1926 йилдагига нисбатан 2,8 баробарга, 1979 йилда 3,6 баробарга, 1989 йилда 4,6 баробарга кўпайди. Ўртача йиллик ўсиш суръати мазкур 63 йиллик давр оралиғида 5,8 фоиз атрофида бўлган. Вилоятлар ва шаҳарлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, 1989 йилда ўзбеклар Ўш вилоятида 205.858 киши бўлиб, вилоят аҳолисининг 28,89 фоизини, Жалолобод вилоятида 175.705 киши, вилоят умумий аҳолисининг 23,64 фоизини, Боткент вилоятида 45.201 кишини, яъни вилоят аҳолисининг 14,5 фоизини, Чуй вилоятида 12096 кишини, вилоят аҳолисининг 1,52 фоизини, Бишкек шаҳрида 10.390 киши, шаҳар аҳолисининг 1,68 фоизини, Ўш шаҳрида 100.846 кишини, ушбу шаҳар аҳолисининг 47 фоизини ташкил этди101. 1989 йилга келганда Қирғизистон ўзбеклари собиқ Иттифоқ ўзбекларининг 3,3 фоизини, дунё ўзбекларининг 2,8 фоизини ташкил этишарди.
Совет ҳокимияти йилларида Қирғизистон Республиксида ўзбеклар сони муттасил кўпайиб бориб, ўзбеклар сонининг ўсишида демографик омил етакчилик қилган102. Ўзбек миллати вакиллари аввало Ўш ва Жалолобод вилоятларида, сўнгра Боткент вилоятларида зич бўлиб яшаган. Шунингдек, Қирғизистоннинг бошқа вилоятлари, 1989 йилга келганда эса ҳатто пойтахт Бишкек шаҳрида ҳам кўп сонли ўзбек миллати вакиллари истиқомат қилишарди. Ўзбеклар бу республика аҳолисининг сони жиҳатдан учинчи ўринда туриб, миллий озчилик орасида ўзига хос мавқеи ва ўринга эга эдилар.
Хуллас, тарихан Марказий Осиёда сони жиҳат катта улушга эга бўлган ўзбеклар Ўзбекистондан ташқари Тожикистоннинг Хўжанд, Қўрғонтепа, Туркманистоннинг Чоржўй, Тошовуз вилоятларида, Қирғизистонинг Ўш, Жалолобод, Боткент каби шаҳар ва вилоятларида, Қозоғистоннинг Туркистон, Сайрам, Ясси, Чимкент каби ҳудудларида кенг тарқалган ва зич бўлиб истиқомат қилишади. Бу ҳудудларда узоқ асрлардан буён яшаб келаётган ўзбеклар асосан суъний суғоришга асосланган деҳқончилик ва боғдорчилик, шунингдек, чорвачилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб, ўтроқ турмуш тарзи асосида яшашган ўзига хос турмуш тарзига, ижтимоий муносабатларга, маданий ва илмий қарашларга эгадир. Ўзбекистон Миллий Архиви фондларида сақланаётган совет даврида аҳолини рўйхатган олиш билан боғлиқ ҳужжатларда бутун Иттифоқда ва марказий Осиё республикаларидаги ўзбеклар сони аниқ рақамларда берилган.


    1. Download 328.73 Kb.

      Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling