Шартли белгилар, белгилашлар ва қИСҚартмалар
Зарафшон дарёсида тўлинсув даврининг силжишлари
Download 4.3 Mb. Pdf ko'rish
|
8.3. Зарафшон дарёсида тўлинсув даврининг силжишлари
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни миқдорий баҳолаш ҳамда муҳофаза қилиш муаммоларини ўрганиш ҳозирги куннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади. Айниқса, бундай муаммоларни Зарафшон воҳаси каби сув ресурслари чекланган регионлар учун ўрганиш ўта долзарбдир. Чунки, бундай ҳудудларда суғорма деҳқончилик ва саноат корхоналарининг ривожланиши ҳамда аҳоли сонининг жадал суратларда кўпайиб бориши сув ресурсларига бўлган талабнинг йилдан-йилга ортиб боришига олиб келади. Зарафшон дарёси мамлакатимизнинг Зарафшон воҳаси ва унга чегарадош вилоятлар иқтисодиёти турли тармоқларини сув билан таъминлайдиган асосий манбалардан бири ҳисобланади. Дарё сувидан ҳавзада истиқомат қилаётган 10 миллионга яқин аҳоли ўз манфаатлари йўлида фойдаланадилар. Бу ҳолатни ҳисобга олиб, Зарафшон дарёси сув ресурсларини баҳолаш, айниқса, дарёда тўлинсув даври оқимининг шаклланиши ва ушбу давр силжишларини глобал иқлим ўзгаришига боғлиқ ҳолда ўрганиш, шунингдек, дарё оқимининг келажакда мумкин бўлган ўзгаришларини прогнозлаш масалалари ўта долзарб аҳамиятга эгадир. Юқорида айтиб ўтилганидек, дарёлар тўлинсув даври оқимининг шаклланиш хусусиятларини ўрганиш масалалари кўплаб тадқиқотчиларни қизиқтирган. Лекин, қайд этиш лозимки, мазкур тадқиқотларда Зарафшон дарёсида тўлинсув даврининг бошланиш, тугаш ва умумий давом этиш муддатларининг силжиши алоҳида кўриб чиқилмаган. Шу ҳолатларни ҳисобга олиб, тадқиқот иши мазкур бўлимининг асосий мақсади Зарафшон дарёси тўлинсув даври оқимининг шаклланиши ҳамда унинг бошланиш ва тугаш муддатларининг йиллар давомида силжишларини ўрганишга қаратилди. Ушбу мақсадга эришиш учун, махсус гидрологик маълумотномалар ҳамда йилномаларда Зарафшон дарёсида тўлинсув 141 даврининг гидрологик кўрсаткичлари ҳақида келтирилган маълумотлардан фойдаландик. Улар асосида дарёда тўлинсув даврининг бошланиш ва тугаш муддатлари ҳамда улардаги силжишлар аниқланди. Шунингдек, Зарафшон дарёсида тўлинсув даврининг умумий давом этиш муддатлари турли ҳисоб даврлари учун қиёсий солиштирилди. Юқорида қайд этилганидек, Ўрта Осиёнинг нисбатан йирик дарёларида, шу жумладан, Зарафшон дарёсида ҳам асосан иккита давр, баҳорги-ёзги тўлинсув ва кузги-қишки кам сувли даврлар кузатилади. Дарёда тўлинсув даврининг бошланиши, аксарият ҳолларда, вегетация даврининг бошланиш вақтига мос келади. Юқорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Зарафшон дарёсида 1936-1978 йиллар давомида тўлинсув даври бошланиш муддатларининг ўзгаришлари таҳлил қилинди (8.2-расм). 8.2-расм. Зарафшон дарёсида тўлинсув даври бошланиш саналарининг йиллараро ўзгариши Дарёда 1936 йилда тўлинсув даври 14 апрелда бошланган. Кейинги, яъни 1937 йилда тўлинсув даврининг бошланиши 1936 йилга нисбатан бир ҳафта эрта, аниқроғи 8 апрелда қайд этилган бўлса, 1938 йилга келиб эса янада эртароқ - 30 мартда кузатилган. Дарёда 1939 йилда тўлинсув даврининг бошланиши анча кейинги муддатларга силжиб, 1 майга тўғри келган. Умуман олганда, Зарафшон дарёсида 1936-1978 йиллар давомида тўлинсув даврининг энг эрта бошланиши 1942 йилнинг 14 мартида кузатилган бўлса, энг кеч бошланиши эса 1957 йилда 17 майига тўғри келган. 142 Демак, биз ўрганаётган йиллар давомида тўлинсув даврининг энг эрта ва энг кеч бошланиш муддатлари орасидаги фарқ 62 кунни ташкил этади. Алоҳида қайд этиш лозимки, дарёда тўлинсув даври муддатларидаги силжишни ифодалайдиган тренд коэффициентининг қиймати, яъни R 2 = 0 га тенг бўлди. Ушбу натижа, биз кўраётган ҳисоб даврида, тўлинсув даврининг бошланиш муддатларида умуман силжиш йўқлигидан дарак беради. Ишнинг кейинги босқичида асосий эътибор Зарафшон дарёсида тўлинсув даври тугаш муддатларининг йиллараро ўзгаришларини ўрганишга қаратилди ( 8.3-расм). 8.3-расм. Зарафшон дарёсида тўлинсув даври тугаш муддатларининг йиллараро ўзгариши Расмда кўриниб турганидек, 1936 йилда дарёда тўлинсув даврининг тугаш санаси 6 октябрга тўғри келган. Кейинги 1937 йилда бу муддат бироз силжиб, дарёда тўлинсув даври 14 октябргача давом этган. Зарафшон дарёсида 1936-1978 йиллар давомида тўлинсув даврининг энг кеч тугаш вақти 1954 йилнинг 29 ноябрига тўғри келган бўлса, энг эрта тугаш санаси эса 1975 йилнинг 27 сентябрида қайд этилган. Дарёда 1936-1978 йиллар давомида тўлинсув даврининг тугаш муддатлари орасидаги фарқ ҳам, юқоридаги каби, 62 кунга тенг бўлди. Мазкур ҳолатда тебраниш тренди мусбат кўрсаткичга эга бўлди, яъни R 2 = 0,013 га тенг бўлиб, бу рақам тўлинсув даврининг тугаш саналари кеч кузга томон сурилиб бораётганлигидан дарак беради. 143 Дарёда тўлинсув даврининг умумий давом этиш муддатларини ўрганиш ҳам ўзига хос илмий ва амалий аҳамиятга эга. Дарёда тўлинсув даврининг умумий давом этиш муддатларининг йиллараро тебраниши (8.4-расм) юқоридаги иккита график шаклига деярли ўхшашдир. Масалан, 1936 йилда тўлинсув даври 178 кун давом этган бўлса, бу рақам 1937 йилда эса 190 кунга етган. Ушбу йилларга қараганда, 1938 йилда, тўлинсув даври узоқроқ, яъни 195 кун давом этган. Ундан кейинги 1939 ва 1940 йилларда тўлинсув даврининг давом этиш муддати анча қисқарган (8.4-расм). 8.4-расм. Зарафшон дарёсида тўлинсув даврининг умумий давом этиш муддатларининг йиллараро ўзгариши Зарафшон дарёсида энг узоқ давом этган тўлинсув даври 1954 йилга тўғри келиб, 239 кунни ташкил этади. Дарёда, бошқа йилларга нисбатан, 1942 ва 1958 йилларда ҳам тўлинсув даври (215 кун) узоқ давом этганлигини қайд этиш мумкин. Энг қисқа давом этган тўлинсув даври 1957 йилда 160 кунни ташкил этади. Мазкур ҳолатда ҳам тренд мусбат бўлиб (R 2 = 0,012), бундай натижа тўлинсув даври давом этиш муддатларининг ортиб бораётганлигидан дарак беради. Хулоса қилиб айтганда, Зарафшон дарёсида 1936-1978 йиллар давомида тўлинсув даврининг бошланиш муддати деярли ўзгармаган, лекин тугаш муддати кузга томон бироз силжиган, яъни тўлинсув даври узоқроқ давом этадиган бўлган. Ушбу натижаларга мос равишда, дарёда тўлинсув даврининг умумий давом этиш муддатлари ҳам ортиб бормоқда. Келажакда ушбу йўналишдаги тадқиқотларни, глобол миқёсда кечаётган иқлим 144 ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, Зарафшон дарёсида охирги чорак асрда кузатилган янги маълумотлар асосида, давом эттириш мақсадга мувофиқдир. Download 4.3 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling