39-модда. Мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари:
касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш;
ижодий ташаббус кўрсатиш, таълим ва тарбия услубиётларини, ўқув қўлланмалари ҳамда таълим воситаларини эркин танлаш;
мактабгача таълим ташкилотини бошқаришда иштирок этиш;
мактабгача таълим ташкилотининг таълим дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
педагогик фаолиятидаги муваффақиятлар учун маънавий ва моддий рағбатлантирилиш;
мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги илмий, инновацион, халқаро фаолиятда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз касбий мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлмаган иш турларига жалб этишга йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари:
болаларга профессионал даражада таълим ва тарбия бериши;
педагогик этикага риоя этиши, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, болаларни зўравонлик кўринишларидан ҳимоя қилиши, уларни ватанпарварлик, меҳнатга, қонуний вакилларига ҳурмат билан ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаши;
мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат таълим дастурини бажариши;
ўз малакасини ошириши;
ўз касбий кўникмаларини ва педагогик маҳоратини такомиллаштириши шарт.
Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Таълим-тарбия жараёнидан сиёсий мақсадларда ёки болаларни қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳаракатларни содир этишга ундаш учун фойдаланиш тақиқланади.
40-модда. Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларининг ҳафталик иш юкламаси
Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари учун ҳафталик иш юкламасининг миқдорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларининг ҳафталик иш юкламаси ушбу иш тури бўйича иш вақти нормаланган давомийлигининг бир ярим баравари миқдоридан ошмаслиги керак.
Қонун ҳужжатларида давлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларининг айрим тоифалари учун ҳафталик иш юкламасининг бошқача давомийлиги белгиланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |