Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги


Минтақа давлатларидаги ўзбекларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалардаги иштироки


Download 328.73 Kb.
bet13/24
Sana02.02.2023
Hajmi328.73 Kb.
#1147054
TuriДиссертация
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   24
Bog'liq
Йўлдошев А.Б. Диссертация ОАК

3.2. Минтақа давлатларидаги ўзбекларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалардаги иштироки
Марказий Осиё давлатларида мустақилликнинг дастлабки беш йилликлари ўта мураккаб ва конфликтоген воқеликлар юз бериши билан ҳам ҳарактерланади. Бу эса миллий-этник, этно-социал жараёнлар мувозанатига ўз таъсирини ўтказиб, миллатлараро муносабатларда ҳам намоён бўлади. Ушбу даврда Марказий Осиё ўзбеклари ҳам ўзлари истиқомат қилиб турган мамлакатлардаги бошқа миллатлар сингари тарих синовларига бардош бердилар. Аммо давлатлараро ва халқлараро муносабатлар тўхтаб қолмади. Ўзбекистон чегараларининг очиқлиги ушбу даврнинг ўзига хос ижобий хусусиятлардан бири бўлиб, қўшни республикаларда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг Ўзбекистон билан алоқалари давом этиб борди. Ушбу муносабатларнинг асосини қавм-қариндошчилик ва қуда-андачилик, савдо-сотиқ ва бозор, маънавий-маърифий ва илмий изланишлар, адабиёт ва санъат соҳаларидаги фаолият ташкил этди.
1991-1995 йиллар давомида Марказий Осиё давлатларида совет ҳокимияти йиллари давридан мерос бўлиб қолган иқтисодий-ижтимоий қолоқлик ва инқироздан чиқиш, янги мустақил давлатда яшаш шароитига мослашиш, бозор иқтисоди асосларини яратиш, миллий қонунчилик базаси учун курашлар жараёнларида кечди. Шунингдек, ҳар бир давлат мустақил ички ва ташқи сиёсатининг концептуал стратегиясини белгилаб, халқаро ташкилот ва уюшмаларга мустақил суверен давлат сифатида аъзо бўлиб кириш даври ҳам дастлабки беш йилда амалга ошди.
Марказий Осиё республикалари ўртасида мустақиллик шароитида янгидан ҳамкорлик алоқаларини тикланишида 1995 йил октябрь ойида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида “Туркистон умумий уйимиз” шиори остида ўтказилган “Марказий Осиё давлатларининг маданий форуми” муҳим роль ўйнади. Ушбу анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон президентлари ўзларининг табрикларини йўлладилар257.
Тарихан илдизи ва маданияти муштарак бўлган мамлакатларнинг ушбу форумида ўзбек ва қозоқ, туркман ва тожик ҳамда қирғиз илм фанининг, улуғ намоёндалари, адабиёт, театр, санъат соҳаси арбоблари иштирок этдилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган машҳур қирғиз адиби Ч.Айтматов, ўзбек халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Примқул Қодиров, Қозоғистон халқ ёзувчилари О.Муҳаммаджонов, Қолдорбек Найманбоев, Қозоғистон фанлар академияси мухбир аъзоси, қозоқ шоири ва олими Мухтор Шохонов, Қирғизистон театр ва санъат устаси А.Ибраев, Қирғизистон халқ шоири Суюнбой Эралиев, Тожикистон фанлар академияси академиги Ўлмас Мирсаидов, Туркманистонлик олима О.Аннамуродова кабилар ўз чиқиш ва маърузаларида, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги мулоқотларда Марказий Осиё давлатлари орасидаги узилиб қолган яхши қўшничилик, қавм-қарндошлик, маданий алоқаларни тиклаш зарурлигини таъкидлаган эдилар. Қирғизистон шоири С.Эралиев “Марказий Осиё халқлари бир-бири билан борди-келди қилиб турардик, ёзувчилар билан ёзувчилар қўришарди, адабиёт кунлари ўтказиларди. Шуларнинг бари тўхтаб қолди. Тошкент яхши кўрган шаҳримиз, шунга ҳам келолмай қолган эдик. Мана беш йилдан кейин (1991-1995 йй.) ҳаммамизни бу ерга чорлаб, бошимизни кўшганларга катта рахмат. Маданий-маърифий алоқаларни тиклаш керак дейишяпди. Қирғиз тилига ўзбекларнинг барча асарлари деярли таржима қилинган. Бироқ кейинги йилларда ўзбекларда қандай роман, қисса, ҳикоялар чоп этилганидан деярли хабарсиз келдик. Уларнинг ҳаммасини қайта тиклаш, янгитдан ривожлантириш учун ўтаётган форумнинг аҳамияти зўр бўлиши муқаррар258”.
1996 йилда бошлаб минтақадаги ёш мустақил давлатлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг бир қадар ўнглана бориши билан, Дўстлик жамиятлари Кенгашлари ҳузурида Ўзбекистон-Қирғизистон, Ўзбекистон-Қозоғистон, Ўзбекистон-Туркманистон, кейинчалик Ўзбекистон-Тожикистон жамиятлари ташкил топди. Жумладан, 1996 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти рўйхатга олиниб, унинг устави 1997 йил 6 июлда тасдиқланди. Адлия вазирлиги 1998 йил 27 июнда “Ўзбекистон-Туркманистон” дўстлик жамиятини, 1998 йил 13 ноябрда “Ўзбекистон-Қозоғистон” дўстлик жамиятини рўйхатга олди259. Ушбу жамиятларнинг асосий мақсади этиб, Ўзбекистон-Қирғизистон, Ўзбекистон-Туркманистон ва Ўзбекистон-Қозоғистон республикалари халқлари орасидаги маданий-маърифий, таълим-фан соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришдан иборат. Ушбу мақсаддан келиб чиқиб дўстлик жамиятлари қуйидаги вазифаларни амалга оширади.
Қўшни давлатлар халқлари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорликни ривожлантириш ва маданий-маърифий ришталарни ташкил этиш ва мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси тўғрисида ахборот-маълумот фондлари ва маълумотлар базасини яратиш, уларни маданият, санъат, илм ва маориф соҳаларида Ўзбекистон эришган ютуқлар билан таништириш, бадиий жамоаларнинг ва якка ижрочиларнинг чиқишини, теле ва кино кўрсатувларни, тасвирий санъат асарлари ва халқ ижоди маҳсулотлари кўргазмаларини, фотокўргазмаларни, тадбирлар комплексларини белгиланган тартибда уюштириш, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган қўшни республика фуқаролари ҳамда уларнинг бирлашмалари билан алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш ва ҳамкорлик қилиш, Ҳукумат ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ва ҳамкор давлатларнинг шаҳарлари ва ҳудудлари ўртасидаги гуманитар, илмий-техник, маданий алоқалар, шунингдек, шериклик муносабатлар масалалари бўйича халқаро алоқаларни ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш, Жамият фаолияти тўғрисидаги ахборот билан оммавий ахборот воситаларида чиқишлар уюштириш, Жамиятнинг Устав вазифаларини бажариш учун ноширлик, ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятларини амалга ошириш, фан ва маданият арбобларини, фахрийларни, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотларининг арбобларини ўзбек ва қирғиз халқларининг миллий-маданияти ва анъаналарини оммалаштиришда қатнашишга жалб қилиш, қўшни мамлакатлар делегациялари ва алоҳида шахслар қабулини уюштириш, юртдошлар гуруҳлари билан алоқаларни кенгайтириш ва делегация айрибошлашни йўлга қўйиш кабилар киради260.
Аввало, Ўзбекистон билан Марказий Осиё ўзбеклари маданий ҳамкорлигида ушбу жамиятлар кенгашлар ҳузурида иш олиб борган “Ватандошлар билан алоқа боғлаш департаменти” фаолияти ижобий ишларни амалга оширганини қайд этиш ўринли бўларди. Ўзбекистон Дўстлик жамиятлари Марказий Осиё республикаларидаги ўзбеклар миллий уюшмалари ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорлик мақсадида тузилган турдош дўстлик жамиятлари орқали янги мустақиллик шароитида ўзбеклар билан алоқаларни йўлга қўйдилар.
Ўзбекистон билан Марказий Осиё республикалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида 1996 йилда ташкил этилган “Ўзбекистон-Қирғизистон”, “Ўзбекистон-Қозоғистон”, “Ўзбекистон-Тожикистон”, “Ўзбекистон-Туркманистон” дўстлик жамиятлари (ХАМА) ҳам муҳим роль ўйнади. Ушбу дўстлик жамиятлари Соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллик таваллуди халқаро миқёсда нишонланган “Амир Темур йили”га тўғри келди. Амир Темур юбилейи доирасида ушбу мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари кўмагида Марказий Осиё Республикалари олийгоҳларида, ўзбеклар кўп сонли бўлиб яшаётган жойларда ўзбек миллий маданий уюшмалари иштирокида конференция ва анжуманлар ўтказилди261. “Ўзбекистон-Контакт” журналида “Қирғизистон-Ўзбекистон” дўстлик жамиятига аъзо бўлган ўзбекларнинг мақолалари, ҳикоя, очерклари босилди. Дўстлик жамиятларининг Халқаро, ёшлик, тиббиёт, хотин-қизлар бўлимларидаги тадбирларда ҳам Қозоғистон ўзбеклари иштирок этишди262.
1996 йилда Ўзбекистон ўзбекистон дўстлик жамиятлари делегацияси Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бўлиб, ўша йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Амир Темур юбилейига бағишлаб илмий-амалий конференция уюштирилди. Конференцияда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти раиси адиб Жуманиёз Жабборов, Андижон ва Жиззах вилояти ҳокимларининг муовинлари, ХАМА аъзолари, “Қирғизистон-Ўзбекистон” жамияти раиси Г.А.Фаттоев ва Ўшлик ўзбек фан ва маданият намоёндалари, санъат усталари иштирок этди. 1996 йил Ўш шаҳрида янги ташкил этилган “ўзбек-қирғиз фарзандлари таълим оладиган коллеж”да таълим-тарбия ишлари билан танишиб, унга Ўзбекистондан ўқув қўлланма, дарсликлар билан ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланди263.
Нафақат Марказий Осиё республикаларида, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Қозоғистон ва Қирғизистондан келган ўзбек ва қозоқлар иштирокида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. 1996 йил 8 августда ХАМА биносида қозоқ шоири Жамбил Жабаевнинг 150 йиллик юбилейига бағишланган “Мушоира” тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирда Қазоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси, ёзувчи Йўлдош Сулаймон, “Нурли жол” газетаси бош мухаррири Т.Холбоев, шунингдек, Қозоғистондаги ўзбеклар маданий маркази раиси муовини Турсуной Исмаилова, чимкентлик ўзбек шоирлари иштирок этди264.
Ўша йили Чимкент ўзбеклар маданий маркази ташаббуси билан Чимкент шаҳрида “Ўзбек тили маданияти ва ўзбек одати миллий анъаналари” куни ташкил этилди. Ушбу кун доирасидаги тадбирларда жамбиллик, туркистонлик ўзбеклар қатнашиб, ўзбек урф-одатлари, анъаналарини сақлаш, тарғиб қилиш ҳақида муҳим мулоқотлар олиб бордилар265.
Ушбу каби тадбирлар Туркманистон ва Тожикистон ўзбеклари орасида ҳам ўтказилиб, “Ўзбекистон-Туркманистон”, “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамиятлари томонидан санъат ва театр усталари учрашуви, ХАМА аъзоларининг бу давлатларга ташрифи тадбирлари уюштирилиб турилди. Айниқса, Хўжанд давлат университети ва Панжикент педагогика институтида ўтказилган илмий-амалий, илмий-назарий анжуманларнинг 9 тасида тожикистонлик ўзбек олимлари иштирок этдилар. Шунингдек, Ўзбекистонлик ўзбек олимлари ҳам ушбу анжуманларда иштирок этиб, миллатдошлари билан илмий мулоқотларда бўлдилар, илмий алоқалар ўрнатиш ҳақида келишувларга келишди266.
1990 йилларнинг охири-ХХ аср бошларида ўзбек ватандошлар билан алоқаларнинг делегация ва индивидуал ташрифлар, Дўстлик кенгаши биносида меҳмонларни қабул қилиш, виза муддатини узайтириш, меҳмонларни Ўзбекистонга кириш ва чиқишларида, рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш ишларида ёрдам берилди. Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон ўзбеклари билан алоқаларни кучайтиришга қаратилган мактублар ташкил этилди.
2001 йилда Марказий Осиё ўзбеклари билан телекўрсатув тайёрлаш учун 30 та ватандош ҳақида маълумот тайёрланди. Қирғизистон Ўш вилояти ўзбеклар жамияти вице президенти Феруза Кимсанова Дўстлик жамиятлари Кенгашининг “Ватандошлар билан алоқа бўлими”да қабул қилиниб, Ўшдаги ўзбеклар ҳақида мулоқотлар қилинди. Ф.Қосимова Республика маънавият-маърифат марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Турсуной Содиқова ва телевиденияда Соат Шарипов билан мулоқотларда бўлди267. Бундай учрашувлар 2005, 2011 йилларда Қирғизистон ўзбеклари жамияти раиси, парламент депутати Даврон Собиров билан ҳам бўлиб ўтган. Ўзаро мулоқотларда Қирғизистон ўзбеклари таълим олаётган мактабларни ўзбек тилидаги дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминлаш, ўзбек йигит-қизларининг ушбу мамлакатда олий маълумот олишиларини қўллаб-қувватлаш кабилар устида мулоқотлар борган268. Юқорида кўрсатилган йилларда “Ўш ўзбеклар жамияти”га Ўш шаҳрига “Келин-куёв” шоу дастурини ўтказиш учун ўзбек миллий кийимлари, ўзбек телерадиокомпанияси ходимлари сафарбар қилиб турилди. 1998-2003 йилларда Ўзбекистонга мингдан ортиқ хорижлик ўзбеклар ташриф буюриб, уларнинг 250 нафарга яқини Марказий Осиё давлатларидан эди. Агар Дўстлик жамиятлари Кенгаши 2002 йилда 30 дан ортиқ мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг 24 та жамиятлари билан алоқаларни янгитдан тиклаган ва мустаҳкамлаган бўлса, улар орасида Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари ҳам бор эди.
Қозоғистондаги ўзбеклар жамияти билан танишиш, улар билан келишув аҳдномасини имзолаш учун “Ватандошлар билан алоқа бўлими” бошлиғи Н.Р.Нурматов Чимкент шаҳрида бир неча бор хизмат сафарларда бўлди. Ушбу шаҳар ўзбек маданий маркази жамоа бирлашмаси раиси М.Исоқов билан олиб борилган мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларида муҳим аҳамият касб этди. Бироқ ушуб уюшма фаолиятида ҳам ўзаро ҳамкорликнинг режалаштирилган вазифалари тўлиқ бажарилмади. Жумладан, 1996 йилда Марказий Осиё давлатлари дўстлик жамиятлари ва миллий-маданий марказларининг режалаштирилган Тошкент учрашуви амалга ошмади. Ёхуд келишувларда Марказий Осиё ўзбек миллий-маданий марказларини ўзбек тилидаги янги адабиётлар билан таъминлаш ишлари бажарилмади.
Қирғизистон, Туркманистон ўзбек мактабларида “совет мафкураси”да чиқарилган ўқув дарслик ва қўлланмаларни ўқитиш давом этди. Ўзбеклар кўп сонли бўлиб яшаётган ҳудудларда ўзбек тилида бирор бир ўқув юрти очилмади. Шунингдек, ўзбек ёшлари олий ўқув юртларига ўқиш учун чет эл талабалари сингари хорижий валюта тўлаб ўқишда давом этдилар. Марказий Осиё давлатларидаги ўзбекларнинг миллий уюшмалари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, ушбу уюшмаларга кўрсатиладиган ёрдам самарадорлиги юқори даражада бўлмади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ички сиёсатида кескин ўзгаришлар минтақа давлатлари ҳаётида ҳам ижобий таъсирини кўрсатиб, қўшни мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда очиқлик, ошкоралик, янгиланиш ва ўзгаришларга олиб келди. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Марказий Осиёдаги асосий мақсади – ўз ҳудуди атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини яратиб, минтақа давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат. Шавкат Мирзиёев юритаётган оқилона ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиё республикалари билан муносабатлар юмашаб, минтақадаги тинчлик, осойишталик ва иқтисодий тараққиёт ўзининг янги босқичига кирди. Бу жараёнларга Марказий Осиё ўзбекларининг иштироки муҳим тарихий воқелик ҳисобланади. Умуман олганда, Марказий Осиё минтақасида кўпчиликни ташкил этувчи ўзбеклар Ўзбекистондаги ўзгаришлардан манун ва манфаатдордирлар. Чегараларнинг очилиши биринчи навбатда қавм-қариндошлик ришталарини боғлаган бўлса, иккинчи навбатда ўзлари яшаб турган мамлакатларда уларга нисбатан муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига олиб келди. Учинчидан, асосан Ўзбекистон билан чегара ҳудудларда яшовчи ўзбекларда савдо-сотиқ муносабатларини қайта ташкил этиш имкониятлари шаклланиб, уларнинг иқтисодий салоҳиятларини оширишга шароит яратди. Қолаверса, ўзбекларнинг Ўзбекистон билан алоқаларининг кенг йўлларини очиб берилиб улар ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, илмий-адабий, маданият ва санъат каби тармоқларда ўз ифодасини топади.
Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, 2016-2020 йиллар давомида ташқи сиёсат ва иқтисодий фаолият бўйича юқори даражадаги 128 та ташриф уюштирилган. Тошкентда илм-фан, санъат, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар, ёшлар, сайёҳлик, спорт, жамоат бирлашмалари ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлари иштирокида 210 дан ортиқ турли учрашувлар, видеоконференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказилган. Ушбу учрашувларда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикаларидаги миллий-маданий марказ вакиллари, ўзбек тилидаги ўзбек матбуоти журналистлари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, адабиётшунослар, илм-фан намоёндалари, санъаткорлар ва спорт усталари иштирок этишди269.
Энг асосийси минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг якдил қарорлари билан минтақадаги ижтимоий-иқтисодий холат сезиларли даражада ўзгарди. Жумладан, 2017-2019 йилларда Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 5,2 миллиард долларни ташкил этиб, йилҳисобига 50 фоизга ўсишга эришган. 2020 йил статистик маълумотларига кўра, глобал пандемияга қарамай, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан умумий савдо айланмаси 5 миллиард долларга етган. Жумладан, Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланма ҳажми 903 миллион доллардан ошди. Экспорт 756,6 миллион долларни, импорт 146,5 миллион долларни ашкил этиб, бу кўрсаткич 2016 йилдагига нисбатан 5,4 баробар кўп ҳисобланади270.
Айниқса, Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида Марказий Осиё давлатларининг улуши 2019 йилдаги 12,4 фоиздан 2020 йилда 13,6 фоизга ошди, бунда Қозоғистон улуши 61 фоизни, Қирғизистон 18,2 фоизни, Туркманистон 10,6 фоизни ва Тожикистон 10,2 фоизни ташкил қилди. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг яхшиланиши натижасида 2017–2020 йиллар мобайнида Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ўртасида 300 дан ортиқ шартнома ва 75 миллиард долларга яқин битимлар имзоланди. Ушбу битимлар вужудга келишида Марказий Осиё ўзбекларининг ўзига хос улуши борлиги кишини қувонтиради271.
“Ўзбекистоннинг Марказий Осиёга нисбатан очиқ, конструктив ва прагматик сиёсати натижасида кўплаб муаммолар ҳал бўлди. Жумладан, сувдан фойдаланиш тартиблари, Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиниши, транспорт коммуникациялари ва давлат чегараларини кесиб ўтиш кабиларни алоҳида эътироф этиш лозим” деб таъкидлайди сиёсатчи олим, Сўғд “Ўзбек маънавият-маърифат маркази” раҳбари Илҳом Юсупов.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан яхши сиёсати глобал пандемия даврида минтақа раҳбарларининг бир-бирига ёрдам бериш ва коронавирус тарқалишининг таъсирини юмшатиш бўйича биргаликда амалга оширган чораларидан далолат беради. Минтақадаги давлатлар коронавирус инфекцияси тарқалишининг илк кунлариданоқ бир-бирига гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон бир неча бор Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами юборди. Бунга жавобан Қирғизистон ва Тожикистон ҳам Сардоба сув омборини тиклаш учун гуманитар ёрдам кўрсатди.
2020 сентябр ойида Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Спитамен туманида асосан ўзбек миллати вакиллари истиқомат қилиши инобатга олиниб 2 та янги мактаб, Хатлон вилоятининг Кўбадиён туманида 200 ўринли шифохана қуриб берилди. Спитамен туманидаги 630 ўринга мўлжалланган мактабнинг очилиш Маросимида Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Тожикистон таълим ва фан вазири Муҳаммадюсуф Имомзодалар иштирок этди272. 2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон кўмагида Қирғизистонда 200 ўринли ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишга топширилди.
Миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ва хорижий ватандошлар билан алоқа ўрнатиш бўлими орқали алоқаларни ривожлантириш 2016 йилдан кейин янги босқичга кўтарилди. Айниқса 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси” ташкил топгандан сўнг бу борадаги ишлар ижобий ўзгаришлар юз берди. 2017-2020 йилларда ушбу қўмита ҳузуридаги Ўзбекистон-Қозоғистон, Ўзбекистон-Қирғизистон, Ўзбекистон-Тожикистон, Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик жамиятлари, хориждаги ватандошлар билан алоқа бўлими томонидан илмий-амалий семинарлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар, мусиқий-бадиий кечалар, концертлар, учрашувлар шаклидаги тадбирлар ташкил этилди.
Биргина 2017 йилда Чимкент шаҳрида Қозоғистон ўзбеклари этно-маданий бирлашмалари “Дўстлик жамияти” билан биргаликда 8 март халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб “Муқаддас аёл” номли концерт дастури уюштирилди. Концертда ўзбек санъати усталари, Ўзбекистондан борган ўзбек вакиллари билан Қозоғистонлик ўзбеклар ўртасида маданий алоқалар соҳасида мулоқотлар ташкил этилди273. Шу йилда Бишкек (Қирғизистон)да ўтказилган “Қирғиз-ўзбек адабиёти дўстликнинг олтин кўприги” мавзусидаги адабий мусиқий кеча доирасида Қирғизистондаги ўзбек миллий-маданий маркази раиси ва фаоллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. 2017 йилда Ўш вилоят кутубхонасида ўтказилган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунлари (9 февраль, 14 февраль) тадбирларида ўшлик ўзбеклар иштирок этди. Ўшлик ўзбеклар томонидан улуғ адибларнинг ижодидан ва асрларидан намуналар ижро этилди274, 2017-2018 йилларда Тожикистон Республикасидаги ўзбеклар билан алоқалар анча кучайди.
2018 йил Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигининг янги истиқболлари сари махсус телекўрсатувда Тожикистондаги “Сўғд вилояти ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази” раиси И.Юсупов, марказнинг “Шарқнома” журнали бош муҳаррири Ж.Пиримов ҳамда “Маънавият” газетаси бош муҳаррири Ҳ.Зокировлар иштирок этди. Телекўрсатувда ўзбек-тожик дўстлиги, Тожикистондаги ўзбеклар ҳаёти, уларнинг истак ва интилишлари ҳақида маълумотлар берилди275. Икки давлат ҳамкорлигининг 2018-2019 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” асосида “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти тузиш ишлари бошланди. Шунингдек, икки мамлакат миллатлараро қўмиталари ўртасида ҳамкорлик қилишнинг мемаорандуми имзоланди. 2018-2020 йилларда Ўзбек миллий-маданий марказларига ўзбек тилидаги адабиётлар етказиб беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2019 йилда Туркистондаги Шимкент Қозоғистон ўзбеклари этно-маданият бирлашмалари, “Дўстлик” ҳамжамиятига 162 номдаги 435 та адабиёт намуналари етказиб берилди. Ушбу каби ўзбек адабиётлари Қирғизистон, Тожикистон ўзбеклари миллий уюшмалари манзилига ҳам юборилди276.
2018 йил 31 июн куни Тошкентда "Ўзбекистон-Тожикистон" дўстлик жамиятининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси вакиллари ва мамлакатдаги тожик диаспоралари фаоллари иштирок этишди, деб хабар берди “Aсиа Плус” агентлиги. Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев бир овоздан "Ўзбекистон-Тожикистон" дўстлик жамиятининг раиси этиб сайланди, деб хабар қилинди Тожикистон ташқи ишлар вазирлигидаги манбага асосан. Учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатларни халқ дипломатияси - маданият, санъат, фан ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни ташкил этиш орқали мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
2017 йил август ойида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг фармони билан мустақиллик йилларида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, кенгайтириш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, шунингдек, дўстлик ва яхши қўшничилик, маданий, гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва илмий алоқаларни тиклашда қўшган улкан ҳиссаси, тожик ва ўзбек халқлари фаровонлиги йўлида икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама самарали ҳамкорликни тарғиб қилганлиги сабабли Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги раҳбари Шавкат Хамраевни Тожикистон Республикасининг 1-даражали “Шараф ордени” билан тақдирланди277.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё ўзбекларининг Ўзбекистон билан алоқаларини жонланишида чегараларнинг очилиши ва ўтказиш пункитларнинг ишга тушиши муҳим аҳамият касб этди. Жумладан, 2017 йил 6 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасида “Дўстлик” пункти иш бошлаган бўлса, 2019 йил 30 августдан бошлаб “Риштон” – “Қайтпас”, “Тул” – “Отукчу”, “Ленбург” – “Апкан”, “Девайрам” – “Бўз-Адир” ўтказиш пунктлари иш бошлади278. 2018 йилнинг 1 мартидан Ўзбекистон – Тожикистон черасидаги “Жартепа” – “Саразм”, “Кушкент” – “Ўратепа”, “Учқўрғон” – “Ҳавотоғ”, “Ховособод” – “Зафаробод”, “Бекобод” – “Хаштяк”, “Поп” –“Навбунёд”, “Равот” – “Равот”, “Гулбаҳор” – “Айваж” каби автомобиль йўлларидаги пунктлар, шунингдек, темир йўл чизиғидаги “Амузанг” – “Ҳошади” пунктлари ўз фаолиятини қайта тиклади279.
Марказий Осиёдаги ўзбек зиёлилари маданий-гуманитар ҳамкорлик тадбирларида, Ўзбекистон билан ҳамкорлик корхоналари орқали тижорий алоқаларда ҳам иштирок этимоқдалар. “Ўзбек халқининг тили, маданияти ва анъаналари” мавзусига бағишланган тадбирлар доирасида ўзаро алоқаларнинг янги усуллари ҳамда йўналишлари шаклланмоқда. Бироқ “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси” фаолиятида фойдаланилмаган имкониятлар кўзга ташланади. Марказий Осиё ўзбеклари билан ўтказиладиган тадбирлар доирасини янада кенгайтириш, телекўприк, радиокўприк кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил этиш, ўзбек миллий-маданий марказлари учун адабиёт етказиб беришни кўпайтириш, чет эллик ўзбеклар асарларини Ўзбекистонда чоп эттириш кабилар бу борада кутилаётган натижаларни беради.
Хуллас, Марказий Осиё давлатларидаги ўзбекларнинг Ўзбекистон ўзбеклари билан ҳамкорлик алоқаларидаги йўналишлари кенгайиб, бу борада бой тажриба тўпланмоқда.

Download 328.73 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling