Индивидуал тартибга солиш эса аниқ субъектга тааллуқли ҳисобланади, яъни тегишли тарзда ҳаракат қилиш учун берилган индивидуал кўрсатмалардан иборат бўлади. Бунда норматив тавсифга эга бўлган нормалар аниқ вазиятларда икки ёки ундан ортиқ шахслар ёҳуд уларнинг уюшмалари ўртасида юзага келадиган муайян муносабатларни тартибга солишга қаратилган бўлади.
Тартибга солишнинг ҳар икки тури бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар ўзаро бир-бирига таъсир қилади, бир-бирининг мавжудлигини тақозо этади.
7.3. ИЖТИМОИЙ НОРМАЛАР ТИЗИМИ
Жамиятда амал қиладиган барча нормаларни икки катта гуруҳ, яъни ижтимоий ва техник нормаларга бўлиш мумкин. Мазкур бўлиниш нормаларнинг тартибга солиш предметига кўра таснифланади. Агар норма кишилар хулқ-атвори ва улар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган бўлса уни ижтимоий норма сифатида тавсифлаш мумкин. Агар норма шахснинг табиат ва техника воситаларидан фойдаланиши билан боғлиқ муносабатларга доир бўлса, унга техник нормалар сифатида қараш лозим. Шу жиҳатдан олганда, техник нормалар “инсон ва машина”, “инсон ва меҳнат қуроли”, “инсон ва ишлаб чиқариш” типидаги, яъни инсон билан уни ўраб турувчи жонсиз предметларга оид муносабатларни тартибга солади дейиш мумкин.
Ижтимоий нормалар тизими – бу жамиятда кишилар хулқ-атворини, муайян гуруҳ ва жамоалар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қоидалар мажмуидир.
Ижтимоий норма – бу кишилар ҳамда уларнинг жамоалари ўртасидаги муайян муносабатни тартибга солувчи хулқ-атвор қоидасидир.
Ижтимоий нормаларнинг қуйидаги турлари мавжуд:
ахлоқ нормалари;
сиёсий нормалар;
диний нормалар;
корпоратив нормалар;
урф-одат нормалари;
анъана нормалари;
ҳуқуқ нормалари ва бошқалар.
Ахлоқ нормалари – адолат ва адолатсизлик, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, мақтов ва иснод, жамият томонидан рағбатлантириладиган ёки қораланадиган хатти-ҳаракатлар, ор-номус, виждон, бурч, қадр-қиммат кабилар кўринишида ижтимоий ҳаёт шароитларининг бевосита таъсири сифатида кишилар онгида шаклланадиган қарашлар, тасаввурлар ва қоидалардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |