46-модда. Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг овқатланишини ташкил этиш
Мактабгача бўлган ёшдаги болалар учун табиий озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами, уларни ёшига доир физиологик эҳтиёжларига мувофиқ бўлган рационал ва мутаносиб озиқ-овқат билан таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда белгиланади.
Мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат сифати устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, унинг ҳудудий бўлинмалари ва мактабгача таълим органлари томонидан амалга оширилади.
Мактабгача таълим ташкилотларида мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг овқатланишини ташкил этиш аутсорсинг услуби билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
47-модда. Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг соғлиғини сақлаш
Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг соғлиғини сақлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
мақбул ўқув юкламасини белгилаш;
соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб қилиш, шакллантириш ва ўргатиш;
соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш;
кун тартибига риоя этиш;
соғлом овқатланишни ташкил этиш;
жисмоний фаоллик учун шарт-шароитлар яратиш.
Мактабгача бўлган ёшдаги болаларга тиббий ёрдам мактабгача таълим ташкилотларининг ёки тегишли соғлиқни сақлаш муассасаларининг тиббий ходимлари томонидан кўрсатилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мактабгача таълим органлари билан биргаликда мактабгача таълим ташкилотларида санитария қоидалари ва нормаларига, гигиеник нормативларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади. Соғлиқни сақлаш органлари мактабгача таълим органлари билан биргаликда ҳар йили болаларнинг бепул тиббий кўригини, уларнинг соғлиғи ҳолати мониторингини ва тузатилишини (коррекцияланишини) таъминлайди.
Мактабгача таълим ташкилотларининг тиббий ходимлари санитария қоидалари ва нормаларига, гигиеник нормативларга риоя этилиши, шунингдек мактабгача таълим ташкилотларида даволаш-профилактика чора-тадбирлари ўтказилиши учун жавобгар бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |