Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
Download 1.06 Mb.
|
Банк Этикаси Ниезов З Д Каримова А М
- Bu sahifa navigatsiya:
- 11.3.Банк раҳбарнинг иш услуби Банк раҳбарнинг иш услуби
- Автократ раҳбарлар
- Либерал раҳбар
- Демократик раҳбар
Бошқарув услуби – бошқарув жараёнида юзага чиқадиган муаммоларни ҳал қилиш усуллари, йўллари мажмуидир.
Иш услуби – бошқарув функцияларини самарали бажариш мақсадида бирор – бир органнинг ёки раҳбарнинг бўйсунувчиларга аниқ ва нисбатан барқарор таъсир кўрсатиш усули ва йўллари мажмуидир. Масалан: – мамлакат бошқарув органларининг иш услуби; – вазирлик, қўмита, ҳокимларнинг иш услуби; – суд, прокуратуранинг иш услуби; – банк ва нобанк кредит ташкилотларнинг иш услуби; – корхона, цехларнинг иш услуби; – фермер ва дехқон хўжаликларининг иш услуби; – тадбиркор ва ишбилармонларнинг иш услуби ва бош. 11.3.Банк раҳбарнинг иш услуби Банк раҳбарнинг иш услуби – бу бошқарув жараёнида у ёки бу масалани ҳал қилишда унинг ўзига хос ёндашишидир. Банк раҳбари қарор қабул қилганда, унинг бажарилишини ташкил этганда ва қўл остидаги кишилар ишини назорат қилганда у ўз вазифаларига мувофиқ иш кўради. Бироқ, ҳар бир раҳбар бунда ўзига ҳос равишда, бошқарув жараёнида ўзи учун мос бўлган, ўз раҳбарлик услубини белгилайдиган усуллар билан ҳаракат қилади. Иккита бир хил киши бўлмаганидек, раҳбарликда ҳам мутлақо бир хил услуб йўқ. Раҳбарлик услуби ўз қўл остидагилари билан алоқада, уларнинг ўзаро муносабатларида таркиб топади. Шу билан бирга, раҳбарлик услуби бутунлай индивидуал асосга эга деб қараш нотўғри бўлар эди. Раҳбарлик услубига бошқариш қонунлари ва тамойиллари, раҳбарларга бўлган ягона талаб, жамоадаги ижтимоий – руҳий муҳит, юқори раҳбарларнинг бошқаришда қўлланиладиган усуллари каби кўпгина объектив омиллар таъсир кўрсатади. Раҳбарлик услубига қараб раҳбарларни 3 турга бўлиш мумкин. 1. Автократ раҳбарлар. Бундай турдаги раҳбар: – буйруқ чиқариш, қарор қабул қилиш, ходимларга жазо бериш ёки рағбатлантиришда жамоа фикрини ҳисобга олмайди; – ўзини жамоадан узоқ тутади, жамоа азоларини бевосита мулоқотда бўлишини чегаралаб қўяди; – ўзининг нотўғри ҳаракатлари танқид қилинишига чидай олмайди; – ўзига бўйсунувчилар ҳаракатини кескин равишда танқид қилишни яхши кўради; – муттасил буйруқ беришга, ҳаммани ўз истакларига сўзсиз бўйсундиришга интилади; – кўп гапиришни ёқтирмайди, лекин бўйсунувчилар билан бўлган муомалада унинг раҳбарлик ғурури баландлиги, ўзини катта тутиши сезилиб туради; – ўзига бўйсунувчилар олдида қовоғи солинган кайфиятда бўлади. Хуллас, автократик раҳбар ўзига бино қўйган, димоғдор, ўз қобилияти ва имкониятларига ортиқча ишонадиган, ҳукмини ўтказишга интиладиган кишилардан етишиб чиқади. Бундай раҳбар назоратдан четда қолса, ўша ерда дағаллик, такаббурлик, тазйиқ ўтказиш, мажбур қилиш каби ўта салбий ҳолатлар авж олади. Бироқ автократик бошқарув усулини ҳар жиҳатдан ёмон деб бўлмайди. Баъзи бир ҳолларда бўйсунувчиларнинг маданий даражаси, ахлоқи пастлиги сабабли автократик услубни танлаб олиш ҳам иш бериб қолади. 2. Либерал раҳбар. Бундай турдаги раҳбар: – иродасиз, ташаббуссиз бўлади; – ўз зиммасига масъулиятни олишни ёқтирмайди; – ишни ўз ҳолига ташлаб қўяди; – идорага нисбатан қатъий бўлишдан ҳайиқади; – ўзини ҳаддан ташқари эҳтиёт қилади; – бирор ходим билан ҳам алоқани бузишни истамайди; – талабчан эмас, суст назорат қилади; – суиистеъмолларга бевосита йўл қўймаса ҳам, ўзини билмасликка олади. Бундай раҳбар ташқаридан кўрсатиладиган таъсирга мойиллиги билан кўзга ташланиб туради. 3 . Демократик раҳбар. Бу турдаги раҳбар: – бошқариш функциясини жамоа фикри билан ҳисоблашиб амалга оширади; – ишлаб чиқаришни бошқаришга ходимларни жалб қилади, уларнинг билдирган фикрига қулоқ солади, улар билан маслаҳатлашади, ижобий томонларини инобатга олади; – барча билан баробар ва самимий муносабатда бўлади, устунлигини билдирмайди; – буйруқ бериш йўли билан эмас, балки ишонтириш услубида иш тутади; – бўйсунувчиларнинг шахсий ташаббусини, ижодий фаолиятини ривожлантиради ва жамоада ўртоқлик ва ишчанлик муҳитини яратади. Юқорида келтирилган раҳбарлик услублари соф ҳолда учрамайди. Ҳаётда ҳар бир раҳбарнинг иш услуби ҳар хил бўлади, лекин юқоридаги уч услубдан бири яққол сезилиб туради. Раҳбар ҳақиқий ҳолатга қараб иш тутиши ва бўйсунувчиларнинг ўзига хос шахсий ҳислатларини ҳисобга олиб муомала қилиши керак. Ҳар учала раҳбарлик тури ўртасида мутаносиблик мавжуд бўлиб, аниқ шароитларда бирининг салмоғи ошиши билан бошқасининг салмоғи камаяди. Download 1.06 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling