Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Минтақа давлатлари ўзбекларининг сони, машғулоти, миллийликни сақлаб қолиш даражаси ва трансформацион жараёни
Download 328.73 Kb.
|
Йўлдошев А.Б. Диссертация ОАК
Минтақа давлатлари ўзбекларининг сони, машғулоти, миллийликни сақлаб қолиш даражаси ва трансформацион жараёни.
Мустақиллик шароитида минтақа мамлакатларидаги ўзбеклар ҳаётида ўзига хос тенденциялар кузатилиб, уларнинг сонида, демографик ўзгаришларида, миллий ўзликни сақлаб қолиш билан боғлиқ мураккаб жиҳатлар намоён бўлиб, ўзбеклар ҳаётида ўзига хос тенденциялар кузатилди. Ўзбеклар кўп сонли бўлиб умригузаронлик қиладиган давлатлардан бири Тожикистон республикасидир. Тожикистон Республикасининг майдони 143,1 минг км2ни, аҳолиси 9,730,000 (2020 йил декабрь маълумоти) нафарни ташкил этади103. Ўзбекистон билан чегараси – 1315 кмга чўзилган. Тожикистон Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, 2 та вилоят (Сўғд ва Хатлон), 58 та туман (шундан 13 таси республикага бўйсунувчи туманлар), 18 та шаҳар, 57 посёлка ва 370 та қишлоқ жамоаларидан иборат104. Давлат тили – тожик тилидир. Тожикистон мустақилликнинг дастлабки йилларида мураккаб сиёсий жараёнларни ўз бошидан кечирди. Фуқаролар уруши ва иқтисодий-ижтимоий муаммолар сабабли Тожикистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари илк бор 2010 йилда, сўнгра 2015 йилда амалга оширилди. Аммо, Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг ҳисоботларида аҳолининг сони билан боғлиқ маълумотлар шакллантириб борилди. 2000 йилдаги ҳисоботларда Тожикистон ҳудудида ўзбекларнинг сони 1.016.249 нафарни ташкил этиши ва умумий аҳолига нисбатан 16,6 фоиз улушга эга эканлиги қайд этилган105. Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Тожикистонда ўзбекларнинг сони ва уларнинг аҳолига нисбатан салмоғи кескин пасайган. 1989 йил ва 2000 йилларни солиштириб таҳлил қиладиган бўлсак, шу 11 йиллик давр мобайнида ўзбеклар сони кўпайиш ўрнига 181.592 нафарга камайган106. Бунинг омиллари сифатида, 1992-1997 йилларда Тожикистонда содир бўлган фуқаролар уруши ва унинг оқибатлари натижасида содир бўлган демографик жараёнлардаги ўзгаришлар ва пасайишлар, аҳолининг ташқи миграцияга тортилиши, тожиклаштириш сиёсатининг амалда тадбиқ этилиши ва аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида ўзбекларнинг этник гуруҳларга (лақайлар, қўнғиротлар, дўрмонлар, қатағонлар, барлос, юзлар, минглар, кесамирлар, семизилар-дисс.) бўлишга уринишларда ўз аксини топади. Тожикистонда 2010 йилда амалга оширилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида ўзбекларнинг сони 2000 йилга нисбатан 89.905 нафарга камайиб, 926.344 нафарни ташкил этган ва умумий аҳолининг 12,2 фоизига уларнинг салмоғига тўғри келган. 2010 йилда Тоғли Бадахшонда 410 нафар, Сўғд вилоятида 329.614 нафар, Хатлон вилоятида 346.303 нафар, Душанбе шаҳрида 48.661 нафар, республикага бўйсунувчи туманларда 201.356 нафар ўзбек миллати вакиллари истиқомат қилишган107. Жараёнлар таҳлили шуни кўрсатадики, ўзбеклар сони камайиб боришининг бу даврга хос хусусияти бевосита Тожикистон Республикасининг ички сиёсатига алоқадор ҳисобланиб, “тожиклаштириш” сиёсатининг таъсири остидаги юз берган тронсформацион жараёнлар натижасидир. Шунингдек, ўзбекларга алоқадор этник бирликларни бошқа халқ сифатида аҳоли рўйхатида қайд этиш ҳолати ҳам қайд этилган. Масалан, лақайлар, қўнғиротлар, дўрмонлар, қатағонлар, барлос, юзлар, минглар, кесамирлар, семизилар каби этник гуруҳлар аҳоли рўйхатида алоҳида миллат сифатида қайд этилган. Аммо, аҳоли рўйхатининг “республика аҳолисини миллати ва она тили бўйича тақсимлаш жадвали”да ушбу этник гуруҳларнинг она тилиси сифатида ўзбек тили қайд этилган. Натижада Тожикистонда ўзбек тилини ўзининг она тилиси сифатида қайд этганларнинг сони 1.054.726 нафарни ташкил этган. Аҳоли рўйхати ҳужжатларида ўзбеклар ва ўзбек тилида сўзлашадиган фуқароларнинг сони орасида 130.382 нафарлик фарқ юзага келган. Кейинги ўн йилликда Тожикистон ўзбеклари сонида ўсиш суръатлари кузатилиб, 2020 йилга келганда Тожикистонда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг сони 1.148.001 нафарга етган ва умумий аҳолининг 11,8 фоизини ташкил этган108. 2010 йилга нисбатан ўзбеклар сони демографик ўсиш натижаси 221.657 нафарга кўпайган. ХХ асрнинг сўнгги йиллари ва ХХI аср дастлабки ўн йиллигида Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари ўтасида чегаравий муаммолар кескинлашуви, виза чекловлари, зув захиралари ва энергетика (электр токи ва газ) ресурсларидан фойдаланишдаги келишмовчиликлар, транспорт-коммуникация тизимларида магистрал йўллардан ўтиб-қайтишнинг таъқиқлангани каби зиддиятлар бу мамлакатдаги ўзбеклар одатий меёрий ҳаёт тарзига ўз таъсирини кўрсатди. Аҳолига тожик тилида мулоқот қилишнинг шарт этиб қўйилиши, Сўғд ва Хатлон вилоятларида ўзбекча жой номларини қайта номлаш ҳаракати, ўзбек тилидаги ўқув қўлланма ва дарсликларининг Ўзбекистондан келмай қолиши, Хўжанд-Тошкент, Душанбе-Самарқанд қуруқлик транспорти орқали қатнови, Тошкент-Душанбе йўналишида фуқаро авиацияси қатнови кабилар тўхтатиб қўйилиши каби нохуш ҳолатлар кузатилди. Ҳатто қаҳвахона ва ошхоналардан “Ўзбек таомлари” афишалари олиниб, Ўзбекистон шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Шаҳрисабз каби номлар билан уларни аташга ўтилди109. Ўзбекистон-Тожикистон чегаралари кучайтирилди, 1999 йилда икки давлатнинг чегара чизиғи миналаштирилиб, 2002 йилга қадар тинч аҳолидан 13 нафар киши ҳалок бўлди, оддий аҳолининг чорва моллари зарар кўрди. “Рельс уруши” туфайли Тожикистон Ўзбекистонни қамал қилишда айблади, ҳудудий даъволар келиб чиқди. Икки мамлакат ўртасидаги зиддиятли тўқнашувлар 2009, 2011 йилларда ҳам давом этиб, 2011 йилда Ўзбекистон Термиз-Қўрғонтепа йўлини беркитди. Тожикистон Республикасига озиқ-овқат, қурилиш материаллари, гуманитар ёрдамлар келиши қийинлашди. Тожикистонда Роғун ГЕСИ қурилиши масаласида Ўзбекистон Позицияси кабилар ҳам мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга ўз таъсирини кўрсатди. Ўзаро ҳамкорлик алоқларининг ёмонлашуви иккала томон ҳам бирдек айбдор бўлиб, умумминтақавий муаммоларни ҳал этишга ўз манфаатлари ва идеологияси жиҳатдан ёндашишди. Давлатлараро ва ҳукуматлараро муносабатларни халқаро меъёр ва ҳар бир давлат манфаатини ҳисобга олган ҳолда муаммоларни музокара билан ҳал қилиш сари йўл тутмади. 1992-1997 йилларда Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида тожиклар сингари бу мамлакатдаги ўзбеклар ҳам фожиали воқеаларни бошдан кечиришди. Ушбу урушда ҳалок бўлганлар сони маълумотларга қараганда 40 мингдан 100 мингтагача каби рақамларда қайд этилмоқда, 100 минг киши майиб-мажруҳ бўлди ёхуд ўз боқувчисидан ажралди, 50 минг уй-жой вайрон этилиб, катта миқдордаги озиқ-овқат захиралари йўқотилди, мамлакат 7 млярд АҚШ доллари миқдорда зарар кўриб, 1 млн киши чет мамлакатларга муҳожирликка кетди, 650 минг сонли аҳоли мамлакат ичкарисига ички миграция жараёнларини бошдан кечирди110. Улар орасида минг-минглаб ўзбеклар ҳам бўлиб, улар Ўзбекистон, Эрон, Афғонисон ва қўшни Марказий Осиё республикаларида маълум муддат муҳожирликда жон сақлашга мажбур бўлдилар. Тожикистондаги биродаркушликни бартараф этишда МДҲ давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам қўшни тожик халқига озиқ-овқат, кийим-кечак, тиббий асбоб-ускуналар билан моддий ёрдам кўрсатди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, тинчликни ўрнатишда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон биттадан харбий баталиони Тожикистонга юбориб, ҳарбий кўмак кўрсатишди. Тадқиқотларда келтирилишича, Тожикистонга кўрсатилган гуманитар ёрдамнинг 51,6 фоизи АҚШ, 6,2 фоизи Германия, 5,5 фоизи Қозоғистон, 3,9 фоизи Россия Федерацияиси, 3,1 фоизи Хитой, 2,9 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган. Ўзбекистон Тожикистон фуқаролар уруши гирдобига қолган йилларда қардош тожик халқига 100 тонна ун, 10 тонна гуруч, 5 тонна шакар, бир вагон дори-дармон, чодирлар, кўрпа тўшак, болалар кийимлари, оёқ кийимлари юборди111. Тожикистон фуқаролари асосан уруш ҳаракатлари бартараф этилганидан сўнг, ўз азалий жойларига қайтарилди. Бироқ ортда қолган уруш ўзбек миллатига мансуб Тожикистон фуқароларига маънавий жиҳатдан унутилмас қайғу-ҳасрат, дард-алам асорати қолдирди. Ўзбек миллати тожиклар ва Тожикистондаги бошқа миллатлар билан ҳамжиҳатликда вайрона уйларни қайта тиклади, хўжалик ҳаётини янгидан йўлга қўйди, мамлакат ободончилиги ва ривожи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Тожикистон Республикасида ўзбекларнинг анъанавий, тинч-осуда ҳаётига таъсир этган омиллардан яна бири ушбу мамлакатда сиёсий қарашлар ва ғоялари турлича бўлган асосан миллий характердаги ташкилотларнинг ўта миллатчиликка қаратилган фаолияти ҳам бўлганди. Ушбу ташкилотлар фаолияти мустақиллик арафасида ва истиқлолнинг кейинги йилларида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва миллатлараро муносабатлардаги барқарорликка ўз салбий таъсирини кўрсатди. “Рў ба рў”, “Ситоди нажоти Ватан”, “Хўчанд”, “Эҳён”, “Ошкор”, “Дирофиши Кофиён”, “Таҳдид” каби жамоат уюшмалари, “Бахтар”, “Самарқанд”, “Куруши кабар”, “Сўғдиён”, “Вахдат”, “Пайванд” каби ҳаракат ва жамиятлар, “Лаъли Бадахшон”, “Ҳисори Шодмон”, “Меҳри Хатлон”, “Зарафшон”, “Истаравшон”, “Ватан”, “Хўжадиён”, “Холидилон”, “Носири Хисрав”, хуллас, 20 дан ортиқ ташкилотлар жамият аъзоларини гуруҳларга бўлиб юборишда, миллий озчилик маданий марказлари ва компартияга оппозиция сифатида ўзларини намоён этдилар112. Тожикистонда давлат билан ислом диний уламолари ўртасидаги очиқдан-очиқ мафкуравий курашлар, миллий озчиликнинг миллий ўзлиги ва анъанавий хаёт тарзини сақлаб қолишдаги хадиксираш хавфи юзага келтирди. Этнослараро муносабатларни тинч йўл билан жамоатчилик ва давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этиш, оз сонли миллатларни камситмасдан улар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда мувозанат бир қадар издан чиққанлигини эътироф этиш керак. Тожикистон Республикасида миллий озчилик сифатида ўзбеклар ижтимоий-психологик, маънавий-маърифий дунёқарашга, ўз таъсирини кўрсатган салбий омиллардан яна бири ушбу мамлакатда таълим тизими босқичларида тожиклаштириш тенденцияси устун бўлиб келганлиги билан боғлиқ жиҳатни намоён бўлиши ҳам эди. Совет ҳокимияти йилларида Тожикистон Республикасида ўзбек тилидаги мактабгача таълим, бошланғич таълим ва ўрта таълим муассасаларининг ўзбек тилидаги барча тармоқлари фаолият юритарди. Қўрғонтепа, Қўлоб, Хўжанд ва Душанбе олийгоҳларида ўзбек тили бўлимлари мавжуд бўлиб, уларни ўқитувчи кадрлар, ўзбек тилидаги ўқув қўлланма ва дарсликлар билан таъминлашга эътибор қаратилган. Тожикистон мустақиллиги йилларида ўзбек мактабларида 20-30 ўқувчили ўзбек синфларида бор йўғи 2-3 та дарслик билан иш кўришга тўғри келганлиги, олийгоҳларда асосан тожик ва рус тилларида таҳсил олиш жорий қилинганди. Ўзбек оилалари аввал бошдан фарзандларини тожик мактабларига ўқишга бериш орқали улар келажагини таъминлашга ҳаракат қилганлар. Тожикистонлик ўзбеклар билан шахсий мулоқотларда амин бўлиндики, 2009 йилда Тожикистонда қабул қилинган “Тил тўғрисидаги” қонун ва 2010 йил аҳолини рўйхатга олиш тадбирларидан сўнг, тожик тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ошган. Рус тили ва бошқа тилларнинг мавқеи пасайиб, ҳатто, бир қатор ўзбеклар фуқаролик паспортига “тожик” миллатига мансуб эканлигини қайд этганлар. Тарихий зарурат туфайли ўзбеклар тожик тилида таълим олишни, касб эгаллашни маъқул кўрганлар113. 2009 йил “Тил тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан сўнг, миллий озчилик аъзолари тожик тилида тест топширгандан сўнг олий ўқув юртига кириши билан боғлиқ талаб асосида Душанбеда тест маркази ташкил этилди. Хуллас, Тожикистон Республикасида ўзбекларнинг ҳаёти ва фаолияти ушбу давлат мустақиллиги йилларида силлиқ кечмади. Марказий Осиё республикалари мустақилликка қадар миллийликнинг муҳим белгиси бўлган тил масаласида, мулоқот тилини танлашда ҳам бир қатор трансформацион босқичларни босиб ўтишди. Жумладан, 1917 йил, яъни совет ҳокимияти ўрнатилган даврга қадар ҳозирги Тожикистон Республикасида асосан тожик ва ўзбеклар яшаган, шу сабабли икки тиллик, тожик-ўзбек, ўзбек-тожик тилларида мулоқот қилиш етакчилик қилган. Помир аҳолиси орасида улар турли диалетклардаги этник гуруҳлар бўлгани учун умумий мулоқот тили тожик тили эди. ХХ асрнинг 20-30 йиларида Марказий Осиё халқлари таркибидаги миллий ўзгаришлар (эвакуацион, депортация, кўчириш сиёсати, миграция кабилар) 1960-1970 йилларда содир бўлган йирик саноат корхоналари барпо этиш, янги еларни ўзлаштириш каби жараёнлар туфайли тожик-рус, рус-тожик тилида мулоқот тенденцияси кучайди. Совет ҳокимияти йилларида ягона “совет халқи”ни шакллантириш, аслида “руслаштириш” сиёсати юритилиши оқибатида ушбу республикадаги аҳоли, айниқса, ёшлар ўзбек, қирғиз, қозоқлар билан рус тилида мулоқот қила бошладилар. Мустақиллик туфайли тожик тили давлат тили даражасигда расмийлаштирилгандан сўнг, 1990 йилларда тожик тилининг роли ошиб, айрим Шааргуз, Кобадиён, Турсунзода каби мультиэтник ҳудудларда тожик тили ягона тил сифатида қўлланила бошланди. Искон аҳоли (тожик миллатига мансуб бўлмаган аҳоли-дисс.) давлат тилини билиши шарт қилиб қўйилди114. Биргина Тожикистон Республикасида мулоқот тилининг амал қилиши жараёни тўртта босқични босиб ўтганлиги аён бўлади. 2010 йилда Тожикистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида 926.344 нафар ўзбекдан 483.554 нафари тожик тилини, 93.187 нафари рус тилини, 1.779 бошқа тилларни ўзининг иккинчи тили сифатида кўрсатган бўлса, 343.873 нафар тожикистонлик ўзбеклар ўзбек тилидан бошқа тилни билмасликлари қайд этилган115. Тожикистон аграр-индустриал давлат бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизи қишлоқ хўжалиги, 20 фоизи саноат, 10 фоизи қурилиш ва қолган қисми хизматлар соҳасига ҳиссасига тўғри келиб, мамлакат иқтисодий ҳаётида ўзбекларнинг фаоллиги салмоқли ўрин эгаллайди. Тожикистон ўзбекларининг 35 фоизи, яъни 323.297 нафари иқтисодий фаол фуқаролар саналиб, уларнинг 307.007 нафари меҳнат фаолияти билан банд саналишади. Меҳнат билан банд бўлган ўзбекларнинг 174.305 нафари ёлланиб ишласа, 49 нафари иш берувчи, 15.931 нафари якка тартибдаги тадбиркор, 109.726 нафари ўз хўжалигида фаолият олиб боради, 5272 ишлаб чиқариш билан, 518 оилавий тадбиркорлик ва турли соҳаларда 1.206 нафари фаолият юритишади116. Тармоқлар ва соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, қишлоқ хўжалигида 194.001 нафар, кончиликда 3.119 нафар ўзбеклар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари ўзбек миллати вакиллари ишлаб чиқариш тармоқларида, жумладан, озиқ-овқат саноати соҳасида 1593, ичимлик ишлаб чиқаришда 981 тўқимачилик ва кийим-кечак тайёрлашда 1732, чарм-пойафзал ва ёгочга ишлов бериш 513, қоғоз ишлаб чиқариш ва полиграфияда 800, нефтни қайта ишлаш ва кимё соҳасида 331, фармацевтикада 401, резина-пластмас ва минералларни қайта ишлашда 823, метал ишлаб чиқаришда 3.288, электроника ва электр маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 345, Электр, газ, буғ саноатида 993, чиқиндиларни қайта ишлашда 618, қурилиш тармоғида 18.638, хизматлар, улгуржи ва чакана савдо тармоғининг автомобил савдосида 767, улгуржи савдода 1.321, ер ва ҳаво транспортида 5.403, ресторанларда 1.487, алоқа ва ахборотни қайта ишлашда 1242, молия ва суғурта соҳасида 515, марказий идора ва бошқарувда 366, архитектура ва инжинерингда 600, илмий тадқиқотларда 85, аренда ва лизинг соҳасида 356, бандликда 228, туризмда 286, хавфсизликни таъминлашда 192, ландшафт дизайнда 1.362, давлат бошқаруви ва мудофада 9.644, маорифда 21.318, тиббиёт соҳасида 7.897, уй-жой ва аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида 2047, санъатда 238, спортда 151, кутубхона, архив ва музейларда 702, жамоат ташкилотларида 432, компютер ва ахборот хизматида 262, индивидуал фаолият билан 1.266, касаначиликда 2.201, халқаро ташкилотларда 775 нафар ўзбек миллати вакиллари фаолят юритмоқдалар117. Хуллас, Тожикистондаги ўзбеклар ушбу республикасининг барча хўжалик ва иқтисодиёт тармоқларида фаолият юритиб келмоқда. Туркманистон Республикасининг майдони – 488,1 км2ни, аҳолиси 6.096.347 (2020 йил декабрь ойи маълумоти) нафарни ташкил этади. Ўзбекистон билан чегараси – 1621 кмга чўзилган. Туркманистон Ашхобод шаҳри ва 5 та вилоят, 49 та этрап (шундан 6 таси шаҳарлар таркибидаги этраплар-дисс.), 51 та шаҳар, 62 посёлка ва 1717 та қишлоқ жамоаларидан иборат118. Давлат тили – туркман тилидир. Туркманистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг илк бор ушбу мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 1995 йилда амалга оширилди. Мустақил Туркманистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш натижалари сарҳисоб қилинганида ҳам ўзбекларнинг демографик ўсиш суръатлари юқорилигича қолганлиги аниқланди. 1989 йилга нисбатан олти йил давомида (1989-1995 йиллар-дисс.) ўзбек миллати вакилларининг сони йилига ўртача ўн беш минг кишига кўпайиб борди ҳамда ушбу мамлакатда улар сони қисқа тарихий даврда 89.777 нафарга ўсишга эришди. Туркманистонда 1995 йилда амалга оширилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларида мамлакатдаги жаъми аҳоли 4.437.570 нафарни ташкил этиб, мамлакатда ўзбекларнинг сони 407.109 кишига етганлиги ва Туркманистон умумий аҳолисининг 9,2 фоизни ташкил қилганлиги қайд этилган119. Демографик ўсиш суръатлари Туркманистонда 1989-1995 йиллар оралиғида ўрта ҳисобда йилига 2,5 фоиздан ошиб бориб, эркаклар 48,8 фоизни, аёллар эса 51,2 фоизни ташкил этган. Аҳолининг 31,1 фоизи шаҳарларда, қолган 68,9 фоизи қишлоқларда истиқомат қилиб, асосан дарёларга туташган деҳқончилик воҳалари бўйлаб тарқалган эди. 1989-1995 йиллар оралиғида урбанизацион жараёнлар секин кечиб, ўрта ҳисобда 0,7-0,8 фоизни ташкил этганлиги аҳоли рўйхати ҳисоботларида қайд этилган. Ўзбеклар қисқа тарихий даврда йилига ўртача 5 фоиздан кўпайиб бориб, мамлакатда сони бўйича иккинчи миллатга айланган. Рус миллати вакилларининг миграцион жараёнларга тортилиши ва улар сонининг Туркманистонда кескин пасайиши натижасида ўзбеклар кам сонли миллатларнинг етакчисига айланган. Манбалардаги маълумотлар шуни тасдиқлайдики, кейинги ўн беш йилликда (1995-2010 йиллар-дисс.) ҳам ўзбекларнинг салмоғи ушбу мамлакатда ортиб бориб 479.000 кишини ташкил этган ва 71.891 нафарга кўпайган120. Туркманистон ўзбекларининг демографик ўсиш суръати 15 йиллик давр мобайнида йилига 4.800 нафарни ташкил этиб, умумий ўзбеклар сонига нисбатан 1,2-1,3 фоиздан кўпайиб борган ва бу туркманистон аҳолисининг демографик ўсиш натижалари билан деярли бир хилдир. Аммо Туркманистон ҳукумати томонидан тарқатилган кўплаб маълумотларда ўзбеклар сонини яшириш, ўзгартириб кўрсатиш холатлари кўзга ташланмоқда. Миллий озчилик сонини ўзгартириб кўрсатиш сиёсати барча миллат ва элат вакилларига нисбатан кенг кўлланилиб, туркман миллати вакилларининг салмоғини ошириш мақсади кўзланган эди. Аслида Туркманистоннинг 1989, 1995 ва 2010 йилларда этник таркиби сон ва фоиз ҳисобида ўзгариш динамикаси кузатилади121. (5-иловага қаралсин). 1989-2010 йилга қадар туркманлар фоизи 4,6га, ўзбеклар эса 0,4 фоизга ўсганлиги аён бўлади. Аксинча руслар салмоғи 9,5 фоиздан, 3,2 фоизгача пасайиб, учинчи ўринга тушиб қолганлиги, ўзбеклар 1995 йилда 9,2 фоиз билан иккинчи ўринга кўтарилганлиги кузатилади. Мустақилликнинг йигирма йиллик даврида Туркманистон ўзбеклари амалда демографик ўсишда туркманлардан ортда қолмаган бўлсада, аммо уларнинг рақамлардаги ўсиш суръатлари туркманларга нисбатан паст бўлди. Ўзбеклар мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол туфайли Россия Федерацияси, Туркия, Эрон, МДҲ ва Европа давлатларига ишлаш ва яшаш мақсадида кўчиб ўтишди122. Бу омил ўзбекларнинг демографик ўсиш суръатларининг бироз пасайишига сабаб бўлди. Бундан ташқари Туркманистонда олиб борилган ички миллий сиёсат туфайли айрим ўзбек оилалари ўзларининг фарзандлари ҳужжатларига туркман миллатига мансуб эканлигини кайд эттирганликлари маълумотларда ўз тастиғини топди. Бу омиллар эса Туркманистон ўзбекларининг сонини аниқлашда қийинчиликларни келтириб чиқарди. 2001 йил 18 февралда Президент Сапармурод Ниёзов Туркманистон Халқ Кенгашидаги ҳисоботида «Туркманистонда 40 дан ортиқ миллат вакили борлигини, улар билан тинч ва ҳамжиҳатликда яшаётганлигини, мамлакат аҳолисининг 3 фоиз ўзбеклар, 2 фоиз руслар, маҳаллий миллат ҳисобланган туркманлар эса мамлакат аҳолисининг 91 фоизни ташкил этишини” эълон қилди123. Бундай ҳақиқатдан йироқ ва кутилмаган маълумотлар кўплаб мутахассислар ва халқаро ташкилотлар томонидан ўрганилганда асоссиз эканлиги аниқланиб, кенг жамоатчиликка ҳақиқий аҳвол тўғрисида аниқ маълумотлар тақдим этилди. Шундай қилиб, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Туркманистон аҳолиси 2001 йилда 5 миллион кишини ташкил этиб, ўзбекларнинг 9,3 фоиз, руслар эса 3,5 фоиз улушга эга эканлиги ўз тасдиғини топди124. Туркманистонда 2012 йил декабрида бўлиб ўтган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра Туркманистон аҳолиси аслида беш миллионга ҳам етмаган. Aҳолини рўйхатга олиш пайтида Туркманистонда 4.751.120 киши яшаган. Уларнинг 2.418.115 нафари ёки 50,9 фоизини аёллар, 2.332.005 ёки 49,1 фоизини эркаклар ташкил этиб, 125 мингга яқин Туркманистон фуқароси мамлакат ташқарисида яшаши тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган. Уларнинг 42 мингга яқини талабалар, мингга яқини хориждаги давлат муассасалари ходимлари, 82 минг ишлашга кетганлар "чет элда вақтинча истиқомат қилувчилар" рўйхатига киритилган. Этник таркиби бўйича 85,6 фоиз туркманлар, 5,8 фоиз ўзбеклар, 5,1 фоиз руслар, қолганларнинг ҳаммаси бошқа миллат вакиллари сифатида қайд этилган125. Аммо 2012 йилнинг январь ойи ўрталарида Женевада (Швейцария) бўлиб ўтган БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг йиғилишида қатнашган Туркманистон делегацияси расмий вакилларининг мамлакат аҳолисининг миллий-этник таркиби тўғрисида бир-биридан фарқли маълумотларни эълон қилишган. Унга кўра туркманлар Туркманистонда умумий аҳолининг 80 фоизга яқинроғини, ўзбеклар 9 фоизидан сал камроғини, руслар - 2,2 фоизини, қозоқлар - 0,4 фоизни, бошқа миллатлар 10 фоизни ташкил этишини маълум қилишган126. Юқорида келтирилган далиллардан кўриниб турибдики, Туркманистон Республикасида туркманларнинг салмоғини кўтаришни бошқа миллатлар сонини сунъий равишда камайтириш эвазига амалга ошириш мақсади қўзланган. Бундай ноаниқ статистик маълумотлар Туркманистонда истиқомат қилаётган барча миллатлар қаторида ўзбекларнинг сонини аниқлашда чалкашликларни келтириб чиқаради. Туркманистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари амалга оширилган 1995 ва 2012 йиллардаги маълумотларда икки даврдаги фарқ кишини таажжубга солади127. (6-иловага қаранг) 1995-2012 йиллар оралиғида Туркманистон аҳолисининг миллий таркибида содир бўлган ўзгаришлар таҳлил қилинганда туркманлар ва озарбайжонлардан ташқари барча миллий-этник гуруҳларнинг сони камайган. Белужлар, татарлар, арманлар ва украинлар бутунлай йўқолиб кетган. Ўзбекларнинг сони 132.694 нафарга, россияликлар сони 37.010 нафарга, бошқа миллатлар гуруҳига кирувчи этник гуруҳлар 21.316 нафарга камайиб кетганлиги, Туркманистонда 2012 йилда амалга оширилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларининг нохолис ўтказилганлигидан далолат беради. Қиёсий таҳлиллар натижасида ва айрим манбаларнинг маълумотларига (аҳоли рўйхатининг 2010 йилдаги маълумотлари асосида-дисс.) таяниб айтадиган бўлсак 2012 йилга келганда Туркманистондаги ўзбеклар сони 500 минг атрофида бўлган ва улар мамлакат аҳолисининг 9,3 фоизини ташкил этган. Туркманистонда 2018 йил аҳоли сони 5,8 миллион кишини ташкил этиб, 1990-2018 йилларда 2,2 млн кишига ўсиб, ўртача йиллик кўпайиш 1,6-2,2 фоизни ташкил этди. 1990-2017 йилларда Туркманистонда аҳолининг туғилиш, ўлим, табиий кўпайиши маълумотлари барча миллатлар каби ўзбекларнинг сонини ҳам юқорилаб борганлигни кўрсатади128. 2020 йилнинг охирларига келганда Туркманистон аҳолиси 6.084 минг кишини ташкил этиб, ўзбекларнинг сони 428 минг нафарга етганлиги тўғрисидаги маълумотлар халқаро ташкилотлар томонидан тақдим этилган129. Аммо тўпланган маълумотларни қиёсий таҳлили натижасида шуни аниқ айтиш мумкинки, Туркманистон ўзбекларининг сони 550 мингдан кам эмас. 1989 йилдан 2010 йилга қадар Туркманистонда миграцион жараёнлар 2 баробар кўпайиб, русизабон миллат вакилларининг Россия Федерациясига кўчиб ўтиши натижасида рус тилида сўзлашувчи миллат вакилларининг сони 334 мингдан 165 минг нафарга тушиб қолишига олиб келди. 2012 йилда мамлакатдан Россия Федерацияси, Туркия, Эрон, МДҲ давлатлари ва Европага 150 минг туркман фуқароси чиқиб кетди. Шундан 110 минги хорижда доимий яшаш учун мамлакатни тарк этган. 2010-2017 йилларда Россияда салкам 24,4 минг эмигрантлар доимий яшаб қолди. Бу жараёнлар ўзбеклар ҳаётида ҳам кузатилиб, уларнинг Туркманистондаги салмоғига ўз таъсирини ўтказди. Мамлакат аҳолисини прогнаозлаштириш бўйича БМТ эксперт комиссияси ҳисоб-китобича 2100 йилга қадар Туркманистон аҳолиси сони камайиб боради. Туркманистон Республикасидан 2018-2019 йилларда муҳожирлик тўлқини Озарбойжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга кучайди, бироқ асосий миграцион йўналиш Туркия ва Эронга қараб ўсиб бормоқда. 1990-2018 йилларда Туркманистон мигрантлари сони жаъми: 533 минг кишини ташкил этиб, шундан туркманлар 107 минг, руслар 217 минг, қозоқлар 123 минг, украинлар 26 минг, белоруслар 6 минг, яхудийлар 2 минг, немислар 2 минг, бошқа миллатлар 50 минг нафарни ташкил этади130. Ўзбеклар ушбу рўйхатда бошқа миллатлар таркибига киритилганлиги сабабли уларнинг аниқ сонини белгилаш имконияти йўқ. Албатта, миграция жараёнларининг турли кўринишлари авж олган бир пайтда (ички, ташқи, меҳнат, қонуний, ноқонуний, транзит ва хоказо-дисс.) Туркманистон ҳукумати ташвишга тушиб бир қатор тадбирлар кўрди. 1993 йил 23 декабрда Туркманистон фуқароларига 2 мамлакат (Россия ва Туркманистон-дисс.) фуқаролигини олиш ваколатини берадиган қонун қабул қилинганди. 2008 йилда янги президент Г.М.Бердимухаммедов Россия федерациясига чиқиш учун чет эл паспортини жорий қилди. 2013 йил 10 июлда қабул қилинган фармон билан икки давлат фуқаролиги ваколати узил-кесил тугатилди131. Тадқиқот таҳлили шуни кўрсатдики, ўзбеклар Туркманистонда мутассил кўпайиб борди ва демографик ўсиш кўрсаткичлари бўйича миллий озчилик орасида етакчи ўринда эди. Қолаверса, ўзбеклар Туркманистондаги бошқа миллатларга нисбатан ўз яшаш жойларига мустаҳкам боғланган бўлиб, ўзлари азалдан яшаб турган жойларини кўп сонли бўлиб тарк этмадилар. Улар Туркманистон Республикаси шимолий, шимолий шарқий ҳудудларида яшаб, ўз машғулотлари билан шуғулланишда давом этдилар. Марказий Осиё мамлакатлари қаторида Туркманистон Республикаси ўзбекларида 1990 йиллар охири-XXI аср дастлабки ўн йиллигида трансформация жараёнлари кечди. Мамлакатдаги ўзбек мактаблари сони кескин қисқарди. Давлат тили ҳисобланган туркман тилида таълим олиш мажбурий қилиб қўйилди. Ўзбеклар келажакни ўйлаб давлат тили ўқув даргоҳларига ўз фарзандларини бердилар, айримлар паспортининг миллати деган жойига “туркман” деб ёздирдилар. Туркманистонда 19 тадан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақида расмий ҳужжатлар қабул қилиниб, мамлакат бу йўналишда 29 конвенцияга аъзо бўлиб кирган бўлсада, миллий озчиликка нисбатан дискриминация сиёсатини юритади132-деб маълумот берилади чет эл манбаларида. Туркманистон Республикаси аграр-индустриал давлат ҳисобланиб мамлакат ҳаётида қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Қолаверса кейинги йилларда Туркманистонда қурилиш саноатининг салмоғи сезиларли даражада ўсди. Бундан ташқари ишлаб чиқариш саноатининг ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ялпи ички маҳсулотдаги ўрни юқорилаб мамлакат ижтимоий ҳаётида сезиларли ўзгаришларни содир этди. Шу шароитда Туркманистон ўзбекларининг мамлакат иқтисодий ҳаётига кўшаётган ҳиссаларининг салмоғи ўсишига таъсир кўрсатди. Туркманистонда ўзбекларининг 37 фоизи иқтисодий фаол фуқаролар ҳисобланиб, 180 минг киши меҳнат лаёқатига эга. Уларнинг асосий қисми, яъни 98.751 (54,8 фоиз-дисс.) нафари қишлоқ ҳўжалигининг турли тармоқлари билан шуғулланадилар. Саноат, кончилик ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида ўзбек миллати вакилларининг 32.103 нафари ёки меҳнатга лайоқатли ўзбекларнинг 17,8 фоизи фаолият юритиб, мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини кўшмоқда. Жумладан; нефть ва газни қазиб олиш ва қайта ишлаш саноатида 3.931 нафар, метал маҳсулотлари қазиб олиш ва қайта ишлаш саноатида 1427 нафар, озиқ-овқат саноати соҳасида 1784 нафар, тўқимачиликда ва кийим-кечак саноатида 2499 нафар, ёғоч ва мебель саноатида 674 нафар, қоғоз саноатида 437 нафар, фармацевтикада 471 нафар, кимё саноати ва минералларни қайта ишлашда 1.863 нафар, электр ва электр маҳсулотлари саноатида 379 нафар, қурилиш саноатида 18.638 нафар ўзбек миллати вакилларининг самарали меҳнатини таъкидлаш ўринлидир133. Бундан ташқари ўзбеклар улгуржи ва чакана савдо, транспорт, хизмат тармоқлари ҳисобланган юк сақлаш, почта, мехмонхона, қаҳвахона, ресторан, туризм хизматларида, нашриёт, телеведения, алоқа, молия, суғурта, ҳуқуқ соҳасида марказий идора ва бошқарувда, архитектура ва инжинеринг, илмий тадқиқотларда, давлат бошқаруви идораларида, мудофаа тизимида, маориф ва тиббиёт тизимида, санъат, спорт, маънавият-маърифат соҳасида, шунингдек, халқаро ташкилотларда кўплаб ўзбек миллати вакиллари фаолият юритмоқдалар. Бу омиллар ўзбекларнинг Туркманистоннинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаганидан далолат беради. Қозоғистон Республикасининг майдони – 2 миллион 724,9 км2ни, аҳолиси 18.632.169 (2020 йил январь ойи маълумоти) нафарни ташкил этади. Қозоғистон 14 та вилоят, 161 та вилоятга бўйсунувчи ва 16 шаҳарга бўйсинувчи туманлар, 3 та йирик, 38 та ўрта, 47 та кичик типдаги шаҳарлар, 241 посёлка ва 2253 та қишлоқ жамоаларидан иборат134. Давлат тили – қозоқ ва рус тилларидир. Ҳозирги даврда ўзбекларнинг Қозоғистондаги ҳудудлари бўйлаб тарқалиши, сони, ижтимоий мавқеи, машғулотлари, миллий-маданий марказлари, уюшмалари масалалари ҳақида маълумот бериш ҳам тадқиқот доирасида қамраб олинган. Ўзбеклар Қозоғистон Республикаси аҳолисининг ҳозирда 3 фоиздан ортиғини ташкил этиб (айрим маълумотларда 3,2 фоиз-дисс.) қозоқ ва руслардан сўнг учинчи ўринда туради. Агар 1999 йилда Қозоғистон ўзбекларининг сони 370 минг кишини ташкил этган бўлса (2,5 фоиз), 2015 йилда 520 минг кишига етиб (3,04 фоиз) салкам 1 фоизга ўсди135. Қозоғистонда ўзбеклар сони ўсиб бориш динамикасини ушбу мамлакатда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида яққол намоён бўлади136. (7-иловага қаранг). Муҳими шундаки, ўзбеклар сони ушбу мамлакатда табиий ўсиш ҳисобига ошган бўлса, Қозоғистондаги бошқа миллий озчиликка мансуб миллат ва элатлар сони асосан миграция жараёни асосида ошган ёки камайиб борган. Ўзбеклар жойлашган ҳудудлар географияси кенг бўлиб, уларнинг асосий қисми Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларига яқин ҳудудларда узоқ тарихий даврлардан буён кўп сонли бўлиб зич жойлашганлар. Ўзбекларнинг асосий қисми Жанубий Қозоғистон вилояти шаҳар ва қишлоқларида, шунингдек, Жамбил вилояти шаҳар ва шаҳар атрофи районларида зич бўлиб яшашади. Ўзбеклар Туркистон, Сайрам, Сарёғоч, Толиби, Қозуғурт, Мерки районларида, Чимкент, Туркистон, Тароз, Кентай каби Жанубий Қозоғистон шаҳарларида йирик жамоа бўлиб истиқомат қиладилар. Жабуний Қозоғистон вилояти ва Жамбил вилоятларидан ташқари Олмаота вилояти, Қизил Ўрда вилояти, Қарағанда, Манғистай вилоятлари қишлоқларида Астана ва Олмаота шаҳарларида ҳам ўзбеклар яшамоқда. Ўзбеклар истиқомат қилаётган ҳудудлар ва географик районлар кейинги йилларда кенгайиб боришида меҳнат миграцияси ролининг ошиб бориш омилини ҳам назардан қочирмаслик керак. Сўнгги йиллардаги маълумотларга кўра Жамбил вилоятининг ўзида 30 минг сонли ўзбеклар истиқомат қилмоқда. Бироқ, ўзбеклар кўп сонли бўлиб зич яшаётган қишлоқлар Сайрам, Қорабулоқ, Қорамурт, Икан бўлиб, улардаги ўзбеклар аҳолининг 95 фоизини ташкил этади137. Жанубий Қозоғистон вилояти Қозоғистон Республикасидаги 16 та вилоят орасида аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд бўлиб, унда 2016 йилда бу вилоятда бутун мамлакат аҳолисининг 16,87 фоизи истиқомат қиларди. Кўрсатилган йилда Жанубий Қозоғистон вилоятига қарашли Сайрамда ўзбеклар 194.320 кишини (аҳолининг 95 фоизини), Сариоғочда 11.040 кишини (3.57 фоизи), Чимкент шаҳрида 92.338 кишини (13,53 фоизи), Туркистонда 87.740 кишини (35,27 фоизини) ташкил этган. Жанубий Қозоғистонда ўзбеклар сони ва фоизи 1999-2014 йилларда бу ҳудудга “оролманлар” миграцияси ва Ўзбекистонга бир гуруҳ ўзбекларнинг кўчиб ўтиш омиллари туфайли бир қадар пасайганли ҳам кузатилади. 15 йил давомида (1991-2005 йиллар-дисс.) ўзбеклар салмоғи умумий аҳоли фоизига нисбатан Сайрамда 62 фоиздан 60,8 фоизга, Сариоғочда 4,2 фоиздан 3,8 фоизга, Туркистон шаҳрида 43,7 фоиздан 35,3 фоизга пасайган. Фақатгина юқорида кўрсатилган йилларда Чимкент шаҳрида ўзбеклар салмоғи 12,1 фоиздан 13,5 фоизга ўсганлиги аниқланди. 2016 йил маълумотларига кўра Қозоғистон Республикаси ҳудудлари бўйлаб тарқалган ўзбекларнинг сони ҳамда ҳудуд ва вилоятларга нисбатан фоизда салмоғи юқорилайди. (8-иловага қаранг). 2016 йилда ўзбек миллати вакиллари Қозоғистон Республикасининг барча вилоятлари, шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб тарқалган эди. Улар Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида кўп сонли бўлган ҳолда шимолий, шарқий, ғарбий вилоятларида оз сонли бўлиб истиқомат қилади. Ушбу Республиканинг икки йирик шаҳри (пойтахти ва собиқ пойтахти – Астана ва Олмаотада-дисс.) 1,67 ҳамда 1,90 фоиз (салкам 2 фоиз) умумий аҳолига нисбатан ўзбеклар салмоғига тўғри келиши кузатилади. Ҳужжатларда Жанубий Қозоғистон ва Жамбил вилоятларидаги район ва қишлоқлар бўйлаб ўзбеклар истиқомат қилиши билан боғлиқ маълумотлар қайд этилади. (9-иловага қаранг) Ўзбеклар Жанубий Қозоғистон ва Жамбил вилоятлари районлари ҳамда шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб нотекис тарқалганлар. Ҳатто, Жанубий Қозоғистон вилоятининг Ўтрор ҳудудида битта ҳам ўзбек оиласи истиқомат қилмайди. Шунингдек, Жамбил вилоятининг 10 та районидан 8 тасида ўзбеклар салмоғи умумий аҳолининг 1 фоизидан ҳам паст эканлиги кўзга ташланади. 2020 йилнинг бошида Қозоғистондаги ўзбекларнинг 605.137 нафарга етиб, ҳудудлар кесимида нотекис тақсимланганди138 (10-иловага қаранг). Ўзбекларнинг асосий қисми Туркистон ва Чимкент шаҳарларида истиқомат қилишиб, ушбу ҳудуд аҳолисининг 17 фоизидан кўпроғи ташкил этади. Бундан ташқари Жамбил, Алмата, Нур-Султон шаҳарларида уларнинг салмоғи ўн минг кишидан ортиқ эди. Қозоғистон Республикасидаги ўзбеклар деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, полизчилик машғулотлари билан шуғулланиб, улар миришкор қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари сифатида ном қозонган. Қозоғистон ўзбеклари орасидан меҳнат қаҳрамонлари ҳукумат орден ва медалларининг эгалари етишиб чиққан. Шунингдек, Қозоғистон ўзбеклари орасида тижоратчи, дўкондор, маиший хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари ҳам оз сонли эмас. Қозоғистон ўзбеклари кирил ва лотин ёзувидан фойдаланишади. Ўзбек тилида равон гапиришади ва эркин мулоқотга кириша олишади. Улар ўзбек, қозоқ, рус тилидан (3 та тилдан) бирдек фойдаланишади. Ортда қолган тарихий даврларда Қозоғистон ўзбеклари орасидан саноатчилар, фан ва маданият намоёндалари, театр ва санъат арбоблари, таниқли шоирлар, қўшиқчилар, машҳур спортчилар, жамоат ва давлат арбоблари етишиб чиқди. Тараққийпарвар жадид ва жадид намоёндаларидан Сатторхон Абдуғаффоров, Саидносир Миржалилов, халқ қаҳрамонларидан Зиямат Ҳусаинов, Тоштемир Рустамов, Бўтабой Содиқов, академик олимлардан Анвар Отахўжаев, Ёрқин Тўрақулов, профессор Бахтиёр Исмоилов, таниқли қўшиқчилардан Ғиёс Бойтоев, Ахтамбек Йўлдошев ва Алишер Каримов кабиларни келтириб ўтиш мумкин. Ўзбек миллати вакилларидан Рўзиқул Холматов ва Фахриддин Имомов Қозоғистон Республикаси парламенти депутати сифатида фаолият юритдилар. Ф.Қоратоев Қозоғистон халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлида кўрсатган хизматлари учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Давлат ва жамоат арбибларидан Шуҳрат Эрназаров, Ғафур Қосимов, Икромжон Ҳакимжонов, Абдуазим Рустамбоев, Бадриддин Нишонқулов, Шерзод Пўлатов, Муроджон Абубакиров, Зокиржон Мўминжонов, Ғуломжон Жуманов кабилар халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали фаолият юритдилар ва юритмоқдалар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ҳам Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида таваллуд топганлиги маълум. Бундан ташқари Н.Фозилов, С.Сиёев каби ёзувчилар, Я.Тўрақулов, В.Воҳидов, А.Атаходжаев каби академиклар, П.Абдувалиев, А.Искандаров, Х.Мақсудов, Р.Ҳусанов, К.Бўронов, Р.Отахонов, С.Раҳмонқулов, К.Тошхўжаев, И.Бекинов, Ғ.Тожиматов, Т.Ғойипов, С.Усмонов, Р.Бекжанов, У.Юнусов каби қатор олимлар етишиб чиқди139. Қозоғистон спортини ривожлантиришда ва жаҳонга машҳур қилишда қозоғистонлик ўзбеклардан Фарҳодбек Ирисметов, Улуғбек Ҳасанбоев, Ғафуржон Суюнбоев, Бобуржон Мўминов, Нодирхон Қодирхонов, Шерзод Умиржонов кабиларнинг хизмати беқиёс. Ушбу миллатдошларимиз сингариларни кўплаб келтириш мумкинки улар Қозоғистон тарихида муҳим из қолдирдилар. Қозоғистонда биринчи қозоқ-ўзбек театри 1934 йилда иш бошлаган эди. Ҳозирги кунда ўзбек театри ва қозоқ телевидениясида ўзбек кўрсатувлари, қозоқ радиосида ўзбекча эшиттириш каналлари муттасил ишлаб турибди. Ўзбек миллати зич яшайдиган Қозоғистон Республикаси ҳудудларида ўзбек мактаблари фаолият юритиб, ўзбек миллатига мансуб болалар бутун мамлакат ўқувчиларининг 4 фоизини ташкил этади. Ўзбек тилидаги мактаблар 13 тани, аралаш мактаблар эса 196 тани ташкил этади. Агар Қозоғистонда таълим олаётган қозоқ миллатига мансуб ўқувчилар 71,8 фоиз, Европа тилли ўқувчилар 14,4 фоизни ташкил этишини ҳисобга олсак, ўқувчилар сони жиҳатдан ўзбек ўқувчилари қозоқ ва руслардан сўнг учинчи ўринда туришади140. 2009-2010 ўқув йилида Қозоғистон ўрта умумтаълим мактабларида таҳсил олган ўзбек ўқувчилари 101.4 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 74 фоизи ўз она тиллари бўлган ўзбек тилида, 26 фоизи эса рус ва қозоқ тилларида таҳсил олган. Қозоғистонда 2011-2012 ўқув йилида жами: 78 та ўзбек мактаби бўлиб шундан, 58 таси соф ўзбек тилидаги мактаблар, 20 таси қозоқ-ўзбек ва рус-ўзбек мактаблари эди. Ушбу мактабаларда 74.000 нафар ўзбек миллатига мансуб ўқувчилар таҳсил олган141. Қозоғистон Рспубликасида истиқомат қилаётган ўзбеклар “Биз ўзбекмиз, бизнинг ватанимиз Қозоғистон Республикаси, Қозоғистон фуқаролари сифатида ўз Ватанимиз равнақига хизмат қиламиз” каби фикрларни халқаро лойиҳа асосида ўтказилган анкеталарда эътироф этганлар. Ўтказилган анкета-сўров тажрибаларида асосан кўп сонли респондентлар ўзини Қозоғистоннинг туб-жой аҳолиси деб ҳисоблаганлар. 2005 йилда ўзбек этносига мансуб 435 кишидан анкета-сўрови ўтказилиб, унинг натижалари сарҳисоб қилинганида: Сизнинг оила Қозоғистонга депортация қилинганми?-деб қўйилган саволга 239 киши (54,9 фоиз)-йўқ, 192 киши (44,1 фоиз)-жавоб бермаган, 4 киши (0,9 фоиз)-ҳа деб жавоб берди. Ўзбеклар ўзбек тили ва ўзбек миллий анъаналарни сақлаб қолиш зарурлигини маъқуллашсада уларда авлодлар алмашинуви билан трансформацион жараёнлар кечаётганлиги аниқланди. Шахсий мулоқотларда Қозоғистонлик ўзбекларнинг уч авлоди: кекса, ўрта ёш, ёшлар ўртасида фарқланишлар кўзга ташланади. Уларнинг ўзбек миллатига мансублигининг биринчи белгиси ўзбек тилига муносабати бўлиб, ўзбек тилини кекса авлод (оғзаки ва ёзма нутқ) жуда яхши билади. Ўрта авлод оғизаки нутқда яхши, афсуски ёш авлод ўзбек тилини ўзбек-қозоқ-рус, ўзбек-рус, рус-қозоқ иборалари билан аралаштириб гапиришади. Ҳатто, улар орасида нуқул қозоқ ва рус тилларида фикр билдириб, ўзбек тилини деярли унутганлар ҳам аниқланди142. Бугунги ўзбек авлодлари орасида тахминан 15,4 фоизи асосан рус тилида, 3,4 фоизи нуқул қозоқ тилида мулоқот қилиши кузатилди. Айниқса, ушбу жараён ўзбеклар сийрак бўлиб истиқомат қилаётган Марказий ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида яққол қўзга ташланади. Ушбу трансформация жараёни асосан давлат тили ҳисобланган қозоқ тилини танламаганлар давлат мансабларида юқори лавозимларга кўтарилишда тўсиқларга учраши, шунингдек, сердаромад ишга жойлашиш, маоши юқори корхоналарда фаолият юритиш имкониятлари мавжуд эмаслиги билан изоҳланади. Қолаверса, чет элда таълим олиш учун инглиз, немис ва хорижий Шарқ тиллари (япон, корейс, хитой ва ҳоказо-дисс.)ни эгаллаш зарурати ўзбек ёшларининг тилга бўлган муносабатда руҳий ҳолатни белгилайди. Мустақилликнинг 30 йиллиги давомида Қозоғистон ўзбекларининг оила тутишида, кийинишида, тўй ва таъзияларида ҳам трансформацион жараёнлар кечганлиги кўзга ташланади. Қозоғистон ўзбеклари хонадонида таомлар тайёрлаш, уйларни безатиш, уй-жой қуриш борасида ўзбекча-қозоқча удумлар уйғунлашиб кетганлиги аён бўлади. Ушбу жиҳатларнинг, кўпроқ намоён бўлишида Марказий Осиё Республикалари билан Ўзбекистон ўзбеклари ўртасидаги алоқаларнинг спиралсимон тарзда кечганлиги ҳам ўз таъсирини кўсатди. Трансформацион жараёнларга ўқувчиларнинг ўзбек-қозоқ, қозоқ-ўзбек, ўзбек-қозоқ-рус қўшма мактабларида биргаликда таҳсил олишлари ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ушбу омил миллатларо маданий-маиший таъсир имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, ўзбек-қозоқ аралаш никоҳли оилалар сони ҳам ошиб бормоқда. Бироқ Қозоғистон ўзбеклар ўзбекчиликни сақлаб қолиш, миллат сифатида ўзликни асраш, бошқа миллатларга қоришиб, йўқолиб кетмаслик учун имкон қадар ҳаракат қилмоқдалар. Улар болалари билан уйда ўзбек тилида мулоқот қилишни ёзилмаган қонунга айлантирган. Шунингдек, қизлари вояга етса дарҳол Ўзбекистонга турмушга бериш, ўғил фарзандларини ўзбек қизларига уйлантириш ҳаракати ва чора-тадбирларини кўрадилар. Ҳозирги пайтда айрим сабабларга кўра ёпиб қўйилган ва фаолияти тўхтатилган бир қатор ўзбек мактаблари, маданий-марифий муассасалар учун янгидан тикланиш жараёни кечмоқда. 2016 йилдан бошлаб ўзбеклар фаолиятини ривожлантириш, ўзбек миллий маданиятини қўшни Қозоғистон Республикасида тарғиб қилиш учун янги имкониятлар очилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёев Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик ва дўстлик алоқаларини истиқболли саҳифаларини очишда муҳим роль ўйнади. Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб 2018 йилни эълон қилинганлиги муҳим тарихий воқеа бўлди. Қозоғистонда “Ўзбекистон маданияти кунлари”, “Ўзбекистонда-Қозоғистон кунлари” каби тадбирларнинг ўтказилаётганлиги, Тошкент вилояти билан Жанубий Қозоғистон вилояти ўртасида 1994 йилда ўзаро биродарлашув каби воқеликлар юз бергани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 821 минг143 сонли қозоқ миллати вакиллари ҳам Қозоғистон билан қавм-қариндошлик ва миллатдошлик алоқаларини мустаҳкамламоқда. Қирғистон Республикасининг майдони 199,9 минг км2ни, аҳолиси 8.389.500 (2019 йил январь ойи маълумоти) нафарни ташкил этади. Ўзбекистон билан чегарасининг узунлиги – 1378,44 км ҳособланади. Қирғизистонда 531 маъмурий-ҳудудий бирлик мавжуд бўлиб, улардан: 2 республика аҳамиятидаги шаҳар (Бишкек, Ўш); 7 та вилоят, 40 та туман, 29 та шаҳар (шу жумладан 12 та вилоят аҳамиятидаги ва 17 та туман шаҳарлар); 453 та қишлоқ мавжуд. Давлат тили – қирғиз ва расмий тил рус тилидир. Қирғизистон Республикаси кўп миллатли мамлакат ҳисобланиб, республика статистика агентлигининг маълумотларга қараганда ҳозирги кунда мамлакатда 80 ортиқ миллат ва элатлар яшаб келмоқда. Бу миллатлар тарихнинг турли босқичларида ушбу мамлакат ҳудудларига кўчиб келган. Қирғизистон Республикаси миллий мустақилликка эришганидан сўнг ҳам ўзбеклар ушбу мамлакатда туб жой аҳоли сифатида кўп сонли миллат ҳисобланган қирғизлардан сўнг иккинчи ўринда турарди. Ўзбекистон Миллий Архиви ҳужжатларида Қирғизистон ўзбеклари сони билан боғлиқ 1992-1997 йил маълумотларида улар 700 минг, 800 минг, 800 мингдан ортиқ эканлиги билан боғлиқ рақамлар келтирилади144. “Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари Кенгаши” (ЎзХМАДЖК) жорий архивида Қирғизистон ўзбеклари 820 минг, 900 мингга яқин бўлиб, улар асосан Фарғона водийсида яшаши қайд этилган145. Файласуф олима Г.А. Агзамова ўз тадқиқотида 1994-1995 йилларда Қирғизистонда 550 минг сонли ўзбеклар истиқамат қилиши ва Тожикистондан кейин улар сони МДҲ давлатларида иккинчи ўринда туришини қайд этган146. Мустақиллик йилларида Қирғизистон Республикасида бир неча бор аҳоли рўйхати ўтказилиб, ушбу рўйхатларда мамлакат аҳолисининг миллий-этник таркиби, миллатлар бўйича сони, демографик ўсиш даражаси, аҳоли зич яшайдиган ҳудудалар кабилар билан боғлиқ аниқ маълумотлар жамланди. 1997 йилда бошлаб ўзбеклар Қирғизистон Республикасида сон жиҳатдан қирғизлардан кейин 2-ўринда туриб, 1999 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра 664.950 нафар кишини ташкил этган147. Улар бутун мамлакат аҳолисининг 13,8 фоизини ташкил этган. 2009 йилда, яъни ўн йилдан сўнг, аҳолини янгидан рўйхатга олиш якунига кўра 768 мингга кўпайиб, 14,3 фоизга етган. Ўзбеклар қирғиз ва дунганларга нисбатан кам сонли бўлишларига қарамай табиий кўпайиш (туғилиш)да энг юқори ўсиш даражасида эдилар. Агар 1960 йилларда Қирғизистонда руслар ўзбекларга нисбатан 3 баробар кўп бўлса, 2009 йилда ўзбеклар руслардан кўра 2 баробар кўпчиликни ташкил этдилар. Руслар туғилиш фоизи пастлиги ва миграция туфайли ўзбекларга нисбатан 2 баробар камайиб қолди. 1999 йилда ўзбекларнинг 65,6 фоизи қишлоқларда, 34,4 фоизи шаҳарларда яшаган бўлса, 2009 йилда шаҳарларда истиқомат қилаётган ўзбеклар 36,1 фоизни ташкил этган.148 Таъкидлаш жоизки, Қирғизистонда кечган демографик жараёнлар ва миграция туфайли мамлакатнинг миллий таркибида кескин ўзгаришлар юз бериб, мустақилликнинг 25 йили давомида славян аҳоли (руслар ва украинлар, белоруслар-дисс.), немис ва татарларнинг сони кескин қисқариши кузатилади. Мустақилликнинг ортда қолган йилларида руслар 3 марта, украинлар 8 марта, немислар 12 марта, татарлар 31 маротаба камайган. Миграцион жараёнлар натижасида аҳолининг этник таркибида ўзгаришлар кескин юз берсада, бу мамлакатдаги ўзбеклар сони муттасил кўпайиб борганлигига гувоҳ бўламиз149. Ўзбекларнинг 1989-1999 йилларда Қирғизистондан Ўзбекистон ва бошқа собиқ СССР ўрнида вужудга келган давлатларга кўчиб ўтиши унча катта салмоқни ташкил қилмайди. Бу рақам атиги 27.950 нафарни ташкил этади холос. Қирғизистонда кечган кескин этно-сиёсий жараёнлар, яъни 1990 йилдаги Ўш воқеаларида 13.137 нафар ўзбеклар Ўзбекистонга кўчган бўлса, 2010 йилдаги қирғиз-ўзбек миллий-этник можароси юз берганда 38.213 нафар ўзбеклар Россия Федерациясига кўчиб ўтган150. Европа миллати вакиллари (рус ва украин) 1999 йилда мамлакат аҳолисининг 30 фоизини ташкил этган бўлса, 2014 йилда 21,5 фоизга тушган. Аксинча ўзбекларда ўзбек миллати аҳолисининг ўсиш динамикаси сальдоси кўрсатилган йилларда +150,6 кишини ташкил қилган. Қирғизистон Республикасидаги аҳолиси 1913 йилдан – 2014 йилгача 6,7 баробарга ошган, агар аҳолининг ўсиши сақлаб қолинса 1990 йилдан 2025 йилгача демографик ўсишмамлакатда салкам 200 фоизга етади151. (11-иловага қаранг) Маълумки аҳолининг ўсиш даражасига туғилиш, ўлим даражаси ва миграция жараёнлари каби омиллар ўз таъсирини кўрсатади. Қирғизистонда 1990-1999 йилларда миграция жараёни тезлашиб, 27.303 киши мамлакат ҳудудини тарк этди. Мигрантларнинг асосий фоизи Ўзбекистон, Россия ва МДҲ давлатларига тўғри келди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аҳолининг кейинги йилларда демографик ўсишида 2014 йилда энг паст кўрсаткич кузатилиб, 0,6 фоизи ташкил этди152. Қирғизистон Республикаси ўзбеклари шаҳар ва қишлоқларда истиқомат қилиб, 1999 ва 2009 йилларда урбанизация жараёнлари юқорилаб борганлиги кузатилади. 1999 йилда 436 минг яъни 65,6 фоиз ўзбеклар қишлоқда, 229 минг киши 34,4 фоиз аҳоли шаҳарда яшаган бўлса, 2009 йилда 277 минг сонли миллатдошлар (36,1 фоиз) шаҳарларда яшай бошлаганди. Жанубий Қирғизистон ўзбеклари Фарғона водийсида ўзбек-қирғиз чегараларида зич бўлиб яшайди. Улар Ўз ва Ўзганда, Жалолобод ва Боткенда тожиклар билан ёнма-ён истиқомат қиладилар. Ўзбеклар ХХ аср сўнггида айрим қирғиз шаҳарларида сон жиҳатдан юқори фоизни ташкил этиб, Ўшда – 49 фоиз, Ўзганда – 90 фоиз, Ўзбекистон билан чегарадош Аравонда – 59 фоизни ташкил этган. Қирғизистон Республикаси областлари бўйича 1999 йилда ўзбеклар фоизи ҳам юқори бўлиб, Ўш вилоятида 31,8 фоиз, Жалолободда – 24 фоиз, Боткенда – 14,4 фоиз бўлишган153. Қирғизистон Республикаси вилоятларида 2009 йил аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра аҳолининг умумий сони, жумладан, ўзбеклар охирги уч бор аҳолини рўйхатга олиш давридаги сони ва умумий аҳолига нисбатан фоизи ҳақида аниқ маълумотлар шакллантирилган. (12-иловага қаранг). Ўзбек миллати вакиллари Иссиқкўл, Норин, Талас вилоятларида оз сонли бўлиб, улар бу вилоятларда умумий аҳолининг бир фоизини ҳам ташкил этишмайди. Чуй вилоятида ва Бишкек шаҳрида ҳам ўзбеклар сони аҳолига нисбатан паст фоизни ташкил этади. 2013 йилдаги маълумотларга қараганда мамлакатда аҳолининг сони 5.663.100 нафар кишини ташкил этиб, мамлакат фуқароларининг 72,4 фоизи (4.099.400 киши)ни қирғизлар, 14,4 фоизи (816.200 киши)ни ўзбеклар, 6,6 фоизи (375.400 киши)ни руслар, 1,1 фоизи (63.000 киши)ни дунганлар, 0,9 фоизи (49100 киши)ни тожиклар, 4,6 фоизини эса қозоқ, корейс, татар, уйғур, дунган ва бошқа миллатлар ташкил этганди154. 2017 йилга келганда уларнинг сони 898.363 кишига, 2018 йилда 918.262 кишига, 2019 йилда 940.628 кишига, 2020 йилда 964.379 етган ва бу эса мамлакат умумий аҳолисининг 14,78 фоизини ташкил этади155. 2018 йилнинг бошларидаги маълумотга кўра Қирғизистондаги ўзбеклар сони бир миллион кишига яқинлашиб борганлигидан далолат беради. Қирғизистонинг юқорида саналган вилоят ва шаҳарларида мамлакат ўзбекларнинг 99,1 фоизи истиқомат қилади. Жумладан: Ўш вилоятида 380 минг (умумий аҳолининг 42%), Жалолобод вилоятида 285 минг (умумий аҳолининг 31,8 фоизи), Боткен вилоятида 70 минг (умумий аҳолининг 7,7 фоизи), Чуй вилоятида 20 минг (умумий аҳолининг 2,1 фоизи), Ўш шаҳрида 140 минг (умумий аҳолининг 15,3 фоизи), Бишкек шаҳрида 15 минг (умумий аҳолининг 2 фоизи) ўзбеклар яшаётганлиги маълумотларда келтирилган156. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўзбеклар Қирғизистон Республикасининг 5 та ҳудудидаги шаҳар ва қишлоқларида истиқомат қилиб келмоқдалар. Жумладан, Ўш вилоятида 2019 йилда – 396 минг (55 фоиз), Жалолобод вилоятида – 311 минг (31,8 фоиз), Боткен вилоятида – 75 минг (8,3 фоиз), Ўш шаҳрида 169 минг ўзбеклар истиқомат қилган. Чуй вилояти ва Бишкек (Фрунзе)да – 13 мингтадан (2 фоиз) ўзбеклар яшашади. Хуллас юқоридаги беш ҳудудда ўзбекларининг 99,1 фоизи умругузаронлик қилиб келмоқда157. Қирғизистон аҳолиси энг зич жойлашаган вилоятлари Ўш ва Чуй вилоятлари ҳисобланади. Қирғизистон Республикаси кўп миллатли республика бўлиб, сўнгги маълумотларга кўра 59 та миллат ва элатлардан иборат. 2019 йил 1 январда Қирғизистонда яшаб келаётган туб-жой миллат ҳисобланган қирғизлар 73,3 фоизни, ўзбеклар – 14,6 фоизни, руслар – 5,6 фоизни, дунганлар – 1,1 фоизни, уйғурлар -0,8 фоизни, бошқа миллатлар ва этник гуруҳлар – 3,4 фоизни ташкил этади158. Қирғизистон Республикаси аҳолиси мустақиллик йилларида муттасил ўсиб бориб, Марказий Осиё республикалари орасида ўзига хос мавқе ва нуфузга эга бўлди159. (13-иловага қаранг) Қирғизистон Республикасида аҳоли нотекис тарқалган бўлиб, мамлакат жанубида аҳолининг асосий қисми истиқомат қилади. Фарғона водийсида жойлашган Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятлари ва Ўш шаҳрида 3,4 млн киши яшайди. Ҳозирги кунда ушбу рақам бутун Қирғизистон аҳолисининг 53 фоизини ташкил этади. Иккинчи ўринни Чуй водийси эгаллаб, Чуй вилояти ва пойтахт Бишкек шаҳри билан биргаликда 1,9 млн аҳоли, ёхуд мамлакат аҳолисининг 31 фоизини ташкил этади. Келтирилган далиллардан юқорида қайд этилган ҳудудларда мамлакат аҳолисининг 84 фоизи истиқомат қилиб келганлиги аён бўлади. Ўзбек миллати вакиллари истиқомат қиладиган ерлар ҳам шу ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади160. Қирғизистон ўзбеклари ҳаётида 1990 йиллардан 2020 йилга қадар ушбу республикада кечган мураккаб вазиятли жараёнлар ўзининг аянчли изларини қолдирди. 1990 йил июн ойида Ўш тўқнашуви иқтисодий, ижтимоий-сиёсий омиллар билан боғлиқ жиҳатлардан келиб чиқди. Совет жамиятидаги иқтисодий, этнодемографик, мафкуравий инқироз туфайли ушбу республика жанубида кўп сонли бўлиб яшаётган ўзбеклар билан қирғизлдар ўртасида миллий тўқнашув юзага келди. Ушбу тўқнашув совет жамиятида тўпланиб қолган, уй-жой, ер, маиший муаммолар билан ҳам боғлиқ эди161. Қирғизистон ССРда истиқомат қилаётган ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида муштарак жиҳатлар билан бирга фарқли томонлар ҳам мавжуд бўлиб келди. Ўзбеклар асрлар давомида асосан кучли давлатлар таркибида ўтроқ ҳаёт тарзида деҳқончилик қилиб яшаб келдилар. Қирғизлар кўчманчи ва ярим кўчманчи ҳолда яшаб, уларда уруғ-аймоғчилик анъаналари етакчилик қилиб, уруғ оқсоқоллари манаплар маъмурий бошқарувга катта таъсир кўрсатган. Қирғизистонда иккита қирғиз этноси – шимол ва жануб этнослари вужудга келиб,аҳолининг 3/2 қисми жанубда яшаган. Қирғизистонда узоқ йиллар давомида шимол ва жануб элитаси ўртасида мансаб ва ҳокимият учун кураш давом этган. Совет ҳокимияти йилларида ўзбекларнинг асл ватани Ўзбекистонда ўзбеклар 71,4 фоизни ташкил этса, Қирғизистонда қирғизларнинг салмоғи 42 фоиздан ошмасди162. Ушбу Республикада рус тилли аҳоли салмоғи юқори бўлиб, улар асосан шаҳарларда истиқомат қиларди. Нафақат “Шимол” ва “Жануб” ўртасида эмас, шаҳар ва қишлоқ ўртасида ҳам ушбу республикада фарқ ва ихтилофлар бор эди. Бу ҳолатлар Қирғизистон ССРнинг асосий миллати ҳисобланган қирғизлар мавқеи ва бирлигига дахл етказди. Қирғизистонда қирғизлар асосан чорвачилик билан шуғулланиб, қишлоқ хўжалигининг бошоқли экинлар етиштириш, пахтачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва полизчилик соҳаларида, саноат ишлаб чиқаришда улар салмоғи ўта паст фоизни ташкил этарди. Мустақиллик арафасида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида этнослараро муносабатларда “мен қирғизман”, “ман рус”, “мен ўзбек”-деган миллий туйғулар “Мен Қирғизистонлик”, “мен Қирғизистон фуқаросиман” деган тушунчалардан устун келди. Шахс ва давлат этник гуруҳлар манфаатлари муштараклиги ўрнида “мен асосий миллат”, “сен асосий эмас” мазмунидаги қарашлар “Биз Қирғизистон аҳолиси”, “Қирғизистон бизнинг умумий уйимиз”- деган ҳақли тушунчалардан ғолиб келди163. Россия империяси генерал-губернаторлиги даврида (1867-1917) Тошкент шаҳри бутун минтақада империянинг асосий маъмурий маркази бўлган. Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида Ўзбекистон ҳудуди ижтимоий-сиёсий жараёнлар, минтақада иқтисодий-демографик ҳолати, маданий-маърифий нуфузи жиҳатдан алоҳида эътиборда бўлиб келди. Бу эса бутун митақа ўзбекларида фахрланиш, таъкидлаш жоизки, бир қадар ғурурланиш ҳис-туйғусиларини юзага келтирди. Аммо 1990 йилда Қирғизистонда шакилантирилган жамоат ташкилотларининг, жумладан, “Ашар”, “Асаба”, “Фуқаролик ташаббуси”, “Адолат”, “Оқ кема”, “Она тили”, “Қиғизлар” ва “Ўш аймоғи” ташкилотлариининг ҳаракати этно-конфликтоген тўқнашувларга, яъни “Ўш фожеаси”га асос бўлди164. Охир-оқибатда қирғиз-ўзбек тўқнашуви туфайли ўзбек ва қирғизлар бирдек жабр кўрди. Ўзбекларнинг Ўшдаги “Адолат” ташкилоти миллий-маданий мухторият талаб қилди. Шундан кейин воқеалар кескин тус олди. Йиллар давомида ўтроқлаша борган қирғизлар сув ва ер тортишувига киришиб кетди165. Биргина 1990 йил 8 июнигача Ўш вилоятида содир бўлган тартибсизликларда 102 киши ҳалок бўлди, 436 киши турли хил тан жароҳатлари олишди, 348 та ўт қўйиш рўйхатга олиниб, 255 та хонадон, 31 та давлат объекти ва 62 та автотранспорт воситаси ёқилганлиги маълум бўлди166. Ўш вилоятининг Ўзган, Олой, Қорасув, Аровон ва Новқат туманларидаги воқеалар кескин кечиб, миллий низо қирғинга айланиб кетди. Умуман 1990 йилдаги миллий этник тўқнашув туфайли 305 киши ҳалок бўлган, умумий жабр кўрганлар сони 1371 кишини ташкил этиб, 1071 киши касалхоналарга ва харбий госпиталларга ётқизилган. 573 та уй-жой ёқилган, 74 та давлат ва ҳукумат аҳамиятига эга бўлган бинолар вайрон этилди, 426 ҳолатда талон-тарож ва қароқчилик қилиш юз берди. Фуқароларнинг 89 та автомобиллари ёқилди167. Совет ҳокимияти йилларида сиёсий элита ҳар бир этноснинг ўз ўрни борлигини, мураккаб маданий-тарихий асосга эга эканлигини инобатга олмади. Ўтроқ ва чорвадор аҳоли ўртасидаги ҳамкорлик мувозанатини йўлга қўйиш, субэтнослар ўртасида интеграцион сиёсат юритилмаганлиги оқибатида Қирғизистон ўзбеклари қонли фожеалар билан юзма-юз келди. Қирғизистон республикасида 2010 йил 10-14 июндаги қирғиз-ўзбек миллий тўқнашуви 1990 йиллардаги тўқнашувдан фарқли тарихий вазиятда вужудга келди. Ушбу қонли тўқнашув Қирғизистон ўзбекларида 20 йилдан кейин содир бўлган кескин тўқнашув сифатида ҳадиксираш, ваҳима ва қўрқув ҳисси билан яшаш психологиясини туғдирди. Ўзбек ва қирғизларнинг Қирғизистон иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳаётидаги нотенг иштироки, ўзбекларнинг иқтисодий ҳаётдаги асосий рль ўйнаши, маҳаллий бошқарув, ер-сув масаласидаги тортишувлар, давлат ва ҳукумат бошқарувидаги уруғ-аймоғчилик, коррупциянинг авж олиши, “Шимол” ва “Жануб” қарама-қаршилиги, 2010 йил президент Курманбек Бакиевнинг президентлик лавозимидан ағдарилиши кабилар мамлакатда сиёсий-миллий нобарқарорликни вужудга келишига сабаб бўлди. К.Бакиев ҳокимиятдан кетганидан сўнг жанубда ўзбеклар оммавий ҳокимиятга келди, бу миллий юксалиш ҳаракати қирғизларни ташвишга солди. Миллий тўқнашувлар 2010 йил 10-14 июнда юз бериб, Ўш, Жалолобод, Бозорқўрғонда ўзбеклар уйи ёқилди, тинч аҳоли ўлимга маҳкум этилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари вазиятни бошқара олмай қолди168. 2010 йил ўзбек-қирғиз тўқнашувига сабаб бўлган омилларнинг илдизини 2004-2009 йилларда Қирғизистон Республикасининг жанубий вилоятларида кечган жараёнлардан излаш керак. 2004 йилда Қирғизистонга қирғиз тилига давлат тили мақоми берилди, шунингдек, кўп ўтмай мамлакат жанубида ўзбек тили расмий тил деб эълон қилинди (2006 йил-дисс.). 2007-2008 йилларда ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида Ўш шаҳрида-2 марта, Жалолобод шаҳрида-3 марта, Боткенда-2 марта, жаъми: 7 марта миллий-этник тўқнашувлар юз берди169. Ушбу тўқнашувлар оқибатида миллий, конфликтоген зиддиятлар кучайиб, Ўш вилояти ҳудудидаги мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўқув соатлари қисқартирилиб, аксинча ўзбек мактабларида қирғиз тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилди. 2008-2009 йилларда ўзбек ва қирғиз ёшлари ўртасида кичик миллий тўқнашувли вазиятлар юз бериб турди. Бу ҳақда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Ўш, Жалолобод, Исфана шаҳарлари, Лайлак, Букинский, Оқсой ва Бозоқўрғон районларидаги миллий зиддиятларни бартараф қилишга ҳокимият етарлича эътибор қаратмаётганлиги билан боғлиқ ўнлаб танқидий мақолалар босилди. Ўш шаҳар мэри шаҳарда кўп қаватли уйлар барпо этиш режасини амалга ошириш мақсадида ўзбеклар зич бўлиб яшаётган аҳоли кварталлари, уларнинг қаҳвахона ва ошхоналарини, савдо дўконларини, ўзбек савдогарлари кўп сонли бўлиб савдо қилаётган шаҳар марказий бозорини кўп қаватли бинолар қўриш мақсадида буздирди. Ўзбеклар уни судга бериб, судда ҳақ эканлигини исботлашди ва ютиб чиқишди. Бироқ шаҳар мэри (Мелсбек Мирзакматов-дисс.) суд қарорини инобатга олмай ўз режасини давом эттирди170. Айнан шу даврдан бошлаб ўзбеклар маъмурий бошқарув органларидан четлатилди, мамлакат жанубида давлат тили ва расмий тил статуси ноаниқлигича қолди. Ўзбеклар кўп сонли бўлиб шуғулланадиган бизнез ва савдо-сотиққа суъний тўъсиқлар кучайтирилди, давлат ва ҳукумат этнослараро барқарорлик ўрнатиш сиёсати тизгинини қўлдан берди, куч ишлатиш ва ҳуқуқ-тартибот органларининг вакиллари қирғизлардан бўлганлиги учун адолат мезонига ҳамма вақт ҳам амал қилмадилар. Ўзбеклар ижтимоий-сиёсий ҳаётидан четлатилганидан сўнг турли сиёсий ташкилотларга аъзо бўлиб кирдилар171. Таъкидлаш жоизки Ўш воқеаларига қадар Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок қилиб қелаётган эдилар. Маълумки 2005 йил 4-24 мартда Жалолободда кечган сиёсий воқеаларга қадар (президент Акаевга қарши намойиш ва митинглар ўтказилган вақтга қадар-дисс.) ўзбек миллати вакилларидан Анвар Ортиқов, Алишер Собиров, Даврон Собиров, Қирғиз-Ўзбек университети ректори Муҳаммаджон Мамасаидов, Қирғизистон олий органи Жўқорғи Кенгеси аъзоси бўлган эдилар. Ҳатто, 2005 йилда мустақил Қирғизистон тарихида 15 йилдан сўнг илк бор ўзбек йўлбошчилардан бири, собиқ парламент депутати Анвар Ортиқов Ўш вилояти губернатори лавозимига сайланган эди. У қисқа вақт губернаторлик қилган бўлсада демократик тамойиллар асосида, толерантлик билан либерал сиёсат юритди172. 2010 йил июн воқеалари арафасида Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткендаги аҳолиси умумий сони ва ушбу уч вилоятда умумий аҳолига нисбатан ўзбекларнинг улуши ҳақида қуйидаги жадвал аниқ маълумот беради173.
Бироқ сиёсий вазият кескин 2010 йил июн воқеалари пайтида ўзбек миллати вакилларига тан жароҳати етказиш, мол-мулкини талаш, қийнаб ўлдириш каби ваҳшиёна воситалар қўлланилди. Қонли тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони билан боғлиқ 300, 371 ҳатто 900 та билан боғлиқ рақамлар келтирилади манбаларда174. Халқаро ташкилотлар ва журналистлар жабрланганларнинг 200 нафари билан суҳбатлар олиб бордилар. Улар 20 йил давомида Ўш, Жалолобод, Бозорқўрғон, Қорасу, Араван, Ўзган, Сузан, Алай, Қора Кулька шаҳарларида бўлиб қонли воқеалар ҳақида инглиз, рус, ўзбек, қирғиз тилида материаллар эълон қилдилар Халқаро экспертлар Ўшда 2 мингта ўзбек хонадонларидан ўйлар ёқиб юборилгани, Жалолободда қўзғолончилар томонидан 59 та грантамёт, бронтехника ўғирланганлиги, ўзбеклар баррикадалар қуриб ҳимоялангани, 3,5 минг киши терговга тортилиб, ўзбекларга нисбатан тергов пайтида куч ишлатилганлиги, ноқонуний асосда ўзбеклар мол-мулки таланиб, уйлари тинтув қилинганини аниқлашди. Ўш чегарасида ўзбеклар тинтув қилиниб, ҳужжатларни текшириш баҳонасида 20 минг сом (500 АҚШ доллари-дисс.)гача пора ва мобил телефонларни тортиб олинган. Ўзбекларга давлат ишхонасида маош тўламаслик, ишхонада ишдан бўшатиш бозорлардан ўзбек тижоратчиларини ҳайдаб юбориш, мактабларда ўзбек болаларини қўрқитиш усуллари қўлланилган ўзбеклар бир неча кун махсус этнослар учун қурилган баррикадаларда қўрқув ва ваҳима асосида яшадилар, ўз қариндошларини касалхона ва ҳибсхоналардан излашга мажбур бўлдилар175. Бироқ ўзбек ва қирғизлар орасида диёнатли, қалбида раҳм-шавқат бор инсонлар бир-бирларини ҳимоя қилди, тинчлик-осудаликни сақлаш учун курашди. Улар ўзбек-қирғизни азалдан қавм-қариндош, ягона тарихий илдизга эга эканлигини, қуда-андачилик ришталари билан боғланганлигини атрофдагиларга тушунтириш йўлига ўтдилар. Ошхона ва чойхоналарда ўтириб ўзаро муросага келиш, икки миллат ёшларини сабр-қаноатли ва тартибли бўлишга чақириш, шаҳар йўлакларига биргаликда гул кўчатлари ўтқазиш тадбирлари ташкил этилди176. Биродарликнинг рамзи сифатида икки миллат вакилларининг бош кийимлари алмаштирилди, ўзбек жамоалари йўлбошчиларидан бири Қодиржон Ботиров ва профессор-ўқитувчилар миллий тўқншув пайтида ёқиб юборилган Қирғиз-Ўзбек университетини тиклашга киришишди. Бироқ миллий маҳдудлик руҳи билан оғуланган бир қатор қирғиз ёшлари вазиятни таранглаштириш мақсадида “ўзбеклар энди ҳеч қачон Қирғиз-Ўзбек университетида ўқимайди”- деб кўчага намойиш қилиб чиқдилар177. Ўш шаҳри мэри 2010 йил 10-14 июн воқеаларидан сўнг шаҳар марказий бозорини тартибни сақлаш баҳонасида ёпиб қўйиб, савдо билан машғул ўзбекларни ишсиз қолдирди. Ўзбеклар уй-жой ва дўконлари ўрнига супермаркетлар қуриш орқали уларни азалий жойларидан сиқиб чиқариш сиёсатини юритди. Жабр кўрган ўзбекларга гуминитар ёрдам етиб бормади, шаҳар ва туманлар марказларига келтирилган ёрдам жиноятчилар қўлига тушиб, унинг эвазига, жангариларни ёллаш ҳолатлари ҳам кузатилди. Хуллас, 2010 йил июн ойидаги қонли воқеалар Қирғизистон ўзбеклари ўз бошларидан фожеали воқеаларни ўтказган кунлар сифатида тарих саҳифаларидан ўрин олди. Қирғизистон Республикасидаги ўзбеклар ўзбек-қирғиз анклавлари178даги ҳукуматлараро тортишувлар туфайли ҳам жабр кўрди. Анклавларни демаркация179 ва демилитация қилиш ишлари мураккаб ҳамда зиддиятли кечиб, узоқ йиллардан буён давом этиб келяпти. Бу эса анклавларда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг қирғиз ва тожиклар билан экин ер майдонлари, мол боқадиган яйловлар, сувдан фойдаланиш кабиларда аҳён-аҳёнда тўқнашувларга олиб келди. Анклавлардаги ўзбекларда миграция кайфияти вужудга келиб, баъзи ўзбекларда “бипатрид”, “апатрид”180 бўлиш кайфиятини вужудга келтирди. Чегара масалалдари ва анклавлардаги муаммоларни ҳал қилишда 2016 йилдан ижобий ўзгаришлар юз бериб, ҳозирга қадар икки мамлакат ўртасидаги тортишувли ҳудудлар ақл-идрок билан ҳамжиҳатликда ҳал қилинмоқда. Ўзбекистон-Қирғизистон, Ўзбекистон-Тожикистон чегараларини “дўстлик чегаралари”га айлантириш борасида амалий қадамлар қўйилди181. Қирғизистон Республикасида амалга оширилган 2009 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, ўзбек тилини ўз она тили деб биладиганлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Ўзбек тили асосан мамлакатнинг жанубида истиқомат қиладиган ўзбеклар орасида кенг қўлланилиб, бу ҳудудда истиқомат қиладиган аксарият қирғиз ва рус, шунингдек кам сонли бўлган тожик ва туркман миллати вакиллари орасида ҳам қўлланилади. 1999 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра республиканинг жанубидаги тожикларнинг 49 фоизи, туркларнинг 15 фоизи, лўли, дунган ва уйғурларнинг аксарияти, шунингдек Ўш, Жалолобод, Боткен, Қора-Сув, Ўзган шаҳарларидаги қирғизларнинг бир қисми ҳам ўзбек тилида гаплашганлиги маълумотларда қайд этилган182. Қирғизистонда мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзбек тилидан мактабгача, мактаб ва олий таълим муассасалари тармоғида кенг фойдаланиларди. Қирғиз тилига аҳамиятнинг оширилишига қаратилган ҳукумат тадбирлари ўзбек тили нуфузининг пасиб боришига катта таъсир кўрсатди. 2013 йил ҳолатига кўра, мамлакатдаги мактабгача ёшдаги болаларнинг 1,8 фоизи ўзбек тилидаги болалар боғчаларига борарди. Республикадаги барча мактабларнинг 5,5 фоизини ўзбек тилидаги мактаблар ташкил этиб, мамлакат ўқувчиларининг 8,7 фоизи уларда таҳсил олган183 ва ўзбекларнинг аҳоли таркибидаги улушидан (15 фоизи) анча паст кўрсаткични ташкил этган. Бу борада ҳукуматнинг ижтимоий адолат талабларига амал қилмаслиги оқибатида ўзбек миллати вакиллари орасида норозилик кайфияти шаклланиб бориб, этно-миллий низоларнинг шакланишига таъсир кўрсатган. Аммо ўзбек оилаларининг аксарияти бу вазиятдан чиқишнинг бошқа ечимига ўтишни маъқул кўриб, ўз фарзандларини рус тилига ихтисослаштирилган ёки ўзбек-рус мактабларига бериш чораларини кўришган. 2002 йилдан 2012 йилгача республикадаги ўзбек тилидаги мактабларнинг бир қисми аралашган (бошланғич мактабнинг рус тилида ўқитиш қўшимча дарслари билан-дисс.) мактабларга айланиб борган. Шу сабабли Қирғизистон Республикасида 2012 йилга келганда фақат ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони 141 тадан 91 тага камайган184. Қирғизистонда ўзбек тилига ўқитиладиган мактабларнинг камайиб боришига таъсир кўрсатган омиллар сифатида дарсликларнинг етишмаслиги, олий таълим муассасаларида ўзбек тилида дарс ўтишга ихтисослашган педагог-кадрларнинг тайёрланмаслиги, 2010 йил июн воқеаларидан сўнг олий таълим муассасалари, коллежлар ва мактаблардан ўзбек миллатига мансуб ўқитувчи ва педагог кадрларнинг асоссиз равишда ишдан бўшатилганлигини келтириш ўринлидир185. Қирғизистон ўзбекларида кечган транформацион жараёнларга ушбу мамлакатда кечган миллий-этник қонли тўқнашувлар ўз таъсирини ўтказди. Ўзбеклар миллий мансублигидан бир қадар чекинилиб, қирғиз тилида сўзлашга ўтдилар. Бир қатор ўзбек мактабларида қирғиз тилида таълим беришга ўтилди. Ўзбек тилида крилл имлосида дарслик ва ўқув қўлланмалар оз тиражда чоп этила бошланди ва ўзбек тилида олийгоҳларда таълим берилмай қўйилди. Ўзбеклар орасида кимки қирғиз тилида олий таълим олишни истамаса Россия Федерациясига рус тилида таълим олиш учун миграцияга кетди. Халқаро ташкилотлар кўп тилда таълим олишга қаратилган мактаблар ташкил этдилар. Уларда қирғиз, ўзбек, рус ва инглиз тилларида таълим олиш жорий этилиб, бундай ўқув даргоҳларида ёшлар кўп тилларда маълумот олиб, ўз келажакларини яратиш имконига бир қадар эга бўлдилар. Қирғизистон ўзбекларининг кекса ва ўрта ёшли вакиллари “ўзбекчилик” анъаналарини сақлаган бўлсада, ёшлар орасида модернизациялашув, ўзлари яшаб турган давлат ҳаётига мослашув тенденциялари кучайди. Уларда рус, ўзбек, қирғиз тилини бирдек ўрганиб, мулоқотда бўлиш жараёни тез кечмоқда. Миграцияда таълим олган, маълумоти юқори бўлган ўзбеклар Қирғизистон миллий саноат корхоналарида, банк ва хусусий корхоналарда ўз қобилият ва талантларини намоён этмоқда. Бу каби ўзбекларнинг ёш авлодида ўзлари яшаб турган мамлакат тубжой аҳолиси билан яқинлашув, икки этнос ўртасида ишончсизлик, қарама-қаршилик, душманлик кайфиятини аста-секинлик билан тугатиш юз бермоқда. Хуллас, Қирғизистон Республикаси мустақиллиги йилларида ушбу мамлакатдаги ўзбеклар юқори кўрсаткичли демографик ўсишлар билан биргаликда, фожеали миллий тўқнашувларни, миллий камситилишни, “қирғизлаштириш” тазйиқлари каби салбий ҳолатларни ва синовларни ўз бошларидан кечирганлигини эътироф этиш керак. Download 328.73 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling