Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
III-БОБ. МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЎЗБЕКЛАРИНИНГ МИЛЛИЙ УЮШМАЛАРИ, МАТБУОТ ОРГАНЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ
Download 328.73 Kb.
|
Йўлдошев А.Б. Диссертация ОАК
III-БОБ. МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЎЗБЕКЛАРИНИНГ МИЛЛИЙ УЮШМАЛАРИ, МАТБУОТ ОРГАНЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРИ
3.1. Маркзий Осиёдаги ўзбекларнинг миллий уюшмалари ва матбуот органларининг фаолияти Миллий-маданий марказлар миллий муносабатларни ва миллий жамоатчиликни шакллантиришнинг муҳим омили бўлиб, миллий маданиятни ривожлантириш, она тилини, урф-одатларни, миллий қадриятларни, халқнинг тарихий хотирасини асраб-авайлашга хизмат қиладиган ва миллий-этник жамоани шакллантириш мақсадини кўзлаган жамоат шаклидир186. Миллий-маданий марказлар умумманфаатларга хизмат қиладиган жамоат тури бўлиб, ундаги аъзоларнинг умумий манфаатларига асосланиб фаолият олиб борадиган нодавлат, нотижорат ташкилот ҳисобланади. Миллий-маданий марказлар миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, миллий бирдамликни сақлаш ва миллий қадриятларни қарор топтириш асносида шаклланади. Марказий Осиё Республикалари ўзбеклари ҳаётида ўзбек миллий-маданий марказлари ва уюшмаларининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ушбу марказлар ўзбекларнинг маданий-маърифий, ҳуқуқий эҳтиёжи ва зарурати туфайли тузилди. Уларнинг асосий вазифаси аҳоли орасида соғлом ахлоқий-руҳий муҳитни яратиш, ҳар бир фуқаронинг миллий камситилишига йўл қўймаслик, миллат ва халқларни яқинлаштириш, улар ўртасидаги бирдамликни мустаҳкамлаш ташаббускори бўлишдан иборат. Миллий-маданий марказлар ҳар бир республиканинг “Нодавлат, нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги ва “Жамоат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлари асосида ташкил этилиб, давлат органлари билан ўзбекларнинг муаммоларини биргаликда ҳал қилишда воситачи ташкилот ҳисобланади. Миллий тил, маданият, адабиёт, тарих, миллий одат ва анъаналарни сақлаб қолиш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар уюштириш, ўзбек маданияти, тарихи, санъатини тарғиб қилиш кабилар миллий-маданий марказлар орқали амалга оширилади. Миллий-маданий марказлар ўз олдига қўйган маданий-маърифий дастурни бажариш учун ўзбек тили ва эски ўзбек имлосини ўрганиш билан боғлиқ тўгараклар ташкил этади, ўзбек тилидаги ўқув юртларида ўқувчи ва студентларнинг ўз она тилларида таълим олишлари учун уларни қўллаб-қувватлайди. Миллий ҳунармандчилик курсларини ташкил этиш чора-тадбирларини белгилайи ва амалга тадбиқ этади. Миллий-маданий марказлар қошида мустақил ёшлар жамоалари ташкил этиб, танлов, фестивал, кўргазмалар, киноконцертлар ўтказади, шунингдек, студиялар, матбуот органлари, ўзбек миллий таомларини тайёрлаш курслари, миллий китоблар кутубхоналари ва бошқа тўгарак, клублар фаолияти йўлга қўяди. Адабий кечалар, шоир ва ёзувчилар, фан ва маданият, техника ва маориф ходимлари фаолиятига бағишланган мулоқот, савол-жавоб, мушоира, турли хил спорт тадбирлари каби иш шаклларидан фойдаланилади. Қолаверса, ўзбек адабиёти намоёндаларининг асарларини нашр этиш, мамлакатларда ўзбеклар фан ва техника соҳасида эришган ютуқларни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш ҳам уларнинг иш тажрибасида кенг қўлланилади. Миллий-маданий марказ (бундан кейин МММ-дисс.)лар халқ қаҳрамонлари, меҳнат зарбдорлари, фан-техника, маданият, санъат арбоблари, халқ уста-ҳунармандлари, таниқли педагог ва маориф ходимлари билан учрашувлар, улар хотрасига бағишлаб турли-туман тадбирлар ташкил этади. Ўзбек миллий-маданий марказлар ўз уставларига эга бўлиб, ушбу уставда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, ўз мамлакатлари қонунчилиги доирасида миллий бирликни сақлаб қолишга қаратилган қатор тадбирларни белгилайдилар ва амалга оширадилар187. Эътиборлиси ҳар бир миллий-маданий марказларнинг ўз устави мавжуд бўлиб, уставда бундай марказнинг умумий холати, мақсад ва вазифалари, марказ аъзоларининг мажбуриятлари, маданий марказ маъмурий тузилмаси ва таъминотининг манбалари аниқ равишда қайд этилган. миллий-маданий марказлар юридик шахс мақомига эга бўлиб, ўзбекларнинг миллий-маданий марказлари ҳар бир Республиканинг Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган. Қозоғистон Республикасида истиқомат қилаётган ўзбекларни ижтимоий жиҳатдан бирлаштиришда қатор жамоат муассасалари, бирларшмалари ва уюшмаларининг ҳамда матбуот органларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари "Дўстлик" ҳамжамияти, вилоят ҳамда шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмалари, “Қозоғистон ўзбеклари” маданият маркази, Чимкент шаҳар “Ўзбек драма театри”, "Ижодкор" ва "Истеъдод" адабий бирлашмалари, “Чашма” ижодий уюшмаси, “Сайрам садоси” газетаси, "Жанубий Қозоғистон" вилоят газетаси, “Жануб жарчилари” республика ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳафтаномаси ва ҳоказолар. Қозоғистон Республикасида ўзбекларни бирлаштирган жамият ташкил этиш ғояси ХХ аср 80-йиллари охирларида шакллана бошлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзбекларни бирлаштирган илк милли-маданий марказларнинг фаолияти кўзга ташланиб борди. Шундай жамиятлардан бири С.М.Исаков томонидан 1992 йилда ўзбеклар кўп сонли бўлиб яшаётган Жанубий Қозоғистон вилоятида “Ўзбек миллий-маданий марказ” таъсис этилиши билан намоён бўлди188. Аммо том маънодаги ўзбекларни бирлаштирган марказ 1995-йилда ташкил этилган бўлиб, бу Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” уюшмаси фаолиятида кўзга ташланди. Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” уюшмаси ўзбеклар кўпчилик бўлиб истиқомат қиладиган Жанубий Қозоғистон, Жамбул ва Қизилўрда вилоятлари зиёлиларининг сай-ҳаракатлари билан ташкил этилди. “Дўстлик” уюшмаси Қозоғистонда истиқомат қилаётган ўзбек миллати вакилларининг ҳуқуқ ва мафаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, миллатлараро муносабатларни қарор топтириш, ўзбек тилини, ўзбекона урф-одат, анъана ва қадриятларни асраб авайлаш, адабиёт, санъат, маданият ва бошқа ижтимоий муносабатларни тараққий эттириш мақсадини кўзлаган эди189. Қозоғистон Республикаси ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти ташкил топган кундан бошлаб, унга академик Бахтиёр Қодирбеков раислик қилган бўлса, унинг ўринбосари сифатида Ғофур Қосимов фаолият олиб борди. Уларнинг фаолияти таҳлил қилинар экан, асосан Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш борасида таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, Қозоғистон ўзбекларининг ижтимоий фаоллигига эришиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб қувватлаш, турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш каби ўнлаб амалий ҳаракатларни қайд этиб ўтиш ўринли бўларди. Уюшмани 2001-2003 йиллар оралиғида таниқли кардиожарроҳ Озод Тошпўлатов, 2003-2008 йилларда Рўзақул Халмуродов, 2008-2010 йилларда Раҳматжон Aбдусаттаров (унинг ўринбосарлари Ғофур Қосимов, Икром Ҳошимжонов ва Мамадияр Қодирбеков-Дисс.), 2010-2016 йилларда жамоат арбоби Ғофур Қосимов, 2016-йил 26-ноябрдан Икром Ҳошимжонов бошқариб келмоқда190. Қозоғистон Республикаси ўзбеклари "Дўстлик" ҳамжамиятининг фаолиятида Ҳамжамият кенгашининг қарорлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ушбу кенгаш ҳамжамият фаолиятининг вазифаларини белгилаб беради. Шунингдек, ушбу кенгашнинг ҳамжамият аъзоларини, унинг раиси ва ўринбосарларини, маслаҳатчиларини, унинг ҳудудий марказ раисларини сайлаш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Жумладан ушбу кенгашнинг 2017 йил 23 январдаги қарорига мувофиқ қуйидаги таркибда ҳамжамият бошқаруви таркиби шакллантирилган. Чимкентлик У.Р. Қодиров - ташкилий масалалар бўйича биринчи ўринбосар, Тарозлик Б.Т. Мўминов - адабиёт-санъат, маданият ва спорт ишлари бўйича ўринбосар, Астаналик Х.Х. Шарипов - Қозоғистон халқлари ассамблеясида иш юритиш бўйича ўринбосар, Алматилик А.Ж.Исматуллаев - молия, сармоя, ҳомийлик ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосар, Чимкентлик Н.Ж.Досметова - таълим-тарбия, гендер тенглиги, урф-одат ва анъаналар бўйича ўринбосар лавозимига сайланганлар191. Кенгаш қарорига мувофиқ Р.С.Холмуродов, Ф.А.Қоратоев, ва Г.А.Қосимовлар ҳамжамиятнинг маслаҳатчилари сифатида сайланган. Қозоғистон Республикаси ўзбеклари "Дўстлик" ҳамжамиятида бир қатор ўзбек зиёлиларининг фаолияти таҳсинга сазовор бўлиб, уларнинг ҳаракатларида миллатга нисбатан чексиз ҳурмат ва эҳтиром уфуруб туради. Жумладан, ҳамжамият оқсоқоллар кенгаши раиси Б.Турдиқулов, Энбекши туман ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Т.Нишонбоев, Тулабий тумани ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Усмонали Қодиров, Алмати шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Абдулла Исматуллаев, Астана шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатов ҳамда ўринбосари Ҳасан Шарипов, Манғистов вилояти ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Эргаш Султонов, Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Д. Маннотов, Чимкент шахар Абай тумани этномаданият жамоат бирлашмаси раиси А.Абдухолиқов, Илхомжон Алимқулов, Кўлкент қишлоқ ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси И. Қурбонов, Оқсувкент ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Ғ. Раимқулов, Қозоғистон Республикаси ўзбеклари "Дўстлик" ассоциацияси аъзолари А.Пратов, Ф.Махмудовлар фаолияти эътиборга лойиқ192. Қозоғистондаги вилоят ва шаҳарларда ўнлаб ўзбек миллий-маданий марказлар фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, Чимкент шаҳрида 2та ўзбек (Жан.Қоз. вилояти ва Чимкен шаҳрида) МММ, 1992 йилда Жамбил илоятида тузилган МММнинг Тароз, Меркнси, Байзак, Чуй, Жамбул ва Кулан туманларидаги филиаллари мавжуд. Кейинчалик Қозоғистонинг Қизил Ўрда (1994 йил), Актюбинский (2000 йил), Манғитсой (2001 йил), Кустанай (2003) йил, Остона (2005), Олмаота (2006 йил), Қарағанда (2007 йил), Павладор (2013) шаҳарлари ва Шарқий Қозоғистон (2013 йил, Семеплатинск шаҳрида) областида ўзбек МММ ташкил этилди193. Қозоғистон Республикаси ўзбеклари "Дўстлик" ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор" адабий бирлашмасининг фаолиятида ёшларни ўзбек адабиёти руҳида тарбиялаш, ўзбек адабий муҳитини асраб авайлаш, адабиётга шайдо ёш иқтидорларни аниқлаш, ўзбек адабиёти намоёндалари билан мунтазам алоқалар ўрнатиш ва шу каби қатор вазифаларни кўриш мумкин. Ушбу адабий бирлашмадан жуда кўплаб шоиру, шоиралар етишиб, ҳозирги Қозоғистон ўзбеклари адабиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Абдураҳим Пратов, У. Каримова, Э. Султонова, М. Сафарова, З. Мўминжонов, Қ. Баҳодирова, Ё. Мадалиев, С. Акромов, И. Абдунабиев ва бошқалар шулар жумласидандир194. Қозоғистон ўзбеклари нафақат иқтисодий ҳаётда, балки республиканинг ижтимоий-сиёсий фаолиятида ҳам муносиб ўрин эгаллаб, шу орқали Қозоғистоннинг иқтисодий ва маънавий қудратини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Миллий-маданий марказ аъзолари оммавий ахборот воситаларида, телевидения, радиода фаол қатнашиб, ўзбек аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Жумладан, Aлишер Навоий, Мирзо Бобур, Aмир Темур, Мубаширхон ат-Тарозий юбилейларига бағишланган тадбирлар ўзбек халқининг маданий-тарихий меросини тарғиб этишда катта аҳамиятга эга бўлди. “Чимкент шаҳар ўзбек драма театри” Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлигининг 2003 йил 14 мартдаги 127-сонли қарори билан ташкил этилди. Театрнинг асосий вазифаси этиб, миллий менталитетга ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак, халқчил саҳна асарларини саҳналаштириш, томоша ва концерт дастурларини яратиш, ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга йўналтирилган муносиб саҳна асарлари, томошалар ва концерт дастурлари билан ҳисса қўшиб бориш, қолаверса, ўзбекларнинг турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар, миллий байрамларни тиклаш ҳамда давом эттиришда кўмаклашиш, кўргазмалар, фестиваль, кўрик-танлов, маърузалар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар, бенефис, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш ва ижодий кечалар, мақсадли театрлаштирилган маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказиш, мамлакатда ва хорижда театр ва концерт-томоша гастроль фаолиятининг кенг кўламли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кабилар белгиланди195. Театрнинг очилиш маросимида Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбойев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Қолаверса, Чимкент шаҳар ўзбек драма театри очилиш маросимига Ўзбекистон Республикасининг бир қатор театр жамоалари гастрол сафари билан келди. Театр Қозоғистонда истиқомат қилаётган ўзбек миллати вакиллари учун чинакам маънавият ўчоғига айланиб, бу ерда ҳар йили Марказий Осиёнинг республикалари ўзбеклари иштирокида “Aскиа” ҳазил ва кулги фестиваллари, “Шеърият юлдузлари”, “Офарин”, “Лапар” танловлари, шунингдек, "Мақом" ва бошқа тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилганлиги жуда аҳамиятлидир.196 Театр жамоаси Туркистон ва Кентау шаҳарлари, шунингдек, Туркистон вилоятининг Сайрам, Қозгурт, Сариоғаш, Сузоқ, Тюлкубасс, Тўлеби туманларига тез-тез гастрол сафарлар уюштириб, ўзбеклар маънавий ҳаётини бойитишга хизмат қилди. Театрга Зокиржон Мўминжонов, Икром Ҳошимжонов (2018-2020 йй.), Комилжон Саитов каби режиссёрлар раҳбарлик қилди. Театрда А. Тоғанбоев, С. Махмудов, Р. Саидхўжаев, С. Рўзиметова, В. Нишонбоева, З. Тоғанбоева, З. Қодирметова, Ш. Ходиметов, У. Носиров, А. Эрхонов, Д. Холметова, Ф. Мансуров, А. Эргашов, Ж. Саитов, М. Заббархонов, Б. Искандаров, К. Шодибекова, Э. Тўламетов, З. Шайлавов, Д. Рахманшикова каби иқтидорли ижодкорлар фаолият олиб боришди. Театр ижодкорлари томонидан шу кунга қадар 80 дан ортиқ спектакллар саҳналаштирилди. Ҳозирги кунда театр актёрлари “Темир хотин”, “Сеҳрли олмалар”, “Улар урганда”, “Жасорат она”, “Келинлар қўзғолони”, “Кучук куёв”, “Қирмизи олма”, “Заҳарли томчилар”, “Умр охиридаги бахт”, “Тўй”, “Зора қўзғолони” каби асарларни ўз томошабинлариги етказиб бермоқда197. Театр ижодкорлари халқаро ва республика театр фестивалларида қатнашиб, турли унвонларга сазовор бўлмоқда. Жумладан, 2006-йилда вилоят театри Алматадаги халқаро театр фестивалда “Томошабинлар” номинацияси бўйича мукофоти қўлга киритган бўлса, 2011-йилда театри актёри Р.Саитхўжайев Астанадаги республика танловида “Енг яхши эркак роли” номинациясида ғолиб бўлди. Ҳозирда театр жамоасида 53 та ижодкор фаолият юритиб келмоқда. Қозоғистон ўзбекларининг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, маданий ҳаётини ёритишда ўзбек тилидаги матбуотнинг ўрни беқиёсдир. Қозоғистондаги илк ўзбек газетаси 1918 йили 12 июнда Алмати шаҳрида Собиржон Шокиржонов муҳаррирлигида чиққан «Еттисув ишчи-халқ мухбири» газетасидир. Газетада болшевиклар ҳокимиятининг мақсадлари, ички ва ташқи сиёсати ҳақидаги маълумотларни Еттисув минтақаси халқларига етказиш вазифасини бажарган. 1918 йилнинг 9 декабригача ушбу газетанинг 41та сони дунё юзини кўрган. Ўзбек тилдаги ушбу газета 1919 йил январ ойидан «Учқун», 1919 йил июнь ойидан «Бухоро», кейинчалик «Кўмак» номи билан чоп этилган. «Еттисув ишчи-халқ мухбири», «Учқун», «Бухоро» ва «Кўмак» газеталари эски ўзбек ёзувида чоп этилган бўлиб, бугунги кунда Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар жамғармасида сақланмоқда198. Бундан ташқари Қозоғистонда ўзбек тилида «Деҳқон товуши», «Қизил қишлоқ» (1927 йил), Чимкент шаҳрида «Пахта зарбдори» (1930 йил) каби газеталар нашр этилиши йўлга қўйилган бўлса, 1932 йилдан Туркистон вилоятида «Сайрам садоси» газетасининг илк сонлари дунё юзини кўрди. Ушбу газета Сайрам туманининг газетаси ҳисобланиб, ҳафтада бир маротаба чоп этилган. Унинг илк муҳаррири ва асосчиси Зуҳра Алиакбар қизи Алимова эди199. Дастлаб газета «Пахта учун» деб номланиб, 1962 йилдан "Меҳнат байроғи" номи остида чоп этилган. 1990 йилдан эса газета номи "Сайрам садоси"га ўзгартирилган. "Сайрам садоси" туман газетаси таҳририятини Зуҳра Алимова, Худойберган Солметов, Бобожон Мирзаев, Абдукарим Дониёров, Тешавой Жаҳонгиров, Боймурод Эрметов, Қулаҳмад Турсунов, Ҳайдарқул Эшонқулов, Худойберган Хўжанов, Раҳмонқул Исонов, Мақсад Алиқулов, Файзулла Акромов, Собиржон Юсуфалиев, Юсуфжон Сайдалиев каби қаламкашлар бошқарган. Газетага 2008 йилдан буён эса Абдусаттор Умаров муҳаррирлик қилмоқда200. Жанубий Қозоғистон газетаси 1991 йил 1 апрелдан Туркистон шаҳрида Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси сифатида дунё юзини кўрди. 1999 йилга қадар ушбу газетанинг номи “Дўстлик байроғи” деб аталиб, республика ва вилоят ҳаётида содир бўлган ижтимоий-сиёсий воқеликлар ҳақида кўплаб маълумотлар, вилоят ўзбеклари, уларнинг фаолияти, ўзбек адабиёти ва санъати номоёндалари ва тарихий шахсларининг ҳаёти ва ижоди тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, ўзбек халқининг тарихи ва анъаналари ҳақида кўплаб мақолаларни муштарийларга етказиб берди201. Ҳозирги кунда газетанинг бош муҳаррири Ф. Қоратаев бўлиб, ҳафтада икки маротаба чоп этилмоқда. Газета Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010 йил 26 майда рўйхатга олиниб, №10957-Г гувоҳнома берилган202. “Жанубий Қозоғистон” газетаси директори ва бош муҳаррири Алишер Сотволдиевнинг сай-ҳаракатлари билан газетанининг нуфузи ортиб, Қозоғистон ўзбеклари ҳаётида муҳим аҳамият касб эта борган. Жумладан, Н. Назарбаев ташаббуси билан Қозоғистонда қозоқ тилини лотин графикасига асосланган алифбога кўчириш ғоясига кенг жамоатчиликнинг диққатини тортадиган туркум мақолалар чоп эттирган. Кентов шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ҳ. Абдувалиевнинг “Бизнинг лотинчамиз қандай бўлади?” мақоласи, З. Мўминжоновнинг Жанубий Қозоғистон давлат педагогика университети чет эл талабаларини мослаштириш маркази раҳбари Ш. Норалиеванинг “Лотинчамиз қандай бўлади?” мақоласи, бир қатор жамоатчи олимлар Ҳ.Қўчқоров, Ф.Икромов, Ғ.Қирғизбоев, Қ.Тошхўжаевларнинг Мурожаатлари эълон қилиниб, ўзбек жамоалари фаолларининг бу масала юзасидан фикрлари кенг оммага билдириб борилган203. Қозоғистон Республикасида ўзбек тилида “Жанубий Қозоғистон”, “Туркистон”, “Сайрам садоси”, “Сайрам сабоси” “Жамият ва маърифат”, “Адабиёт ва санъат”, “Жануб жарчилари”, “Исфижоб”, “Робита”, “Иқоним-Иймоним” газеталари, шунингдек, “Сайрам боғи”, “Туркистон овози”, “Мактабдош”, “5*5” ўйинлари”, “Иймон”, “Чимкент оқшоми” “Саодат сари” журналлари чоп этилади. Бундан ташқари болалар учун “Бойчечак”, “Камалак”, “Болажон” ва “Болалар олами” каби газета ва журналларнинг ҳам фаолияти йўлга қўйилганлиги диққатга сазовордир. Ушбу матбуот органларининг нашр юзини кўришида қозоғистонлик сармоядор ўзбекларнинг моддий жиҳатдан кўрсатаётган ёрдамлари муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, “Қозоғистон-Чимкент” телеканалида ҳафтада бир бор ўзбек тилида “Юртимиз жамоли” телекўрсатуви (муҳаррир: Зебунисо Бекматова. –дисс.) ташкил этиб келинмоқда. Бундан ташқари “Сайрам” хусусий телеканалида ўзбекча телекўрсатув дастурлари ҳам киритилган. Мустақиллик йилларида 22 номдаги даврий матбуот материллари ўзбек тилида босилиб, Қозоғистон ўзбеклари орасида кенг тарқалган204. Хуллас, ҳозирда Қозоғистон Республикасида ўзбек тилида ўнлаб газета ва журналлар нашр этилади. Улар давлат ва ҳокимиятларга тегишли, шунингдек, хусусий матбуот бўлиб, ўз саҳифаларида ижтимоий-сиёсий жараёнларни, фан ва адабиёт, маданият ва маориф янгиликларини, ўзбеклар ҳаётига оид материалларни мутассил эълон қилиб келмоқда. Газета ва журналлардан ўзбек адабиёти намоёндалари ҳамда журналистларининг ҳикоя, очерк, суҳбат метериаллари, Қозоғистон иқтисодиётига оид маълумотлар, ўзбекларнинг қишлоқ хўжалиги, саноат, миллий ҳунармандчилик соҳасидаги ютуқлари каби лавҳалар ўрин олганлиги Қозоғистон ўзбекларининг ижтимоий фаоллигидан далолат беради. Қирғизистон Республикасида истиқомат қилаётган ўзбекларни ижтимоий жиҳатдан бирлаштиришда қатор жамоат муассасалари, бирларшмалари ва уюшмаларининг ҳамда матбуот органларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, “Ўзбеклар жамияти”, “Ўзбеклар миллий-маданий маркази”, З.М. Бобур номидаги “Ўш Давлат ўзбек Академик мусиқали драма театри”, "Ижодкор" ижодий уюшмаси, “Ўш садоси”, "Жалолобод тонги" (“Тонг”), “Ахборот” газеталари ва ҳоказолар. Ўзбек миллий-маданий маркази 1991 йил апрелда ташкил этилган бўлиб, ўз фаолиятини Ўш шаҳридаги З.М.Бобур номидаги театр биносида журналист ва ёзувчи Мирзоҳид Мирзораҳимов (1991-1993 йй.-Дисс.) раҳбарлигида бошлаган. Унинг устави 1991 йил 8 майда Қирғизистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Ўш миллий-маданий маркази уставида ушбу марказга, вояга етган, муомала лаёқатига эга бўлган 18 ёшдан кичик бўлмаган Қирғизистон фуқаролари аъзо бўлиши ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги меъёр белгиланган205. “Ўзбек миллий-маданий маркази”нинг асосий мақсади мамлакатда миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва ривожлантириш, Қирғизистонда истиқомат қилаётган ўзбек миллати вакилларининг миллий ўзликни сақлаб қолишга йўналтирилган маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ўзбек тили, маданияти, адабиёти, тарихи, урф-одатлари ва анъаналарни сақлаб қолиш чораларини кўриш, республика ҳудудида яшовчи ўзбек ва қирғиз халқлари, шунингдек, бошқа миллат ва элатлар вакилларининг бирдамлигига йўналтирилган фаолиятни амалга ошириш, оммавий ахборот воситалари, театр, турли хил миллий-маданий уюшмалар ташкил этиш кабилар белгиланган. Ўш вилоят “Ўзбеклар миллий-маданий маркази”ни 1994 йил ноябридан бошлаб Қирғизистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Даврон Собиров бошқарган206. Даврон Собировнинг бошқаруви даврида миллий маданий марказнинг фоллиги ўзининг юқори даражасига кўтарилиб, ўзбекларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатлар, ўзбекларнинг миллий-маданий марказ атрофида бирлашиши, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга кўмаклашиш, ўзбекларнинг нисбатан барқарор иқтосодий фаоллиги нисбатан ўсган. Унинг “Ўш садоси” газетасининг 1995 йил 20 майдаги сонида босилган “Ўз уйимизда бегона эмасмиз” номли мақоласидаги очиқ хати фикримизни исботлайди. Мақолада ўзбек кадрларининг давлат бошқарув органларида, куч ишлатувчи тизимларда фаолият кўрсатмаётганлиги, ўзбек кадрларни тайёрлашга эътиборнинг пасаётганлиги, Ўзбекистонга бориб таҳсил олишга турли тўсиқларнинг мавжудлиги, ахборот олишга ниҳоятда қийинчилик тортаётганлиги, айниқса Ўзбекистондаги газеталарга обуна жараёнларинининг қийинлаштирилиб қўйилганлиги, миллий-маданият маркази биносини қуриш учун ер майдони ажратиш пайсалга солинаётганлигини таъкидланганлиги фикримизнинг яққол далилидир207. 1997 йил 20-ноябрда Ўш вилоятининг туман ва шаҳарларидан 153 делегат иштирок этган Ўш вилоят миллий-маданий марказининг навбатдаги конференциясида бошқарув органининг раёсати сайланиб, Ўш қирғиз-ўзбек университети ректори, академик М.Т.Мамасаидов Ўш вилояти “Ўзбек миллий-маданий маркази”нинг президенти этиб сайланди208. Унинг даврида Б.A.Фаттохов, A.A.Собиров, Б.Ж.Жўраев, A.М. Махамадов, Х.Собирова, A.Олимжонова, О.Тожибоев, Ш.A.Aҳмедов ва бошқа бир қатор фидоийлар билан биргаликда маданий-марказнинг фаолиятини ривожлантиришга киришилиб, Қирғизистон халқларининг дўстлиги ва бирлигини мустаҳкамлаш ишлари, умумтаълим мактаблари учун дарсликлар яратиш тизими, қўшни вилоятлар билан биродарлик алоқаларини ривожлантириш чоралари каби қатор ижтимоий масалаларга катта эътибор берилди209. Қирғизистондаги 2005 йил март воқеаларидан сўнг давлат сиёсатининг беқарорлиги туфайли “Ўзбек миллий-маданий маркази” фаолияти пасайиб, марказ раҳбарлиги учун кураш кескин тус олди. Бу курашда асосан икки лидер Даврон Собиров ва Мухаммаджон Мамасаидов чиққан бўлса, кейинчалик, яъни 2006 йилга келганда миллий-маданий марказ 5 гуруҳга бўлиб кетди. 2003 йилдан 2008 йил 19 апрелигача қадар МММнинг қурултойи муддати асоссиз равишда ортга суриб борилди210. Лидерлар ўртасидаги ўзаро кураш, юзага келган парокандалик туфайли ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб муаммолар ўз ечимини топмасдан қолди. 2008-2010 йиллар давомида “Ўзбек миллий-маданий маркази”ни Ж.С.Салохиддинов бошқариб, ўзбек миллатига хос турли маросимлар, урф-одат, анъана, қадриятлар, миллий руҳ ва менталитетни сақлаб қолиш масалаларига эътибор қаратди. Бу даврда миллатлараро муносабатлар чигаллашиб борди. Ушбу муаммоларга ечим излашди, зиддиятларни бартараф этишга оид таклифларни ҳукуматга тақдим этиб, ўзбек миллатининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўришди211. 2010-2018 йилларда ўзбек миллий-маданий марказини Б.A. Фаттоҳов бошқарди. Унинг даврида ҳам миллатлараро муносабатларни юмшатиш, ўзбек ва қирғиз дўстлигини тиклаш, миллий-маданий марказ фаолиятининг асосий йўналиши бўлиб қолди. Марказ фаолити оғир кунларни бошидан кечирди. Иқтисодий, ижтимоий-сиёсий вазиятнинг издан чиққанлиги, миллатларнинг бир-бирларига нисбатан тожовузкорона ҳаракатлари туфайли марказ фаолиятида бироз пасайиш кузатилиб, унинг фаолиятини чеклашга урунишлар ҳам шу даврга хос хусусият бўлиб қолди. Аммо маданий марказ ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан келиб чиқиб, Қирғизистон Республикаси қонунлари асосида фаолиятини давом эттирди ва ҳозирги кунда ҳам Қирғизистон Республикасида ўзбек миллати вакилларининг асосий уюшмаси саналади212. 2018 йилда Б.С. Кодиров ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари этиб сайланди. Давлатлараро муносабатларнинг юмшаганлиги, чегаралар ва анклавлардаги муаммоларнинг бартараф этишга қаратилган чораларнинг амалга оширилганлиги, ҳукуматлараро келишувлар ва битимларнинг хаётга тадбиқ этилиши натижасида бу даврда марказ фаолиятида янги даврни бошланганлиги ва кескин ўзгаришларнинг бўлганлиги билан фарқланади. 2005 йил 23 июлда Ўш шаҳри мериясининг мажлислар залида учувчи-космонавт Солижон Шариповга Қирғизистоннинг фахрий фуқароси унвони берилганлиги муносабати билан шаҳар аҳолиси билан учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда 107 нафар делегатлар иштирокида шаҳар раҳбарияти Ўш шаҳрида “Ўзбек миллий-маданий маркази”нинг филиалини яратиш учун таъсисчи Қурултой ўтказди. Қирғизистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари Б.З.Жўраев, Д.М.Собиров, Республика ўзбек миллий-маданий маркази президенти М.Т.Мамасаидов, Ўш шаҳар кенгаши раиси Т.Л.Латифжонов ва Қурултой делегатлари Ўш шаҳрида “Ўзбек миллий-маданий маркази” тузиш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватладилар. Бошқарув органлари сайланиб, 75 нафар аъзодан иборат кенгаш тузилди ва 27 кишидан иборат марказ президиуми ўз фаолиятини бошлади. 2009 йил январ ойида Ўзган, Қора-Сув, Aраван ва Новкат миллий-маданий марказлари ташкил этилиб, марказ раислари сифатида Ўзган туманида - Aбдурахмонов Ҳотамжон, Қора-Сув туманида - Хожибуваев Aвазбек, Aраванда - Бозорбоев Aбдуллажон, Новкат туманида – Ойбек Олимжоновлар иш бошладилар213. Ўш шаҳар “Ўзбеклар миллий-маданий маркази”нинг 2008 йил 8-ноябрда бўлиб ўтган II-қурултойи делегатлари Рашидхон Хўжаевни шаҳар маркази президенти этиб сайланди. Унинг даврида марказнинг иш услуби ва услублари сезиларли даражада ўзгарди. Марказда қўмиталар, ҳудудий кенгашлар, ёшлар бўлимлари фаолияти ташкил этилиб, таълим муассасалари билан мунтазам алоқа ўрнатилди. Жумладан: марказ ҳар йили ўрта ҳисобда 20 дан ортиқ иқтидорли ва салоҳиятли ўрта мактаб битирувчиларини бюджет асосида Томск давлат архитектура ва қурилиш институтига юборишга муваффақ бўлди214. Марказнинг фаоллиги туфайли шаҳардаги 22 та умумтаълим мактаби, 30 та масжидни ўзбек миллати вакиллари бошқаради, 37 киши ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишлайди, саккиз киши Ўш шаҳар кенгашининг депутати, 1 киши Ўшнинг вице-меридир215. Хуллас, Қирғизистон Республикасида фаолият олиб бораётган “Ўзбек миллий-маданий марказ”лар ва унинг ҳудудий бўлимлари ўзбек халқининг ўзлиги сақлаб қолишга ҳисса қўшаётган жамоат бирлашмалари бўлиб, уларнинг амалий фаолияти тадқиқотимиз мазмунини бойитишда муҳим аҳмият касб этди. З.М.Бобур номидаги “Ўш Давлат ўзбек Академик мусиқали драма театри” Қирғизистондаги илк профессионал театр бўлиб, 1914 йилда Раҳмонберди Мадазимов томонидан асос солинган. Ушбу театрнинг вужудга келишида Болтаҳожи Султонов, Абдуқодир Исмоилов, Иброҳим Мусабоев, Бекназар Назаров, Жўрахон Зайнобиддинов, Назирхон Камолов, Aбдурашидов Эшонхонов, A. Саидов, Иномжон Саидов, Aбдуқодир Ишоқов, Исроилжон Исмоилов, Жалил Собитовларнинг ҳам хизматлар улкан ҳисобланади 216. Илк бор театрда “Падаркуш”, сўнгра “Туркистонлик табиб” асарлари саҳнага олиб чиқилди. Театр расман 1929 йилдан бошлаб ўзининг профессионал фаолиятини бошлади. 1934 йил тетатр жамоаси ўзинг илк гострол сафарини Ленинград, Москва ва Тошкент шаҳарларига уюштириб, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” спектаклларини ижро этишди. 1936 йилда театрга С.М.Киров, 1992 йилда эса З.М.Бобур номи берилган бўлса, 2004 йилда эса театрга “Академик” мақоми берилди. Йиллар давомида театрга Рахмонберди Мадазимов, Болта Махмудов, Уринбой Рахмонов, Гуломжон Исроилов, Фаина Анатольевна Литвинская, Собиржон Юлдашев, Эркин Муродов, Жўрабой Махмудов, Салохиддин Умаров, Махмуджон Гуломов, Бообек Ибраев, Абдурашид Бойтемиров, Ганижон Холматов, Каримжон Юлдашев ва Набижон Мамажонов каби санъат усталари режиссёрлик қилиб, "Ўзбекистон қиличи", “Босқинчиларга ўлим!”, "Фронт", “Aёл иззати”, “Баҳор”, “Фарҳод ва Ширин”, “Умр қўшиғи”, “Олтин қўл”, “Aёл шаъни”, “Баҳор”, “Семурғ”, “Келинлар қўзғалони”, “Тўйлар муборак”, “Майсаранинг иши”, “Алишер Навоий”, “Жаннатга йўл”, “Соҳибқирон”, “Чўлпон”, “Қиёмат”, “Урушнинг сўнгги қурбони” каби юздан ортиқ асарларни саҳнага олиб чиқишди217. ( - иловага қаранг.) Театрда фаолият олиб борган санъаткорлар орасидан 10 нафари Қирғизистон халқ артисти, 3 нафари Ўзбекистон халқ артисти, 26 нафари Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист, 2 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 7 нафари Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 15 нафари Қирғизистон маданияти аълочиси каби унвонларига сазовор бўлишди. ( - иловага қаранг) Ижодий жамоа Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро фестивали, Амир Темурнинг 660 йиллиги муносабати билан ўтказилган фестивали, “Андижон баҳори” фестивали, "Aрт-Ордо" халқаро театр фестивалининг 1998, 2002, 2004, 2007, 2012, 2019-йиллардаги совирдори ҳисобланади218. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев З.М. Бобур номидаги “Ўш Давлат ўзбек Академик мусиқали драма тетри” капитал таъмирлаш мақсадида 5 миллион доллар миқдорида сармоя ажратди ва театр тўлиқ қайта таъмирланмоқда. “Ўш садоси” - Қирғизистоннинг Ўш вилоятида нашр этиладиган ўзбек тилидаги вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси. Бу Қирғизистондаги илк газеталардан бири бўлиб, унинг дастлабки сони Муродхон Собиров мухарирлиги остида 1932 йил 12 апрелда "Коммунист" номи билан чоп этилган. Газета номи 1938 йилда "Пахта Учун", 1940 йилда “Ленин йўли”, 1957 йилда "Қирғизистон ҳақиқати", 1960 йилдан эса яна "Ленин йўли" деб аталиб, 1992 йил октябрдан газета "Ўш садоси" номи остида нашр этила бошланди219. Газета таҳририятида 1966-1993 йиллар оралиғида Одилжон Обидов газета бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб, фаолияти йилларида таҳририят ходимлари сони 50 кишидан ошди ҳамда газетанинг тиражи 1980-йилларида ўрта ҳисобда кунига 50-53 минг нусхани ташкил этди. Ушбу газета ҳафтасига 5 маротаба чиқиб, деярли барча ўзбек хонадонларининг кундалик турмуш тарзининг маълумотлар манбаси сифатида намоён бўлди. 1991 йил октябр ойида ўтказилган Ўш вилояти халқ депутатлари кенгашининг сессиясида вилоятнинг "Ленин йўли" газетаси номини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиди ва газетага "Ўш садоси" вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси номи берилди. 1993-2003 йиллар оралиғида “Ўш садоси” газета таҳририятини Aбдуғани Aбдуғафуров бошқарди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида кечган оғир иқтисодий қийинчиликлар туфайли газетанинг фаолиятида бироз пасайиш кузатилди. Бу даврда газета Ўш вилояти ўзбекларининг асосий нашри сифатида намоён бўлиб, вилоятда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларни, шунингдек, ўзбекларининг кундалик ҳаётида кечаётган муносабатларни ўз саҳифаларида ёритиб борди. Жумладан, газетанинг 1990 йил 7, 9,10, 12, 13,14 июнь сонларида Ўш вилоятидаги миллий низолар билан боғлиқ маълумотлар бериб борилган. Газета доимий равишда Ўш вилоят “Ўзбеклар миллий-маданий маркази” фаолияти ҳақидаги маълумотларни “Ўзбек миллий маркази: бугун ва эрта” рукнида муштарийларга етказиб берди220. Газетани 2003-2005 йилларда Aзизилло Ўринбоев, 2005-2013 йил Муҳаммадсоли Исмоилов, 2013 йилнинг апрел-август ойларида Aҳмаджон Мухаммаджонов, 2013 йил августдан 2017 йил апрелгача Aкромжон Бобоевлар бошқариб келди. 2017 йил 12 апрелдан Соҳиба Шокирова газетанинг бош муҳаррири лавозимига тайинланди221. 2017 йил 12 апрелда Қирғизистон Республиасидаги илк босма нашр ҳисобланган “Ўш садоси” газетасининг 85 йиллиги нишонлади. Ҳозирги кунда ҳам “Ўш садоси” газетаси ўзбек жамоаларининг асосий газетаси бўлиб, унинг тиражи охирги йилларда 1100 тани ташкил этади. “Ўш садоси” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси сиёсат, мадания, иқтисод, саноат, спорт, адабиёт, лирика, маориф, саломатлик, турфа олам, ҳуқуқ рукнларидаги хабарларни ва эълонларни ўз саҳифаларида чоп этиб келишмоқда. Бундан ташқари газетанинг электрон шакли мавжуд бўлиб, http://osh-sadosi.kg/lastnews/ сайти орқали маълумотларга эга бўлиш имконияти шакллантирилган. Бундан ташқари фейсбук, однакласники, твиттер орқали Ўш садоси янгиликларидан хабардор бўлиш имконияти мавжуд. 1937 йил 5 январда Жалолободда қирғиз ва ўзбек тилларида “Ленин тууси” ва “Ленин байроғи” газеталарининг биринчи сони чиқа бошлади. “Жалолобод тонги” ҳуқуқий ахборот газета бўлиб, ушбу газета 1940 йил 1 июндан ўзбек тилида нашр этилган "Большевестик йўл", 1940 йил сентябрдан 1941 йил 14 декабргача чоп этилиб, ўқувчилар қўлига жами унинг 149 та сони етиб борган. 1991 йил 10 сентябрда Жалолобод ўзбеклари "Жалолобод тонги" газетасини илк сонини ўқишга муваффақ бўлишди. Ушбу нашрни ташкил этиш ва ривожлантиришда бош муҳаррир Ботиржон Ғозибоев, бош муҳаррир ўринбосари Т. Хайруллаев, масъул котиб Иномжон Бахриддинов, мухбирлар Усмонжон Рожиддинов, Усканбай Маткасимов, Муйдинжон Aбдумажидов, Сатимқул Содиқов, Ҳабибулло Аҳмаджонов, Зайнобиддин Жўрабоев, Чирмашбой Тошев, Хуррам Ғозибоев, Авазбек Мақсудов, шунингдек, фаол ўзбек аёлларидан Раъхонхон Мамитова, Нигорахон Турғунова, Айжамал Махмуд қизи кабиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Уларнинг сай ҳаракатлари туфайли газета қисқа фурсат ичида ўзбек жамоатчилигининг севимли нашрларидан бирига айланди222. “Жалолобод тонги” Жалолобод вилоятининг матбуот органи сифатида фаолият юритаётган бўлсада, унда Қирғизистон ўзбекларининг ҳаёти ва турмуши ҳақида кўплаб мақолалар босилади. Дастлабки йилларда газета ҳар ҳафтада икки маротаба, кейинчалик эса саккиз саҳифали кўринишда ҳафтада бир маротаба чиқарилган. Ҳозирги кунда газетанинг таҳририятида 15 нафар ижодкорлар фаолият юритмоқда. Охирги ўн йилликда газета нашрининг тиражи 2 минг нусхани ташкил қилмоқда. "Жалолобод тонги" саҳифаларида республика ва вилоятнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётининг долзарб мавзулари кенг ёритилади. Газета саҳифаларида жамоат мухбирлари маълумотлари, шунингдек фуқароларнинг хатлари муҳим ўрин тутади ва кенг жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлади. Газетанинг чорак асрлик тарихи давомида унинг журналистлари кўплаб нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлишди. Ботиржон Ғозибоев газета нашр этилган дастлабки кунлардан бошлаб унинг доимий бош муҳаррири бўлиб ишлади. Унинг фаолияти Республикада кечган оғир ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, этно-миллий жараёнлар даврига тўғри келган бўлсада, “Жалолобод тонги” газетасининг фаолиятида пасайиш кузатилмади. Газетада чоп этилган мақолалар, кўтарилган муаммоли масалалар, мамлакатда кечаётган жараёнларнинг таҳлиллари, қонунчиликда юз бераётган ўзгаришларнинг шарҳлари, турли хил хабар ва янгиликлар кенг жамоатчилик билан биргаликда, Жалолобод вилоятида истиқомат қилаётган ўзбекларнинг диққат марказида бўлди. Газета фаолиятини жонлантириш ва давомийлигини таъминлашда вилоят ўзбек сармоядорларининг иқтисодий кўмаклари ҳам самарали таъсир кўрсатди. Ҳозирги кунда газетани A.Исроилов бош муҳаррири сифатида бошқариб келмоқда. 2006 йил 2 сентябрда Ўш шаҳрида Барно Исоқова муҳаррирлигида “Ахборот” ижтимоий эркин газетасининг илк сони босилди. Ҳозирги кунда газета таҳририятида Бош муҳаррир Барно Исоқава билан биргаликда Баҳодир Шералиев, Илтифотхон Отахонова, Дониёрбек Раимжонов, Идрис Айтибаев, Хосият Бекмирзаева, Қосимжон Раҳмиев (Шодмон), Акбархон Асланхонов, Манзура Мирзақулова, Табассум Мадаримова, Дилфуза Каримова, Ойдиной Соипова, Фарида Абдураимова, Хойр Абдуллоҳ каби бир қатор қаламкашлар фаолият олиб бормоқдалар223. Ўтган давр мобайнида “Ахборот” газетаси таҳририяти томонидан Қирғизистон ўзбекларини қийнаб келаётган турли ижтимоий масалаларда кескин руҳдаги мақолалар чоп этилди. Газета тез орада жамоатчиликнинг эътиборини қозониб, унинг обуначилари сони ортиб борди. Жумладан, газетада босилган “Ўзбек тилининг қазоси яқин...ми”, “Референдум-кимга керак?”, “Ўзбекларни тўй балосидан қутқаринг”224 номи остида чоп этилган мақолалар фикримизни тасдиқлайди. Ушбу мақолаларда Қирғизистон ўзбекларини қийнаб келаётган масаллар атрофлича танқидий руҳда таҳлил қилинган. Масалан “Ўзбек тилининг қазоси яқин...ми?” номли мақолада Қирғизистон Республикаси Билим бериш ва маориф вазирлигининг 2007 йил 12 июндаги № 347.1 буйруғига муносабат билдирилган. Ушбу буйруққа асосан ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанининг қисқартирилиши ҳисобидан қирғиз тили ва адабиёти фани соатларининг кўпайтирилиши қаттиқ танқид остига олинган. 2010 йилда Ўшда содир бўлган миллий низодан сўнг ўзбек тилида фаолият олиб борадиган барча телерадиокомпаниялар фаолияти тўхтилиб, ўзбек тилидаги газеталарнинг аксарияти таъқиқлаб қўйилди. Аммо миллатлар ўртасида дўстликни тиклаш, ўзаро муносабатларни барқарорлаштирш мақсадида 2012 йилда “Ынтымак” телерадиокомпанияси ташкил қилинди. Ушбу телерадиокомпания ўз эшиттиришларни қирғиз, рус ва ўзбектилларида олиб боради. “Ынтымак” Қирғизистонда ахборотлар ва социал-ижтимоий муаммоларни ўзбек тилида ёритидиган ва тайёрлайдиган ягона телевидения ҳисобланади. Унинг телевидения, радио, газета ва веб сайти мавжуд бўлиб, “Биз” газетаси унинг уч тилли даврий нашр сифатида намоён бўлади225. “Биз” газетасининг ўзбек тилидаги материлларни муҳаррир Даврон Насибхонов тайёрлайди ва ҳозирда газета Бишкек шаҳрида 8 саҳифада рангли тарзда чоп этилади ва унинг адади 1300 тани ташкил этади. Қирғизистонда кўп тилда чоп этиладиган газеталарнинг аксариятида ўзбек тили нусхаси мавжуд бўлиб, Бишкекдаги “Аалам” мустақил қирғиз газетасининг “Олам” номи билан чоп этиладиган ўзбекча нусхаси мавжуд. Қирғизистонда 1991 йилда “Ўрта Осиё ва Қозоғистон ёш ёзувчилари ва шоирлари ассоциацияси” ташаббуси билан “Нооруз” матбуот органи чоп этилиб, ушбу журнал қирғиз, қозоқ, туркман ва тожик тиллари билан бир қаторда ўзбек тилида ҳам нашр қилинмоқда. Ушбу матбуот органинг шиори “Биз бир дарахт илдизларимиз” деб номланади. Шунингдек 1992 йилдан бошлаб қирғиз тилида чоп этилаётган “Турк Аалами” (Турк дунёси) мажмуасининг айрим сонларида ўзбек тилида материаллар босилади. Ушбу нашр органининг шиори: “Юртлар мингта, илдиз битта!” деб аталган226. Тожикистон Республикасида истиқомат қилаётган ўзбекларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаёти ва фаолиятида “Ўзбеклар жамияти”, Сўғд вилояти “Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази”, “Халқ овози”, “Сўғд ҳақиқати”, “Қадрият”, “Маънавият” газеталари, “Шарқнома” журнали, Шукур Бурхонов номидаги ўзбек мусиқали драмма театри, шунингдек, “Диёр” ахборот агентлигининг ўрни муҳимдир. 1991 йил июн ойида “Тожикистон ССРнинг жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Адлия вазирлиги томонидан бир қатор жамоат бирлашмалари рўйхатга олинди. Ушбу рўйхатда Тожикистон ўзбекларининг илк жамоат ташкилоти “Ўзбек маданият маркази” рўйхатга олинган227. Унинг 1992 йил 13-14 март кунлари Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўзбеклар жамиятининг I-таъсис конференцияси ўтказилиб, вилоятда истиқомат қилаётган ўзбеклар томонидан “Ўзбеклар жамияти” тузилганлиги эълон қилинди. Жамиятнинг раиси сифати проффессор Ҳ.Пўлатов сайланди228. Низомга мувофиқ ушбу жамият ўз олдига Тожикистон Республикасида умр гузаронлик қилаётган ўзбек миллати вакилларини бирлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, миллий урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш, ёшларни ўзбекона қадриятлар асосида тарбиялаш, ўзбек тили бирлигини сақлаб қолиш, миллий матбуот органларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш, бошқа мамлактларда фаолият олиб бораётган ўзбек жамиятлари билан алоқалар ўрнатиш, мамлакатда миллатлараро муносабатларни яхшилаш каби қатор муҳим вазифаларни бажариш мажбурияти юкланди. “Қадрият” (“Мулоқот”-дисс.) газетаси жамиятнинг матбуот органи сифатида белгиланиб, Ўзбеклар жамиятининг фаолиятини ёритиш билан бир қаторда, Тожикистон ўзбекларининг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, маданий фаолияти ҳам ёритиб бориш вазифаси юклатилди229. “Ўзбеклар жамияти” ўзининг II конференциясини 1994 йил 1 март кунида ўтказиб, унда Нов район ўзбек маданияти маркази аъзоси К. Абдурахимов, Конибодом шаҳар ўзбек маданияти маркази раиси А.Долимов, Тожикистон Республикаси “Ўзбеклар жамияти”нинг раиси Қ.Сатторов, Тожикистон Коммунистик партияси вилоят комитетининг секретари Т.Мирхолиқов, халқ дупутатлари вилоят комитети раиси ўринбосари С.Неъматов, Қайроққум шаҳри прокурори С.Кенжаев, Хўжанд давлат дорилфунуни олимлари С.Ҳомидов, профессор А.Бердиалиев, Т.Жалилов, дорилфунун проректори Ҳ. Мирҳайдаров, вилоят журналистлар уюшмаси раиси А.Бобожонов, Қайроққум шаҳри ўзбек маданияти маркази раиси А.Усмоналиев, Ўратепа шаҳар ўзбек маданияти маркази раиси Х.Шоматовлар иштирок этдилар230. Конференция иштирокчилари ўзбек-тожик дўстлигининг илдизларига алоҳида тўхталиб, мустақиллик шароитида ушбу дўстлик ришталарини мустаҳкам боғлаш давр талаби эканлигини, қолаверса, мамлакатда истиқомат қилаётган рус, қозоқ, қирғиз ва туркман миллати вакиллари билан биргаликда “Тожикистон менинг ватаним” шиори остида жисплашиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб, бу борада олиб бориладиган чора-тадбирлар белгиланди. Конференция иштирокчилари март ойининг иккинчи декадасида бўлиб ўтадиган қурултойга 52 нафардан иборат вакилларни сайладилар. Тожикистонда содир бўлган Фуқаролар уруши, оғир иқтисодий танглик, Ўзбекистон-Тожикистон Республикалари ўртасида сиёсий вазиятнинг ўзгариши, Тожикистонда миллийлаштириш сиёсатининг кучайтирилиши натижасида жамиятнинг фаолиятида бироз пасайиш кузатилиб, асосан маънавий-маърифий тадбирлар, адабиёт ва санъат кечалари, миллий қадриятларни тарғиб қилишга қаратилган учрашувларни ташкил этиш билан кифояланди231. Аммо сўнгги беш йилликда (2016-2021 йиллар-дисс.) Ўзбекистон-Тожикистон давлатлари ўртасида олий даражадаги давлатлараро мулоқотлар қарор топгани ҳамда давлатларнинг миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайиши ва чуқурлашиши, қатъий сиёсий ирода, яқин ҳамжиҳатлик, мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база ҳамда конструктив ҳамкорликнинг қарор топиши натижасида Тожикстон ўзбекларининг ҳаётида янгича ўзгаришлар таркиб топа бошлади. Жумладан: Тожикистонда фаолият олиб бораётган “Ўзбеклар жамияти” фаолиятида янгича ўзгаришлар юз бериб, жамият ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар жонланди. Суғд вилояти “Ўзбеклар жамияти” жамоатчилик ташкилоти бошқаруви раиси Ф.А.Жўраев бошчилигидаги жамоа Тожикистон ўзбекларининг ҳохиш-истаклари асосида жуда кўплаб хайрли тадбирларни амалга оширди. Жумладан: Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари орасида ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликларни йўлга қўйишдаги фаоллиги, икки халқ дўстлигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар ўтказилиши, жамиятни жойлардаги фаолиятини фаоллаштирилиши, ёшларни жамият ишларига жалб этилиши каби ҳаракатлар, шунингдек, "Медиасаводхонлик сари илк қадам" лойиҳаси, ёш журналистларнинг “Маҳорат мактаби” лойиҳаси, “Ёшларга китоб улашамиз” каби ўнлаб лойиҳалар эътиборга моликдир232. 1991 йилнинг июнь ойида Ленинобод (Суғд) вилоятида “Қадрият” ҳафталик газетасининг илк сони “Мулоқот” номи билан босмадан чиқди233. Тожикистондаги илк мустақил ўзбек газетасининг ташкилотчиларидан бири ва биринчи бош муҳаррири Авлиёхон Эшон Шукруллаев234 эди. У ўзининг тўрт йиллик фаолиятини “Қадрият” газетасини ташкил этилишида катта ҳисса қўшган масъул котиб Мирзоҳаким Қобилов, мухбирлар Ҳуснинисо Аҳмедова, Нурмуҳаммад Йўлдошевлар, ношир Алижон Етмишбоев ва бошқа қаламкашлар билан бирга давом эттирди. Тожикистон Республикаси Сўғд вилоят “Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази” 2010 йил 2 июн куни педагогика фанлари номзоди Илҳом Юсупов томонидан таъсис этилган бўлиб, Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган235. Суғд вилояти “Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази” жамоатчилик ташкилоти кенг омма билан ҳамкорликда ишловчи, ўзини-ўзи маблағ билан таъминловчи жамоат бирлашмаси бўлиб, фаолият нуқтаи назардан ижтимоий ташкилот ҳисобланади. Марказнинг асосий мақсади сифатида Сўғд вилоятида яшаётган ўзбеклар бирлигини таъминлаш, уларнинг маданий, маърифат, ижтимоий-иқтисодий, меҳнат ва ва миллий озодлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллатлар орасидаги муносабатларни ривожлантириш, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа халқлар орасидаги тинчлик, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш эканлиги белгилаб ўтилган. Шунингдек, миллий маънавиятни равнақ топтиришга, халқ маърифатини юксалтиришга ҳамда жаҳон халқлари тафаккури маҳсулидан Тожикистон ўзбекларини баҳраманд этишга, республикадаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга кўмаклашишдан иборатдир. Сўғд вилоятида истиқомат қилаётган ўзбеклар орасида социологик тадқиқотлар олиб бориш, ўзбеклар орасида маънавий фазилатларни камол топтириш, миллий мафкурани шакллантириш, ёшларни бой маданий меросга, тарихий анъаналарга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, ўзбек тилининг бой меросини сақлаб қолиш марказ фаолиятининг устувор вазифаси сифатида белгиланди236. Марказ томонидан жамиятдаги соғлом кучлар – юксак истеъдод ва тафаккур соҳибларининг ақлий-ижодий салоҳиятини Ватан истиқболи сари йўналтириш мақсадида адабий мукофотлар таъсис этилди. Жумладан, 2012-йилда Давлат ва жамоат ходими, шоир Мафтун Жўранинг адабиётимизга ва шу орқали ўзбек ва тожик халқлари дўстлигига қўшган ҳиссаси ҳамда жамоат фаолиятини инобатга олиб, унинг номида мукофот таъсис этилди. Кўрик-танловлар ташкил этилиб, унда икки йўналиш (наср ва назм) бўйича тожикистонлик ўзбек ижодкорлари иштирок этишди. Уларнинг асарлари марказнинг «Маънавият» газетаси ҳамда «Шарқнома» журналларида чоп этилди ва йил охирида танлов комиссияси томонидан якунланиб, ғолиб диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди. Масалан, истеъдодли шоира Зулфияга, қирғизистонлик шоир Набижон Мамажоновга, шоир Сайфуллахон Қорихоновларга “Мафтун Жўра” номидаги мукофот топширилди237. 2014 йилда иқтидорли ёш ижодкорларни рағбатлантириш, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида шоир Шукрулло Авлиёзода номидаги йиллик адабий мукофот таъсис этди. Бу мукофот конибодомлик ёш истеъдодли шоира Моҳира Ҳусановага топширилди. “Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази” алоҳида ўрнак кўрсатган фаолларни Тожикистон Республикасининг унвонлари ва нишонларига тавсия этди. Ўз ишининг ўнлаб фидоийлари Тожикистон Республикаси маданияти, матбуоти аълочиси нишонлар, шунингдек “Тожик матбуотининг 100 йиллиги” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар238. Марказ Тожикистондаги илмий ташкилотлар, ўқув юртлари жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлар вакиллари иштирокида анжуманлар ўтказди. Ушбу анжуманларда ўзбек халқининг илм-фан, адабиёт, санъат, ижтимоий ҳаёт, диний қарашлар соҳаларида қўлга киритган ютуқлари ҳақидаги янги илмий қарашларни илгари сурдилар. Марказ бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари, хорижий давлатлардаги маънавият ва маърифат муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар билан ҳам ўзаро дўстона алоқалар ўрнатган ва йил сайин бу муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Жалолобод (Қирғизистон) ўзбек маданият маркази, Тожикистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар жамияти, Хужанд давлат университети ўзбек филологияси факультети, Бобожон Ғафуров Республика музейи, Суғд вилоятидаги ҒТВ (Ғўлакандоз телевидениеси), Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихоналари билан ҳамкорлик ишлари ривожланиб бормоқда239. Марказ аҳлоқ-одоб, маданий мерос, миллий ва умуминсоний қадриятларни ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида хорижий мамлакатлардаги ўзига турдош давлат ва жамоатчилик ташкилотлари билан алоқа ўрнатиб, ҳамкорлик қилмоқда, ахборотлар алмаштиришга кўмаклашмоқда. Ўзбекистондан Нурали Қобул, Ўзбекистон Қаҳрамони Абулла Орипов, Азим Суюн, Ҳайдар Муҳаммад, Носир Фозилов, Шодмон Отабек, Турсун Али, Нурали Қобул, Шойим Бўтаев, Шаҳодат Исахонова, Қўчқор Норқобил, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Шер, Дадохон Нурий, Суюма Ғаниева, Йўлдош Солижоновлар сингари таниқли адиблар билан ҳам Тошкент, ҳам Хўжандда зўр амалий-ижодий учрашувлар ташкил этди. Яна, қўшни Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод шаҳарлари ва Лайлак районидан ташриф буюрган қаламкашлар – Муҳаммад Турғун, Абдулаат Довуров, Отақул Жақип, Набижон Мамажоновлар билан адабий ҳамкорликлар шулар жумласидандир240. Марказ “Алишер Навоий даҳосига эҳтиром”, “Навоий маънавияти – баркамоллик мезони”, “Бобурийлар сулоласи - авлодлар фахри”, “Зулфия вафо ва садокат тимсоли”, “Наврўз” - баҳор байрами, “Дўстлик ва меҳр – муҳаббат тимсоли”, “Мирзо Турсунзода ва Эркин Воҳидов ижодида ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги тараннуми”, “Энг яқин дўстим – китоб”, “Ватан, эл манфаати – муқаддас”, “Ёшлар диний экстремизмга қарши”, “Маҳалланг тинч-юртинг тинч” мавзуларида доимий равишда тадбирлар ва учрашувлар ташкил қилиб келган241. Жумладан, биргина 2020 йилнинг ўзида “Ўзбеклар маънавият маърифат маркази” томонидан «Тожикистон Конститутцияси», «М.Юсуф», «Абдулла Кодирий», «Ҳ.Олимжон», «Жомий ва А.Навоий», «Ёшлар маънавиятини бузувчи хатарлар» мавзуларидаги тадбирлар вилоятдаги ўзбеклар яшайдиган 10 га яқин ноҳияларда ташкил этилди. Марказ фаолиятининг юқори савияда ташкил этилишида, марказ раҳбарининг биринчи ўринбосари, «Шарқнома» журналининг бош муҳаррири, шоир Жамшид Пиримов, иккинчи ўринбосар, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари бўлими мудири, «Маънавият» газетасининг бош муҳаррири, журналист-ёзувчи Ҳакимжон Зокиров, масъул ташкилотчи Тилаболди Абдуназаров, марказ ахборот маркази журналисти Равшан Қосимов, тижорат ишлари мудири Одил Ражабов, бош ҳисобчи Қаҳрамон Турғунов, ревизия комиссияси раиси Нишон Маматов, кенгаш аъзолари Абдураҳимов Абдусами, Бургутов Абдурашид, Жорабоев Олимжон, Иброҳим Олимов, Қосимов Равшан, Эрали Жиянбоев, Ғайрат Ҳамроқулов каби қатор шахсларнинг фаоллиги муҳимдир242. Сўғд вилояти «Ўзбеклар маънавият ва маърифат маркази» жамоатчилик ташкилотининг ноҳия ва шаҳар бўлимлари ташкил этилган бўлиб, Панжакент ноҳиясида ўқитувчи Толиб Ҳомидов, Истаравшан шаҳрида шоир Султонмурод Ҳожимуродов, Зафаробод ноҳиясида иқтисодчи Машраф Саримсоқов, Деваштич ноҳиясида ўқитувчи Ҳамдамбой Ҳамроқулов, Спитамен ноҳиясида ёзувчи Иброҳим Олимов, Жаббор Расулов ноҳиясида журналист Тилаболди Абдуназаров, Хўжанд шаҳрида профессор Абдусалом Абдуқодиров, Истиқлол шаҳрида ўқитувчи Абдулло Расулов, Мастчоҳ ноҳиясида шоир Эрали Жиянбоев, Бобожон Ғафуров ноҳиясида ўқитувчи Умринисо Эргашева, Гулистон шаҳрида собиқ ИИБ майори Абдуаҳад Мамадалиев, Конибодом ноҳиясида ўқитувчи Исмоил Аҳмедов, Исфара шаҳрида шоир Сайфулла Қорихонов каби фаол ўзбеклар фаолият олиб бормоқдалар. Уларнинг фаолиятида миллий ўзликни англашга қаратилган қатор тадбирлар, бузилган ҳуқуқларни тиклашга қаратилган қатор ҳаракатлар, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий қийинчиикка учраган ўзбек ёшларини қўллаб қувватлаш каби қатор хайрли ишларни қайд этиш ўринли бўларди243. Бундан ташқари марказ ўзининг расмий сайтида «Миллий-маънавий кадриятлар ўзликни англаш омили», «Оила маънавияти», «Глобаллашув ва мафкуравий жараёнлар», «Эзгулик ва маънавият», «Қирқ ҳадис ва бир ривоят» сингари янги адабиётларни жойлаштирди. 2020 йилнинг бошидан Марказнинг умумжаҳон фейсбук тармоғидаги хос каналида алоҳида саҳифа очилиб, унда янги услубий қўлланмалар, мультимедиялар, малака оширишга доир савол жавоблар жойлаштириб бормокда. Марказнинг саъй ҳарактлари билан Тожикистон республикасида ижод қилаётган ўзбек адибларининг фаолиятини ёритиш ва уларнинг ижод намуналарини кенг тарғиб қилиш мақсадида Анталогия чоп эттирилди. Антология ХХ аср ўзбек адабиёти ривожига хизмат қилган ва ҳозирги давр ўзбек адабиёти равнақига ҳисса қўшиб келаётган ижодкорларнинг асарларидан намуналар киритилган244. Тожикистонда ўзбек тилида 1929 йил февралда илк бор “Қизил Тожикистон” (1929-1955 йиллар – дисс.) газетаси ташкил этилди. Сўнгра Тожикистон Компартияси Марказий Комитетининг қарорига биноан газета “Совет Тожикистони” (1955-1992 йиллар – дисс.) деб номланди. Дастлабки йилларда газета араб имлосида, сӯнгра лотин имлоси билан чоп этилиб, 1940 йилдан бошлаб эса кирилл имлосида нашр этилган. Газета дастлаб юз нусхада, ҳафтада 2-3 бор нашр этилган бўлса, ХХ асрнинг 60-80 йилларида ҳар куни минг нусхада нашр этилди. 1963 йил 17 октябрда «Совет Тожикистони»нинг юз мингинчи сони босилди. ХХ асрнинг 80-йилларда унинг тиражи 100 минг нусхадан ошиб кетди245. 1929 йил феврал ойида “Қизил Тожикистон” газетасининг биринчи сони бош муҳаррир М. Ҳасанов имзоси билан чиққанини, кейинчалик К. Тереғулов, Н. Деҳқонов, С. Ғаффоров, Б. Ғафуров, Т. Ҳайитов, М. Муродовлар газетани бошқариб боргани малумотларда қайд этилади246. Айниқса, тарихчи олим Ҳамид Гадоев ҳамда атоқли ёзувчи Ҳожи Содиқлар газетада узоқ вақт раҳбарлик қилдилар. Совет ҳокимияти йилларида Мухторжон Баҳриддинов, Музаффар Солиҳов, Тоштемир Жӯрабоев, Абдусаттор Аҳмадалиевлар газета муҳарири лавозимида самарали фаолият юритдилар247. 1992 йилдан бошлаб мазкур газета “Халқ овози” номи остида дунё юзини кўра бошлади. Тожикистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки йилларида газета моддий қийинчиликларни бошдан кечириши туфайли айрим журналистлар газета таҳририятидаги фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлдилар. Шунингдек, газета нусхасининг сони ва даврийлик босқичи ҳам қисқариб, бир йил давомида бор-йўғи тӯққиз маротабагача нашр этиш даражасига тушиб қолганди. Аммо, кейинчалик бош муҳаррир Ҳ.У. Жӯраевинг саъй ҳаракатлари ва ҳукуматининг амалий ёрдами билан икки саҳифада чоп этиладиган газета саккиз саҳифада муштарийлар қӯлига етиб борадиган даражага эга бўлиб, Тожикистон мустақиллигининг дастлабки йилларидаги 300-400 ададдан тӯрт ярим, беш минг нусхага қадар ошди. “Халқ овози” таҳририятда ўзбек журналистларидан бир қатор шахслар ва ижодкорлар фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда “Халқ овози” таҳририятида Жӯрақул Ажиб, Эркин Шукур, Искандар Маҳмадалиев, Абдулла Саид, Жамила Жамол каби бир қатор ўзбек фаоллари ва ижодкорлари фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда “Халқ овози” таҳририятида техник ходимлар билан қўшиб ҳисоблаганда ҳисоблаганда жаъми 20 нафар миллатдошлар фаолият юритади. 2014 йилдан бошлаб газетанинг ҳар бир сони олти минг нусха (баъзи манбаларда 7 минг нусха-дисс.)дан ошиб, уч вилоят ҳудуди бўйлаб, яъни Суғд, Хатлон ҳамда Ҳисор водийсида тарқатилади ва ушбу жойларда ӯз мухбирларига эга бўлди248. Ҳозирги кунда «Халқ овози» газетаси бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманонзода, бош муҳаррир ӯринбосари Эркин Шукуров, масъул котиби Искандар Маҳмадалиев, бӯлим муҳаррири Абдулло Саидов, газета мухбири Абдуҳафиз Мирзааҳмедов, бӯлим муҳаррири Аюпова Гулфинур, газета мусаҳҳеҳи Гулчеҳра Сотиболдиева каби ўнлаб ўзбек ижодкорлари фаолият олиб бормоқдалар249. Ҳозирда газетада «Ёшлик жилоси», «Дунё бӯйлаб», «Дам олиш бекати», «Ҳикмат нури», «Сафобахш Хатлонзамин», «Зарнигор муждалари», «Суғд насими» каби саҳифалар мавжуд бўлиб, бу рукнлар тожикистонлик ўзбек муштарийларининг қизиқиш ва истаклари ҳамда таклифлари асосида очилган. «Сўраган эдингиз», «Жигарбандимни излайман», «Бошидан кечирганлар айтсин!» каби газета рубрикалари бугун кунда тожикистонлик ўзбек жамоаларига беминнат хизмат қилмоқда. Тожикистон республикасида бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган қизиқарли хабарлар ва Ўзбекистон ўзбекларидан йўлланган соғинч мактублари газета саҳифаларида вақт-вақти билан ёритиб борилади. Таъкидлаш жоизки, Тожикистон ўзбеклари мавзуси газетанинг етакчи, бош мавзуси бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари Тожикистон Республикасининг ўзбеклар кўп сонли бўлган Сўғд вилоятида “Сўғд ҳақиқати”, Хатлон вилоятида “Дўстлик” каби газеталар ўзбек тилида босилиб, кўп минг нусхада аҳоли орасида тарқатилади. «Суғд ҳақиқати» Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органининг ӯзбек тилидаги расмий газетаси ҳисобланиб, газета 1993 йил 1 июлдан ўз фаолиятини бошлаган. Газета фаолиятининг дастлабки йилларида Акмал Қаландар бош муҳаррир сифатида фаолият юритди. Газетада Насим Салимов бош муҳаррир ўринбосари, Нурмат Йўлдошев масъул котиб, Шариф Нуриддин ва Мақсуд Жўралар муҳаррир сифатида қалам тебратишди250. Газетада доимий равишда вилоят хабарлари билан биргаликда ўзбек адабиётининг нодир дурдоналари, улуғ адиблар хаёти ва ижоди ҳақидаги мақолалар босилиб турибди. Ҳозирги кунда газета ҳафтада икки маротаба 2000-3000 нусхада чоп этилади. Ушбу газетада Сўғд вилоятида содир бўлаётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ўзгаришлар билан бир қаторда вилоятда истиқомат қилаётган ўзбеклар ҳаёти билан боғлиқ қатор мақоллар чоп этилмоқда. Бундан ташқари ушбу газетада Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари ўратсида содир бўладиган дипломатик муносабатлар ҳам кенг ёритиб борилмоқда. Жумладан, газетанинг қатор сонларида “Тожик-ўзбек халқлари дўстлигининг тарихий аҳамияти” номи остида туркум мақолалар чоп этилган251. Қолаверса, “Дўстлик мередианларида” рукни остида чоп этиладиган мақолаларда асосан Ўзбекистон ва Тожикстон республикаларининг дипломатик муносабатлари, шу билан бирга ўзбек ва тожик халқининг дўстлиги тараннум этиладиган мақолалар чоп этиб борилади. Ҳозирда газетада 20 дан ортиқ ходим фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, Суғд вилояти шаҳру-ноҳияларида ҳам унинг мухбирлари фаолиятини кузатиш мумкин. 1991-1995 йиллар оралиғида газета 6000 нусхада чоп этилган. “Қадрият” газетаси 8 саҳифадан иборат бўлиб, ўзбек ижодкорлари учун адабий маҳорат мактабига айланди. “Қадрият” газетаси ижодкорлари замонавий тожик ва қирғиз адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига ўгириб дўстлик, биродарлик ва ҳамкорликни улуғловчи газета сифатида намоён бўлди. Тожикистонда фуқаролар уруши, аҳолининг оғир аҳволи, кўплаб хонадонларда рўй берган катта йўқотишлар, иқтисодий кризис шароитда «Қадрият» халққа маънавий, руҳий озуқа бўлди. Газета ташкилотчилари Авлиёхон Эшон, Ҳуснинисо Аҳмедова, Мирзоҳаким Қобилов ва бошқалар маошсиз бўлсада, газета ишини тўхтатмадилар, халқ кўнглини кўтариб, одамлар қалбида келажакка умид уйғотишда хизмат қилдилар. 1997-2012 йиллар оралиғида Жамшид Пиримов, Дилфуза Бозорова, Суюнбой Тилабов, Fуломжон Қаландаров каби тажрибали журналистлар газета ишини давом эттириб, Сўғд вилоятида яшаб фаолият юритаётган ўзбекларнинг меҳнат муваффақиятларини, республика ва дунёда рўй бераётган воқеалар, Тожикистон Республикасининг мустақиллик йилларидаги ўзгаришлари ҳақида, шунингдек, миллий бирликнинг тарихий аҳамиятини халққа етказиш борасида ўзларининг катта ҳиссаларини қўшдилар. Бугунги кунда Мўмин Абдулла, Абдурашид Учқун, Ўктам Ризаев ва бошқа ижодкорлар ўзбек тилидаги «Қадрият» газетасини олдинги мавқеини тиклаш йўлида меҳнат қилиб келмоқда252. Ҳозирга қадар чоп этилаётган "Қадрият" газетаси Тожикистон ўзбекларига сиёсат, ижтимоий ҳаёт, маданият, маориф, муҳожират, иқтисодиёт, ҳамкорлик, спорт, таҳлил, минтақадан хабарлар, дунё янгиликлари, техно янгиликлар рукнлари асосида чоп этиладиган мақолалар орқали кўплаб маълумотларни етказиб бермоқда. Мамлакатда маориф йўналишида ўзбек тилида “Устоз”, “Ўқувчилар”, “Кичкинтой”, “Хўрдакак ўзбек-Тожикистон” газеталари ҳамда “Сирдош” журнали босилиб турибди. Айниқса, “Ўқувчилар ва устоз” газеталари ҳар бир ўқув йили бошланишидан олдин сентябрь ойида 2000 нусхада босилиб, барча ўзбек мактабларига етказиб берилмоқда. 2012 йилдан бошлаб Сўғд вилоятида Абдували Бекмуҳаммад ва Жамшид Примовлар муҳаррирлигида “Шарқнома” номида ўзбек тилида адабий, сиёсий, ижтимоий илмий-оммабоп журнал чоп этилиб келинмоқда. Ушбу журнал саҳифаларида ўзбек адибларининг роман, қисса, шеър, достон ва очерклари босилади. Шунингдек, тожик ва жаҳон адабиёти дурдоналари ўзбек тилига таржима қилиниб унинг саҳифаларида эълон қилиб борилади. Маълумки Тожикистонинг Хатлон вилояти ўзбеклар нисбатан кўп сонли бўлиб яшаётган ҳудуд ҳисобланади ва ушбу вилоят мамлакат ер майдонининг катта қисмини эгаллайди. Расмий маълумотларга кўра ушбу вилоятда 40 та давлат нашридаги газета, 4 та журнал босилади. Ушбу газета ва журналларнинг 41 таси тожик тилида, 2 таси рус тилида, 1 таси ўзбек тилида нашр этилади. 1991 йилда ўзбеклар жамияти ташаббуси билан Кўлобда “Элчи” номидаги газета Ҳайдар Жўраев муҳаррирлиги остида ўзбек тилида нашр этила бошланди. Кўлоб ва Қўрғонтепа вилоятлари қўшилиб Хатлон вилояти тузилганидан сўнг ушбу газета мазкур вилоят ижроия комитетининг расмий матбуот органларидан бири бўлиб қолди. 1993 йилнинг 21 йил мартда газетанинг номи “Дўстлик” деб ўзгартирилиб, ҳозирга қадар газета саҳифаларида Тожикистондаги ўзбеклар ва мамлакат халқ хўжалигига оид хабар ва мақолалар мунтазам эълон қилиб борилмоқда. Газета саҳифаларида расмий маълумот ва хабарларга нисбатан адабий лавҳаар, ҳикоялар, шеърлар, табиат манзаралари ҳақидаги материаллар, ижтимоий-таълимй, маданий-маърифий мавзулардаги маълумотлар кўп босилади253. Бундан ташқари Тожикистон ўзбекларининг “Элчи”, “Дўстлик”, “Замондош”, “Диёнат” номи остида чоп этиладиган матбуот органлари ҳам фаолият олиб бормоқда. Тожикистон Республикасининг ўнлаб шаҳар ва районларида кўпгина матбуот органлари тожик ва ўзбек тилида ҳам босилмоқда. Ёхуд тожик матбуоти органларида ўзбек тилидаги саҳифалар эълон қилиниб борилади. Жумладан, “Тахти Кубод” (Кубадиён ноҳияси), “Диёри Турсунзода” (Турсунзода шаҳри), “Зарафшон” (Панжикент шаҳри), “Иқбол” (Жаббор Расулов райони), “Чашмаи-Шаҳристон” (Шаҳристон ноҳияси), “Поёми Спитамен” (Спитамен райони), “Шухрати ашт” (Ашт райони), “Хўжанд” (Бобожон Гофуров райони) ва ҳоказоларда ўзбек тили саҳифалари мавжуд254. Хуллас, Тожикистон Республикасида ўзбек тили матбуотини шартли равишда уч гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳга бевосита ўзбек тилида чоп этиладиган давлат газета ва журналларни, иккинчи гуруҳга эса ўзбекларнинг жамият ва марказлари томонидан чоп этилаётган газеталар бўлса, учинчи гуруҳга хусусий йўналишдаги газеталарни киритиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, Тожикистондаги ўзбек матбуоти давлат ва хусусий, корпаратив йўллар билан нашр этиб келинмоқда. Тожикистон оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ҳисобланган телекўрсатув ҳамда радиоэшиттиришларида ўзбек тили дастурлари ҳам бериб борилади. “Шабаки аввал” телеканалнинг ахборот дастурида ҳар ҳафтанинг шанба кунида 1200дан 1520 га ўзбек тилида кўрсатув берилади. Тожикистон телеведениясида 2014 йилдан “Дийдор”, 2015 йилдан “Табаррук диёр” телекўрсатувлари ташкил этилади. “Овози тожик” радиосида ҳар куни 1500дан 1600 гача ўзбек тилида бир соат эшиттириш ўқилади. Ушбу кўрсатув ва эшиттиришларда ўзбек ва жаҳаон адабиёти намоёндаларининг ижодиёти, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий янгиликлар энг муҳим мавзулар бўлиб келмоқда255. Тожикистон мустақиллиги йилларида оммавий ахборот воситалари ривожида информацион агентликларнинг роли ошди. Мамлакатда ҳозирги даврда фаолият юритаётган 11 та информацион агентликдан 1 таси ўзбек тилида бўлиб, бу хусусий тартибда фаолият юритаётган “Диёр” информацион агентлигидир256. Хуллас, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикаларида фаолият олиб бораётган ўзбек миллий-маданий марказлари, матбуот органлари, жамоат муассасалари ва қатор ижтимоий жамиятлар ўзбекларнинг ижтимоий-маънавий турмушини бойитишга, ўзлиги ва менталитетини сақлаб қолишга, энг асосийси ўзбек тилини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда. Download 328.73 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling