Фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги – бу ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ва турар жой дахлсизлигига қарши қаратилган жиноий ва бошқа ҳаракатлардан муҳофаза қилинганлик ҳолатидир. Фуқароларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ҳақида гап кетганда, барча давлат органларининг ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши ва ҳимоялаши тушунилади
Жамоат хавфсизлиги – бу шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларини жиноий ва бошқа ҳуқуққа хилоф ҳаракатлардан ҳамда ижтимоий низолар, табиий офатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар, катта фалокатлар, авариялар ва ёнғинлар натижасида келиб чиқадиган фавқулодда вазиятлар оқибатларидан ҳимояланганлик ҳолатидир.
Давлатдаги жамоат тартиби ва хавфсизлиги жамиятнинг асоси билан боғлиқ ижтимоий-ҳуқуқий категория бўлиб, ижтимоий нормалар (ҳуқуқ нормалари, ахлоқ қоидалари ва бошқалар)га риоя этиш натижасида қарор топган ижтимоий муносабатлар тизимини акс эттиради. Ушбу ижтимоий муносабатларнинг дахлсизлигини давлатнинг бутун сиёсий тизими, жамият кафолатлайди.
Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш – бу жамиятда амалга оширилаётган ислоҳатлар талабларидан келиб чиққан ҳолда давлат органлари, хусусан ички ишлар органлари соҳавий хизматлари томонидан жамоат бирлашмалари, фуқаролар иштирокида жамоат жойларида одамларнинг ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига итоаткорлик хулқини, йўл ҳаракати, ёнғин хавфсизлигини, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларига ёки уларни ҳимоя қилиш субъектлари фаолиятига қарши қаратилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни амалдаги қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишни ташкил этишдан иборат ташкилий ва ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир тадбирлар тизимидир.
Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлашни ташкил қилиш – бу давлат органлари, хусусан ички ишлар соҳавий хизматларининг фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар иштирокида одамларнинг ҳаёти, соғлиги, ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини жиноий ва ҳуқуққа хилоф бошқа қилмишлардан ҳимоялаш бўйича бошқарув назарияси ҳамда амалдаги қонун талаблари асосида ишлаб чиқилган, уларнинг бевосита жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадига йўналтирилган, келишилган ҳамда самарали фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилган комплекс бошқарув функцияларининг амалга оширилиш жараёнидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |