Сиёсий етакчилик муаммоси – замонавий сиёсий фанлар ва бошқарув психологиянинг марказий муаммосидир. Асосий масала – нима ва қандай психологик механизмлар бир одамда етакчини тан олишга ундайди ёки мажбурлайди-ю, бошқа одамга нима учун бундай масъулият ва имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини рад этади, деган саволдир.
Сиёсат соҳасидаги “психологик” сўзи давлат ташқи ва ички сиёсий фаолиятининг шундай жиҳатларини назарда тутадики, бунда улар шахс психологияси ёки ижтимоий психология соҳасида ётувчи сабабларга эга бўлиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, жамият сиёсий ҳаётини тадқиқ қилишнинг икки муҳитини ажратиш мумкин. Бу биринчидан, алоҳида бир одамнинг ижтимоий ва сиёсий жараёнларга таъсири ва иккинчидан, ижтимоий-психологик ҳодисаларни омавий миқёсда таҳлил қилиш. Ушбу муаммонинг долзарблиги нафақат соф назарий қизиқишлар ва мақсадлар билан асосланади, балки жамиятимизнинг барча, аввалги тарихи ҳам бунда катта роль ўйнайди.
Сиёсий етакчилик комплекс феноменини тушуниш учун етакчилик табиатини аниқлаб берувчи ўзгарувчанликлар турини ҳисобга олиш зарур.
Ушбу феноменни тушунтиришда ҳисобга олиниши лозим бўлган ўзгарувчанликлар қуйидагилар:
етакчи шахси, унинг келиб чиқиши, социологик жараёни ва номзодликка қўйиш усуллари;
издошлар характеристикаси;
етакчи ва издошлар орасидаги муносабатлар;
етакчилик ўрни бўлган контекст;
муайян вазиятларда етакчи ва издошлар ўзаро таъсирининг натижаси;
Г.Пейдж фикрича: “сиёсий етакчилик – ўз рақиблари ҳокимлиги ҳолатида турган одамлар хулқ-атвори, жамиятнинг бошқа аъзолари билан ўтмишда бўлгандек, ҳозирда бордек ва эҳтимол, келажакда бўладигандек ўзаро таъсиридир”.
Сиёсий етакчилик нафақат ҳокимиятнинг юқори поғонасида турган одамлар хулқини билдиради, балки ўрта ва қуйи даражадаги одамларга ҳам тегишлидир. Сиёсий етакчилик деганда нафақат биргина шахс – президент, ҳоким, сиёсий партия бошлиқлари ёки бошқалар назарда тутилади, балки “жамоавий етакчилик” ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтилади. Бу шуни англатадики, етакчилик фақатгина ижтимоий институтларнинг муайян бир турида эмас, балки барча соҳада мавжуддир.
Do'stlaringiz bilan baham: |